Кутубхона

Эътиқод  дурдоналари: АЛЛОҲ БЕТИМСОЛ ЗОТДИР

Аршга истиво ҳақида

 

١2 - وَرَبُّ الْعَرْشِ فَوْقَ الْعَرْشِ لَكِنْ    بِلاَ وَصْفِ التَّمَكُّنِ وَالتِّصَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Аршнинг Роббиси Аршдан юқори, лекин макон олиш ва бирлашиш васфисиздир.

Назмий баёни:

Арш  Роббиси Аршдан юқори, бироқ

Жой олиш,  ўрнашиш васфидан йироқ.

 

Луғатлар изоҳи:

 رَبُّ – луғавий  ва истилоҳий маънолари юқорида ўтди.

 الْعَرْشِ – Арш луғатда “подшоҳнинг тахти” маъносига тўғри келади. Робга изофа қилиб келтириш Аршнинг улуғ нарса эканига далолат қилади.

فَوْقَ – “юқорисида” маъносини англатувчи зарф.

لَكِنْ – “истидрок” (тўғрилаб қўйиш) ҳарфи.

بِ – таъкидни ифодалаб келган зоида жор ҳарфи. 

لاَ – маътуфун алайҳга собит бўлган ҳукмни маътуфдан инкор қиладиган атф ҳарфи.

وَصْفِ – васф деганда маълум бир зотга маъно эътиборидан далолат қилган нарса тушунилади.  

التَّمَكُّنِ – бу масдардан макон олувчи нарсанинг бирор маконда бўлиши маъноси тушунилади. Макон деганда жисм унда жойлашиб турадиган нарса назарда тутилади.

 التِّصَالِ – луғатда бир жисмнинг бошқа бир жисмга бирлашиши ва унга туташиши маъноларини англатади.

 

Матн шарҳи:

Ақоид уламолари: “Арш барча жисмларни иҳота қилиб турадиган нурдан бўлган улкан жисмдир”, – деганлар.

Қуръони каримда Арш икки хил васф билан баён қилинган:

  1. Кўтариб турилиш билан қайдлаб зикр қилинган:

﴿ٱلَّذِينَ يَحۡمِلُونَ ٱلۡعَرۡشَ وَمَنۡ حَوۡلَهُۥ

 “Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар”[1].

  1. Мутлақ зикр қилинган:

﴿ وَهُوَ رَبُّ ٱلۡعَرۡشِ ٱلۡعَظِيمِ١٢٩

“У улуғ Аршнинг Роббисидир”[2]

Уламолар кўтариш билан қайдлаб зикр қилинган Арш ҳақида: “Фаришталар кўтариб ўраб турадиган тахтдир”, – деганлар.

Мутлақ зикр қилинган Арш ҳақида эса “ундан мулк ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин”, – деганлар.

Мотуридия мазҳаби уламолари: "Қуръон ва суннатда келган, лекин амалиётга тааллуқли жойи бўлмаган нарсаларни таъвил қилишга уриниш шарт эмас. Балки унинг собитлигига ва ундан ирода қилинган нарсанинг ҳақиқати нима бўлса, ўшанга иймон келтирдим, деган эътиқодда бўлиш лозимдир", – деганлар.

Аршнинг Аллоҳ таолога изофа қилиниши Арш мавжудотларнинг энг улуғи ва етти осмондан ҳам кенг бўлгани учундир. Аршнинг ана шундай улкан қилиб яратилиши яратувчисининг буюклигига далолат қилади.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг “Аршнинг Роббиси” деган сўзларидан  Аршнинг яратувчиси ва эгаси деган маъно тушунилади.

Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг Аршга “истиво” қилгани ҳақидаги оятлар бўлиб, улардаги “истиво”нинг маъноси ҳақида кўплаб баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган. Ушбу маънодаги оятлардан бирида қуйидагича хабар берилган:

﴿إِنَّ رَبَّكُمُ ٱللَّهُ ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ يُغۡشِي ٱلَّيۡلَ ٱلنَّهَارَ

“Албатта, осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршга “истиво” қилган Роббингиз кечани кундузга қоплайди”[3].            

