Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ШАТАҲОТ.  ЖАНДА КИЙИШ.  ОДОБ ВА АХЛОҚ

 

ШАТАҲОТ

Тасаввуф ҳақида бироз бўлса ҳам хабардор бўлган киши «шатаҳот» сўзининг фақат тасаввуфда ишлатилишини ва у сўфийларнинг ўзларини йўқотиб қўйганда айтадиган, тушуниб бўлмайдиган, сиртдан қараганда айб, таъвил қилганда маъно касб этадиган сўзлари эканини билади.

Аслида «шатаҳот» сўзи «ҳаракат» ва «тўлиб-тошиш» деган маъноларни англатади.

Журжоний шатаҳотни қуйидагича таърифлайди:

«Шатаҳот қўпол ҳидли ҳамда яхшилик даъвосига далолат қилувчи сўз бўлиб, аҳли маърифатдан изтирор ва изтироб пайтида содир бўлади. У муҳаққиқларнинг тойилишларидир. У орифнинг айтган ҳақ даъвоси бўлиб, илоҳий изнсиз айтилган гапдир».

Шатаҳот сўфийнинг оғзидан оддий ҳолатда эмас, балки жазб ва қаттиқ таъсирланиш оқибатида чиқади. Зикр ила Аллоҳ таолога етишиб қолган сўфий ўзини йўқотиб қўйиб, нима деяётганини билмай қолади.

Дастлаб бу каби ҳолатлар Қуръони Карим тиловати давомида юзага келар ва таъсирланган сўфийлар ҳушларидан кетиб, йиқилар эдилар. Кейинроқ бу нарса сўфийларнинг ғазал услубида рамз билан айтган шеърларидан таъсирланишга ҳам ўтди.

Уламолар, ҳатто баъзи сўфийлар ҳам шатаҳотларни қаттиқ танқид қилишган. Айниқса шайх Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи Халложга ва унинг шатаҳотларига қарши қаттиқ ҳужум қилган:

«Халлождан унинг «Анал Ҳақ» («Ҳақ менман») деганини нақл қиладилар. У ваҳми ила хато қилган. Агар у ҳақда (яъни ҳақ йўлда) бўлганида, «Анал Ҳақ», демас эди».

Агар сўфийларга ўзларидан содир бўлган шатаҳотлар учун маломат сўзлари айтилса, улар ўзларини ҳимоя қилиб, тушунарли сўзлар билан шатаҳотларини тафсир қилган ҳоллари ҳам бўлган.

Ибн Арабий бир вақт қуйидаги байтни айтган:

«Эй мени кўрадиган ва мен Уни кўрмайдиган Зот!

Қанчалар Уни кўраман-у, У мени кўрмайдиган Зот!»

Бу ғаройиб маънодаги байтни эшитганлардан бири унга: «Қандай қилиб сен Уни кўрасан-у, У сени кўрмайди?!» деган.

Ибн Арабий дарҳол яна байт ўқиган:

«Эй мени жиноятчи кўрадиган ва мен

Уни азобловчи кўрмайдиган Зот!

Қанчалар Унинг неъматин кўраман-у,

У менинг ёлворганимни кўрмайдиган Зот!»

Сўфийларнинг шатаҳотга йўл қўйганлари икки хил бўлганини таъкидлашимиз лозим:

1) Зикр ҳолига ғарқ бўлиб, ўзини билмай қолганда шатаҳотга йўл қўйиб, ҳушёр ҳолга қайтганда ўзини оқловчи сўзларни айтганлар:

2) Ҳушёр ҳолида ҳам шатаҳотда давом этаверганлар.

Биринчи тоифани маъзур тутилган. Бунга Ҳасрийдан нақл қилинган қуйидаги иқтибос далил бўла олади:

«Жунайд тамаккунли одам эди. Унинг ўзидан кетиши йўқ эди. Амр ва наҳийни улуғлар эди. У йўлни аслидан олган эди. Шунинг учун ҳам унинг барча тоифаларга мақбул бўлгани ажабланарли эмас».

Иккинчи тоифа номақбул топилган. Бу тоифанинг энг машҳур арбобларидан бири Мансур Халлождир. У ўзининг машҳур шатаҳотини айтганида, ҳушёр ҳолида ундан қайтиши талаб қилинган. Аммо Халлож ҳушёр ҳолида ҳам гапидан қайтмаган. Шу тарзда тўққиз йил ўтган. Ўшанда ҳам айтганидан қайтмаганидан кейингина Халлож қатл қилинган.

