Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТАРИҚАТ СИЛСИЛАСИ

13 – ХОЖА АЛИ РОМИТАНИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот ҳижрий 591 сана, милодий 1194 санада Ромитанда туғилганлар ва ҳижрий 721 сана, милодий 1321 санада вафот топганлар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ўрта бўйли, юзлари ва бошқа аъзолари ғоятда гўзал бир зот эдилар. У киши фақирликни танлаган эдилар. Зотан, зоҳирда халқ ила, ботинда Ҳақ ила эдилар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ризқу рўз топиш учун тўқимачилик касбини ихтиёр қилган эдилар. У киши хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларининг хизматларига кириб, у зотнинг яқин биродарларидан ва энг улуғ халифаларидан бири бўлдилар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ҳам адиб, ҳам шоир эдилар. У кишининг форсча шеърлари бор. Бу шеърлар ҳикматларга тўладир. Хоразм шоҳи дастлаб у зотдан шубҳаланган бўлса ҳам, кейинчалик шогирд бўлди.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари бир юз ўттиз йил умр кўрдилар. У киши Муҳаммад исмли бешта улуғ зотни тарбиялаб етиштирдилар. Уларнинг ҳар бири илмда, тариқат ва фазилатда камолга етган кишилар эди. Улар зоҳир ва ботин илмларда олим, омил, ориф ва комил эдилар. Мазкур зотлар қуйидагилардир:

 – Хожа Муҳаммад (ўз ўғиллари);

 – Хожа Муҳаммад Куларуз (Хоразмдан);.

 – Хожа Муҳаммад Салоҳ (Балхдан);

 – Хожа Муҳаммад Борудий (Хоразмдан);

 – Хожа Муҳаммад Бобо (Шаммосдан).

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари: «Агар Ҳалложи Мансур замонида хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари ёки у кишининг шогирдларидан бири бўлганида, уни ваҳдатул вужуддан ўтказиб, қутқариб олар эди», дердилар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари силсила омонатини хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларидан олганлар.

 

14 – МУҲАММАД БОБО САММОСИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот Ромитаннинг Саммос қишлоғида туғилганлари маълум бўлса ҳам, қайси йили туғилганлари номаълум. Вафотлари эса ҳижрий 755 сана, милодий 1354 санада Саммосда бўлган.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи қорамтир рангли ва юзларидан нур ёғилиб турадиган зот эдилар. У кишининг нигоҳлари таъсирли ва ҳиссиётлари кучли эди.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи хожа Али Ромитаний ҳазратларига умрларининг охиригача ихлос билан хизмат қилганлар. Ҳатто у киши Хоразмга ҳижрат қилганларида, бирга ҳижрат қилганлар. Ана шу суҳбат у кишига улкан фойдалар келтириб, устознинг энг яқин кишиларидан бирига ва кўзга кўринган халифаларига айландилар.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи боғларидаги дарахтларга шахсан ўзлари боғбонлик қилар эдилар. Иш пайтида ғайрат билан ишлар эдилар. Гоҳида хизмат асносидаги зикр туфайли ҳол ғалаба қилиб, қўлларидаги асбоблари тушиб ҳам кетар эди.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи кўп талабаларини ўзлари излаб топар эдилар. Бир куни у киши кураш майдони олдидан ўтиб кетаётиб, майдон ўртасида кураш тушаётган Амир Кулол исмли паҳлавонни кўриб қолдилар. Кейин у зот майдон ўртасидан ўтиб, полвонга назар солдилар ва уни маънавий майдонга тортдилар. Амир Кулол курашни ташлаб, ҳазратнинг хизматларига кирдилар.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига янги туғилган Баҳоуддин Нақшбандни олиб келганларида, у кишини кўрсата туриб, Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳига қуйидагиларни айтганлари ривоят қилинади:

«Бу бизникидир. Буни маънавий фарзандликка қабул айладик. Аввал айтганимиз, тариқатимиз келажаги бўладиган шахс, иншааллоҳ, шудир. Бу қишлоқ бундан сўнг Қасри Орифон бўлажак. Эй Амир Кулол! Бу йўргак ичидаги ўғлим Баҳоуддинни сенга ҳавола этаман. Бунинг зоҳир ва ботин тарбиясида ҳеч камчиликка йўл қўймагин!»