Ушбу ояти каримани шайх Муҳаммад Али Собуний “Софватут Тафосир” асарида қуйидагича тафсир қилган: “Сўнгра Аршга “истиво” қилган” яъни, ўзининг улуғлигига муносиб, бирор ўхшашсиз, бирор тимсолсиз, истиво қилган. Шундай тушуниш олдинги  ўтган уламоларимизнинг тутган йўлидир. Имом Молик: “Истиво маълум (яъни луғавий маъноси), қандайлиги номаълум, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақида сўраш бидъатдир”, – деган. Имом Аҳмад: “Сифатларнинг хабарлари қандай келган бўлса, шундайлигича бирор нарсага ўхшатмасдан ва инкор қилмасдан гапирилади. Қандай, нима учун, дейилмайди. Биз бирор васф қилувчи васф қилолмайдиган ва бирор ифодаловчи ифода қилиб бера олмайдиган даражада унинг Ўзи қандай хоҳлаган бўлса, ўша хоҳлаганидек Аршга "истиво" қилганига иймон келтирамиз. Оят ва хабарни ўқиймиз ҳамда улардаги нарсаларга аниқ ишонамиз. Сифатларнинг қандай эканини  Аллоҳ таолонинг илмига топширамиз”, – деган”[4]

Мулла Али Қори мазкур мавзуни шарҳлаб, шундай деган: “Кейинги уламоларимиз ояти карималарда келган “истава” сўзини “иставла”, яъни “эгаллади”  сўзига таъвил қилишни жоиз санашган.  Олдинги уламоларимиз эса, қандай нозил қилинган бўлса, худди ўшандай таъвилсиз эътиқод қилишни ихтиёр этганлар. Бундай эътиқод қилиш бандадаги убудиятнинг комиллигига далолат қилади. Муташобиҳ хабарларнинг тафсирига киришиш ва уларни мусаффо эътиқод тушунчасига кўра таъвил қилиш банданинг ибодати ҳисобланади.

“Убудият”[5] тушунчаси “ибодат”[6] тушунчасидан устун туради. Чунки убудият Аллоҳ таолонинг ишларига розилик бўлса, ибодат Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишдир. Ризо эса амалдан устундир. Амални тарк қилиш фосиқлик, рози бўлмаслик эса куфр бўлади. Ибодат охиратда соқит бўлади, убудият эса дунёда ҳам охиратда ҳам соқит бўлмайди. Шулардан маълум бўладики, олдинги уламоларимизнинг тутган йўллари саломатроқ ва ёрқинроқдир, кейинги уламоларимизнинг тутган йўллари эса шароит тақозосига кўра иш тутиб, оммани адашиб кетишдан сақловчироқдир”[7].

 Муташобиҳ оятларни тафвийз ва таъвийл қилиш деганда қуйидагилар тушунилади:

  1. Тафвийз (ирода қилинган маънони Аллоҳга) ҳавола қилиш;
  2. Таъвийл (муҳкам оятларга мувофиқ маъно бериш).

Тафвийз қилувчилар деганда аҳли сунна вал жамоа уламоларининг жумҳури тушунилади. Таъвил қилувчилар деганда эса зарурат тақозосига кўра таъвил қилишга рухсат берган озчилик уламолар тушунилади.

 Саҳобалар ва тобеъинларнинг даврларида тафвийз қилингани маълум бўлади. Бу зотларнинг даврларида муташобиҳ хабарлар Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаган, баҳс қилишга уринмоқчи бўлганлар ҳам, бу ишдан қаттиқ қайтариб ташланган. Бунга асосан қуйидаги машҳур ривоят мисол қилиб келтирилади:  “Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: “Биз Молик ибн Анаснинг ҳузурларида эдик, бир киши кириб келиб, “Ар-Роҳман аршга истиво қилди” маъносидаги оятни ўқиди ва: “Эй Абу Абдуллоҳ, истиво қандай бўлган”, деб сўради. Имом Молик ерга қаради, шу туришда у зот терга ботиб кетди сўнг бошини кўтариб: “Ар-Роҳман Ўзи васф қилганидек Аршга истиво қилган, у “қандай бўлган” дейилмайди, “қандай бўлиш” ундан олиб ташлангандир, сен бидъатчи ёмон кишисан, чиқариб юборинглар буни”, деди. У чиқариб юборилди”. 