Аммо вақт ўтиши билан шатаҳотлар барҳам топган. Машҳур сўфийлардан Жийлоний ва Рифоъий шатаҳотга йўл қўйиш у ёқда турсин, уни қаттиқ танқид ҳам қилишган.

Ўз шеърлари ва гапларида «қадаҳ», «май», «лайло» каби истилоҳларни ишлатган сўфийлар ҳам кўп бўлган. Бундай истилоҳларни сўфийларнинг ўзлари «рамз», «ишора» ва «лағз» дейдилар.

Аҳли тассаввуфнинг бундай услубни қўллагани сабаблари ҳақида Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқати шайхи Муҳаммад Закий Иброҳим жумладан, қуйидагиларни айтади:

«Баъзи сўфийлар ўз шавқу завқларини, эҳсосларини ифода этиш учун киноя ва истиора йўли ила рамз, ишора ва лағзларни ишлатганлар. Улар шу иш билан танилиб, «аҳли ишора» номини ҳам олганлар. Уларнинг бундай қилишларининг бир неча сабаблари бор:

  1. Одатдаги сўз ва иборалар уларнинг шуурлари, эҳсослари ва шавқу завқларини тўла ифода қилишга камлик қилгани.
  2. Ҳар бир илмнинг ўзига хос истилоҳлари бор. Сўфийлар ҳам ўзларига хос истилоҳларни ишлатсалар нима бўлибди?!
  3. Зулм ва истибдод шароитида, очиқ гап учун жазоланиш муҳаққақ бўлиб турганда, ҳар ким ўзлигини билдириши лозим бўлганда, сўфийлар томонидан мазкур услуб қўлланган».

Шунингдек, баъзи сўфийлар зоҳирида шариатга хилоф ёки ҳурматсизлик бўладиган гапларни айтганликлари ҳам бор. Улар ҳам ўзларича буни «завқни ўзига хос услуб билан изҳор қилиш», дейдилар.

Аммо баъзи катта сўфийлар бу ишларнинг ҳаммасини ҳам қоралаганлар. Мисол учун, шайх Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтадилар:

«Аср кишиларидан баъзи биродарларимизнинг:

«Монастир олдида зунноримни боғладим.

«Мен учун ҳимо фақиҳидан ўч олинг», дедим»,

деб ёзганлари ажаб.

Гўёки у бундан бошқа маъноларни ирода қилган эмиш! Бу каби сўзларни зинҳор қабул қилманг. Шайх ҳазратлари ҳақида яхши гумонда бўлишимиз лозим. Аммо динимизга бўлган одобимиз ундан ҳам кўпроқ лозим. Ҳақ тарафида туришимиз ҳаммасидан ҳам муҳим.

Биз зуннор боғламаймиз. (Зуннор – ғайридинлар ўзларининг ғайридинлигининг белгиси сифатида боғлаб юриши лозим бўлган белбоғ.) Биз монастир эшиги олдидан ҳам ўтмаймиз. Биз фақиҳнинг қўлу оёғини ўпамиз. Биз ундан динимиз илмини ўрганамиз. Биз: «Шайх бу лафзлар ила ўзи беркитган мақсадларни талаб қилди», деймиз. Шоядки, у талаб қилган ҳам, беркитмаган ҳам бўлса эди ва ўшанинг ўрнига:

«Шариат эшиги олдида зунноримни ечдим.

Илоҳий фиқҳ ила асроримни пок этдим.

Монастир ва зуннор иккиси ҳам залолатдир.

Борий зотга етишиш эшиги ёлғиз шариатдир»,

деса, яхши бўларди».

Ҳозирги кунимизда шатаҳотлар асосан тарих бўлиб қолган. Тасаввуфни ва унинг тарихини, мутасаввифларнинг шеъриятини ўрганган кишиларгина бу масалага дуч келадилар.

Боҳислар «Нима учун тасаввуф қолса ҳам, шатаҳотлар йўқ бўлиб кетди?» деган саволга икки хил жавоб берадилар.

Биринчи жавоб: кейинги пайтда фанода ва истиғроқда олдинги сўфийларнинг даражасига етадиган сўфийлар чиқмай қолди.

