Кутубхона

РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИ  Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу

 

УЧИНЧИ БОБ

 

РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИ

(ҳижрий 11 40 йиллар; милодий 632 661 йиллар)

 

МУҚАДДИМА

«Ислом тарихи» деб номланган китобимиздаги ушбу бобда рошид халифалар, яъни рушд – тўғри йўлдаги халифалар даври ҳақида сўз бошлашдан олдин улар яшаган ва халифалик қилган давр мусулмонлари ҳақида муқаддима сифатида уч-тўрт оғиз сўз айтмоқни ирода қилдик.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Одамларнинг қай бири яхши?» деб сўрашди. Шунда у зот: «Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг кейингилар», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Мусулмон умматининг энг яхши асри илк уч аср эканини ҳамма бир овоздан таъкидлаган. Ана шу уч аср мусулмонлари «салафи солиҳ», яъни «ўтган солиҳлар» деб номланадилар. Саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат бу уч авлод мусулмонлари даврида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида айтган башоратлари юзага чикди. Салафи солиҳлар Исломни ўз ҳаётларига мукаммал татбиқ қилдилар. Улар ҳар бир масалада кёлажак авлодлар учун тўлиқ намуна бўладиган ишларни амалга оширдилар. Бунинг учун уларнинг икки устунликлари бор эди. Биринчиси – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқинликлари, иккинчиси – арабий табиатларининг софлиги.

Салафи солиҳларимиз шариатнинг барча соҳаларида: ҳам эътиқодий (ақийда), ҳам амалий (фиқҳ), ҳам ахлоқий (тасаввуф) соҳаларида каттаю кичик барча масалаларни Қуръони Карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида, ижмоъ ва қиёсни ишга солган ҳолда ҳал қилдилар ва уларга ечим топиш усулларини тўлақонли вн тартибли қоидалар билан асосладилар. Кейинги авлод мусулмонларига ўша манбалар асосида ўз ҳаётларида пайдо бўладиган янги масалаларни ҳал қилиш қолди, холос.

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ила воқеликда Ислом умматининг афзали бўлмиш салафи солиҳларимизни, хусусан, улар нинг гултожи бўлмиш саҳобаи киромларни барча давр ва макон мусулмонлари эъзозламоқлари лозим. Уларнинг муборак ҳаётларини яхшилаб ўрганиб, улардан ўрнак олмоқлари керак.

 

РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИ ҲАҚИДА УМУМИЙ СЎЗ

«Рошид халифалар» деған номни олган тўрт саҳоба – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳулар Ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг яхши ва афзал намояндаларидир. Шунингдек, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидир. Бу тўрт буюк саҳобалар исмлари зикр қилинган тартибда мусулмон умматига раҳбарлик қилганлар. Уларнинг фазлини Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари айтиб ҳам қўйган эдилар.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят цилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга менинг суннатимни ва ҳидоятга солинган рошид халифалар суннатини тутиш лозимдир, унга тиш-тирноқлар билан ёпишинглар», дедилар».

Абу Довуд, Доримий, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳанбал ривоят қилишган.

Ушбу рошид халифалар мусулмон умматига раҳбарлик қилган муддат салкам ўттиз йилни ўз ичига олади. Бу муддат халифаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан адашмасдан, ҳеч қаёққа бурилмасдан, изма-из боришлари билан ажралиб туради.

Бу даврда мусулмон оламида Аллоҳ таоло Ўз бандаларига рози бўлган тўғри йўлдан юрилди.

Ушбу муддатда Ислом ҳукмининг энг тўғри сурати гавдаланиб, у ҳар бир ҳокимнинг икки дунё саодатини истаган кишиларга ўрнак бўлиши учун намоён бўлди.

Ана ўшанда мусулмонларга мукаммал салоҳият ва бахтиёр ҳаёт таъминланиши ваъда қилинди. Ушбу муддатда Ислом тамаддуни ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Бунда ақийдага эргашувчи инсоний тамаддун ва инсоннинг саодатини юзага чиқариш учун ҳаракат қиладиган тамаддун кўзда тутилади. Ана шу муддатда кишилар тугал саодатга, тенгликка, адолатга, омонликка, хотиржамлик ва асосий эҳтиёжларининг қондирилишига эришдилар.

Ушбу муддатнинг охирларига келиб мусулмонларни ларзага солган фитналар юз берди. Ўша фитналар мусулмонларни турли оқим ва фирқаларга бўлиб ташладики, бу нарсалар ҳозиргача давом этиб келмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам сўралгувчи Зотдир.