«Иншааллоҳ, айтанингизни қилиш учун қўлимдан келган барча имкониятларни ишга соламан», деди Амир Кулол.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи тўртта улуғ халифа етиштирганлар: хожа Суфий Суҳарий, хожа Маҳмуд Саммосий (ўз ўғиллари), хожа Донишманд ва хожа Саййид Амир Кулол.

Ҳазрати Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Хожаи Азизон Али Ромитаний ҳазратларидан олганлар.

 

15 – САЙЙИД АМИР КУЛОЛ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида таваллуд топганлари маълум ва машҳур бўлса ҳам, таваллуд йиллари номаълумдир. Ўзлари туғилиб ўсган Сухорда ҳижрий 772 сана, милодий 1370 санада вафот этганлар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи бўйлари узун, ранглари қорамтир, кўкраклари кенг, қўллари узун ва қошлари камон каби зот эдилар. У кишининг соқолларида биргина оқ тук бор эди. Гўзал қоматли, паҳлавон киши эдилар. У киши ниҳоятда камтар бўлиб, эътироз ва саркашлик нималигини билмас эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларидан баҳраманд бўлган саййидлардандир.

Бўладиган бола бошидан маълум, деганларидек, ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи оналарининг қоринларида ҳомила эканликларидаёқ баъзи бир ҳолатлар юзага чиққанини у кишининг волидаи меҳрибонлари қуйидагича ҳикоя қиладилар:

«У қорнимдалик чоғида шубҳали нарса еб қўйсам, қорним оғрирди. Истиғфор айтсам ҳам, роҳатлана олмасдим. Бу ҳол бир қанча вақт давом этди. Кейин ейдиган луқмамнинг ҳалол ва шубҳасиз бўлишига эътибор қиладиган бўлдим. Оғриқ ҳам тўхтади».

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи паҳлавон бўлиб ўсдилар. У киши кўзга кўринган курашчи бўлиб етишдилар. Аммо бу иш узоқ давом этмади. Бир куни ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг кураш санъатларини намойиш қилиб, ҳамманинг олқишини олиб турганларида у ердан шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўтиб қолиб, курашни томоша қилдилар. У кишининг муридларидан бири «Кураш томоша қилиш ҳазратга қандоқ бўлар экан?» деган маънода ҳайрат назари билан қаради. Шунда шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари унга:

«Бу кураш майдонида бир эр бор. Келгусида, иншааллоҳ, кўп кишилар унинг суҳбати баракоти ила камолга етсалар, ажаб эмас. Мен ўша эрнинг бизга шогирд бўлиб, таълим-тарбиямизни олишини истаяпман», дедилар.

Шу пайт кураш тушиб турган ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи шайх Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларининг ҳузурларига келиб, у зотдан ўзларини шогирдликка олишларини сўрадилар. Биргаликда жўнаб, хонақоҳга етиб бордилар. Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи тавба қилиб, қўл бердилар. Сўнгра у кишидан зоҳир ва ботин илмларни олиб, замонасининг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлиб етишдилар.

У киши саййидликлари устига шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатда ҳам пешқадам бўлдилар. У киши кўйлакчилик билан оила тебратар эдилар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳининг тўрт ўғиллари ва тўрт халифалари бор эди. У киши ўзларининг тўрт ўғилларини тўрт халифаларига биттадан бўлиб бердилар ва уларни яхшилаб тарбиялашни топширдилар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ўз ўғиллари Амир Бурҳонни халифаларидан Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандга топшира туриб:

«Сиз манави ёш йигитни олинг. Уни ўзингиз эришган мартабаларга эриштиришга ҳаракат қилинг. Сизнинг бу ишни қандай адо этишингизни кўрайлик», дедилар.

Бир неча йилдан сўнг Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига у кишининг ўғилларини қайтариб олиб келдилар. Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи ҳолни кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Амир Бурҳоннинг етук инсон бўлиб тарбия топганларидан қувониб:

«Амир Бурҳон тариқатда ҳужжатимиздир ва ҳақиқатда бурҳонимиздир», дедилар.

Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанднинг истеъдодлари ва камолотларини кўрган ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ўғлим Баҳоуддин! Кўксимда не бўлса, сизга бердим. Сизнинг истеъдодингиз янада кенг бўлғай. Номингиз оламни тутгай. Сизга изн бердим!» дедилар.