Иккинчи жавоб: аввалда баъзи суфийлар даъво қилган ўзини йўқотиб қўйиш ва шатаҳот даражасига етиш ҳоллари қалбаки бўлган. Ҳозирда ўша қалбакилик йўқолган.

Бизнинг фикримизча, икки сабаб ҳам қисман тўғри бўлса керак.

Шатаҳотларни ўрганган олимлар яна бир саволни қўзғаб, унга ўзлари жавоб берадилар.

Мусулмонлардаги тасаввуфга ўхшаш ҳолат бошқа динларда, жумладан, масиҳийлик ва яҳудийликда ҳам бор. Аммо шатаҳот фақат мусулмонларда бор. Нима учун бу нарса мусулмонларда бор-у, масиҳийлик ёки яҳудийликда йўқ?

Жавоб қуйидагича:

«Шатаҳотнинг мусулмонларда зоҳир бўлишининг сабаби шуки, Исломда Холиқ билан махлуқнинг орасидаги барча фарқлар очиқ-ойдин ёритиб берилган. Шу билан бирга, Исломда Робб билан банданинг орасида восита ва тўсиқ бўлиши мумкин эмас. Мухлис банданинг қалби доимо ўз Роббига етишишга интилади. Ана шу талаб тасаввуф орқали қондирилган.

Масиҳийликда эса банда билан Робби орасида ёпиқ эшик бор. Роббга етишиш учун воситачи бўлиши керак. Воситачисиз У Зотга мутлақо етишиб бўлмайди.

Яҳудийликда иш бундан ҳам мураккаб. Яҳудийларнинг эътиқоди бўйича, Илоҳ ғазабнок, қасоскор ва жаббордир. У доимо чақмоқ, тўфон ва турли бало-офатларни юбориб туради. Шунинг учун ҳам уларнинг эътиқодига кўра, Робб билан банда ўртасида муҳаббат ва унс бўлиши мумкин эмас.

Аммо бугунги кунимизда шатаҳотлар каби ҳолатларни исталганча топишимиз мумкин. Бундай ҳолатлар оддий ҳаётимизда ҳам, турли санъатларимиз намуналарида ҳам (хусусан, абстракционизмга асосланган асарлар ва уларнинг муаллифларида), ишқий-илоҳий шеъриятимизда ҳам, бугунги тасаввуфчиларимиз орасида ҳам учраб туради.

Буларнинг орасида мутлақо билимсизлиги туфайли шундай ҳолга тушиб, ўзининг аҳволидан бутунлай бехабарлари ҳам, шариатни яхши билмай туриб, тариқатда эканини даъво қилувчилар ҳам бор. Ва аксинча, шариатга ҳам, тариқатга ҳам иложи борича кўпроқ амал қилишга интилганлари ҳам озми-кўпми, учраб туради.

Лекин буларнинг ҳолатлари том маънодаги шатаҳотлар эмас.

Кўпинча бу ҳолатлар сунъий равишда ўзини телбаликка солиш ёки тақвосизлиги оқибатида айтаётган сўзининг фарқига бормасликдан келиб чиқади.

Шаръий билимларни чуқурроқ ўрганиш ила бундай ҳолатлар тезда барҳам топишига ишончимиз комил. Валлоҳу аълам.

Аслини олганда, шатаҳотдан аввалги жазб ҳолати, яъни Аллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига ғарқ бўлиш ва ўзини унутиш кўпгина мутасаввифлар орзу қилган юксак мақомдир. Аммо бу мақом айни пайтда зўр бир синовдир.

«Фано филлоҳ»нинг маъноси Аллоҳга қўшилиб кетиш эмас, балки Аллоҳ таолонинг амридан ташқари барча орзу-хоҳишларини батамом ташлашдир. Зеро, банданинг тўлиқ бахти учун Аллоҳ таоло унга амр қилган нарсаларнинг ўзи кифоя қилади. Шунинг учун бу ҳолатга етишган бандадан Аллоҳ азза ва жалланинг амрларини ва наҳийларини севиб қабул қилмоғи ва Роббул оламин истагандек, солиҳ бир банда бўлмоғи талаб қилинади. Бу талабни тўғри англаган солик жазб ҳолатидан шукр мақомига ўтади. Бу талабни англамаган ва Аллоҳ таолонинг яқинлиги завқини қалби кўтара олмаган, Аллоҳ таолонинг Роббул оламин эканини ҳамда Унинг исмлари ва сифатларини тўлиқ идрок қилишдан ожиз қолган ва ўзининг бандалигини, тобелигини, махлуқлигини унутган солик шатаҳотга тушади. Аммо ўзини тезда ўнглаб, тавба қилса, яна аввалги мақомига қайтади. Шатаҳотда қолиб кетса, шариат тарафидан мазаммат қилинади. Шатаҳотида собит туриб, фитнага сабаб бўлса, жазога тортилади.