 

БИРИНЧИ ФАСЛ

 

АБУ БАКР СИДДИҚ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

(халифалик даври: ҳижрий 11 йил 13 рабиъул

аввалдан 13 йил 21 жумодул охиргача;

милодий 632 йил 7 июндан 634 йил 21 августгача)

 

Ҳазрати Абу Бакрнинг исми ва лақаблари

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу куняси исмидан машҳур бўлиб кетган шахслардан биридир. Абу Бакр – у кишининг кунялари бўлиб, исмлари Абдуллохдир.

Баъзи ривоятларда айтилишича, у кишининг аввалги исмлари Абдулкаъба бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмни Абдуллоҳга алмаштирган эканлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари ҳам куняси билан, яъни Абу Қуҳофа номи билан шуҳрат топган, асл исми эса Усмон бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг энг машҳур лақаблари Сиддиқдир. Ушбу лақабни олишларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир амалларини тасдиқлашга ҳар доим шошиб турганлари, бундан ташқари юқорида ҳам келтирилганидек, Исро ва Меърож ҳодисасини ҳеч қандай тараддудсиз, дарҳол тасдиқлаганлари сабаб бўлган. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу доимо ўзларига содиқликни муҳим асос деб билганлар. Иймон масаласида у кишида бирор марта, салгина бўлса ҳам иккиланиш ёки сусткашлик сезилмаган. Шу ва шунга ўхшаш жуда кўп ҳолатлар у кишининг «Сиддиқ» деган лақабни олишларига сабаб бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг иккинчи лақаблари «Атийқ» эди. У кишининг бундай лақабни олишларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарифлари сабаб бўлган. Буни имом Термизий Оиша онамиздан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. У зот унга: «Сен Аллоҳнинг дўзахдан атийқисан (озод қилганисан)», дедилар. Ўша кундан у Атийқ деб атала бошлади».

 

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг туғилишлари ва улғайишлари

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан икки йилу бир неча ой кейин дунёга келдилар.

У кишининг оталари Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир эди. Оналари эса Уммул Хайр Салмо бинт Сохр ибн Амр – Абу Қуҳофанинг амакиларининг қизи бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Маккаи мукаррамада ўсиб-улғайдилар. У киши фақат тижорат учунгина бу муқаддас шаҳардан ташқарига чиқар, ўз тижоратлари орқасидан катта мол-мулк топган эдилар. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хайру эҳсон ва мурувватлари билан ҳам жоҳилият аҳли орасида ном чиқарган, Қурайшнинг раҳбарларидан бири сифатида маслаҳат-машварат ишларида доимо иштирок этиб, кишиларнинг муҳаббатини қозонган эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қурайшнинг хун ва қарз борасидаги ишлари топширилган эди.

Жоҳилият даврида арабларнинг марказлашган давлатлари бўлмагани учун Макка аҳли турли вазифаларни Қурайш қабиласининг турли уруғларига бўлиб қўйган эди. Бир уруғ кишиларни меҳмон қилишга масъул бўлса, бошқаси Каъбага қарашга, учинчиси мажлис ўтказишга жавобгар эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг уруғи Бану Таймга ана шундай вазифалардан бири – дия ва қарзлар иши топширилган эди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ҳам, Ислом даврида ҳам энг шарафли ўн кишининг бири бўлганлар. Шунингдек, у киши жоҳилият даврининг одамлари ичидаги энг иффатли кишилардан бири бўлиб, ўз ихтиёрлари билан умуман ичкилик ичишга яқинлашмаган эдилар.

Ўша даврлар араб халқларида шеъриятга қизиқиш ниҳоятда кучли бўлгани ҳаммага маълум. Лекин у киши шеър айтиш, ёзиш билан машғул бўлмаганлар.

 

Ҳазрати Абу Бакрнинг сифатлари

Ибн Саъд ривоят қилади:

«Бир киши Оишага: «Менга Абу Бакрни сифатлаб беринг», деди. У киши: «У оппоқ, озғин, ёноқлари кичик, бироз эгилган, изори икки ёнбошида турмай, сирпаниб кетадиган, юзи ичига кирган, кўзлари чуқур, пешонаси дўнгроқ ва қушдек енгил одам эди. Унинг сифати ана шундай», деди».

Бошқа бир ривоятда Оиша онамиз: «Абу Бакр (соч-соқолини) хино ва катм – махсус бўёқ билан бўяб юрарди», деганлар. Яна бошқа бир ривоятда Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у зотнинг саҳобалари ичида Абу Бакрдан бошқа соч-соқолига оқ тушгани йўқ эди. У хино ва катм билан бўяб юрарди», деганлар.

 

Ҳазрати Абу Бакрнинг Исломга киришлари

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу табиатан сезгир ва яхшиликка мойил бўлганлари учун жоҳилиятда ҳам иложи борича ёмонликлардан қочиб, яхшиликларга ёндашиб юрар эдилар. Шу билан бирга, «Жоҳилият ботқоғидан чиқиш мумкинми?» деган саволга кўп жавоб ахтарган бўлсалар ҳам ажаб эмас.