Ҳазрати Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларидан олганлар.

 

16 – ХОЖА МУҲАММАД БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот ҳижрий 718 сана, милодий 1318 санада Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида дунёга келдилар ва ҳижрий 791 сана, милодий 1389 санада ўша ернинг ўзида дунёни тарк этдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари узун бўйли, буғдой рангли, кенг соқолли ва кулча юзли зот эдилар.

Аслида хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари туғилган қишлоқнинг номи Ҳиндувон бўлиб, Бухородан бир фарсах узоқда жойлашган эди. Сўнгра у ер хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шарафларига Қасри Орифон деб номланадиган бўлди.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари дунёга келганларида, ўша пайтдаги Хожагон тариқати пешвоси бўлган Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўз шогирдлари билан бирга Қасри Орифонга келдилар ва гўдак Баҳоуддинни маънавий фарзандликка қабул қилдилар.

Ривоятларда зикр этилишича, ўшанда Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўз халифалари Амир Кулол ҳазратларига: «Бу боланинг тарбияси сенга оиддир», деганлар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Амир Кулол ҳазратларига қўл берган бўлсалар ҳам, манбаларда у кишининг ҳақиқий шайхлари ўзларидан бир қанча саналар илгари ўтиб кетган хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳи эканликлари қайта-қайта таъкидланади. Бу хилдаги маънавий тарбияга тасаввуф оламида «увайсийлик йўли» деган ном берилган.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг олий мақомлари у кишининг ёшлик чоғлариданоқ зоҳир бўла бошлади. У киши ўта зеҳнли ва идрокли эдилар. Аллоҳ таоло бу кишига улуғ зотларга шогирд бўлиш бахтини берди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари гўдаклик чоғларида Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларининг ҳузурларида тарбия олдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Муҳаммад Бобо Саммосийнинг ҳузурларига шогирд сифатида келишлари билан, дарҳол у кишининг суҳбатларида иштирок этганлар. Мазкур суҳбатдан олган завқ ва ҳузурдан сўнг тўғри масжидга кириб, икки ракъат намоз ўқиганлар ҳамда: «Эй Роббим! Менга бало юкини кўтармоққа кўмак бер! Бу хусусда менга яхшилик қил!» дея дуо қилганлар.

Бу хабар Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳига етиб борганда, у киши: «Илоҳим! Сенинг розилигинг нимада бўлса, ўшани менга бер!» дея дуо қилдилар ва: «Мақсади доимо Аллоҳнинг розилигини топмоқ бўлган кишига бало етмайди. Аллоҳ бир валийсига бало туширса, Ўз инояти ила уни кўтармоққа қувват ҳам беради», деб айтдилар.

Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳининг вафотларидан кейин хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг оталари у кишини Самарқандга юбордилар, у ерда машойихлар суҳбатида бўлдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари қисқа муддатдан кейин яна Қасри Орифонга қайтдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари болалик ҳамда камолот чоғларида Саййид Амир Кулол ҳазратларининг хизматларида бўлдилар.

Шу билан бирга, хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари маънавий жиҳатдан хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳига боғландилар ва у зотнинг таълим-тарбия ҳамда сайри-сулукка оид барча илмларини жамлаб, муҳофаза қилдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ва Саййид Амир Кулол ҳазратларининг таълимот ва талқинотларини ҳакимона тартибга солиб, тариқатда оламшумул асосларни барпо қилдилар.

Хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларидан бошлаб то Саййид Амир Кулол ҳазратларигача бу силсила кишилари жойига қараб гоҳ махфий зикрни, гоҳ жаҳрий зикрни раво кўрар эдилар. Кўпроқ жаҳрий зикр ихтиёр этилар эди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, Қуръон ва Суннатдан далиллар ҳамда ўз устозларидан таълимотлар олиб, махфий зикрни устин кўрдилар. У киши: «Сўфий хилватда бўлса ҳам, жамоатда бўлса ҳам, махфий зикр қилгани афзал», дедилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, юқорида зикр этиб ўтилганидек, Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳидан тариқат изнини олганларидан кейин, ўша вақтнинг кўзга кўринган шайхлари ва алломаларидан бўлган Мавлоно Ориф ҳазратларининг суҳбатларида етти йил бардавом бўлдилар. Сўнгра хожа Халил Ота ҳазратларининг ҳузурларида ўн икки йил хизмат қилдилар.

