Кутубхона

Ислом тарихи: ҲАБАШИСТОН ҲИЖРАТИ. НАЖОШИЙ, ҲАМЗА ВА УМАР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУМЛАРНИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ. ҚАМАЛ, МАҲЗУНЛИК ЙИЛИ ВА ТОИФ САФАРИ

МУСУЛМОНЛАРНИНГ АЗОБЛАНИШИ

Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида уларни турли азобларга дучор қила бошлашди. Макка мушриклари оз сонли мусулмонларни мисли кўрилмаган қийноқларга, азоб-уқубатларга солишди. Мушрикларнинг бу ишлардан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари мўминларни иймондан қайтариб, яна мушрик қилиш эди. Аммо мусулмонлар бу азобларга сабр қилиш билан инсоният тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган намуналар кўрсатдилар.

Оддий мусулмонларга турли азоблар бериб ўз мақсадларига эриша олмаган мушриклар уларнинг сардори бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга ўтишди.

Нубувватнинг 5-йили ўрталарида мушрикларнинг жабр-зулмлари кучайиб кетганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқам ибн Абул Арқам розияллоҳу анҳунинг уйларида йиғилишлар ўтказишга амр қилдилар. У зот мусулмонлар билан ўша ерда сирли равишда учрашар, керакли таълим-тарбиялар берар эдилар.

Мушриклар тинимсиз равишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ташвиқот ишларини олиб боришарди.

 

АБУ ТОЛИБ – НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲИМОЯЧИСИ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам у зотни ҳимоя қилишда бардавом бўлди.

Иш жиддийлашиб кетгач, Қурайш бошлиқларидан бир гуруҳи Абу Толибнинг олдига келишди ва: «Эй Абу Толиб, укангнинг ўғли илоҳларимизни ҳақоратламоқда, динимизни айбламоқда, ақлимизни паст ва оталаримизни залолатга кетган, демоқда. Сен ўзинг уни тийиб ол ёки бизга қўйиб бер. Ахир сен ҳам бизнинг динимиз ва ақийдамиздасан-ку?!» дейишди.

Абу Толиб уларга мулойим гапириб, қайтариб юборди. Лекин мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳкам ёпишиб олишди. У зотни ҳеч тинч қўйишмади. Бир-бирларини у зотга қарши қайрай бошлашди.

Бир муддат ўтиб яна бир гуруҳ қурайшликлар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларидан шикоят қилиб, Абу Толибнинг олдига келишди. Улар: «Эй Абу Толиб! Сен ичимизда ёши улуғимиз, шарафлийимиз на мартабалийимизсан. Укангнинг ўғлини тийиб олишингни илтимос қилган эдик, қилмадинг. Аллоҳга қасамки, биз ота-боболаримизнинг ҳақоратланишига, ақлимизнинг паст дейилишига ва илоҳларимизнинг айбланишига бундан ортиқ сабр қила олмаймиз. Уни тийиб олмасанг, у билан ҳам, сен билан ҳам охиригача олишамиз. Икки томондан бири ҳалок бўлмагунича тек қўймаймиз», дейишди.

Бу гаплар Абу Толибга қаттиқ таъсир қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, чақиртириб келди ва: «Эй жияним! Қавминг олдимга келиб, «шундай на шундай» дейишди. Ўзингга ҳам, менга ҳам раҳм қил. Менга тоқатимдан ташқари ишни юклама», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки! Аллоҳга қасамки, агар шу ишни тарк қилишим учун қуёшни ўнг томонимга, ойни чап томонимга олиб келиб қўйсалар ҳам, Аллоҳ уни олий қилмагунича ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча тарк қилмайман», дедилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапларни айтиб туриб, йиғлаб юбордилар ва ўринларидан туриб чиқиб кета бошладилар. У зот кетаётганларида Абу Толиб: «Жияним, бу ёққа кел!» деб қолди.

У зот қайтиб келганларида Абу Толиб: «Эй жияним! Нимани хоҳласанг, гапиравер. Сени ҳеч қачон ҳеч кимга топшириб қўймайман», деди.