Қизиғи шундаки, шатаҳот ҳолатини оқловчилар ҳам, бундай ҳолга тушган одамларнинг ўзлари ҳам силсилаларининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг энг яқин саҳобалари бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо турганларини иддао қилишади.

Агар шундай бўлса, нега улар ўз силсилаларининг бошида турган улуғ устозларга хилоф қиладилар?

Ибн Ҳож раҳматуллоҳи алайҳининг «ал-Мадхал» номли китобларида Ибн Зубайрдан қуйидагича ривоят қилинади:

«Отамнинг олдига борган эдим:

«Қаерда эдинг?!» деди.

«Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўриб қолдим. Улардан бири Аллоҳдан қўрққанидан ҳушидан кетиб қолар эди. Улар билан бирга ўтирдим», дедим.

«Бундан кейин улар билан ўтирма!» деди.

Ўзининг бу гапи менга унча таъсир қилмаганини кўриб, яна:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Абу Бакр ва Умарнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Улар бундай бўлмас эдилар. Сен ҳалигиларни Аллоҳдан Абу Бакр ва Умардан кўра кўпроқ қўрқади, деб ўйлайсанми?!» деди.

Мен уларни тарк қилдим».

Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг шатаҳотларга муносабатлари ана шундай бўлган. Бинобарин, шатаҳотлардан ҳайратга тушувчилар, шатаҳот эгаларини улуғловчилар ушбу ҳадиснинг маъносини яхшироқ ўйлаб кўрсалар, фойдадан холи бўлмасди.

 

ЖАНДА КИЙИШ

Арабчада «хирқа», ўзбекчада «жанда» деб аталган ўзига хос кийим кийиш бир вақтлар сўфийлар орасида кенг тарқалган эди. Сўфийларнинг турли рангдаги ямоқлар солинган кийим кийиб, бошқалардан ажраб туришга уринишлари ҳаммага маълум бўлган.

Тасаввуфга оид адабиётларда «Фалончи пистончига сўфийлик хирқаси – жандасини кийгизди» деган иборалар ҳам тез-тез учраб туради.

Сўфийларнинг ўзлари бу ишнинг суннат эканлигини даъво қилишган ва гапларининг тўғрилигига далил сифатида бир неча ривоятларни ҳам келтирганлар:

– Имом Молик келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Умар ибн Хаттобнинг Мадинанинг амири бўла туриб, икки елкаси орасида устма-уст ямоқ солиб олганини кўрдим».

– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавуш ва кийимларини ямашлари ҳақидаги ривоят.

– Оиша розияллоҳу анҳо оқ-қора ямоқлар солиб ўтирганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалам у кишига: «То ямоқ солмагунингча, кийимни алмаштирма», деганлари.

– Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни нақл қиладилар: «Ушбу кўйлагимни яматавериб, ямоқчидан ҳам уялиб кетдим. У менга: «Буни ташлаб юбор! Эшаги бор киши буни ўз эшагига ҳам раво кўрмайди», деди».

– Суфён Саврий розияллоҳу анҳу: «Умарнинг устида ўн икки ямоқли изорни кўрдим», деганлар.

– Баъзи бир аҳли тариқатлар жанда кийиш шахсдан шахсга бирма-бир ўтиб келаётган силсилага эга эканлигини айтадилар. Мисол тариқасида шайх Санусийнинг хирқанинг санади ҳақидаги қуйидаги гапларини келтирамиз:

«У киши хирқани Ҳасан Басрийнинг қўлларидан кийганлар. У киши эса амирул мўминин Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг қўлларидан кийганлар. У киши эса барча аввалгию охиргиларнинг саййиди Муҳаммад ан-Набий ал-Карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан кийганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хирқани Руҳул аминнинг воситаси ила Роббул оламиндан кийганлар».

Аммо бу хилдаги гапларга, хусусан, салафи солиҳнинг қасддан хирқа кийганларига ҳеч кимнинг тўғри санади йўқ. Аксинча, бошқа, бунга тескари маънодаги ишончли гаплар бор.

