Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Азиз намозхонлар!  Аслида баднафслик – бахиллик дегани. Чунки баднафс инсон ҳамма учун яратилган нозу неъматларни фақат ўзимга бўлсин, дейди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бахиллик ва баднафсликдан қайтариб шундай дейди:

وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا إِنَّ رَبَّكَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ وَيَقْدِرُ إِنَّهُ كَانَ بِعِبَادِهِ خَبِيرًا بَصِيرًا

яъни:(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз. Шубҳасиз, Раббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир”. (Исро сураси, 29-30 оятлар)

         Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

وَعَنْ جَابِرٍ  أَنَّ رَسُولَ اللهِ   قَالَ: «اتَّقُوا الظُّلْمَ فَإِنَّ الظُّلْمَ ظُلُمَاتٌ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَاتَّقُوا الشُّحَّ فَإِنَّ الشُّحَّ أَهْلَكَ مـَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَاءَهُمْ وَاسْتَحَلُّوا مَحَارِمَهُمْ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бировга зулм қилишдан сақланинглар. Чунки зулм Қиёмат кунида зулумат бўлади. Ва яна хасислик ва баднафсликдан сақланинглар. Чунки баднафслик сизлардан аввалги умматларни ҳалок қилди ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар.

Келинг, мана шундай одамлар тоифасига кирмаслик учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган саҳоблар ҳаётига назар ташлайлик. Ватандошимиз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ : أَنَّ رَجُلًا أَتَى النَّبِيَّ ، فَبَعَثَ إِلَى نِسَائِهِ فَقُلْنَ: مَا مَعَنَا إِلَّا الْمَاءُ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ : «مَنْ يَضُمُّ أَوْ يُضِيفُ هَذَا؟» فَقَالَ رَجُلٌ مِنَ الْأَنْصَارِ: أَنَا. فَانْطَلَقَ بِهِ إِلَى امْرَأَتِهِ، فَقَالَ: أَكْرِمِي ضَيْفَ رَسُولِ اللهِ. فَقَالَتْ: مَا عِنْدَنَا إِلَّا قُوتُ صِبْيَانِي. فَقَالَ: هَيِّئِي طَعَامَكِ، وَأَصْبِحِي سِرَاجَكِ، وَنَوِّمِي صِبْيَانَكِ إِذَا أَرَادُوا عَشَاءً. فَهَيَّأَتْ طَعَامَهَا، وَأَصْبَحَتْ سِرَاجَهَا، وَنَوَّمَتْ صِبْيَانَهَا، ثُمَّ قَامَتْ كَأَنَّهَا تُصْلِحُ سِرَاجَهَا فَأَطْفَأَتْهُ، فَجَعَلَا يُرِيَانِهِ أَنَّهُمَا يَأْكُلَانِ، فَبَاتَا طَاوِيَيْنِ، فَلَمَّا أَصْبَحَ، غَدَا إِلَى رَسُولِ اللهِ  فَقَالَ: «ضَحِكَ اللهُ اللَّيْلَةَ - أَوْ عَجِبَ - مِنْ فَعَالِكُمَا». فَأَنْزَلَ اللهُ: وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمْ الْمُفْلِحُونَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келган эди, у зот аёлларига одам жўнатдилар. Аёллари: «Бизда сувдан бошқа нарса йўқ», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким буни ўзи билан олиб кетади ёки меҳмон қилади?» дедилар. Шунда ансорлардан бири: «Мен», деди ва уни аёлининг олдига олиб борди-да: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонларига икром кўрсат», деди. У: «Гўдакларимнинг овқатидан бошқа нарсамиз йўқ», деди. У киши: «Таомингни тайёрла, чироғингни ёқ. Гўдакларинг кечки овқат истаб қолишса, уларни ухлатиб қўй», деди. У таомини тайёрлади, чироғини ёқди ва гўдакларини ухлатди. Кейин чироғини тўғрилаётгандек бўлиб туриб, уни ўчириб қўйди. Иккови ўзларини меҳмонга еяётгандек кўрсатишди ва тунни оч ҳолда ўтказишди. Тонг отгач, хонадон соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бу кеча икковингиз қилган ишдан рози бўлди», дедилар. Шунда Аллоҳ: «Ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар зафар топувчилардир» ( Хашр сураси, 9 ояти)ни нозил қилди».