Ибн Асокир Ийсо ибн Язиддан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ айтди: «Мен Каъбанинг ҳовлисида ўтирган эдим. Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам ўтирган эди. Унинг олдидан Умайя ибн Абу Салт ўтиб қолди ва: «Қандоқсан, эй яхшилик ахтарувчи?» деди.

«Яхшиман», деди у.

«Уни топдингми?» деб сўради Умайя.

«Йўқ», деди у.

«Қиёмат куни Аллоҳ амр қилмаган ҳамма динлар ёмондир. Анави кутилаётган пайғамбар бизданми, сизданми?» деди Умайя.

Мен бундан олдин кутилаётган ва юбориладиган пайғамбар ҳақида эшитмаган эдим. Варақа ибн Навфалнинг олдига чиқцим. У осмонга кўп назар соладиган, ичида бир нарсаларни пичирлаб юрадиган одам эди. Уни топиб, бўлган гапни айтиб бердим.

«Ҳа, эй биродаримнинг ўғли, биз китоблар ва илмлар соҳибимиз. Ана шу кутилаётган пайғамбар арабларнинг энг яхши насабидан бўлади. Мен насабларни биламан. Сенинг қавминг арабларнинг энг яхши насабидан», деди у.

«Эй амаки, пайғамбар нима дейди?» дедим.

«Узига нима айтилса, шуни айтади. Фақат у зулм қилмайди. Унга ҳам зулм қилинмайди. У зулмга аралашмайди ҳам», деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилганларида у зотга иймон келтирдим ва тасдйқ қилдим».

 

Ҳазрати Абу Бакрнинг Исломдаги хаётлари

Абу Бакр розияллоҳу анҳу эркаклардан биринчи мусулмон бўлган зот эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исломда Абу Бакрдан бошқа бирор одамга бир нарса буюрсам, бош тортган, сўз қайтарган. Аммо унга нимани гапирсам, албатта қабул қилиб, шунда мустақим турган», деганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан бошлаб то Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича ҳар доим у зот билан бирга бўлдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиб, у зотнинг ғордаги ҳамроҳлари бўлдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Улар икковлон ғорда турганларида, у ҳамроҳига: «Маҳзун бўлма, Аллоҳ биз билан», деди» (Тавба сураси, 40-оят).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда бирга бўлдилар. Уҳуд ва Ҳунайн кунлари одамлар қочиб кетганда ҳам, у киши собит турдилар.

Одамларнинг энг шижоатлиларидан бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳу жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам жилмасдан, у зотни мудофаа қилар эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ниҳоятда карамли кишилардан бўлиб, бойликларининг кўп қисмини Аллоҳнинг йўлида сарфлар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда у киши ҳақида:

«Ундан (яъни дўзаҳдан) тақводор банда четда қолади. У мол-мулкини беради, покланади», деган (Лайл сураси, 17-18-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Менга Абу Бакрнинг бойлигичалик ҳеч бир бойлик манфаат бермади», деганлар.

Табук ғазотида Абу Бакр розияллоҳу анҳу бойликларининг ҳаммасини эҳсон қилиб, лашкарга ишлатдилар ва ушбу ғазотда мусулмонларнинг байроқцори бўлдилар.

У кишининг қўлларида жуда кўп катта саҳобалар мусулмон бўлганлар. Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом ва Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳум ана шулар жумласидандир.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу азобда қолган мусулмон қулларни сотиб олиб, озод қилар эдилар. Уларнинг ичида Билол ибн Рабоҳ, Амр ибн Фуҳайра, Зиннийра каби атоқли саҳобалар бор эди.

Ҳижрий тўққизинчи, милодий 631 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ҳажга амир қилиб юбордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдинги беморликларида: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга намозга ўтсин», деганлар.

 

Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилиниши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ансорийлар Мадинаи мунавварани бошқариб туриш учун Мадина аҳлидан халифа танлаш кераклигини мулоҳаза қилдилар. Мусулмонларни иқтидорли одам бошқариши лозим эди. Акс ҳолда Мадина таҳдид остида қолиши турган гап эди. Уларда муҳожирлар энди она юртлари Маккаи мукаррамага қайтиб кетсалар керак, деган гумон ҳам бор эди.

Шунинг учун Бану Соиданинг мажлисхонасига тўпланиб, ўзаро маслаҳат қилишди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни халифа килиб сайламоқчи бўлдилар. Бундан хабар топган Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳум ва бошқа муҳожирлар уларнинг олдига боришди.

Улар: «Биздан бир амир, сиздан бир амир», дейишди. Умар розияллоҳу анҳу ran бошлаган эдилар, Абу Бакр у кишини тўхтатдилар.