Имом Шаъроний шайх Нажмуддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар:

«Аҳли салафлар муриднинг кийимига ўша кийимнинг рангидан бошқа рангда шаръий ҳожатсиз ямоқ солишни макруҳ деганлар. Агар кийим йиртилиб кетса-ю, унинг рангидаги мато топилмаса, бошқа рангдаги ямоқ солса, майли. Салафи солиҳлар кийимларига фақатгина зарурат юзасидангина ямоқ солганлар. Улар ўзлари учун нодир ҳолатлардагина ҳалолдан тўлиқ кийим топа олар эдилар. Шунинг учун улар ўз кийимларини турли рангдаги ҳалол мато билан ямар эдилар. Уларнинг ямоқ кийим кийишларининг сабаби шу».

Жамиятшунослик илмининг асосчиси, машҳур олим Абдурраҳмон Ибн Халдун:

«Али саҳобаларнинг ичида ўзига хос кийим ва ҳолат билан ажраб турмаган», деган.

Демак, хирқа кийиш ҳам, худди шатаҳотга ўхшаб, аҳли тасаввуф ичида маълум вақт ва шароитда тарқалиб, аста-секин йўқолиб кетган бир нарсадир.

Шунинг учун ҳам бугунги сўфийлар орасида хирқа кийганлари кўринмайди.

 

ОДОБ ВА АХЛОҚ

Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишига одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида «маъдаба» ўзагидан олингандир. Маъдаба эса одамлар даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба» – зиёфат бўлгани учун шу номни олган.

Абу Муҳаммад ўзларининг «Китобул Воъий» номли асарларида:

«Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун «одоб» деб номланган», дейдилар.

Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи:

«Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир», деганлар.

Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган:

«Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир»;

«Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир»;

«Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир».

Бу ва бунга ўхшаш барча таърифлар тўпланганда, Исломда кўзланган «одоб» таърифи юзага келади.

Ҳозирги кунда Ғарб маданиятига тобелик таъсирида «одоб»ни «маданият» дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади.

Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаган, десак, муболаға бўлмайди. Исломда кишининг ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган китобларнинг асосини ва кўпчилигини Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамловчи китобларимизнинг ҳар бирида «Китобул адаб» номли ички китоблар бор. Уларда одобга оид ҳадиси шарифлар келтирилади.

Бундан ташқари, муҳаддисларимиз одобга бағишланган алоҳида китоблар ҳам таълиф қилганлар. Бунга мисол қилиб, буюк ватандошимиз, мўминларнинг ҳадис бўйича амири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг «Ал-адаб ал-муфрад» китобини келтириш мумкин.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг шоҳ асарлари «Жомеъус-саҳиҳ»да «Китобул адаб»га ўрин берганларига қарамай, бу масалани ўта аҳамиятли билганлари учун, алоҳида китоб ҳам таълиф қилишга ўтганлар. У киши «Ал-адаб ал-муфрад» китобида турли одобларга оид бир минг уч юз йигирма иккита ҳадиси шарифни олти юз қирқ тўрт бобда келтирганлар.

Бу масала бўйича мусулмон адиблар ҳам кўплаб асарлар битганлар. Уларнинг ичида энг машҳурларидан бири имом Мовардийнинг «Адабуд-дунё вад-дин» китобидир.

«Ахлоқ» сўзи «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради.

Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таъриф қилганлар. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша хулққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси бировларга хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ана шу «карамли хулқ» дейилади.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган. Улардан баъзилари: «Яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади. Ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар. Бошқа бир гуруҳ ахлоқ илми уламолари эса: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади. Унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.

Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса: «Инсонга ота-онасида бор баъзи ахлоқларнинг хамиртуруши онасининг қорнида ҳомила ҳолатида ётгандаёқ ўтади. Аллоҳ таоло бандани халқ қилиш чоғида унда ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб-ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Бизнинг боболаримиз яхшилик ва ахлоқнинг ҳақиқати нима эканини тўлиқ маънода Исломдан билганлар. Улар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, макоримул ахлоқлар дини бўлган Ислом дини орқали яхшилик ва ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Ўзлари бундай улуғ неъматлардан баҳраманд бўлганлари билан бир қаторда, ўзгаларга ҳам бу каби яхшиликлар етишини истаганлар. Шунинг учун боболаримиздан баъзилари яхшилик ва ахлоқ бобида ўлмас асарлар битганлар. Уларнинг бу асарлари жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган.

«Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласида ўттиз тўртинчи рақам билан келган «Яхшилик ва ахлоқ китоби» ҳозирги замонимизда ахлоқ бобида алоҳида ёзилган китоблар муқаддимаси бўлса, ажаб эмас.

Одоб ва ахлоқ ҳақидаги қисқача таърифдан сўнг асосий мақсадга ўтайлик.

Одоб масаласи тасаввуфда ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни муҳим. Беодоблик сулукнинг барчасини бузади. У амални ҳам, қалбни ҳам, зикрнинг шавқини ҳам, узлатнинг фойдасини ҳам, тилни тийишнинг асарини ҳам ва бошқа уринишларни ҳам бузади. Одобсиз одам шайхлардан бирор нарса ўрганиши мумкин эмас. Одобсиз одам бошқалар билан ҳам алоқасини яхшилай олмайди. Чунки тасаввуфнинг қоидаларидан бири: «Ҳақ ва халқ билан одоб бўлмагунча, сайри сулук бўлмас».

Шунинг учун ҳам машойихлар:

«Ким нимани ютса, фақатгина одоб билан ютади. Ким нима билан қуласа, фақатгина беодоблик билан қулайди», деганлар.

Яхши одоб аслида нафснинг камолотга етгани, унинг интизомлилиги, унинг жиловланганлиги ва хайрда эканлигининг аломатидир. Аксинча, беодоблик нафснинг ҳали покланмаганлиги, жиловланмаганлиги ва интизомли эмаслиги аломатидир.

Одоб иккига бўлинади: назарий ва амалий жиҳатга. Одоб олдин назарий жиҳатдан ўрганилади ва кейин унга амал қилинади.

Албатта, бошқа нарсалар ва илмлар қатори, одобнинг асосий манбаи ҳам Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Ана шу икки асосий манбада бу борада келган нарсаларни ўрганиш ва ўргатиш билан тасаввуф шуғулланади.

Тааммул қилиб кўрадиган бўлсак, одобнинг доираси жуда ҳам кенг. Оддий нарсаларга нисбатан бўлган одобдан бошлаб, то барча нарсаларнинг Роббига нисбатан бўладиган одобгача бор. Ўша кенг доирадаги одобларга амал қилиш аввало кишининг ўзи учун фойдалидир.

Мисол учун, чой ичадиган пиёламизни олиб кўрайлик. Ким ўз пиёласига нисбатан одобли бўлса, ўзига фойда. У одобли бўлса, ўша пиёлани авайлаб ишлатади, тоза тутади. Натижада пиёла узоқ вақт унга кўнгилдагидек хизмат қилади. Агар ўша одам пиёлага нисбатан беодоблик қилса, унинг лаби учади, кир бўлади, дарз кетади ва охири бориб синади.

Мана шу ҳолни бошқа ҳар бир катта-кичик нарсада мулоҳаза қилишимиз мумкин. Ҳамма нарса билан одобли муомала қилиш керак бўлса, бунча одобни қандай қилиб ўрганиб бўлади, деган хаёлга бормаслик керак. Бу гапни бошқалар айтишлари мумкин. Аммо биз мусулмонлар зинҳор айта олмаймиз. Чунки Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарада ҳамма нарсанинг муомаласидаги одоблар баён қилинган. Тафсир, ҳадис ва фиқҳ китобларимиз бу каби одоблар билан тўла. Ислом адабиётининг асосини ҳам одоб ташкил қилади.

Одоб билан одобнинг фарқи борлигини ҳам айтиб ўтмоғимиз лозим. Агар фиқҳда одоб ҳақида гапирилса, фарз, вожиб ёки суннат амалларни тўлдирувчи нарса ҳақида сўз юритилган бўлади.

Тариқатда зикр қилинган одобларнинг ўзи фарз, вожиб ёки суннат, ёхуд мубоҳ бўлади. Чунки тариқатнинг асосий иши банданинг Холиқ ва Унинг махлуқотлари билан бўладиган одобларини йўлга қўйишдир.