У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ҳимоясида бўлишларига қатъий қарор қилди. Арабларнинг одатлари бўйича, уларнинг обрўлилари бировнинг ўз ҳимоясида эканини эълон қилса, бошқалари ўша ҳимоядаги одамга тега олмас эди. Шу одатга биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Абу Толибнинг ҳимояси жуда қўл келди. У ўзи Исломни қабул қилмаган бўлса ҳам Ислом пайғамбарини ҳимоя қилар эди.

 

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМГА КОФИРЛАР ТОМОНИДАН ҚИЛИНГАН ТАКЛИФЛАР

Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларидан қайтариш учун яна бир уриниш қилиб кўришди. Улар у зотни молу дунё, мансаб ва бошқа нарсалар билан ўз ишларидан қайтармоқчи бўлишди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг барча таклифларини рад этдилар.

 

ҲАБАШИСТОН ҲИЖРАТИ

Мусулмонлар қанчалик сабр қилсалар, мушриклар уларга бўлган тазйиқни шунчалик орттириб бораверишди. Бора бора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дин диёнатлари, соғлиғу ҳаётлари аниқ таҳдид остида қолди.

Ана шундай оғир ҳолатда, яъни нубувватнинг бешинчи йили ражаб ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур саҳобаларига: «Ҳабашистонга борсангиз, яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ борки, унинг юртида ҳеч кимга зулм қилинмас. Бу юрт сидқ юртидир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса, ажаб эмас», дедилар.

Шунда бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижра учун отландилар. Ушбу ҳижрат Исломдаги биринчи ҳижра эди. Биринчи муҳожирлар гуруҳи ўн олти кишидан ибора бўлиб, уларнинг ўн икки нафари эркак, тўрт нафари аёл эди. Мазкур тўрт аёл эрлари билан бирга чиққан эдилар. Улар: Усмон ибн Аффон ва аёли Руқайя, Абу Ҳузайфа ибн Утба Абшамий ва аёли Саҳла бинт Суҳайл, Абу Салама ибн Абдуласад Махзумий ва аёли Умму Салама бинт Абу Умайя, Омир ибн Рабийъа ва аёли Лайло бинт Абу Ҳасма, шунингдек, Усмон ибн Мазъун Жумаҳий, Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳрий, Мусъаб ибн Умайр, Зубайр ибн Аввом Асадий, Абдуллоҳ ибн Масъуд Ҳузалий, Абу Сабра ибн Абу Руҳм, Суҳайл ибн Байзо ва Ҳотиб ибн Амр Омирий розияллоҳу анҳум.

 

ҲАБАШИСТОНГА ИККИНЧИ ҲИЖРАТ. НАЖОШИЙНИНГ МУСУЛМОН БЎЛИШИ

Нубувватнинг 6-йили Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ (100-102 нафар) саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар.

Мусулмонлар эришган бу ҳолат уларнинг ашаддий душманлари бўлмиш Қурайш кофирларини бефарқ қолдириши мумкин эмас эди, чора сифатида муҳожирларнинг ортидан Нажошийга бир мактуб, ҳадялар ва элчиларни юбориб, уларни қайтариб беришини талаб қилишди. Нажоший эса мусулмонларнинг ўзларини ҳимоя қилиш учун гапирган сўзларини ҳам тинглаб кўриб, уларнинг ҳақ соҳиблари эканларига қаноат қилди ва уларни қайтариб беришдан бош тортди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Исломга чақириб хат ёзган эдилар, у мусулмон бўлди.

 

ҲАМЗА ИБН АБДУЛМУТТАЛИБНИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ

(нубувватнинг 6-йили зулҳижжа ойи; милодий 615 йил сентябрь)

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалиги яқинида ўтирганларида, олдиларидан ўтиб кетаётган Абу Жаҳл у зотга қаттиқ озор бериб сўкди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳеч нарса демадилар. Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг озод қилган чўриси бу хабарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари – Ҳамзага етказди.

Ҳамза ўша пайтнинг энг довюрак, баҳодир кишиси эди. Хабарни эшитган Ҳамзанинг ғазаби жунбушга келди ва Байтуллоҳ яқинида одамлар билан гаплашиб ўтирган Абу Жаҳлни излаб топди. Ҳамза Абу Жаҳлнинг олдига етиб бориши билан бошига камон билан қаттиқ урди ва: «Мен жиянимнинг динида бўлсам-у, ҳали сен уни ҳақорат қиласанми?! деди. Абу Жаҳл жим қолди. Ҳамза мусулмон бўлдилар. Қурайш кофирлари бундан паришон бўлишди, чунки Ҳамза ўша пайтдаги жамиятда ниҳоятда муҳим ўрин тутар эдилар.