Ҳа, сўралган масала бандадан ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб сўзлашни тақозо қиладиган ўта нозик масала эди. Бу масала мўмин банданинг муташобиҳ оятларда баён қилинган Роббисининг сифатлари тўғрисида қандай эътиқод қилиши ҳақида эди. Шунинг учун ҳам имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бу масалага рўбарў бўлганида терга ботиб кетган ва энг эҳтиёткор йўл бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг йўлларини, яъни тафвийзни маҳкам ушлаган.

Мана шу йўл мотуридия мазҳабининг йўлидир.

 

Аллоҳ бетимсол зотдир

 

١3 - وَمَا التَّشْبِيهُ لِلرَّحْمَنِ وَجْهًا      فَصُنْ عَنْ ذَاكَ أَصْنَافَ الأَهَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Ар-Роҳманга ўхшатиш рози бўлинган йўл эмас, шундай экан аҳоли синфларини ундан сақлагин. 

 

Назмий баёни:

Ар-Роҳманга қиёслаш мумкинмас билгин,

Аҳоли синфларин ундан сақлагин.

 

Луғатлар изоҳи:

مَا – нафий ҳарфи, бу ўринда لَيْسَ нинг амалини қилади.

التَّشْبِيهُ луғатда “бирор нарсага ўхшатиш” маъносини англатади. مَا нинг исми бўлгани учун раф бўлиб турибди.

لِ жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.

الرَّحْمَنِ калимаси اَلْ билан фақат Аллоҳга нисбатан ишлатилади.

وَجْهًا луғатда “рози бўлинган йўл” маъносида келган. مَا нинг хабари эканига кўра насб бўлиб турибди.

– فَ  “сабабия” маъносида келган.

صُنْ  “сақлагин”, “ҳимоя қилгин” маъноларидаги амр феъли.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.

ذَاكَ – исми ишора ذَا ва хитоб ҳарфи бўлган كَ дан таркиб топган калима. Жор мажрур صُنْ га мутааллиқ. 

أَصْنَافَ – луғатда “навлар” маъносини англатади. صُنْ феълига мафъул бўлгани учун насб бўлиб турибди.

الأَهَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “оила аъзолар, қавму қариндошлар” маъносини англатади. Аммо бу ерда Аҳли сунна вал-жамоанинг барча вакиллари кўзда тутилган. 

 

Матн шарҳи:

Матнда келган مَا ҳарфи لَيْسَ нинг амалини қилувчи нафий ҳарфидир[8]. Ушбу байт Аллоҳ таолога бирор нарсани ўхшатиш мумкин эмас, ушбу ҳақиқатни Аҳли сунна вал-жамоа вакилларига етказиб, уларни адашган фирқаларнинг фитналаридан сақлашга ҳаракат қилинг, маъносини англатади. 

 Ҳар бир мўмин банда Аллоҳ таолонинг бирор нарсага ўхшамайдиган бетимсол зот эканига қатъи иймон келтириши шартдир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

﴿ لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ وَهُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١١

“Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У Эшитувчи ва кўрувчидир”[9].                                                                                                                  

“Софватут тафосир” китобида ушбу ояти карима қуйидагича тафсир қилинган:  “Аллоҳ таолонинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, амалларида ҳам Унга ўхшаш ва тенг келадиган йўқ. У яккаю ягона, бемисл Сомад зотдир. Бу ерда кўзланган асосий мақсад, Аллоҳ таолонинг махлуқларга ўхшашдан пок эканини билдиришдир. Ояти каримадагиك  ҳарфи рад этишни  таъкидлаш учун келган... Баъзи муҳаққиқлар сўзига кўра, тавҳид зотни бошқа зотларга ўхшатишсиз ва сифатларни ажратмасдан исбот қилишдир. Воситий раҳматуллоҳи алайҳ бунга қўшимча қилиб: “Унинг зотидек зот йўқ, Унинг исмидек исм йўқ, Унинг амалидек амал йўқ, бу аҳли ҳақнинг – Аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир”, –деган”[10].      