Таълим олиш йиллари ҳақида хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари қуйидагиларни эслайдилар:

«Ёшлигимизда уч киши дўст эдик. Биз учовлон Ҳақ йўлига киришга қарор қилдик ва кирдик. Уларнинг ораларида менинг ниятим Аллоҳдан бошқа барча нарсалардан кечиб, ҳаққа ва ҳақиқатга етишмоқ эди. Бу ниятим холис экан шекилли, Ҳақ таоло менга кўплаб моддий ва маънавий имконлар берди. Охир-оқибат мақсадимга эриштирди».

Кўп йиллик меҳнат, тақво, ҳаракат ва қурбат натижаси ўлароқ, Аллоҳ таоло хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига тўрт буюк қутблардан бири бўлиш шарафини насиб қилди. Мазкур қутблар қуйидаги зотлардир:

Шайх Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу;

Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу;

Саййид Аҳмад Рифоъий қуддиса сирруҳу;

Саййид Аҳмад Бадавий қуддиса сирруҳу.

Ҳозирги кунда ҳам дунё бўйлаб энг кенг тарқалган тариқатлар худди шу тўрт зотнинг номларини олган тариқатлардир.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳанафий мазҳабида эдилар. У киши биринчи дафъа ҳаж қилганларида ўзлари бордилар. Иккинчи марта ҳаж қилганларида ўз шогирдлари Муҳаммад Порсо ҳазратларини ҳам бирга олиб бордилар. Йўлда кетаётиб, Ҳиротга етганларида, Мавлоно Зайнуддин раҳматуллоҳи алайҳининг зиёратларига кирдилар ва уч кун давомида у зотнинг суҳбатларида бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Ҳижоздан қайтишда бир муддат Марвда туриб қолдилар. Сўнгра йўлни давом эттириб, Бухорога етиб келдилар.

Кейин хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Қасри Орифонда бир масжид қурдилар ва қурилишда ўзлари ғишт ташиб, ишладилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари суҳбатларга катта аҳамият берар эдилар. У киши қаерга борсалар, яхшилик қилиш, сулҳ, иршод ва халқ тарбияси билан машғул бўлар эдилар. У киши ижтимоий хизматларга ҳам алоҳида эътибор берардилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўз суҳбатларида асосан фарз бўлган илмлардан таълим бериш ва ахлоқ тарбияси билан машғул бўлар эдилар. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларнинг йўли ҳам шу эди.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари:

«Йўлимиз суҳбат йўлидир. Суҳбатни тарк этган йўлни ҳам тарк этган бўлур», дер эдилар.

У киши чарчаш нималигини билмас эдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳар доим кўчаларни озода тутиш, ҳайвонларга ем бериш ва уларни даволаш ишлари билан машғул бўлганлар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг кўпгина шогирдлари етук тариқат ва маърифат намояндалари сифатида дунёга ном таратдилар. Улардан бирлари юқорида номи зикр этиб ўтилган хожа Муҳаммад Порсо раҳматуллоҳи алайҳидирлар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг машҳур шогирдлари, у киши билан доимо бирга юрган ва барча илмларини ўрганган шахс Алоуддин Аттор ҳазратлари ўз устозларининг охирги лаҳзалари ҳақида қуйидагиларни эслайдилар:

«Ҳазрати Нақшбанднинг охиратга интиқол қилиш онларида, Қасри Орифонда, у кишининг ёнларида «Йаасийни шариф»ни ўқиб турган эдик. Суранинг ярмига келганимизда у зотнинг юзларидан нур чиқа бошлади. Ул зот калимаи тавҳидни айтиб туриб, жон бердилар. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олган бўлсин».

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари етмиш уч ёшларида дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилдилар.

Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари силсила омонатини зоҳиран Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳидан, ботинан хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

  1. Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу;
  2. Хожа Яқуб Чархий қуддиса сирруҳу;

19 Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қуддиса сирруҳу;

  1. Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳу;
  2. Дарвеш Муҳаммад қуддиса сирруҳу;
  3. Хожа Муҳаммад Имканагий қуддиса сирруҳу;
  4. Хожа Муҳаммад Боқий қуддиса сирруҳу;
Read 3011 times
Top