 

ҲАЗРАТИ УМАРНИНГ ИСЛОМГА КИРИШИ

Орадан уч кун ўтиб Умар ибн Хаттоб мусулмон бўлдилар...

Бир куни ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақ йўлда эмасмизми?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақ йўлдамиз», дедилар. «Ундай бўлса, нимага беркинамиз?!» дедилар Умар.

Шу куни мусулмонлар биринчи марта очиқчасига Байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни Ҳамза, иккинчисини Умар бошлаб бордилар. Улар Масжидул Ҳаромга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб ичларидан зил кетишди.

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга «Форуқ» («Ҳақ билан ботилни фарқловчи») лақабини бердилар.

 

ҚАМАЛ

(нубувватнинг 7-йили муҳаррам ойи; милодий 615 йил октябрь)

Сийрат илми уламоларининг таъкидлашларича, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга келишиб олишди. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш учун у зотнинг уруғлари – Бану Ҳошимдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларига топширишни талаб қилишди. Ҳошимийлар эса бу талабга рад жавобини беришди.

Ана шундан сўнг мушриклар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, мусулмонларга ҳамда Бану Ҳошимга Бану Мутталиб уруғларига тазйиқни яна ҳам кучайтиришга иттифоқ қилишди. Мусулмонлар билан олди-сотди қилмаслик, қиз олиб-қиз бермаслик, хуллас, улар билан ҳеч қандай алоқа қилмасликка аҳдлашишди. Бу аҳдноманинг кучини ошириш ва қаттиқ таъкидлаш учун уни қоғозга кўчириб, саҳифани Каъбаи муаззаманинг ичига осиб қўйишди.

Қурайш шу тариқа қамал эълон қилганидан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғларининг мусулмону кофири Макканинг ташқариси, шарқий тарафидаги Бану Ҳошим дараси – ноҳиясида қамалда қолдилар.

Қамалда қолганлар мисли кўрилмаган қийинчиликларга дучор бўлдилар. Маккага савдо карвони келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирор киши болалари учун «қут лаа ямут» («ўлмайдиган даражадаги егулик») олмоқчи бўлиб борса, ҳеч ким унга бирор нарса сотмас эди. Абу Жаҳл ва унга ўхшаш кимсалар савдогарларга: «Нархни оширинглар, қамалдагилар бирор нарса сотиб олишмасин», дейишарди. Қамалдагилар очликдан дарахтларнинг илдизи ва баргини ейишга ҳам мажбур бўлдилар. Шу тариқа кунлар, ҳафталар, ойлар ва йиллар ўтиб бораверди. Уларнинг аҳволи борган сари оғирлашар, қурайшликларнинг эса тазйиқи тобора ортиб борарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар Исломга даъватни кучайтирар эдилар.

Мана, қамалнинг учинчи йили ҳам тугаяпти. Аҳвол ўша-ўша. Ҳеч бир енгилликдан дарак йўқ. Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибга Қурайшнинг аҳдномаси зулм ва жабрдан иборат бўлгани учун Аллоҳ таоло уни термитларга (ёғоч ейдиган чумолига) егизиб юборганининг хабарини бердилар.

Шунда Абу Толиб у зотга қараб: «Бунинг хабарини сенга Роббинг бердими?» деди.

«Ҳа», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу гапни эшитгандан сўнг Абу Толиб қавмидан бир гуруҳ одамларни олиб, қурайшликларнинг олдига борди. Уларга ўзини худди шартларга рози бўлгандек қилиб кўрсатди. Абу Толиб тўпланганларга қараб: «Менинг жияним хабар бердики, – у менга ҳеч ёлғон гапирган эмас, – Аллоҳ таоло сизларнинг саҳифангизга термитни юборибди. У аҳдномадаги жабр ва қариндошлик алоқаларини узиш ҳақидаги барча нарсани еб битирибди. Агар гап y айтаётгандек бўлса, кўзингизни очинглар ва ёмон ниятингиздан қайтинглар. Аллоҳга қасамки, биз ҳаммамиз ўлиб кетсак ҳам, уни сизларга топширмаймиз. Агар айтаётгани нотўғри бўлса, биз уни сизга топширамиз, уни нима қилсангиз, ўзингизнинг ишингиз», деди.