Сўнг Абу Бакр гапирдилар. Гапирганда ҳам, энг балоғатли одамларнинг гапини айтдилар. У киши ўз гапида: «Эй Саъд, эсингдами, сен ҳам ўша ерда ўтиргандинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайш бу ишнинг эгаларидир...» деганлар», дедилар.

Саъд ибн Убода: «Тўғри айтдингиз! Бизлар (ансорлар) вазирлармиз, сизлар (муҳожирлар) эса амирларсиз», дедилар.

Абу Бакр: «Умарга ёки Абу Убайдага байъат қилинглар!» дедилар. Умар: «Иўқ! Сизга байъат қиламиз. Сиз саййидимиз, энг яхшимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбубимизсиз», дедилар ва олдинга чиқиб, у кишининг қўлларидан тутган ҳолда байъат қилдилар. Кейин ўша ший-понда турганларнинг ҳаммалари у кишига байъат қилишди.

Шунда ансорлар муҳожирларнинг Мадинаи мунавварада қолишларини, бу ердан кетмасликларини билиб, бу ишга улардан кўра муҳожирлар ҳақлироқ эканига қаноат ҳосил қилдилар ва шунга келишдилар.

Шийпондаги байъатдан кейин Абу Бакрга оммавий байъат қилинди. Сўнг Абу Бакр гапирдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва шундай дедилар: «Мен яхшингиз бўлмасам ҳам, сизга волий қилиндим. Агар яхшилик қилсам, менга ёрдам беринглар, агар ёмонлик қилсам, менитўғриланглар! Содиқлик, тўғрисўзлик омонат, козиблик, ёлғончилик хиёнатдир. Сизнинг ичингиздаги заиф унинг ҳаққини олиб бергунимча, иншааллоҳ, менинг наздимда кучлидир. Сизнинг ичингиздаги кучли ундан ҳақни олгунимча, иншааллоҳ, менинг наздимда заифдир. Қайси бир қавм Аллоҳ йўлидан бурилса, Аллоҳ уларни хорликка дучор қилади. Қайси бир қавм ичида фохишалик тарқалса, Аллоҳ уларни оммавий балога йўлиқтирур. Модомики, Аллоҳга ва Унинг расулига итоат қилар эканман, менга итоат қилинглар! Қачон Аллоҳга ва Унинг расулига осий бўлсам, зиммангизда менга итоат қилиш йўқ. Намозингизга туринглар, Аллоҳ раҳм қилгурлар!».

 

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари ва фатҳлари

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлари жуда ҳам қисқа – икки йил уч ой-у бир ҳафта бўлди.

Ўзи қисқа бўлишига қарамай, бу давр буюк ишларга тўла кечди. Ўша ишлардан энг муҳимларини айтиб ўтамиз.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анхунинг лашкарини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзлаган тарафга юборишни амалга ошириш

Кўпчилик бу лашкарни юборишга қарши чиқиб, «Юбормаслик керак» деб туриб олишди, чунки Арабистон яриморолининг кўпчилик аҳолиси муртад бўлиб кетган, Мадинаи мунавварани хавф-хатар ўраб олган эди. Шунга қарамасдан, Абу Бакр розияллоҳу анҳу натижалар нима бўлишидан қатъи назар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан Усоманинг лашкарини юборишга қарор қилдилар. Бунда мусулмонларнинг қай даражада моддий-маънавий қувватга эга эканларини ҳаммага аён қилиш ҳам бор эди. Мазкур лашкар ғалаба билан қайтиб келди. Бу иш кўпчиликнинг Исломда собит қолишига сабаб бўлди.

 

Ридда урушлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг илк халифалик даврларида айрим араб қабилалари Исломдан қайтиб муртад бўлишди. Уша вақтда баъзи араблар Исломдан юз ўгириб, яна буту санамларга ибодат қилишга, мушрикликка қайта бошлашди.

Иккинчи бир гуруҳ, яъни Ямомада Мусайлима Каззоб, Бану Тамим қабиласида Сажоҳ бинт Ҳорис, Бану Асад ибн Хузайма қабиласида Тулайҳа ибн Хувайлид Асадий ва Яманда Асвад Ансий каби сохта пайғамбарларга эргашганлар ҳам пайдо бўлди.

Уша пайтда Той, Асад ибн Хузайма қабилалари ва уларга тобе бўлган бошқа Ғатафон уруғлари ўзини пайғамбар деб эълон қилган Тулайҳа ибн Хувайлид Асадийга эргашиб, диндан чиқишди.

Бану Ҳанифа қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоқларидаёқ у зотдан пайғамбарликнинг ярмига шерик бўлишни талаб қилиб чиққан Мусайлима Каззоб-ни пайғамбар деб тан олиб, ёппасига муртад бўлди.

Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, Макка, Мадина ва Тоифдан бошқа тарафлардаги айрим кишилар турли шаклларда Исломдан қайтишган эди.

Учинчи бир гуруҳ эса Исломнинг ҳамма шартларини бажариб туриб, фақатзакот беришдан бош тортишди. Улар: «Биз закотни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик. Энди у зот вафот этдилар, закот оладиган одам қолмади», дейишди.

Ана шундай оғир ва хатарли бир пайтда халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни тўплаб, маслаҳат қилдилар. Саҳобаи киромлар бошқа муртадларга қарши уруш эълон қилишда якдил бўлсалар ҳам, закотни беришдан бош тортганларни вақтинча тек қўйишни таклиф қилдилар. Бироқ халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бунга кўнмадилар. У киши: «Аллохга қасамки, ким намоз билан закотнинг орасини фарқласа, у билан албатта уруш қиламан, чунки закот бойликнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб турган бир улоқни ман қилсалар ҳам, ана шу ман қилингани учун албатта уларга қарши уруш қиламан», дедилар.

 

Бану Абс ва Бану Зубён иши

Нажд тарафдан бўлган Абс ва Зубён қабилалари Мадинаи мунавварага ҳужум қилиш ниятида унинг яқинидаги Абрақ ва Зулқисса номли жойларга келиб тушишди. Уларга Бану Асад ва бошқалар ҳам қўшилишди. Улар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга элчилар юборишди ва намоз билан кифояланиб, закотни бекор қилишни талаб қилишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг бу таклифларини қабул қилмадилар. Элчилар ноумид бўлиб қайтишди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг Мадинага бехосдан ҳужум қилиб қолишларидан хавфсираб, чора кўра бошладилар. Ҳазрати Алий, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар бошчилигида шаҳар-нинг чет тарафларига қўриқчилар қўйдилар. Шаҳар аҳолисини эса Масжиди Набавийга тўпланиб туришга амр қилдилар.

Закотни ман қилувчиларнинг элчилари қайтиб бориб, бошлиқларига бўлган гапларни ҳамда Мадинада одам озлигининг хабарини етказишди. Улар шаҳарга қараб юриш бошлашди.

Қўриқчилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳута одам юбориб, душман бостириб келаётганининг хабарини беришди. У киши мусулмонларни туяларга миндириб, олиб чиқцилар. Душман қоча бошлади. Мусулмонлар уларни Зухушубгача қувиб бордилар. Ўша ерда душманлар пуфлаб шиширилган катта мешларни мусулмонлар томонга думалатишди. Туялар мешлардан қўрқиб, ортга қараб қоча бошлади. Аммо Аллоҳнинг фазли ила мусулмонлардан ҳеч ким туядан йиқилмади.

Кечаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билдирмасдан, душман устига бостириб бордилар. Улар мусулмонлар ўз устларида турганларини кўриб, саросимага тушганча, тум-тарақай бўлиб қочишга тушишди. Тонг отганда яқин орада бирорта ҳам душман қолмаган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамлар билан уларни Зулқиссагача қувиб бордилар ва у ерга Нуъмон ибн Муқарринни қўйиб, қайтдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинага қайтиб келганларидан кейин Усома розияллоҳу анҳу ўз лашкарлари билан етиб келди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у кишини ўз ўринларига тайинлаб, лашкарга дам бериб, ўзлари Зухушуб ва Зулқисса томон йўл олдилар. Кейин Ридда деган жойга бориб, у ердаги муртадларга қарши жанг қилиб, енгдилар, Бану Зубён қабиласини ҳам қўлга олдилар ва у ерни мусулмонларнинг ҳайвонлари учун қўриқхонага айлантирдилар.

 

Муртадларга қарши лашкар тайёрлаш

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу юқорида зикр қилинган юришлардан кейин Мадинага қайтиб келдилар. Усомм розияллоҳу анҳунинг лашкари дам олиб бўлгач, Мадинаи мунавваранинг ташқарисига лашкаргоҳ қурдилар. Вазиятни чамалаб кўриб, ўн битта лашкар туздилар. Уларга қўмондонлар тайинлаб, вазифаларини белгилаб бердилар.

  1. Холид ибн Валид лашкари.

Тулайҳа ибн Хувайлид Асадийга қарши боради. Ундан фо-риғ бўлгач, Бану Тамим қабиласига, кейин Ямомага ўтади.

  1. Икрима ибн Абу Жаҳл лашкари.

Ямомадаги Мусайлима Каззобга қарши боради. Сўнг Умон ва Маҳрага, сўнгра Ҳазрамавтга, сўнг Яманга ўтади.

  1. Шураҳбил ибн Ҳасана лашкари.

