Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ВАҲДАТУЛ ВУЖУД

Ушбу китобимизнинг асосий мақсадига назар соладиган бўлсак, ваҳдатул вужуддан сўз очмасак ҳам бўлар эди. Чунки бу китобда биз сунний тасаввуфдан сўз юритмоқдамиз, фалсафий тасаввуфдан ўзимизни йироқ тутмоқдамиз. Ваҳдатул вужуд эса айнан фалсафий тасаввуфни майдонга киритган бош омиллардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, бу масалага фалсафий тасаввуфдан бошқалар ҳам қисман мубтало бўлганлар. Хусусан, бизда кўп тарқалган Нақшбандия тариқати ҳам бир вақтлар ваҳдатул вужуд масаласига катта эътибор берган.

Ҳозирги кунимизда бу масала бизнинг диёрларимизда унут бўлган эди. Шунинг учун бошқа бир қанча тортишувли масалалар қатори, ваҳдатул вужуд масаласининг қайта майдонга чиқишини истамас эдик. Мен ўзим бу масаланинг бировнинг эсига тушиб қолишини асло истамас эдим. Бу масаладан хабардор биродарларга ҳам уни қўзғамаслик кераклигини айтиб юрар эдим. Аммо биз истаймизми, йўқми, аста-секин ваҳдатул вужуд масаласи майдонга кириб кела бошлади.

Чет элдалигимда баъзи бир мухлислар хат ёзиб, мендан ваҳдатул вужуд масаласини тушунтириб беришни сўрадилар. Ўшанда биз истамасак ҳам бу масала кўтарилганини таъкидлаш билан бирга, у ҳақда бироз маълумот ҳам бердим.

Кейинчалик, юртга қайтганимда, чет эл тасаввуфига қўшилиб, ваҳдатул вужуд тушунчаси ҳам халқ орасига кириб келганининг гувоҳи бўлдим. Одамлар бу масала ҳақида савол бера бошлаган эдилар. Четдан келган китобларнинг таржималарида ушбу масала турлича ёритилган эди. Баъзи билган-билмаганлар ваҳдатул вужуд ҳақида ўзларича ёзар ва гапирар эдилар.

Ушбу ва яна бошқа баъзи бир омиллар ваҳдатул вужуд масаласи ҳақида қўлдан келганича маълумот беришга ундади.

Ваҳдатул вужуд назариясининг кенг тарқалишига асосий сабаб бўлган шахс ҳижрий 560 санада туғилган ва ҳижрий 638 санада вафот этган Муҳйиддин ибн Арабий ҳисобланади.

Ваҳдатул вужуд назариясини асосан Муҳйиддин ибн Арабий ўзининг «Ал-футуҳоту ал-Маккия» ва «Фусусул ҳикам» номли китобларида баён қилган. Бу назария ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳамма ёққа кенг тарқалди. Айниқса тасаввуф тариқатлари орасида бу назария танадаги қон ўрнида айланадиган бўлди. Бора-бора ваҳдатул вужуд назарияси аҳли завқ ва таҳқиқнинг шиорига айланди. Бу назарияни инкор қилганлар ғофил киши сифатида, тасаввуфга ёт унсур сифатида қораланадиган бўлди.

Шу ерда Муҳйиддин ибн Арабий ва унинг сафдошлари сунний тасаввуф заифлашган вақтда, умуман, исломий илмлар таназзулга юз тута бошлаган бир пайтда майдонга чиққанлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз лозим.

Ваҳдатул вужуд назарияси, қисқача қилиб айтганда, қуйидаги фикрдан иборат:

«Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсалар шуъун ва таъйинотлар оламидир. Барча шуъун (ҳолат) ва таъйинот(жисм)лар У Зотнинг кўринишларидир. У Зот уларда зоҳир ва аралашиб юрувчи бўлгандир. Бу аралашиб юриш ҳулул (сингиш) ва иттиҳод (бирикиб кетиш) назарияси соҳиблари айтгани каби эмасдир. Балки бу аралашиб юриш бир соннинг бошқа сонлар ичида юргани кабидир. Ҳамма сонлар бирликлардан иборатдир. Аммо оламда фақатгина бир муайян нарса ёки биттагина зот зоҳир бўлади, холос. Ана ўша зот Аллоҳнинг муқаддас зоти шаклида зоҳир бўлгандир. Аллоҳнинг зоти эса кўп ададларда зоҳир бўлади. Бас, Аллоҳ аввал ва охир, зоҳир ва ботин, шериклар ва тенгдошлардан устиндир».