«Сен айтган гапга розимиз», дейишди.

Каъба эшигини очдилар. Саҳифада «Бисмикаллоҳумма» («Аллоҳим, Сенинг исминг билан») деган ёзувдан бошқа нарсани қолдирмай термит еб қўйган экан. Ҳолат «Содиқул масдуқ» (ростгўй ва ростгўйлиги тасдиқланган) Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиб чиқци.

Аммо қурайшликлар Абу Толибга: «Бу жиянингнинг сеҳри», деб душманликларини яна ҳам кучайтиришди. Кофирларнинг ичида ҳам баъзи инсофлилар бир кун олдин бу ноҳақликдан ўзаро норози бўла бошлашган эди. Биринчи бўлиб Ҳишом ибн Амр Омирий қамални қоралаб гапира бошлади. У ўз қавмида обрўли одам эди. Аста-секин баъзи бир мурувватли, инсофли кишиларга бўлаётган ишнинг адолатсиз экани, одамгарчиликка тўғри келмаслигини тушунтира бошлади. Унинг фикрига Зуҳайр ибн Абу Умайя Махзумий, Мутъим ибн Адий Навфалий, Абул Бахтарий ибн Ҳишом Асадий ва Замъа ибн Асвад Асадийлар бирин-кетин қўшилишди. Улар беш киши бўлганларидан кейин аҳдномани бузишга ўзаро келишиб олишган эди.

Бу ишни биринчи бўлиб очиқ эълон қилган одам Зуҳайр ибн Абу Умайя Махзумий бўлди. У аҳдномани бузишга келишилган куннинг эртасига одамлар тўпланиб турган жойга борди-да: «Эй Макка аҳли! Бану Ҳошим ва Бану Мутталиблар ҳалокатга учраб турсалар ҳам, ўзимиз еб-ичиб, кийиниб юраверамизми?! Уларга бирор нарса сотилмай, улардан ҳеч нарса сотиб олинмай турилаверадими?! Аллоҳга қасамки, ушбу золим аҳднома йиртиб ташланмагунича ўтирмайман!» деди. Абу Жаҳл гапга аралашган эди, фойда бермади, чунки Замъа ибн Асвад, Абул Бахтарий ибн Ҳишом, Мутъим ибн Адий ва Ҳишом ибн Амрлар бирин-кетин унга қарши гапирдилар. Шу билан тўлиқ уч йил давом этган бу золим қамал нубувватнинг ўнинчи йили бошида охирига етди.

 

МЎЪЖИЗАЛАР ТАЛАБ ҚИЛИНИШИ

Макка мушриклари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳақиқий Пайғамбар эканларига далил сифатида ҳужжат – мўъжизалар кўрсатишни сўрашарди. Ана шулар ичида ойни иккига ёриб бериш талаби ҳам бор эди. Аллоҳ таоло бу ишни нубувватнинг 9-йили рўёбга чиқарди, яъни ой иккига бўлинди. Лекин мушрик-кофирлар бу мўъжизани кўриб туриб: «Муҳаммад одамларни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Аллоҳ таоло Қамар сурасида марҳамат қилади:

«Соат яқинлашди ва ой бўлинди» (1-оят).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ой икки бўлакка бўлинди. Бир бўлаги тоғнинг орқасида, бир бўлаги унинг олдида. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гувоҳ бўлинглар!» дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Имом Аҳмад Жубайр ибн Мутъимдан шундай ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида ой ёрилиб, иккига бўлинди. Бир бўлаги манави тоғ устида, иккинчи бўлаги анави тоғнинг устида кўринди. Мушриклар: «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди», дейишди. Сўнг улар: «Агар бизни сеҳрласа хам, барчани сеҳрлай олмайди, мусофирлар келишини кутиб туринглар», дейишди. Мусофирлар келганларида улардан сўраб кўришган эди, мусофирлар ҳам ойнинг ёрилганини кўришганини айтдилар. Шунда мушриклар: «Муҳаммад ҳаммани сеҳрлаб қўйди», дейишди. Аллоҳ таоло Қамар сурасининг аввалги оятларини нозил қилди».

