Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ВАҚФ – БУЮК ИСЛОМИЙ ҚАДРИЯТ

Муҳтарам азизлар! Бугунги жума мавъизамизда Ислом динидаги энг савобли ва айни пайтда мўмин-мусулмонларнинг манфаати учун жуда муҳим бўлган хайрия амали ҳақида суҳбатлашамиз. Бу хайрия амалини “вақф” дейилади. Вақф Ислом шариатида кенг тарғиб этилган, манфаати давомли, савоби узлуксиз бўлган иқтисодий хайрия ишидир. Қадимдан мўмин-мусулмонлар вақфнинг манфаати ва савобидан умидвор бўлиб, бунга катта эҳтимом қаратиб келганлар. Хусусан, саҳобалар даврида вақф хайрия ишларига ҳисса қўшмаган кишилар деярли бўлмаган. Саҳобалардан Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

قَالَ زَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ رضي الله عنه: لَمْ نَرَ خَيْراً لِلْمَيِّتِ وَلَا لِلْحَيِّ مِنْ هَذِهِ الْحُبُسِ الْمَوْقُوفَةِ أَمَّا الْمَيِّتُ فَيَجْرِي أَجْرُهَا عَلَيْهِ وَأَمَّا الْحَيُّ فَتُحْتَبَسُ عَلَيْهِ وَلَا تُوْهَبُ وَلَا تُوْرَثُ وَلَا يَقْدِرُ عَلَى اسْتِهْلَاكِهَا

яъни: “Маййит учун ҳам, тирик учун ҳам ушбу вақф қилинган мулклардан кўра фойдалироқ нарсани кўрмаганмиз. Маййит учун унинг савоби оқиб бориб туради, тирик учун эса, мулки сақланиб қолади, у на ҳадя қилиб юборилади, на меросга қолдирилади ва на йўқолиб кетади”. Жобир разияллоҳу анҳу эса:

قَالَ جَابِرٌ رضي الله عنه: لَمْ يَكُنْ أَحَدٌ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ذُو مَقْدَرَةٍ إِلَّا وَقَفَ

яъни: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан қодир бўлганлари борки, албатта вақф қилган”, – деганлар. Демак, мусулмонлар орасида хоҳ бой бўлсин, хоҳ ўртаҳол бўлсин, ҳар ким ўз ҳолига яраша бирор нарсани вақф қилиши яхши одатга айланган. Кимдир масжид, мадраса, шифохона каби кўчмас мулкларни, кимлардир илмий китобларни ва яна кимлардир уй-рўзғор анжомларини мўмин-мусулмонларга вақф қилиб қолдирганлар. Албатта, уларнинг бу каби хайрия ишларини амалга оширишларида Аллоҳ таолонинг Каломидаги қуйидаги ояти каримаси уларга катта умид бахш этган:

  فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ

яъни: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар” (Залзала сураси, 7-оят).

Муҳтарам жамоат! “Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Шаръий таърифи эса: “Муайян нарсанинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани садақа қилишдир”.

Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, меросга қўшиб тақсимланмайди. Масалан ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона, кутубхона, мевали боғлар ва бошқалар мусулмонлар текин фойдаланишлари учун вақф қилиниши мумкин.

Вақф – шариатимизга кўра мустаҳаб бўлган ибодат эканига уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Бунга далил сифатида кўплаб оят ва саҳиҳ ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай дейилади:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

(سورة البقرة الاية-261)

яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه أَصَابَ أَرْضًا بِخَيْبَرَ، فَأَتَى النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَسْتَأْمِرُهُ فِيْهَا، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي أَصَبْتُ أَرْضًا بِخَيْبَرَ لَمْ أُصِبْ مَالًا قَطُّ أَنْفَسَ عِنْدِي مِنْهُ، فَمَا تَاْمُرُ بِهِ قَالَ: إِنْ شِئْتَ حَبِسْتَ أَصْلَهَا وَتَصَدَّقْتَ بِهَا قَالَ: فَتَصَدَّقَ بِهَا عُمَرُ أَنَّهُ لَا يُبَاعُ وَلَا يُوْهَبُ وَلَا يُوْرَثُ، وَتَصَدَّقَ بِهَا فِيْ الْفُقَرَاءِ وَفِي الْقُرْبَى وَفِي الْرِقَابِ وَفِي سَبِيْلِ اللهِ وَابْنِ السَّبِيْلِ وَالضَّيْفِ...