Бу маънонинг далили сифатида ваҳдатул вужуд асосчилари ва тарафдорлари «Махфий хазина эдим. Бас, танилишни маҳбуб кўрдим ва халойиқни халқ қилдим», деган ҳадисни келтирганлар.

Аммо ҳадис илмидан воқиф бўлган кўпчилик уламолар – ҳофиз Ибн Ҳажар, Заркаший, Суютий ва бошқалар бу гап ҳадис эмаслигини атрофлича исботлайдилар.

Ваҳдатул вужудчиларнинг асосий далилларидан бири имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси қудсий эди:

«Ким менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш очаман. Бандам учун Менга Ўзим унга фарз қилган нарса ила яқинлашишидан кўра маҳбуб яқинлашиш йўқ. Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда унга муҳаббат қилгунимча бардавом бўлур. Бас, Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитар қулоғи, кўрар кўзи, ушлар қўли ва юрар оёғи бўлурман. Ва у Мендан сўраса, албатта унга берурман. Мендан паноҳ сўраса, албатта унга паноҳ берурман».

Аллоҳ таолонинг иродаси ила ҳар нарса бўлиши мумкинлигига ваҳдатул вужуд назариясининг мусулмонлар орасида тарқалиши ёрқин мисол бўлса, ажаб эмас. Бўлмаса, «Анал Ҳақ» («Ҳақ менман») деганлар юқоридаги ҳадиси шарифни ўзларининг фикрига далил қилиб келтириб, бошқа одамлар ўша сафсатани қабул қилармидилар?! Ахир ҳадиснинг ўзида «бандам» деган сўз турибди-ку! Банда бўлгандан кейин, қандай қилиб Ҳақ ҳам бўлиш мумкин?! Бу ҳадиси шарифда фарз ибодатларни тўлиқ адо этадиган банда Аллоҳ таолога яқин бўлиши, у нафл ибодатларни ҳам кўпроқ қилаверса, дуоси тўсиқсиз қабул бўладиган ҳолга эришиши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда-ку!

Мансур Халложнинг қатли учун чиқарилган ҳукмга йиғлаб қўл қўйган уламолар каби, биз ҳам бу улуғ зотнинг «Анал Ҳақ»лари худолик даъвоси эмаслигини, Аллоҳнинг валийси илоҳлик даъвосини қилмаслигини яхши тушунамиз. Лекин Аллоҳ таолонинг муҳаббатини юрагига сиғдиролмай, Аллоҳ азза ва жалланинг яқинлигидан завқи тошиб, ўзини йўқотиб, жазавага тушган ошиқ авлиёнинг шатаҳотини ҳам, жазавасини ҳам оқламаймиз. Агар бошқа валий зотларда бўлгани каби, бу шатаҳот, бу жазава фақат ўткинчи бир ҳолат бўлганида, ҳеч бир уламо Мансур Халложга эътироз билдирмасди. Зеро, ҳадиси шарифда баён қилинишича, баъзан банда завқининг зўридан адашиб, ўзини Робб, Роббни банда деб хитоб қилиб юбориши ҳам мумкин ва бу ўткинчи янглиш ҳолат узрли ҳисобланар экан.