Икримага ёрдам учун аввал Ямомага, сўнг Ҳазрамавтга боради.

  1. Муҳожир ибн Абу Умайя лашкари.

Асвад ал-Ансийга қарши Яманга боради. Кейин Ҳазра-мавтга ўтади.

  1. Ҳузайфа ибн Миҳсан Ғалфоний лашкари.

Умонга боради.

  1. Арфажа ибн Ҳарсама лашкари.

Маҳра аҳлига қарши боради.

  1. Сувайд ибн Муқаррин лашкари.

Яманнинг Тиҳома аҳлига боради.

  1. Ало ибн Ҳазрамий лашкари.

Баҳрайнга боради.

  1. Турайфа ибн Ҳожиз лашкари.

Ҳавозиннинг Бану Сулайм қабиласига боради.

  1. Амр ибн Ос лашкари.

Қузоъа қабиласига қарши боради.

  1. Холид ибн Саъид ибн Ос лашкари.

Шом остоналарига боради.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу фақат лашкар тузиш ва уларга амирлар тайинлаш билан кифояланмадилар. Ишни яна ҳам пухта қилишга ўтдилар. Шу мақсадда у киши амирларга қўлланма хати ҳам ёзиб бердилар. Лашкарлардан олдин муртадларга ҳам мактублар юбордилар. Бу тадбирлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ниҳоятда уста сиёсатчи эканларини кўрсатади.

 

Тулайҳа ҳақида

Тулайҳа ибн Хувайлид Асадий аслида коҳин эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида пайғамбарлик даъвосини қилди. Унга ўз қавмидан ва бошқа араблардан турли хил тоифалар эргашишди. У Нажднинг шарқий тарафидаги Ироққа яқинроқ, Бану Асад қабиласининг Самийро номли ерида эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарши урушиш учун Зирор ибн Азвар Асадий розияллоҳу анҳуни юбордилар. У етиб борай деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари ҳақида хабар келиб қолди. Тулайҳанинг иши юришиб, унга Ғатафон, Ҳавозин ва Той қабилалари ҳам қўшилишди. Зирор Мадинага қайтди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид ва унинг лашкарини Тулайҳага қарши урушга юборганларида, Холиднинг лашкари ичида Адий ибн Ҳотим Тоий ҳам бор эди. У Холиддан олдин бориб, ўз қавми, яъни Той қабиласини Аллоҳнинг динига қайтишга даъват қилиш учун изн сўради. Шунга кўра бориб, қабиладошларини даъват қилди. Улар қабул қилиб, Тулайҳани тарк қилишди ва Холиднинг лашкарига қўшилишди. Адий розияллоҳу анҳу Тулайҳа билан бирга бўлган Бану Жадийла уруғини ҳам даъват қилган эди, улар ҳам қабул қилишди. Сўнг Холид муртадлар билан Бузоха деган жойда тўқнашди ва улар билан қаттиқ жанг қилди.

Тулайҳа уруша олмаслигини билганидан кейин хотини билан олдиндан тайерлаб қўйилган икки отга миниб, Шомга қочиб кетди. Унинг лашкари мағлуб бўлди.

Бану Асад ва Ғатафон қабилалари мусулмон бўлганида кейин Тулайҳа ҳам Исломга кирди. У Ироқни фатҳ қилиш ишларида таҳсинга сазовор ишларни қилди ва Наҳованд жангида шаҳид бўлди.

Тулайҳа қочганидан кейин унинг одамлари ҳавъаблик Умму Зимл Салмо бинт Молик ибн Ҳузайфа Фазорийя исмли аёл атрофида тўпланишди. Бу аёл Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мусулмонлар асир тушган, уни Оиша онамиз озод қилган эдилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни уй кирсалар, ўша аёл бир гуруҳ аёллар даврасида Оиша онамиз билан ўтирган экан. Шунда у зот унга: «Сизлардан бирингиз Ҳавъаб итларини ҳурдиради», дедилар. Мазкур аёлнинг ушбу қилган иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу гапларининг тасдиғи эди».[1]

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу бориб, у аёлнинг лашкарига қарши жанг қилдилар. Аёл туяга миниб олгаи эди. Уни ҳимоя қиламан деб, юзта эркак ўлди. Сўнг унинг ўзи ҳам қатл этилди ва лашкари мағлуб бўлди.

Бану омирликлар Бану Асад ва Ғатафон қабилаларининг ҳолини кўриб, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг олдига келишди ва: «Ўзимиз чиққан нарсага қайтамиз: Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирамиз», дейишди. Холид улардан буни қабул қилди ва намозни ўқиб, закотни бериш учун байъат олди. Ана шу шарт асосида болалари ва аёллари ҳам байъат қилишди. Сўнг Холид Исломга қарши иш қилганларни келтиришни талаб қилди. Улар келтирилди ва қилмишларига яраша жазоланишди.

