Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

  Азиз намозхонлар! Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига ато этган неъматлари беҳисоб, уларнинг саноғига етиш қийин. Аммо Парвардигорнинг бир неъмати борки, унинг нақадар муҳимлигини ҳар бир мусулмон жуда яхши билади. Бу неъмат инсонларнинг ҳаёт кечириш ва ибодат қилиш вақтларини аниқ белгилашга хизмат қилувчи йил ва ой ҳисобининг жорий этганидир. Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

وَجَعَلْنَا اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ آَيَتَيْنِ فَمَحَوْنَا آَيَةَ اللَّيْلِ وَجَعَلْنَا آَيَةَ النَّهَارِ مُبْصِرَةً لِتَبْتَغُوا فَضْلًا مِنْ رَبِّكُمْ وَلِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ وَكُلَّ شَيْءٍ فَصَّلْنَاهُ تَفْصِيلًا

яъни: “Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз” (Исро сураси, 12-оят).

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи шаввол ойидир. Куни кеча муборак Рамазон ойи билан хайрлашиб, мана шаввол ойини ҳам бошлаб юбордик. Бу ой динимиздаги фазилатли ойлардан бири бўлиб ҳисобланади. Шаввол ойи ҳаж ибодатига тайёрганлик қилиш мавсуми саналади.  

Бу ойда соғлиғи ва имкони бўлган киши нафл рўзасини тутса, кўплаб ажру мукофотларни берилиши ваъда қилинган.

عَنْ النَّبِي صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَمْ قَالَ مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثم أتْبَعَهُ سِتّاً من شَوَّالٍ كَانَ كَصِيامِ الدَّهْر   (رواه احمد

Абу Аюб Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рамазон рўзасини тутса, сўнгра (рамазон ҳайитидан кейин) орқасидан шаввол ойида олти кун рўза тутса, бир йил рўза тутгандек бўлади”,- дедилар.

Юқоридаги ҳадисни шарҳи сифатида Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар;

فى حديث جابر وعن ثوبان عن رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم قال ( مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَسِتَّةَ أَيامٍ بَعْدَ الْفِطْرِ كَانَ تَمَامَ السَّنَةِ مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أمثالها ) ( رواه ابن ماجه  

Жобир Савбон розияллоҳу анҳудан, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади;  У зот марҳамат қилдилар: “Ким рамазон рўзасини тутса ва рўза туггандан (рўза ҳайитидан) кейин яна олти кун рўза тутса тўлиқ бир йил бўлади. Ким бир яхшилик қилса, ўн баробар яхшилик бор”, дедилар (Ибни Можжа ривояти).

Юқоридаги ҳадисда ўн баробар яхшилик, деб айтилди. Рамазон рўзасининг ҳар бир кунига ўнта яхшилик бўлса, 10 ой бўлади ва шаввол ойида олти кун рўзани ҳар бир кунига ўнта яхшилик бўлса ҳаммаси бўлиб 12 ой, яъни бир йил  бўлади. Шунда рўзадор бир йил рўза тутган савобини олади.

Раддул мухтор китобида; Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани орасини ажратиб тутиш мустаҳаб, мухтор қавилга кўра, олти кун рўзани кетма-кет тутишлик макруҳ бўлмайди.  

Фитр (Рамазон ҳайити) куни (оғиз очмасдан рўза тутиб)  ҳамда кейинги кунларга  улаб кетма- кет беш кун рўза тутса  макруҳ бўлади.  (Бирор киши) Рамазон хайити куни рўза бўлса ва  рўзасини бузса (очса) макруҳ бўлмайди, балки мустаҳаб ва суннат бўлади.

Узрли сабабга кўра Рамазон рўзасини тута олмай  қазо бўлган бўлса шаввол ойи ичида олти кун рўза тутиб, сўнгра қазо рўзасини тутиб берса ҳам бўлади. 

Уламолар узрли сабаб кўра рўза тута олмаганларга шаввол ойидан бошқа ойларда ҳам рўза тутиш жоиз эканлигига Қуръони каримдаги қуйидаги оятни далил қилиб келтирадилар:

... فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ...  (سورة البقرة - 184

яъни “... саноғи бошқа кунлардадир ...” (Бақара, 184).

 Ояти каримада Рамазон рўзаси қазосини тутиб бериш айни Шаввол ойи кунларида эмас, балки  бошқа ойларнинг кунлари ичида қазосини тутиб бериш мумкин эканлигига далолат қилади.

Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳо онамизнинг айтган сўзлари ҳам Шаввол ойида олти кун рўзани тутиб, сўнгра Рамазон рўзасини қазосини тутиб беришлик жоиз эканлигига далолат қилади.