(أخرجه الامام البخاري)

яъни: “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу хайбардаги улушлари ҳисобидан ерга эга бўлдилар. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига маслаҳатга бориб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Хайбардан бир ер тегди, мен ҳеч қачон бунчалик яхши молга эга бўлган эмасман. Буни нима қилишимга буюрасиз?” дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар истасангиз, аслини сақлаб қолиб, фойдасини садақа қилинг”, дедилар. Шундан сўнг Умар уни сотилмайдиган, ҳадя қилинмайдиган, мерос қолдирилмайдиган қилиб, фақирларга, қариндошларига, қулларни озод қилишга, Аллоҳ йўлидагиларга, мусофирларга, меҳмонларга садақа қилдилар (Имом Бухорий  ривояти).

Уламолар қуйидаги ҳадисни айнан вақф ишига далил деб айтганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ اِنْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ،

صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ

(رواه الامام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амалидан савоб келиб туради: садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларнинг кўпчиликлари ушбу ҳадиси шарифдаги “садақаи жория”дан жумласини “вақф” дея изоҳлашган. Чунки вақф қилинган мулкнинг ажри доимий равишда вақф қилган инсонга бориб туради.

Вақфни жорий этилишидан кўзланган мақсад иккита:

1) Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш. Яъни, савоб умидида хайрия қилиб, охиратга савоб жамғариш;

2) Жамиятдаги муҳтож кишиларнинг оғирини енгил қилиб, уларга ёрдам беришни йўлга қўйиш.

Вақфнинг тўртта рукни бўлиб, улар:

1) Вақф қилувчи шахс (воқиф);

2) вақф қилиш лафзи (сийға);

3) вақф қилинаётган мол (мавқуф);

4) вақф моли тасарруф этиладиган жиҳат (мавқуф алайҳи).

Ўз навбатида ушбу ҳар бир рукннинг дуруст бўлишида шартлари бор:

1) Вақф қилувчи шахс ҳур, болиғ, оқил, мулкка эга бўлган ва вақф қилишга мажбурланмаган бўлиши шарт.

2) Вақф қилишда вақфга очиқдан очиқ далолат қилувчи лафзлар ишлатилиши шарт. Масалан, “вақф қилдим”, “Аллоҳ йўлига садақа қилдим” каби. Ёки вақф қилишга далолат қилувчи киноя сўз айтиш ёки ишора қилиш ва вақфни ният қилиш шарт.

3) Вақф қилинаётган нарса

  • қийматга эга бўлган,
  • фойдаланиш мумкин бўлган (ҳаром бўлмаган) нарса бўлиши,
  • вақф қилиш вақтида вақф қилувчининг мулкида бўлиши,
  • вақф қилиш вақтида маълум бўлиши (ноаниқ бўлмаслиги) шарт.

Вақф қилинаётган мол нақд пул бўлиши ҳам, қўчмас мулк бўлиши ҳам, илмий китоблар, уй-рўзғор анжомлари ва ҳоказо бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, фойдаланиш билан тугаб қоладиган (масалан, таомга ўхшаш) нарсани вақф қилиб бўлмайди.

4) Вақфни тасарруф этиладиган жиҳат шариатда ҳаром қилинган (таъқиқланган) жиҳат бўлмаслиги шарт. (Масалан, тинчликни бузишга, уруш оловини ёқишга ўхшаш).

Вақф қилувчи вақфдан келадиган фойданинг ҳаммасини ёки баъзисини ўзига вақф қилиши мумкин. Бунда вафот этгандан кейин фойдаси фуқароларга бўлиши шарти билан. Бу Абу Юсуфнинг сўзлари бўлиб, “Фатавои Қозихон”да “бунда одамларни вақф қилишга тарғиб бордир” дейилган.

Муҳтарам жамоат! Вақф ишлари қадимдан юртимизда жорий бўлиб келган. Аҳолининг ўзига тўқ қатлами ихтиёрий равишда турли мулк (ер, дўкон ва бошқа даромад манба)ларини асосан мадрасаларнинг устоз ва талабаларига, масжидларнинг таъминотига, фақир ва мискин инсонларнинг эҳтиёжи учун вақф қилганлар. Ҳозирги кунда “вақф” тушунчасини тўғри англашимиз ва уни ҳаётимизга қайта жорий этишимиз жамиятимиз учун жуда кўплаб манфаатлар келтиради.