Бану Сулайм қабиласини Турайфа ибн Ҳожиз лашкари Исломга қайтарди.

 

Молик ибн Нувайра ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Тамим қабиласига олти нафар амир тайинлаган эдилар. Улар – Зибриқон ибн Бадр, Қайс ибн Осим, Сафвон ибн Сафвон, Сабра ибн Амр, Вакийъ ибн Молик ва Молик ибн Нувайра эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин Зибриқон ибн Бадр ва Сафвон ибн Сафвон Абу Бакрга закот беришди. Қайс ибн Осим ва Молик ибн Нувайра эса закот беришдан бош тортишди. Сўнг уларнинг ичида Исломда боқий қолганлар билан муртад бўлиб закотни ман қилганлар ўзаро жанжал бошлашди.

Улар ўзаро келишолмай туришганида, уларнинг ерига Бану тағлиблик Сажоҳ исмли аёл келди. У насроний бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин пайғамбарликни даъво қилган, унга кўпгина араб безорилари эргашишган эди. Ана шу аёл Абу Бакрга қарши урушга отланди. Уларнинг ери Нажд тарафда бўлиб, Бану Тамимга етганларида, Сажоҳ Молик ибн Нувайрага одам юбориб ярашишни сўради. Молик ибн Нувайра ярашди ва уни Бану тамимлик мусулмонларга қарши урушга чақирди. Бану тамимликлар эса аёлдан қўрқиб қочиб кетишди.

Сўнг Сажоҳ Мадинага қараб юришда давом этди. У Нибожга етганида Бану тамимлик бир гуруҳ кимсалар йўлини тўсиб чиқиб, у билан уруш қилишди ва кўпгина одамларини асир олишди. Сўнг Сажоҳ билан музокара олиб бориб, ундан асирларни алмаштириш ва шу ердан қайтиб кетишни талаб қилишди. Аёл Мадинага боришдан умид узиб, Ямома томон юрди.

Бану тамимликлардан Молик ибн Нувайрадан бошқаси қилган ишларига надомат чекиб, Исломга қайтишди. Унинг ўзи иккиланиб туриб қолди. Бутоҳ деган жойда қавми унинг атрофида тўпланди.

Холид ибн Валид Тулайҳанинг ишини битирганидан сўнг у томон юрди. Молик унинг келаётганини эшитиб, одамларига тарқалиб кетиш учун буйруқ берди. Холид ибн Валид уларнинг ортидан одам юбориб, баъзиларини ушлаб келишга буюрди. Уларнинг орасида Молик ибн Нувайра ҳам бор эди. Холид ибн Валид уларни қатл этишга амр қилди.

 

МУСАЙЛИМА ҲАҚИДА

Бану Ҳанифа элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди. Уларнинг орасида машҳур бузғунчи Мусайлима Каззоб ҳам бор эди. Бу нобакор аввалроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборган, унда қуйидагилар айтилган эди:

«Аллоҳнинг Расули Мусайлимадан Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга.

Аммо баъд: Мен бу ишда сенга шерик бўлдим. Бу ишнинг ярми бизгадир. Унинг ярми Қурайшгадир. Қурайш адолат қиладиган қавм эмас».

Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги жавобни ёзган эдилар:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддан Мусайлимага. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд:

Ер Аллоҳнинг мулкидир. Уни Ўз бандаларидан кимга хоҳласа, ўшанга мерос қилур. Оқибат тақводорларникидир».

Бану Ҳанифанинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришганида Мусайлимани у зотдан кийимлари билан тўсиб туришган эди. Бу каззоб шу ерда ҳам ўз нобакорлигини қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз мулклари остидаги нарсадан бир қисмини беришларини сўраган эди. Шунда у зот қўлларидаги чўпни кўрсатиб: «Сенга мана шу чўпни ҳам бермайман», деган эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафга, Ямомадаги Мусайлима Каззобга юборди. Унинг ортидан мадад учун Шураҳбил ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шураҳбил ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ишни ўзи битириш учун шошилиб, Мусайлиманинг лашкари билан тўқнашди ва енгилди. Бундан Абу Бакр дарғазаб бўлдилар ва Мадинага қайтиб келмасдан, Яманга бориб, Ҳузайфа ибн Миҳсан ва Арфажа ибн Ҳарсамаларга қўшилишга, улар билан бирга Маҳра аҳлига қарши уруш қилишга амр қилдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб, у кишини Мусайлима томон юришга амр қилдилар. Унга мадад учун муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни юбордилар. Шураҳбил ибн Ҳасанага одам юбориб, Холид ибн Валидни кутиб туришга амр қилдилар. Мусайлиманинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди.

