Мақолалар

Қурбон ҳайити – қалблар шодлиги байрами

Озод ва обод, фаровон ва тараққиёт сари юз тутган юртга байрамлар ярашади. Илло, ҳар бир байрамнинг ўзгача шукуҳи, файзи бўлади. Қурбон ҳайити ўзининг таровати, фазилатлари билан халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Шу боис бу байрам асрлар синовидан безавол ўтиб, миллий қадриятларимиздан бирига айланиб кетган.

Қурбон ҳайити сўнгги йилларда мамлакатимизда кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтказилмоқда. Чунончи, мана шу айём арафасида Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида қарорларини қабул қилиниб, байрамни кенг нишонлаш вазифлари белгилаб берилади.

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимиз ва ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз.

Қурбонлик қилиш Яратганнинг берган неъматларининг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатлардан покланиш ҳамда банданинг Яратувчиси амрига итоати ва тақвосини намоён этади.

Набий алайҳиссалом: “Кимки хурсандчилик билан савоб умидида қурбонлик қилса, қурбонлик у учун дўзахдан парда бўлади” (Имом Табароний ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бу улуғ байрам кунлари кўнгилларимиз равшан, кайфиятларимиз чоғ, нигоҳларимиз муқаддас Каъбага қараган. Яратганнинг фазлу карамидан умидвор ҳолда ҳайит намозини адо этганимиздан сўнг қурбонлик амалини бажаришга киришилади.

Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида бандасининг манфаати учундир. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-мискинлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир”, – деганлар.

Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намозини адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи куни аср вақтигачадир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо)га: “Бориб қурбонлигинга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур”, - дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?”, - дедилар Фотима (розияллоҳу анҳо). Шунда Сарвари коинот: “Йўқ, мусулмонларга умумий”, - деб жавоб бердилар.

Ҳайит хурсандчилик байрамидир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб қалбларига сурур бағишлаш динимиз тарғиб қилган амаллардандир.
Ҳайит куни динимизда рухсат этилган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш билан қалбга ором бериш керак.

Баъзи жойларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш ёмон анъанага айланиб қолган. Бу шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари ўтган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдан бошқа нарса эмас. Ҳайит кунидаги исрофгарчиликлар, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантиришлар мусулмонларга муносиб эмас. Унга кетадиган маблағларни ва неъматларни муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга тарқатишдан хайрлироқ иш бўлмаса керак!

Ҳайит байрами кунида қариндош-уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар ҳам ҳудди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучоқ очсалар, ўзаро узр сўрасалар мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 Одилжон Нарзуллаев

 

Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди имом хатиби

Read 998 times

Мақолалар

Top