Бахиллик фақат пул бериш, таомлантириш каби улуғ фазилатлардан ўзини тийишга чекланиб қолмайди. Ўзидаги ҳунарни ёки касбни шогирдларига ўргатмаслик ҳам бахилликка киради.

Мана азизлар ҳақиқий мусулмон мана шундай бўлиши керак. Худбинлик ва фақат ўзини ўйлаш мусулмон кишининг хулқига кирмайди. Мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: Ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам улашади. Ҳақиқий мусулмон қандай бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли ташбиҳ орқали баён қилиб берганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

عن النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ، يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «تَرَى الْمُؤْمِنِينَ فِي تَرَاحُمِهِمْ وَتَوَادِّهِمْ وَتَعَاطُفِهِمْ كَمَثَلِ الْجَسَدِ إِذَا اشْتَكَى عُضْوًا تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ جَسَدِهِ بِالسَّهَرِ وَالْحُمَّى

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мўминларнинг ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек эканини кўрасан. Бирор аъзо хасталанса, тананинг қолган жойлари бедорлик ва иситмалаш билан унга ҳамдард бўлади».

Бахиллик мол-мулкка талафот етказади.Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلاَّ ملَكَانِ يَنْزِلاَنِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: «Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин» дейди, иккинчиси: «Аллоҳим! Мумсикка(баднафс, бахилга) талафот бергин», дейди».

Баднафслик иллатидан қутилганлар Пайғамбаримизнинг чин умматидан бўлиб ҳисобланади. Мадинада Ашъарийлар қабиласи бор эди. Уларнинг бошқа қабиладан ажралиб турадиган бир фазилати бўлиб, айнан мана шу фазилат туфайли, Пайғамбаримиз уларни ўзларига яқин санаган эдилар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

وَعَنْ أَبِي مُوسَى قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنَّ الأَشْعَرِيِّيْنَ إِذَا أَرْمَلُوا فِي الْغَزْوِ، أَو قَلَّ طَعَامُ عِيَالِهِمْ بِالمَدِينَةِ، جَمَعُوا مَا كَانَ عِنْدَهُمْ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ، ثُمَّ اقتَسَمُوهُ بَيْنَهُمْ فِي إِنَاءٍ وَاحِدٍ بِالسَّويَّةِ فَهُمْ مِنِّي وَأَنَا مِنْهُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашъарийлар ғазотда озиқ-овқат танқислигига учрашса ёки Мадинада оилаларининг егулиги озайиб қолса, ўзларидаги бор нарсаларини бир матога тўплаб, кейин уни ўрталарида бир идишда баб-баробар тақсимлашади. Шундай экан, улар мендан ва мен уларданман», дедилар.

Бадафслик иллатидан қутилиш учун бизларга энг гўзал намуна бу суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зот ҳеч кимга: «Йўқ», деган сўзни ишлатмаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли жойлардан совға ва ҳадялар келар эди. Ўша ҳадяларни муҳтож ва ҳақдорларга тарқатиб чиқмагунча ухламас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёққан нарсани биров менга беринг, деб сўраб келганда, ўзлари учун энг севимли бўлган ўша нарсани сўраб келган одамга берар эдилар.

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло бундай разил иллатдан ўзини сақлаган кишилар нажот топишини хабар бериб шундай деган:

وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

яъни: «Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар» (Ҳашр 9).