Нафснинг Аллоҳ таолога холис ибодат қиладиган камолга етиши учун ўша даргоҳга олиб борувчи йўлдан юриш лозим. У йўлда юришнинг эса ўзига яраша шартлари бор. Ушбу шартлар қанчалик мукаммал юзага чиқса, мазкур йўлда юриш шунчалар осон бўлади. Шартларда қанчалар нуқсон бўлса, мазкур йўлда юриш шунчалар қийинлашиб бораверади. Шартлар ноқис бўлса, юриш ҳам ноқис бўлади. Шартлар умуман бўлмаса, юриш ҳам бўлмайди.

Бас, шундай экан, аввало шартларни билиб олиш керак. Ҳар бир шартнинг ўз одоблари бор. Одоб бўлмаса, ҳар қандай хулқ камолига ета олмайди. Мисол учун, бир кишининг табиатида тавозеъ хулқи бор. Ўша хулқ ўзининг ташқи кўринишига – одобига эга бўлиши ҳам керак. Бу мисолни ҳар бир нарсага нисбатан ишлатиш мумкин.

Демак, одоб-ахлоқ масаласи ниҳоятда кенг ва чуқур масала. Сўфийнинг кўзга кўринган аломатларидан бири – яхши ахлоқлар ва гўзал одоблар билан зийнатланган бўлишидир. Шунинг учун ҳам тасаввуф – хулқдир. Кимнинг гўзал хулқи зиёда бўлса, тасаввуфи ҳам зиёда бўлади, дейилган.

Машҳур сўфийлардан бирларининг араб тилида ёзган «Ал-мабоҳисул аслийя» номли китобида сўфийнинг одоби ҳақида ажойиб байтлар бор:

«Тариқатнинг зоҳири ва ботини бордир,

Унинг зоҳиридан ботинлари билинадир.

Унинг зоҳири одоблар ва ахлоқлардир,

Унинг ботини ҳолларнинг манозилидир.

Зул Жалолга юришнинг мақоматларидир,

Зоҳирий одоблар кўзларга кўринадир.

Алар инсон ботинин далолатларидир,

Одоб фақир учун аъло суянчиқдир,

Бойга эса зийнат, ҳам шарафдир.

Ким одобдан маҳрум бўлса, дерлар:

Қанча яқинлашса ҳам, узоқдадирлар.

Кимни насаби тутиб турса, дерлар:

Одоби уни хўб озод қилур, дерлар.

Одоб ила пешво бўлдилар қавмлар,

Ундан керагича фойда олдилар улар.

Кичикларга насиҳат қилдилар улар,

Улуғ ва акобирларни ҳурматладилар.

Қалбга алам беришдан четда бўлдилар,

Вожиблар ва мандубларга шошилдилар.

Шайх ва ихвонларга хизмат қилдилар,

Жонлар ва баданларин бунга тикдилар.

Баҳслар вақтида жим қулоқ осдилар,

Ўтгану қолганларни ҳурмат қилдилар.

Билмаганларин шайхлардан сўрадилар,

Ўзлари етмаган нарсада тек турдилар.

Билган нарсаларига амал қилдилар,

Бошқаларни ўзларидан устин қўйдилар.

Оз-оз олиб, эҳтишом билан турдилар,

Адолат ва инсоф-ла ҳукм қилдилар.

Оқиб турган ҳар соф сувдан ичдилар,

Баъзилари баъзиларига ёрдам бердилар.

Бир-бирларидан роҳат ва омон олдилар,

Ҳақ учун унга доимо нусратда бўлдилар.

Ёмонларга яхшиликни қарз бердилар,

Бу тариқатдан мақсад ўзи адабдир,

Ҳар ҳолатда шунинг ўзи мазҳабдир».

 

Кўринадики, тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири одоб экан.

Машойихлар Исро сурасидаги:

إِنَّ ٱلسَّمۡعَ وَٱلۡبَصَرَ وَٱلۡفُؤَادَ كُلُّ أُوْلَٰٓئِكَ كَانَ عَنۡهُ مَسُۡٔولٗا٣٦

«Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар», оятидан инсондаги ҳар бир аъзонинг ўзига хос одоби борлигини истинбот қилганлар. Улар: «Аллоҳ таолога нисбатан бўлган ҳусни одоб сенинг аъзоларингдан ҳар бирининг Аллоҳ азза ва жалланинг розилигидан бошқа нарса учун ҳаракатланмаслигидир», деганлар.