كَانَ يَكُونُ عَلَىَّ الصَّوْمُ مِنْ رَمَضَانَ فَمَا أَسْتَطِيعُ أَنْ أَقْضِيَهُ إِلاَّ فِى شَعْبَانَ الشُّغُلُ مِنْ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم أَوْ بِرَسُولِ اللَّهِ ، صلى الله عليه وسلم ،  (متفق عليه

яъни: Рамазон ойида (узрли сабабли рўза тутолмаганлигим учун)  мени зиммамда рўза тутишлик фарз бўлар эди. Расулуллоҳни хизматларида доим бўлганлигим учун Рўзани қазосини Шаъбон ойида тутишга қодир бўлардим, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Азиз намозхонлар! Шаввол ойи яна ислом тарихида  пайғамбарликнинг ўнинчи йилида тоифликларни Исломга чорлаш учун бориб катта машаққат ва имтиҳонларга учраган ой сифатида ҳам маълумдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Тоиф сафарлари айнан шаввол ойида бўлган эди. Тоиф ҳозирги Саудия Арабистонидаги бир шаҳар бўлиб, у Маккадан 60 мил (115 км.) узоқликда жойлашган.

Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айни шу Шаввол ойида асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳликларида ўзлари гўдакликларида эмизиш, кўксиларини ёриб тозалаш воқеаларини ва шундан кейинги бир муддатни ўтказган Бани Саъд қабиласи ерлари орқали Тоиф томонга шояд тоифликлар Ислом нуридан баҳраманд бўлсалар, деган умидда уларнинг ҳузурларига борган эдилар.

Тоифликлар Расулуллоҳнинг сўзларини олмадилар, билакс ғайриинсоний муомалада бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп жисмоний азиятлар беришди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонга, қалблари эса дарду аламга тўлди. Аммо бағрикенг, комил хулқ эгаси бўлмиш Пайғамбар алайҳиссалом шунда ҳам тоифликларни дуоибад қилмадилар, имконлари бўлиб кейин ҳам ўч олиб ўтирмадилар. Аксинча, тиллари Аллоҳ таолога илтижога-дуога тўлди: «Эй Аллоҳим! Ўзингга қувватим заифлигидан, чорам озлигидан, одамлар олдида ожизлигимдан шикоят қилурман! Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси, Сен заифҳолларнинг Парвардигорисан! Сен Парвардигоримсан! Мени кимларга топшириб қўйдинг?! Мени ёқтирмайдиган нотанишларгами?! Ёки ишимни душманга топширдингми?! Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, буларга эътибор бермайман! Фақат Сенинг офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган ҳамда дунё ва охират ишини салоҳиятли қилган юзинг нури ила, менга ғазабинг нозил бўлишидан ва қаҳринг тушишидан паноҳ тилайман. Токи рози бўлгунингча узримни айтаман. Фақат Аллоҳдагина имкон ва қувват бордир».

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу дуоларини дарҳол қабул қилди. Шу вақтдан бошлаб  ишлар  аста-секин юриша бошлади. Шунда Аллоҳ таоло у зотнинг ҳузурларига тоғ фариштасини юборди. У келиб, икки тоғни бир-бирига уриб Тоиф аҳлини ҳалок қилиб юборишга Расулуллоҳдан изн сўради.

Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бу ишга рози бўлмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ фариштасига: “Уларнинг пушти камаридан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган одамлар чиқишини умид қиламан”, дедилар. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундай ҳолда кўрган Утба ибн Рабиъа ва Шайба ибн Рабиъаларнинг раҳмлари келди. Ўзларининг Аддос исмли насроний қулларини чақириб: Узилган узумдан олиб, товоққа солгин-да мусофирга олиб бориб, бер”, дейишди. Аддос узумни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қўйди ва “Енг!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бисмиллаҳ” дедилар-да қўлларини узатиб, узумдан олиб едилар. Шунда Аддос ажабланиб: “Аллоҳга қасамки, ушбу диёр аҳли бу гапни айтмайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан “Сен қайси юртдансан, қайси диндансан?” деб сўрадилар. “Насронийман, Найнаво деган юртданман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ киши Юнус ибн Маттонинг қишлоғиданмисан?” дедилар. “Юнус ибн Матто ким бўлди?” деди Аддос. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У биродарим, набийлардан эди, мен ҳам Набийман”, дедилар. Шунда Аддос ўзини у зотга отиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошлари, оёқ-қўлларидан ўпа бошлади ва имонга келди.

Муборак Рамазон ойидан кейинги Шаввол ойининг фазилати ва сабабидан имон ва эътиқод ила олти кун нафл рўзасини тутиб, савобли ишларимизни янада кўпайтирайлик. Аллоҳ таоло қилган тоат ва ибодатларимизни, савобли амалларимизни ва тутган нафл рўзаларимизни қабул айласин. Барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин, омин!

Read 7962 times
Download attachments:
Top