Сўнг мушриклар у зотдан бошқа бир қанча мўъжизалар келтиришларини сўрашди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Улар дедилар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз. Ёки сенинг хурмо ва узум боғинг бўлиб ва уларнинг орасидан анҳорларни отилтириб чиқармагунингча... ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимиздан осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча, ёхуд Аллоҳни ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча... ёки олтиндан безалган уйинг бўлмагунича, ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча ишонмаймиз». Сен: «Роббим пок бўлди. Мен фақат башар Расулман, холос!» дегин» (90-93-оятлар).

Кофирлар оддий инсон Аллоҳнинг пайғамбари бўлишини ҳеч ақлларига сиғдира олишмайди. Уларнинг тасаввурида пайғамбар ё фаришта, ёки қандайдир ажабтовур, бошқалардан алоҳида ажралиб турадиган одам бўлиши керак. Ҳеч бўлмаса пайғамбарнинг яшайдиган уйи бошқалардан ажралиб туриши, мисол учун, олтиндан қурилиб, бошқача безатилган бўлиши лозим...

Шунингдек, кофирлар тасаввурида бошқаларга ўхшаб еб-ичадиган, бозорда юрадиган оддий одам пайғамбар бўлиши мумкин эмас. У пайғамбар бўлганидан кейин турли ғайритабиий ишларни қиладиган бўлиши керак.

Мисол учун:

«...ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам, токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча ишонмаймиз», дейишди.

Яъни «Пайғамбар осмондан, Аллоҳнинг олдидан унга китоб нозил бўлаётганини даъво қиляпти, ўзи осмонга чиқиб кўрсатсин, ўша чиққанда бир йўла китобни ҳам олиб тушиб, одамларга берсин, улар ўқисинлар».

Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлса-да, аввало, у ҳам оддий одам: одам боласига хос ҳамма нарсалар унга ҳам жорий бўлади. У оддий одам учрайдиган барча нарсаларга учрайди. Пайғамбарлиги эса Аллоҳнинг берган фармонларини амалга ошириш билан бўлади. У ўзича бирор нарсани, жумладан, мушриклар таклиф қилаётган мазкур ишларни ҳам қила олмайди. Булар унинг вазифаси доирасига кирмайди. Бу ишлар фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Худди мана шу ҳолатни идрок эта олмаслик, хусусан, оддий одамнинг пайғамбар бўлишини тасаввур қила олмаслик қадимдан одамларни иймондан тўсиб келган. Мушриклар сўраган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам кўрсатилмаганида ўзига хос ҳикмат бўлиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи шуни ирода қилган. Агар ўша нарсалар юзага чиққанида мушриклар ойнинг бўлинишини ёлғонга чиқарганлари каби уни ҳам ёлғонга чиқаришлари аниқ эди. Кейин эса уларни таг-туги билан қўпориб ташлаш, азоб юбориш вожиб бўлиб қоларди, чунки Аллоҳ таоло ўтган умматларнинг кўпчилигини пайғамбарларига келган мўъжизаларга иймон келтирмаганлари, уларни ёлғонга чиқариш қайта-қайта такрорлангани учун таг-туги билан қўпориб йўқ қилган.

Макка мушриклари аҳли китобларга одам юбориб, улардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида маслаҳат сўрай бошлашди. Яҳудийлар қурайшликларга: «Ундан руҳ ҳақида сўранглар. Кўп тавоф қилувчи одам ҳақида сўранглар. Аҳли каҳф ҳақида сўранглар», деб ўргатишди. Бу саволларга Каҳф сурасидаги оятларда жавоб нозил бўлди. Лекин мушриклар саркашликда, залолатда давом этаверишди.