عَنْ أَنَسٍ :أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: «لَلَّهُ أَشَدُّ فَرَحًا بِتَوْبَةِ عَبْدِهِ حِينَ يَتُوبُ إِلَيْهِ مِنْ أَحَدِكُمْ كَانَ عَلَى رَاحِلَتِهِ بِأَرْضِ فَلَاةٍ، فَانْفَلَتَتْ مِنْهُ، وَعَلَيْهَا طَعَامُهُ وَشَرَابُهُ، فَأَيِسَ مِنْهَا، فَأَتَى شَجَرَةً فَاضْطَجَعَ فِي ظِلِّهَا، قَدْ أَيِسَ مِنْ رَاحِلَتِهِ، فَبَيْنَا هُوَ كَذَلِكَ إِذَا هُوَ بِهَا قَائِمَةً عِنْدَهُ، فَأَخَذَ بِخِطَامِهَا، ثُمَّ قَالَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ: اللَّهُمَّ أَنْتَ عَبْدِي وَأَنَا رَبُّكَ، أَخْطَأَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ». رَوَاهُ الشّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Ўз бандасининг тавбасидан бирингизнинг суви ва таоми ортилган, кимсасиз биёбонда қочиб кетган уловидан умидини узиб, бир дарахт тагига бориб, соясида ётганда, уловидан мутлақо умиди узилганда, ана шу ҳолда ётганида бирдан қараса, у (улов) олдига келиб қолган бўлса, унинг жиловидан тутиб, азбаройи хурсанд бўлиб кетганидан: «Эй Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборган пайтидаги хурсандлигидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Чунки у (банда) жуда хурсанд бўлиб кетганидан хато қилганди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Аммо Мансур Халлож шатаҳот ҳолатида туриб қолди. Аллоҳ таолонинг инсонларни ва жинларни яратишдан мақсади уларнинг ибодати, яъни қуллиги эканини унутди.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Заарийаат сурасида:

وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ٥٦

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим», деган (56-оят).

Аслини олганда, Аллоҳ таолога қуллик қилиш ва Уни севиш айнан бир тушунчалардир. Зеро, банда ўзини яратган Зотни севгандагина Унинг ҳар бир амрини муҳаббат билан қабул қилади ва Унга сўзсиз итоат этишдан ҳузурланади. Аслида Роббул оламиннинг ҳар бир амри бандасининг ўз фойдаси учундир. Мўмин-мусулмон учун эртаю кеч бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил қолмаган ҳолда, У Зотнинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтиб, ҳалол-пок ризқ талабида меҳнат қилиб, жамиятнинг ишончли, солиҳ бир вакили, вафодор эр, меҳрибон ота, содиқ дўст, силаи раҳм қилувчи қариндош, масжидга шошилиб бориб, секин қайтувчи намозхон, ўзига раво кўрган яхшиликларни ўзга мусулмонларга ҳам раво кўрувчи қалби сахий инсон ва энг муҳими, ҳар бир яхши амалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилувчи содиқ муқтадий бўлишдан кўра тўғрироқ йўлни биз билмаймиз. Зеро, бу айтилганларнинг барчаси севимли Роббимиз биздан талаб қилган, У Зотнинг элчиси, Ҳабибуллоҳ Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳ таолонинг амри ила етказган вожиботлардир. Тўғри эътиқоддаги ҳеч бир мутасаввиф, тўғри тариқатдаги ҳеч бир мустаршиду мурид бу вожиботларнинг биронтасини инкор қилмайди. Буларни инкор қилганларнинг эътиқоди ҳам, тариқати ҳам шубҳалидир.

Айни пайтда, биз хавф ва ражо оралиғида яшашга буюрилганмиз. Аллоҳ таолони севамиз ва тақво ҳам қиламиз. Бу амалимиз ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз буйруғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига кўрадир. Шунинг учун ҳам биз – Аҳли сунна вал жамоа аҳли «Анал Ҳақ» васвасасини ҳам, «ваҳдатул вужуд» ғояси аталмиш сафсаталарни ҳам қабул қилмаймиз.