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таоло Ўзи ёки Расули васф қилганидан бошқача васф қилинмайди, Қуръон ва ҳадисдан ташқарига чиқилмайди”, – деган.

Имом Бухорийнинг устози Нуъайм ибн Ҳаммод: “Ким Аллоҳни Унинг яратган нарсасига ўхшатса, кофир бўлибди. Ким Аллоҳ ёки Унинг Расули васф қилган нарсани инкор қилса, кофир бўлибди. Аллоҳ ва Расули васф қилган нарсада ўхшаш ҳам, тенг ҳам йўқдир”, – деган.

 

 

Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги
муташобиҳ оятлар

Аллоҳ таолонинг сифатлари баён қилинган муташобиҳ[11] оятлардан нима ирода қилингани ҳақида жуда кўплаб баҳс-мунозаралар қилинган. Бундай муташобиҳ оятларни учга тақсимлаш мумкин[12]:

  1. Зоҳири Аллоҳ таолога тараф нисбатини беришни ваҳмга келтирувчи муташобиҳ оятлар. Масалан,

﴿يَخَافُونَ رَبَّهُم مِّن فَوۡقِهِمۡ

“Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар”[13].

Ушбу оятнинг зоҳирий маъноси Аллоҳ таолога уст тараф нисбатини беришни ваҳмга келтиради.

  1. Зоҳири Аллоҳ таолога жисм нисбатини беришни ваҳмга келтирувчи муташобиҳ оятлар. Масалан,

﴿وَجَآءَ رَبُّكَ وَٱلۡمَلَكُ صَفّٗا صَفّٗا٢٢

“Ва Роббинг келса”[14].

Оятнинг зоҳирий маъноси Аллоҳга жисмлар каби бир жойдан иккинчи жойга кўчиш нисбатини беришни ваҳмга келтиради.

  1. Зоҳири Аллоҳ таолога аъзо нисбатини беришни ваҳмга келтирувчи муташобиҳ оятлар. Масалан,

﴿ يَدُ ٱللَّهِ فَوۡقَ أَيۡدِيهِمۡۚ

“Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир”[15].

Ушбу оятнинг зоҳирий маъноси Аллоҳ таолога тана аъзосини нисбат беришни ваҳмга келтиради.

Ушбу оятларнинг зоҳирий маънолари Аллоҳ таолонинг сифатларини баён қилган муҳкам[16] оятларнинг маъноларига зид бўлиб қолган. Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақидаги эътиқод эса Қуръоннинг асли бўлган муҳкам оятлар билан собит бўлган. Шунинг учун ушбу муташобиҳ оятларни қандай тушуниш лозимлигида жуда кўплаб баҳс мунозаралар қилинган.

Уламолар Аллоҳ таолонинг сифатлари баён қилинган муташобиҳ оятлар ҳақидаги Аҳли сунна вал-жамоа ичидаги эътиқодий қарашларни умумий тўрт турга ажратганлар:

  1. Тафвийз. Яъни муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъноларидан Аллоҳ таолони холи деб билиб, улардан нима ирода қилинганини Аллоҳ таолога ҳавола қилиш. (Бу мотуридия мазҳабининг тутган йўли);
  2. Таъвийл. Яъни муташобиҳ оятларга зоҳирий маъноларидан бошқа маъно беришни жоиз деб билиш. (Бу ашъария мазҳабидаги баъзи уламоларнинг тутган йўли);
  3. Асли маълум, кайфияти номаълум деб билиш. Яъни муташобиҳ оятларда баён қилинган сифатлардан уларнинг ҳақиқати ирода қилинган. Мазкур сифатлар Аллоҳ таолонинг сифати бўлиб, бандаларнинг сифатларига ўхшамайди ва уларнинг қандайлиги номаълумдир деб билиш. (Ҳофиз Заҳабий каби бир қанча уламоларнинг тутган йўли);
  4. Таъвийл ва тафвийз орасидаги ўрта йўлни тутиш. Яъни таъвийл қилувчининг берган маъноси муҳкам оятга мос ва араб тили тақозосига яқин бўлса, инкор қилинмайди. Аммо узоқ бўлса ундан сақланилади. Агар одатда ҳамма фақат ўшанигина тушунадиган араб тили истеъмолидаги ёрқин маъноси бўлса ўша маъно берилади деб билиш. (Аллома Ибн Дақиқ Ийднинг қараши. Бу қарашни ҳам кўпчилик уламолар маъқуллаган).

Хулоса шуки мазкур қарашларнинг барчасида асосий мақсад иккитадир:

  1. Аллоҳ таолони махлуқотларига ўхшатиб қўйишдан сақланиш;
  2. Аллоҳ таолонинг сифатларидан бирортасини инкор қилиб қўйишдан сақланиш.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ЯХШИГА МУКОФОТ ЁМОНГА ЖАЗО БЕРУВЧИ

МУТЛАҚ ЭҲТИЁЖСИЗ ЗОТ

УЛУҒЛИК ВА ОЛИЙЛИК ЭГАСИ

 

[1] Ғофир сураси, 7-оят.

[2] Тавба сураси, 129-оят.

[3] Аъроф сураси, 54-оят.

[4] Муҳаммад Али Собуний. Софватут-тафосир1-жилд. – Байрут-Лубнан: “Мактабатул Асрия”, 2009. – Б. 383-бет.

[5] Аллоҳ тақдир қилган нарсаларга рози бўлиш – убудият дейилади.

[6] Аллоҳ рози бўладиган нарсаларни қилиш – ибодат дейилади.

[7] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962. – Б. 33.

[8] “Нафий ҳарфлари бўлган اِنْ , مَا , لَا ва لاَتَ лар мубтадо ва хабарга кирган пайтда қуйидаги шарт билан لَيْسَ нинг амалини қиладилар, яъни мубтадони роф ва хабарни насб қиладилар. У шарт لَيْسَ нинг амалини қилувчи нафий ҳарфнинг исми хабаридан олдин келиши ва اِلَّا билан синмаслиги керак. Масалан, مَا الْحُصُونُ مَنيعَةً “Қўрғонлар мустаҳкам эмас...” Қаранг: Фуад Нуъма. Мулаххос қоваъиди луғатил арабия. – Миср: “Макткабатул илмия ли таълиф ва таржима”. – Б. 63.

[9] Шўро сураси, 11-оят.

[10] Муҳаммад Али Собуний. Софватут-тафосир1-жилд. – Байрут-Лубнан: “Мактабатул Асрия”, 2009. – Б. 1116.

[11] Бир-бирига зид икки хил маънонинг эҳтимоли бўлгани учун сўзловчининг ирода қилган нарсаси эшитувчига ноаниқ бўлиб қолган сўзлар муташобиҳ дейилади.

[12] Аҳмад ибн Муҳаммад Моликий Совий. Китаб шарҳу Совий ала жавҳаротит тавҳид. – Дамашқ Байрут: “Дору Ибн Касир”, 1999. – Б. 217.

[13] Наҳл сураси, 50-оят.

[14] Фажр сураси, 22-оят.

[15] Фатҳ сураси, 10-оят.

[16] Ирода қилинган маъноси қатъий равишда очиқ-ойдин бўлиб, фақат битта маънонинг эҳтимоли бўлган оятлар – муҳкам дейилади. Қаранг: Аҳмад ибн Аби Саид Мулла Жийван. Нурул анвор . – Покистон. Ҳофиз Санауллоҳ Зоҳидий таҳқиқ ва таълиқи. 2-жилд, – Б. 224.

Read 2572 times
Top