Руҳий тарбия олимлари тавсия қилган баъзи нарсаларни зикр этиб ўтамиз:

  1. Баднафслик ва бахилликнинг давоси кўпроқ садақа ва эҳсон қилиш.
  2. Қўлидаги мол-мулк аслида Аллоҳники эканини ва Аллоҳ унга муҳтожларга берадими ёки йўқми, шуни синаш учун бериб қўйганини ҳис қилиш.
  3. Муҳтожни кўрганда, Аллоҳ мени шунинг ўрнига қилиб қўйиши мумкин эди-ку, деб муҳтожларга хайр эҳсон қилиши.
  4. «Аслида еганинг эмас, берганинг сеники бўлади. Чунки қиёмат кунида Аллоҳ садақа қилинган молнинг ажрини зиёда қилиб қайтаради. Бермай ўзи еган мол-мулкни эса ҳисоб китобини қилади», деган ақидани ўзида сингдириш.
  5. «Мол-мулк Аллоҳ йўлида сарфланган сари зиёдалашади», деган ҳадисни доим ёдда тутиб юриш.
  6. Аллоҳ ҳаргиз бандасидан қарздор бўлиб қолмайди. Аллоҳ учун берилган мол-мулкни Аллоҳ ўзи албатта зиёдаси билан қайтаришига ишониш.

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, деҳқону боғбонлар йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Дарҳақиқат, бозорлардаги тўкин сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар – оятда таъкидланганидек – Парвардигоримизнинг изни билан чиқмоқда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ диёрдир.

Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оятлардир:

وَنَزَّلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً مُبَارَكًا فَأَنْبَتْنَا بِهِ جَنَّاتٍ وَحَبَّ الْحَصِيدِ  وَالنَّخْلَ بَاسِقَاتٍ لَهَا طَلْعٌ نَضِيدٌ  رِزْقًا لِلْعِبَادِ وَأَحْيَيْنَا بِهِ بَلْدَةً مَيْتًا كَذَلِكَ الْخُرُوجُ  (سورة ق/11-9

яъни: “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур”.

فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ  أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا  ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا  فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا  وَعِنَبًا وَقَضْبًا  وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا  وَحَدَائِقَ غُلْبًا  وَفَاكِهَةً وَأَبًّا  مَتَاعًا لَكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ (سورة عبس/24-32

яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)”.

Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир.

Ҳозир ватанимизнинг қайси бир ҳудудига борманг Аллоҳнинг марҳамати ва деҳқон меҳнати, қалб қўри билан етиштирилган пахта, дон, сабзавот, полиз ва боғлардаги мўл-кўл ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олинаётганига гувоҳ бўламиз. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш, халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини кўплаб етказиш, уларни қишки мавсумга захира этишда кўп куч ва ғайрат сарфламоқдалар. Катта меҳнат эвазига етиштирилган барча турдаги ҳосилни авайлаб сақлаш ва уни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бу йил об-ҳаво ноқулайликларига қарамай, пахтазорларимизда мўл ҳосил етиштирилди. Фурсатни ғанимат билиб, даладаги ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олишга ҳисса қўшиш барчанинг бурчидир.

Пахта бизнинг миллий бойлигимиз. Етиштирилган пахтамиз туфайли юзлаб текстил, ёғ заводларимиз ва бошқа пахтадан олинадиган хомашёлар асосида фаолият юритадиган корхоналаримиз ишлайди. Демак, пахта ушбу корхоналарда ишлайдиганларга ҳам ризқ ҳисобланади. Бундан ташқари пахтани жаҳон бозорида сотишдан олинадиган фойда ҳисобига бюджетимиз бутун бўлади. Болаларимиз учун мактаб, коллеж ва олийгоҳлар ишлайди. Бюджет ташкилотлари ходимлари ойлик олади. Шунинг учун пахтани барчамиз жамул жам бўлиб териб олишимиз лозим.

Аллоҳ таоло пахта далаларида, боғ ва полизларда кечаю кундуз ҳормай-толмай фидокорона меҳнат қилаётган барча меҳнаткаш бобо деҳқонларимизни етиштирган ҳосилларига баракотлар ато этсин, Парвардигор пахтани нес-нобуд қилмасдан териб олишда халқимизга куч-қувват ато айласин  ва уларни сиҳҳат саломатликда бардавом айлаб, энг эзгу ниятлари бўлган Ўзининг розилигига ва ажру-мукофотига эришишларида мададкор бўлсин. 

Read 6873 times
Download attachments:
Top