Мусайлима ва Бану ҳанифаликлар Холид ибн Валиднинг келаётганини эшитиб, Ямоманинг четига лашкаргоҳ қилишди ва одам тўплашди. Уларга жуда кўп одам қўшилди.

Холид ибн Валид яқинлашиб келар, лашкарининг олдида Шураҳбил ибн Ҳасана борар эди. Бану Ҳанифанинг лашкаргоҳига бир кечалик йўл қолганида, улар Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳни учратишди. Бу гуруҳга Бану Ҳанифанинг улуғларидан Мужжоъа ибн Мурора бошлиқ эди. Холид ибн Валид амр қилиб, уларнинг бошлиқларидан бошқасини қатл эттирдилар. Сўнг бориб, муртадларнинг лашкари билан тўқнашдилар. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб мусулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холид ибн Ва лиднинг чодиригача етиб келишди. У кишининг хотинларини асир олмоқчи бўлишган эди, уларни бу ишдан Мужжоъ қайтарди. Сўнгра мусулмонлар бирлашишди ва Аллоҳ уларга Ўз сакинасини нозил қилди. Холид ибн Валид ўз одамлар билан ҳамла қилиб, муртадларни ортига қайтарди.

Бану ҳанифаликлар аччиқланиб, шиддат билан жанг қилишди. Холид ибн Валид уруш Мусайлиманинг зиддига бўлаётганини англади. Уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқиб, иши оғирлашиб қолганда қочди Унинг одамлари ҳам қоча бошлашди. Холид ибн Валид мусулмонларга нидо қилдилар. Улар бирдан ҳамла қилиб муртадларни шармандаларча мағлуб этдилар. Муртадларнинг қолганлари Мусайлиманинг қўрғонига кириб олишди Бу қўрғонга кириш мусулмонлар учун жуда қийин бўлди Ансорларнинг шижоатлиларидан бири Баро ибн Молик «Мени боғнинг ичига отинглар», дедилар. Шериклари кишини ўша боғнинг ичига улоқтиришди. У кишининг ёлғиз ўзлари душман билан жанг қилаётиб, эшикни очдилар. Мусулмонлар шу эшикдан кириб, душманларни ўлдирдилар. Ўлдирилганларнинг ичида Мусайлиманинг ўзи ҳабор эди. Уни Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг қотили Ваҳший билан яна бир ансорий ўлдиришди.

Бу жангларда саҳобаи киромлардан етмиш киши шаҳид бўлди. Шаҳидлар ичида Абу Ҳузайфа ибн Утба, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Шужоъ ибн Ваҳб, Зайд иб Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Саҳл, Молик ибн Амр, Туфайл иб Амр Давсий, Язид ибн Қайс, Омир ибн Букайр, Абдулло ибн Махрама, Соиб ибн Усмон ибн Мазъун, Аббод ибн Бишр ва бошқа катта саҳобаи киромлар бор эдилар.

Бу ҳодисалар ҳижрий ўн иккинчи йилда бўлиб ўтди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қолган муртадларга ўз лашкарларини юбордилар. Жумладан, Ало ибн Ҳазрамийни лашкари билан бирга Баҳрайнга жўнатдилар. У киши ўша ердаги муртадлар билан жанг қилиб, ғолиб келдилар ва аҳолини Исломга қайтардилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳлни Умонга юбордилар. У киши ўз лашкарлари билан ўша ернинг аҳолисидан бўлган муртадларни Исломга қайтардилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Муҳожир ибн Абу Умайя бошлиқ лашкарни Яманга, яъни яна бир пайғамбарлик даъвосини қилган Асвад Ансийга қарши юбордилар. Муҳожир розияллоҳу анҳу уларни енгиб, Ислом ҳукмини қайтадан ўрнатди.

Сўнг Муҳожир ибн Абу Умайя яна бир муртад қавм – Кинда аҳлига қарши юриш қилди ва уларни ҳам мағлуб этди.

Ана шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик вақтларида Ислом умматининг катта фитнадан сакданиб қолишига сабаб бўлдилар. Ҳамма диндан қайтганда қаттиқ туриб, уларни Исломга қайтариш чораларини кўрдилар. Аллоҳ таоло у кишига ва биродарларига нусрат берди. Шу сабабли фитна таг-томири билан йўқотилди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ АМАЛГА ОШИРГАН БУЮК ИШЛАР:

Қуръоннинг жамланиши;

Ироқ фатҳи;

Рум жангининг бошланиши;

Ярмук жанги.

ҲАЗРАТИ АБУ БАКРНИНГ ВАФОТЛАРИ.

 

 

[1] Аҳмад, Абу Яъло, Баззор, Ҳоким, Байҳақий ва Абу Нуъайм ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган. Заҳабий тасдиқлаган.

Read 6576 times
Top