 Шўролар даврида тўхтаб қолган вақф,  Яратганга шукрки, шу кунларга келиб, қайта тикланди. Алҳамдулиллоҳ, жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди ва шу Фармон асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил қилишдан мақсад, аввало, ислом динидаги улуғ қадриятлардан бирини қайта тиклаш билан бирга, халқимиз орасида меҳр-мурувват ришталарини янада мустаҳкамлашга сабаб бўладиган хайрия ишларини йўлга қўйишдир. Шунинг учун қуйидагилар “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
  • диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  • масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
  • тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан фуқароларнинг эҳсонлари хисобидан бир қанча хайрия тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан,

  • “Масжид ва мадрасалар учун китоб” лойиҳаси доирасида чекка ҳудудлардаги масжидларга диний китоблар тўплами етказилмоқда,
  • “Илмга эътибор – келажакка эътибор” лойиҳаси доирасида 145 нафар олий таълим муассасалари талабаларига 1,28 миллиард (бир миллиард икки юз саксон миллион) сўмдан зиёд ҳажмидаги контракт пуллари тўлаб берилди,
  • “Илм йўлида кўмак берамиз” лойиҳаси доирасида 54 нафар диний таълим муассасалари талабаларига 161 миллион (бир юз отмиш бир миллион) сўм ҳажмидаги контракт пуллари тўлаб берилди,
  • “Малҳам” лойиҳасида тиббий ёрдамга муҳтож кам таъминланган фуқароларга,
  • “Никоҳ тўйлари”, “Эҳтиёжмандларга кўмак” лойиҳаларида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бугунги кунга қадар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жами 3,5 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Ҳозирда “Масжидлар ва мадрасалар биноларини таъмирлаш ва қайта қуриш”, “Обод хонадон” ва чекка қишлоқларда аҳолини ичимлик суви билан таъминланишига қаратилган “Оби ҳаёт” лойиҳаларини бошлаш режалаштирилмоқда.

Шу нарсани яхши англашимиз лозимки, вақф қилинган мол-мулкни мақсадли тасарруф этиш учун нозир таъйин этилади. Нозирнинг вазифаси вақф қилинган нарсани  мақсадли тасарруф этилишлигини назорат қилиб боради. “Вақф” хайрия жамоат фонди айнан вақф ишлари бўйича нозир мақомида ҳисобланади. Яъни, фуқаролар томонидан вақф учун тайин қилинган мол-мулк “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан рўйхатга олиниб, қайси йўналишга вақф қилинган бўлса, ўша йўналишга сарф этилишини назорат қилиб боради.

 “Вақф” хайрия жамоат фондига фуқаролардан келиб тушадиган закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланади ва мустаҳиқ ўринларга сарфланади.

Бугунги кунга қадар “Вақф” хайрия жамоат фонди Республикамиздаги 300 дан ортиқ масжид ва зиёратгоҳлар мажмуасига тижорат банклари билан ҳамкорликда инфокиосклар ўрнатган бўлиб, эндиликда юртимиз мўмин-мусулмонлари хайрия, вақф, закот, ушр, фитр ва фидя тўловларини қулай тарзда амалга оширишлари мумкин.

Бунинг учун инфокиоск орқали керакли тиллардан бирини танлаб, тўлов хизматлари тугмаси босилади. Ҳамда “Хайрия”, “Закот, фидя, фитр, ушр” ва “Вақф” хизматларидан керакли бўлимни танлаб банк картаси ёки нақд пул орқали керакли суммани ўтказиш мумкин бўлади. Бу билан нафақат хайрия тўловларини амалга ошириш, балки уни Фонд томонидан қайси ўринга йўналтирилаётганини назорат қилиши ҳам мумкин бўлади. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ  деган, яъни, “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Бақара сураси, 147-оят). Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобларни йиғишда мусобақалашайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган хайрли ишларга муваффақ айласин! Омин!      

Read 4839 times
Download attachments:
Top