Бас, тилнинг одоби – Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлиши, биродарларни яхшилик ила зикр қилиш, насиҳат ва ваъз қилиш, уларга ёқмайдиган сўзларни гапирмаслик, ғийбат, чақимчилик қилмаслик, сўкмаслик, беҳуда гапларни гапирмаслик. Агар жамоат ичида бўлса, улар керакли гапларни гапирганда, гапиради, кераксиз гапларга ўтганда, жим туради. Ҳар мақомда ҳолатга қараб гапиради. Чунки ҳар бир мақомнинг ўз мақоли (гапи) бор.

Аллоҳ таоло тилни қалбнинг таржимони, яхшилик ва ёмонликнинг калити қилиб яратган. Шундай экан, қалбинг яхши бўлишини истасанг, тилингни тий. Тилни тийиш жоҳил учун сатр, оқил учун зийнатдир.

Қулоқнинг одоби зикр, ваъз, ҳикмат ва дину дунёга фойда берадиган нарсани эшитмоқдир. Фаҳш сўзларни, ғийбат, бўҳтон, чақимчилик ва ёмон нарсаларни эшитмасликдир. Ўз суҳбатдошига эътибор ила қулоқ осишдир.

Кўзнинг одоби ҳаром нарсаларни, биродарларнинг айбини ва мункар нарсаларни кўрмасликдир. Чунки Аллоҳ таоло кўзларнинг пинҳона хиёнатини ҳам билиб туради. Ким кўзига тобе бўлса, ўлимига эргашади.

Қалбнинг одоби яхши ҳолатларнинг риоясини қилиш, Аллоҳ таолонинг неъматлари ва махлуқотларидаги ажойиботлар ҳақида тафаккур этиш, Аллоҳ таоло ва барча мусулмонлар ҳақида яхши гумонда бўлишдир. Уни гумонлардан, ҳасаддан, хиёнатдан, ёмон эътиқод ва гумондан поклашдир.

Қўлнинг одоби уни яхшилик ва эҳсон ила биродарларга чўзиш, уни Аллоҳ таолога маъсият бўладиган нарсаларга ишлатмасликдир.

Оёқнинг одоби у билан ўзига ва биродарларига фойдали бўлган жойларга бориш, фахр ва кибр ила юрмасликдир.

Умуман олганда, одоб масаласи жуда кенг бўлиб, уни тубсиз уммонга ўхшатадилар. Тасаввуфда Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара асосида ҳар бир нарсанинг ва ҳар бир шахснинг одоблари ва кимга, нимага нисбатан қандай одобда бўлиши белгиланган. Кишиларни одобли қилиб тарбиялаш йўллари кўрсатилган. Аҳли тассавуфни юксак одоб эгаси қилиб етиштириш йўлга қўйилган.

Шунингдек, тасаввуф беодобликнинг келиб чиқиш йўллари ва унинг зарарларини ҳам баён қилиб беради. Кейин эса ана шу беодобликдан қутулиш йўлларини ҳам кўрсатиб беради.

Ахлоқ – барча махлуқотлар билан ҳусни хулқда бўлишдир. Ахлоқнинг асосини ҳилм, афв ва сабр ташкил қилади. Халойиқ сенга қандай муомалада бўлишларини истасанг, сен ҳам уларга шундай муомала қилишинг ахлоқдир. Озорни тўхтатиб, эҳсонни сочиб; инсофни кўрсатиб, жафони йўқотиб; сафони топиб, дунёни ортга отиб юрмоқ ахлоқдир. Ахлоқ – шаҳват ва ғазаб қўзиганда нафсни жиловламоқдир.

Тасаввуф ахлоқ масаласини ҳам атрофлича эҳтимомга лойиқ нарса сифатида муолажа қилади. У ахлоқ нима эканини баён қилишдан тортиб, унинг асли нималиги, ахлоқнинг яхшиси нима-ю, бадхулқлик нима ва нималар бадхулқлик саналишини ҳам тушунтириб беради. Тасаввуф Қуръони Карим ва суннат асосида қайси ахлоқлар билан хулқланиш ва қайсиларидан узоқда бўлиш кераклигини ҳам кўрсатиб беради. Яхши хулқларни қандай қилиб муҳофаза қилиш ва ривожлантиришни ўргатади. Шунингдек, ёмон хулқларни баён қилиш билан бирга, улардан қутулиш йўлларини ҳам кўрсатиб беради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Самоъ;

Мадад сўраш;

Ўзаро англашув зарур.

Read 3058 times
Top