Ваҳдатул вужудчиларнинг бошқа бир далиллари бундан ҳам ғариброқ. Улар фикрларининг далили сифатида қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يَقُولُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: يَا ابْنَ آدَمَ، مَرِضْتُ فَلَمْ تَعُدْنِي، قَالَ: يَا رَبِّ، كَيْفَ أَعُودُكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: أَمَا عَلِمْتَ أَنَّ عَبْدِي فُلَانًا مَرِضَ فَلَمْ تَعُدْهُ، أَمَا عَلِمْتَ أَنَّكَ لَوْ عُدْتَهُ لَوَجَدْتَنِي عِنْدَهُ، يَا ابْنَ آدَمَ، اسْتَطْعَمْتُكَ فَلَمْ تُطْعِمْنِي، قَالَ: يَا رَبِّ، وَكَيْفَ أُطْعِمُكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: أَمَا عَلِمْتَ أَنَّهُ اسْتَطْعَمَكَ عَبْدِي فُلَانٌ فَلَمْ تُطْعِمْهُ، أَمَا عَلِمْتَ أَنَّكَ لَوْ أَطْعَمْتَهُ لَوَجَدْتَ ذَلِكَ عِنْدِي، يَا ابْنَ آدَمَ، اسْتَسْقَيْتُكَ فَلَمْ تَسْقِنِي قَالَ: يَا رَبِّ، كَيْفَ أَسْقِيكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: اسْتَسْقَاكَ عَبْدِي فُلَانٌ فَلَمْ تَسْقِهِ، أَمَا إِنَّكَ لَوْ سَقَيْتَهُ وَجَدْتَ ذَلِكَ عِنْدِي». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: «Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Билмадингми? Бандам Фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Билмадингми? Бандам Фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан сув сўрадим, Менга сув бермадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сенга сув берай? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Бандам Фалончи сендан сув сўради. Сен унга сув бермадинг. Агар сен унга сув берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди».

Муслим ривоят қилган.

Эътибор берадиган бўлсак, ҳадиси шарифда «бандам» сўзи қайта-қайта такрорланмоқда. Бу ерда банданинг Аллоҳ билан бирлашиб кетишига ҳеч қандай ишора йўқ.

Бу ҳадиси қудсийда муҳтож кишиларга таом ва шароб тутиш худди Аллоҳ таолога таом ва шароб тутишга тенглаштирилмоқда, холос. Бундай улуғ ишни қилишга имкони бўлган ҳар бир мусулмон албатта уни амалга ошириши лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг «ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг» дейиши, «ўша ишнинг савобини» деганидир.

«Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Билмадингми? Бандам Фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг.

Демак, бир бемор бандани кўргани борган одам жуда улуғ иш қилган бўлар экан. Бир банданинг бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормаган одам эса катта нуқсонга йўл қўйган бўлар экан.

Бошқа маънолар ҳам шунга таққосланади, холос.

Ваҳдатул вужуд назарияси соҳибларининг фикрича, бу дунёда Аллоҳдан бошқа вужуд бор, деб эътиқод қилган одам мушрик бўлади. Аммо «Бу дунёда Аллоҳдан бошқа вужуд йўқ, У Зотдан бошқа нарсалар Унинг кўринишларидир. Кўринишларнинг кўплиги У Зотнинг ёлғизлигини рад қилмайди», деган инсон уларнинг назарида муваҳҳид бўлади.

Ваҳдатул вужуд назариясининг дунёдаги таъсири кенгайиб борди. Сўфийлар, файласуфлар ва ёзувчию шоирларнинг тўқсон тўққиз фоизи бу назарияни ўзларининг мазҳаби қилиб олдилар.

Ўша вақтларнинг муҳаддислари, фақиҳлари ва катта уламолари бу назарияга қарши чиқдилар. Буларнинг ичида ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, Аллома Саховий, муфассир Абу Ҳайён, Иззуддин ибн Абдуссалом, ҳофиз Абу Заръа, Мулло Али Қори номи ила машҳур бўлган аллома Нуруддин Али ибн Султон Муҳаммад Ҳиравий, аллома Саъдуддин Тафтазоний ва бошқалар бор эдилар.

Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорлари бу назариянинг танқидчилари ва душманларини тасаввуфдан ва унинг самараларидан бебаҳраликлари учун душманлик қилаётганликда айблар эдилар. Улар бу борада «Бир нарсани билмаган одам унга душман бўлади» қоидаси тўғри келишини таъкидлар эдилар.