 

МАҲЗУНЛИК ЙИЛИ

Қамал тугагандан бир неча ой ўтиб пайғамбарликнинг 10-йили Абу Толиб ва Хадийжа онамиз бирин-кетин вафот этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу айрилиқлар туфайли жуда қаттиқ маҳзун бўлдилар. Шундан кейин Қурайшнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озорлари яна ҳам кучайди, чунки Абу Толиб ҳам, Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни озорлардан ҳимоя қиладиган қалқон эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қурайшликларнинг ичида энг қаттиқ озор етказадиган шахс у зотнинг амакилари Абу Лаҳаб ва унинг хотини эди. Абу Жаҳл ва Уқба ибн Абу Муайтлар ҳам шулар жумласидан эди. Улар етказган азоб-уқубатлар шу даражага етдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уришгача, намоз ўқиб турганларида ифлос нарсаларни устларига тўкишгача ботинишди.

Бир куни Қурайшнинг эсипастларидан бири Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан тупроқ тўкиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига бошлари тупроққа беланган ҳолда кириб бордилар. У зотнинг қизларидан бири йиғлаб, бошларидаги тупроқни ювдилар. У зот эса: «Қизгинам, йиғлама. Отангни Аллоҳнинг Ўзи сақлайди», дер эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётиб саждага борганларида, Уқба ибн Абу Муайт туянинг қорнини олиб келиб у зотнинг бошлари аралаш елкаларига ташлади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини кўтара олмай қолдилар. Кофирлар эса бир-бирларига қараб кулар, ҳеч ким бирор ёрдам қилишга ботина олмас эди. Охири бир одам бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимани чақириб келди. Фотима келиб, ўша нарсани у зотнинг устларидан олиб ташлади ва мушрикларни қарғади.

 

ТОИФ САФАРИ

Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда ҳамма жиҳатдан Маккадан кейинги иккинчи ўринда турадиган Тоиф шаҳри бўлиб кўринди. У зот Тоифга боришга қарор қилдилар.

Пайғамбарликнинг ўнинчи йили шаввол ойида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилган қуллари ва тутинган фарзандлари бўлмиш Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан Тоифга бордилар. Улар «Шояд, Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса» деган умидда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга ети борганларидан кейин диёр аҳолисининг асосини ташкил қилувчи Сақиф қабиласи аъёнлари билан учрашдилар Улар билан мажлис қуриб, Исломга даъват қилдилар.

Аммо уларнинг жавоби жуда ёмон бўлди. Улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилишди. Бу ҳам етмагандек, ўзларининг эсипастлари, қуллари ва бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақоратлашга, ортларидан бақириб масхара қилишга ва тош отишга чорлашди. Тоифликлар йўлнинг икки четида тури олиб, олдиларидан у зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонга, қалблари дарду аламга, тиллари эса Аллоҳ таолога илтижога – дуога тўлди:

«Аллоҳим! Қувватим заифлигидан, чора-тадбирим озлигидан, одамлар олдида хор бўлганимдан Ўзингга арз қилурман! Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси! Сен заифҳолларнинг Роббисан! Сен менинг ҳам Роббимсан! Мени кимларга ташлаб қўюрсан?! Мени нохуш қаршилайдиган бегоналаргами?! Ёки ишимни душманга топшириб қўйдингми?! Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, буларга парво қилмайман. Лекин мен учун Сенинг офиятинг кенгдир. Зулматларни ёритган, бу дунё ва охират ишини ислоҳ қилган юзинг нур ила менга ғазабинг нозил бўлишидан, қаҳринг тушишида паноҳ тиларман. To рози бўлгунингча Сендан розилик сўрайвераман. Қудрат ва қувват фақат Сенинг биландир».

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу дуоларини дарҳол қабул қилди. Шу ондан ишлар аста-секин юриша бошлади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Жинларнинг Набий алайҳиссаломга иймон келтириши;

Ҳаж мавсумларида иштирок этишлари;

Ясрибликлар билан учрашув;

Биринчи Ақаба байъати;

Исро ва меърож ҳодисаси;

Иккинчи Ақаба байъати;

Мусулмонларнинг Мадинага ҳижрати;

Ясрибга Исломнинг кириш омиллари.

ҲИЖРАТ. ИСЛОМ ДАВЛАТИНИ БАРПО ҚИЛИШ:

Набий алайҳиссаломни қатл қилиш ҳақида маслаҳат;

Маккадан чиқиш;

Суроқа ибн Молик қиссаси;

Умму Маъбад қиссаси;

Read 3523 times
Top