Аммо ишларнинг ривожланиб бориши ваҳдатул вужуд назарияси фойдасига бўлмади. Бу назариянинг самараси аччиқ бўлди. Дарахтнинг самараси томири эмас, мевасидир. Ваҳдатул вужуд назариясининг асли бошқача бўлса ҳам, меваси аччиқ самара берди.

Бу назарияга эргашганлар орасида ақл, ахлоқ ва шариат чегарасидан чиқиб, фисқу фужур, залолат ва гумроҳлик доирасига кирганлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетди. Ислом олами катта хавф-хатар остида қолди. Умуман, Ислом таълимотларига мутлақо зид бўлган гап-сўз ва ишлар кўпайиб кетди. Ана шу нарсаларни ўзига раво кўрганлар ваҳдатул вужуд назариясини ўзларига қурол қилиб олар эдилар.

Бир вақтлар Мансур Халложнинг қатл қилинишига сабаб бўлган гап-сўз ва эътиқодни қилганлар энди ўша нарсаларнинг ўзи билан обрў қозонадиган бўлиб қолдилар.

Имом Суютий ўзларининг «Тарихи хулафо» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Ҳижрий уч юз биринчи санада Халложни туяга миндириб, сазойи қилинган ҳолда Бағдодга олиб киришди ва: «Бу қарматийларнинг даъватчиларидан биридир! Уни таниб қўйинглар!» деб жар солишди. Сўнгра тўққизинчи йили қатл қилингунича қамаб қўйишди. Уч юз тўққизинчи йили Халложни қози Абу Амр, фуқаҳолар ва уламоларнинг унинг қони ҳалоллиги ҳақидаги фатвоси ила қатл қилишди».

Халложнинг қадимги ва ҳозирги мухлислари даъво қилганларидек, уни тўғри гапни айтгани учун баъзи жоҳиллар қатл қилган эмас. Балки уни энг нотўғри гапни айтиб, айтганида туриб олганидан кейин, тўққиз йил қамоқда қолиб ҳам ўзига келмаганидан кейин уламоларнинг ижмоъи ила қатл қилишга ҳукм қилишган.

Албатта, ҳижрий тўртинчи асрнинг бошида исломий илмлар ўзининг авжида, мусулмонлар динларида мустаҳкам ҳолларида, диний эътиқод ва таълимотлар мусаффо ҳолида эди.

Аммо кейинчалик таназзулга юз тутилди. Турли омиллар таъсирида мусулмонлар ичида Ислом таълимотларига зид нарсалар ҳам тарқала борди. Одамлар Қуръон ва Суннатни қўйиб, турли фалсафа ва ажабтовур фикрларга берилиб кетишди.

Бора-бора Мансур Халложнинг «Анал Ҳақ» («Ҳақ менман») ёки «Маа фил жуббати иллаллоҳу» («Чопоннинг ичида Аллоҳдан бошқа йўқ») каби иборалари ҳам ип эша олмайдиган гап-сўзлар ва ишлар кенг тарқалди.

Ана шу нарсаларга мисолларни шайх Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳининг имом Сарҳандийнинг ҳаётлари ҳақида ёзган китобларидан таржима ҳолида келтирамиз.

«Тилмисоний вужудий мазҳабни амалда татбиқ қилар эди. У барча ҳаром нарсаларни ҳалол ҳисобларди. У: «Мавжуд Зот битта бўлганидан кейин, ҳалол билан ҳаромнинг орасини фарқлашнинг нима ҳожати бор?!» дер эди».

Бир киши бошқа бировдан Ибн Арабийнинг «Фусусул ҳикам»ини ўқир эди. У ўз устозини Аллоҳнинг валий ва ориф бандаларидан деб билар эди. У китобни ўқиб туриб, унинг Қуръонга хилофлигини билиб қолди ва устозига: «Бу гап Қуръонга хилоф-ку», деди. Шунда ҳалиги устози: «Қуръоннинг ҳаммаси ширкдир. Тавҳид бизнинг каломимизда, холос», деди.

Бир киши ваҳдатул вужуд назариясига амал қилувчи шахс билан юриб бораётиб, сасиб ётган ўлик итни кўрди ва: «Бу ҳам Аллоҳнинг зотими?» деди. Ваҳдатул вужудчи: «Ундан ташқарига чиқадиган нарса бормиди? Ҳа, ҳамма нарса Унинг зотидир!» деди.

Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорига: «Агар вужуд битта бўлса, нима учун хотин ҳалол бўлиб, она ҳаром бўлган?» дейилди. Шунда у саволга: «Бизнинг наздимизда ҳамма нарса битта. Аммо анави сўқирлар «ҳаром» дейишди ва биз сизларга «ҳаром» дедик», деб жавоб берди.

Бу ҳолат ваҳдатул вужуд назарияси танқидчилари қаторига баъзи илмли сўфийларнинг ҳам қўшилишига олиб келди.

Аҳли тасаввуфдан биринчи бўлиб ваҳдатул вужуд назариясига қарши чиққан киши Кубровия тариқати шайхларидан бири шайх Алоуддавла Самноний бўлди. У киши ўзининг илмий баҳсларида соликнинг мақсади ваҳдатул вужуд эмас, убудият – бандалик қилиш эканини исботлади.

Шайх Алоуддавла Самноний қурбатнинг юқори даражасига чиққан солик ваҳдатул вужуддан юқори мартабага эришиши ҳақида сўз юритди.

Кейинроқ имом Шарафуддин Яҳё Мунирий бу фикрни кенгайтирди. У киши: «Ваҳдатул вужуд» деб гумон қилинган нарса вожибул вужуд(Аллоҳ)дан бошқа барча вужуднинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши эмас, балки нарсаларнинг ҳақиқий мавжуднинг олдида кўринмай қолишидир», деди.

Шарафуддин Яҳё Мунирий нарсаларнинг йўқлиги ёки сингиб кетиши бир нарса, уларнинг кўринмай қолиши бошқа нарса эканини исботлади.

Шундай қилиб, ваҳдатул вужуд назариясига нисбатан уч хил қараш юзага келди.

  1. Ваҳдатул вужуд назариясини тамомила қўллаб-қувватлаш. Уни айни ҳақиқат ва маърифат деб билиш.
  2. Ваҳдатул вужуд назариясини бутунлай инкор қилиш.
  3. Ваҳдатул вужуд назарияси ўрнига ваҳдатуш-шуҳуд назариясини тақдим қилиш.

Аммо Нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган арбоби, улкан олим ва сўфий Имоми Роббоний (ҳижрий 971–1034 саналар ва милодий 1563–1625 саналар) бу хил қарашга ўзларининг тўртинчи йўлларини қўшдилар.

У кишининг фикрларича, ваҳдатул вужуд соликка ориз бўладиган бир ҳолдир. Ўшанда сўфийга кўринадиган ҳамма нарса бир вужуд бўлиб қолади. Аммо солик илоҳий тавфиқ ила набавий ҳидоятга рафиқ бўлиб турса, бошқа бир мақомга эришади. Бу мақом ваҳдатул вужуд мақомидан устин мақом бўлиб, «ваҳдатуш-шуҳуд» деб аталади. Ваҳдатуш-шуҳуд даражасига етган соликнинг шоҳидлиги фақат вожибул вужуд(Аллоҳ)нинг ёлғиз Ўзи бўлиб қолади. Бошқа нарсалар ўзлари мавжуд бўлса ҳам, унга йўқдек бўлиб қолади. Чунки қуёш чиққанда юлдузлар кўринмай қолганидек, Аллоҳ таолога етишганда, бошқа нарсалар кўзга кўринмай қолади.

Шу тариқа Имоми Роббоний сабаб бўлиб, ваҳдатул вужуд туфайли вужудга келган ихтилоф ва ноқулайликлар тугаб, ҳеч ким хафа ҳам бўлмай, мусулмонлар жумҳури ақийдасига, Қуръон ва Суннатга ҳамда исломий шариатга мувофиқ ҳолатга қайтилди.

Бу ишда Аллоҳ таоло Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳига улкан тавфиқ берди. Аввало, у киши забардаст олим эдилар. Қолаверса, донғи етти иқлимга тарқалган тасаввуф шайхи ҳам эдилар. Ўша вақтда Нақшбандия тариқатининг шайхлиги у кишида тўхтаган эди. Сўнгра масалани муолажа қилишда ҳам ҳакимона йўл тутилган эди. Бирор киши ҳақида бирор оғиз аччиқ сўз айтилмаган эди. Шу вақтгача бўлиб ўтган гап-сўзлар ва ишлар ҳам танқид қилинмаган эди. Ҳамманинг ҳурматини йўлга қўйган ҳолда янги бир қўшимча қўшиш билан иш ниҳоясига етган эди.

Айниқса Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг ўша пайт аҳли тариқатларнинг пешвоси бўлиб туришлари жуда ҳам қўл келган. Агар бундай бўлмаганда, аҳли тасаввуф бу каби гапни қабул қилмай, ваҳдатул вужуд фикридан қайтмай, туриб олишлари мумкин эди.

Ваҳдатул вужуд масаласи ҳозирда тарих сифатида ўрганилмоқда. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда низоларга ҳам сабаб бўлмоқда. Айниқса бу назарияни ўйлаб чиқарган ва унга ишониб, амал қилганларнинг ҳукми нима бўлади, деган саволнинг жавобида низолар кўп бўлган.

Баъзилар Муҳйиддин ибн Арабий ва унинг издошларини дунёдаги энг ёмон гаплар билан қоралашади.

Бошқалар эса уларни дунёдаги энг улуғ кишилар сифатида мақташади.

Қораловчилар уларнинг зоҳирда куфр, фисқ ва исёнга далолат қилувчи сўзларини далил қилиб келтирадилар.

Мақтовчилар эса уларнинг тавҳид ва ихлос ҳақидаги гапларини ҳамда амалларини далил қилиб келтирадилар.

Учинчи бир тоифа уларнинг гап-сўзлари ва амалларида икки тарафга ҳам далолат қилувчи нарсалар борлигини эътиборга олиб, «Уларнинг ишини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз, улар ҳақида бир ёқлама ҳукм чиқармаймиз», дейдилар. Биз ҳам мана шу тоифага қўшиламиз. Аммо кичик бир мулоҳазамиз бор. Биз хоҳлаймизми, йўқми, бугунги кунда «Ислом фалсафаси» ва «тасаввуф фалсафаси» деган атамалар мавжуд. Аслида Ислом дини ҳақидаги энг бузуқ тасаввурлар ҳам унга фалсафа сифатида қарашдан бошланган. Зеро, Ислом фалсафа эмас, эътиқодиётдир. Гарчи Исломда мантиқ ҳам, фалсафа ҳам, мушоҳада учун мавзу ҳам мавжуд бўлса-да, буларнинг ҳеч бири инсоннинг ожиз ақлига, ожизона тафаккурига ташлаб қўйилган эмас. Чунки дин инсоният ўйлаб чиқарган ғоялар йиғиндиси эмас, аксинча, бутун борлиқни, жамики жонзотни ва хусусан инсониятни ҳам яратган Роббул оламин томонидан одамзод ва жинларга уларнинг абадий бахтли ҳаётга эришишлари учун ўткинчи дунёда амал қилишлари вожиб этиб юборилган дастуруламалдир. Бу қонуннинг барча бандларини Роббул оламиннинг Ўзи тузган ва расуллари орқали бандаларига етказган. Ва охирги Расули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали охирги шариатини жорий қилгач, бу дастуруламал қиёматга қадар ҳеч бир ўзгаришсиз қолишини эълон қилган. Шунинг учун Қуръони Карим ва Суннати набавия орқали инсониятга етказилган вожиботларни шу туришича қабул қилиш лозим. Инсон ожиз ақли ила бу вожиботлардан ўзига ёққанини танлаб олишга, ёқмаганини инкор қилишга ҳақли эмас. Шунинг учун ҳам дин фалсафадан юқори туради. Қолаверса, Ислом дини бошқа-ю, тасаввуф бошқа нарса эмас. Тасаввуф, яъни руҳий тарбия мана шу диннинг ажралмас бир қанотидир. Бинобарин, ҳатто шартли равишда ҳам «Ислом ва тасаввуф» ёки «Ислом фалсафаси» ва «тасаввуф фалсафаси» деб ажратишнинг ўзи мутлақо нотўғридир.

Мўмин-мусулмон киши унга Қуръони Карим ва Суннати набавия орқали билдирилган эътиқодиётларга қатъий иймон келтиради ва айни пайтда Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиришни лозим кўрмаган, сир тутган нарсалар ҳақида ортиқча сўраб-суриштирмайди. Чунки бизга динда чуқур кетмаслик буюрилган. Бу борада Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий» асарида келтирилган қуйидаги ривоят ғоятда ибратлидир:

«Бир киши «Факиҳатан ва аббан»ни қироат қилиб туриб, «аббан»нинг маъносини сўраганда, Умар розияллоҳу анҳу: «Биз чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганмиз», дедилар» («Фатҳул Борий», 13-жуз, 271-бет).

Динга фалсафа сифатида қараш эса айнан чуқур кетиш ва ортиқча уринишдан бошқа нарса эмас.

Мўмин-мусулмон кишининг динда чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганига энг кучли далилни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан мисол келтириб кўришимиз ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида Роббул оламиннинг ҳузурига кўтарилганларида «Сидратул мунтаҳа»(«Тугаш дарахти»)га етиб боргунларича йўлда ҳеч бир инсон зоти бу ҳаётида кўролмайдиган жуда кўп ғаройиботларни, Аллоҳ азза ва жалланинг қудратига далолат қилувчи улкан белгиларни, жумладан, жаннатни, дўзахни, Обод уйни (Байтул маъмурни), ўтган набийларни, Жаброил алайҳиссаломнинг асл қиёфаларини ва бошқа мўъжизаларни кўрдилар. Булар меърож воқеаси нақл қилинган ҳадисларда баён этилган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида кўрган нарсалари ҳақида оятда ҳам, ҳадисда ҳам бирор маълумот йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббул оламиннинг ҳузурида қандай ҳолатда бўлганлари Қуръони Каримда биргина оят билан баён этилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

مَا زَاغَ ٱلۡبَصَرُ وَمَا طَغَىٰ١٧

«Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам» (Нажм сураси, 17-оят).

Аллоҳ таолонинг энг севимли бандаси, ҳабиби, хотамул анбиё, сарвари олам, сарвари коинот бўлган зотнинг Роббул оламиннинг ҳузуридаги ҳолларига қаранг: «Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам».

Ҳолбуки, биз оддий одамлар, ақлимиз етмай турган бир нарсанинг сирини билишга имкон туғилиб қолса, бутун борлиғимиз билан шунга интилиб, ҳар қандай тўсиқни назар-писанд қилмаслигимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Роббул оламиннинг ҳузурида туриб ҳам, на ортиқча савол сўрадилар ва на атрофга бурилиб қарадилар. Яъни у зотнинг ҳаттоки нигоҳлари ҳам «ҳаддидан ошмади». Фақат Аллоҳ таоло кўрсатишни хоҳлаган нарсаларнигина кўрдилар ва У Зот рухсат берган нарсанигина сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу мавқифлари у зотнинг умматлари учун энг гўзал ўрнакдир. Зеро, шу пайтгача диндаги барча тойилишлар, хатолар, янглиш тушунчалар айнан «чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан» келиб чиққан. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини динда ғулувга кетишнинг оқибатидан такрор-такрор огоҳлантирганлар, ҳаддан ортиқча зоҳидликдан, ноўрин тақводан қайтарганлар. Нафсини ҳаддан ташқари қийнашга аҳд қилган, ортиқча зоҳидликни ўзига одат қилиб олмоқчи бўлган умматларини мутлақо ёқламаганлар. Динда чуқур кетувчиларнинг гап-сўзини ҳам, амалларини ҳам асло тасдиқламаганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ШАТАҲОТ.

ЖАНДА КИЙИШ.

ОДОБ ВА АХЛОҚ.

Read 3555 times
Top