Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ҲАЖ ВА УМРА  МУБОРАК ИБОДАТ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي فَرَضَ عَلىَ عِبَادِهِ حَجَّ بَيْتِهِ الْحَرَامِ ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا سَيِّدِ الأَنَامِ ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ أَمَا بَعْــدُ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, ҳаж амали – Ислом динимизнинг беш асосий фарзларидан биридир. Ҳаж – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, қодир бўлган мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир.

Луғатда “ҳаж” – “ҳурматли нарсанинг зиёратини қасд қилиш”дир.

Шариатимизда “ҳаж” – “белгиланган жойларда, муайян вақтларда махсус амалларни бажариш”дир (“Нурул изоҳ”).

Ҳаж ҳижрий сананинг тўққизинчи йилида фарз бўлди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий йилда ҳаж қилдилар.

Ҳажнинг фарзлиги Қуръони карим, суннати шариф ва ижмоъ билан собит бўлган. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, соғлом, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Йўллар очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади.  Аёл кишига эса – юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши лозим. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида  шундай дейилган:

فِيهِ آَيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آَمِنًا وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ 

яъни: “Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ҳажнинг фарзлигини билдирадиган бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, “Ислом беш нарса устига бино қилинган...” (Муттафақун алайҳ), ҳадисида ҳажнинг фарзлиги очиқ баён қилинган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрадилар:

حُجُّوا فإِنَّ الحَجَّ يَغْسِلُ الذُّنُوبَ كما يَغْسِلُ المَاءُ الدَّرَنَ

(رَوَاهُ الإمَامُ الطَّبَرانِي عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ جَرَادٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж худди сув кирни ювгани каби гуноҳларни ювади”(Имом Табароний ривояти).

Ҳажга алоқадор бошқа оятлар ҳам бор:

وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ فَإِنْ أُحْصِرْتُمْ فَمَا اسْتَيْسَرَ مِنَ الْهَدْيِ

яъни:Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг! Агар (касаллик ёки қароқчилар туфайли) қуршовда қолсангиз, қурбингиз етган бирор (бўталоқ, сигир, қўй каби) жонлиқ сўйинг(Бақара сураси, 196-оят).

Қуйидаги ояти каримада ҳажда киши ўзини қандай тутиши, қандай тайёргарлик кўриши кераклиги зикр қилинган:

الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ 

яъни:Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!(Бақара сураси, 197-оят). Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи кимса тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, ҳажнинг саноқли кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим.

Ҳаж – қадимий буюк бир ибодатдир. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чорлашни буюрди. Бу чақириққа “лаббай” деганлар улуғ ибодатни амалга оширадилар ва кўпдан-кўп манфаатлар кўрадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَأَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَعْلُومَاتٍ عَلَى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ 

яъни:Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 26-27-оятлар).

Ҳажнинг ва умранинг ўзига хос машаққати ва сарф-харажатлари бор, уларнинг мукофоти ҳам шунга яраша улуғдир. Бу ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

العُمْرَةُ إِلَى العُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَينَهُمَا ، وَالحَجُّ المَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الجَنَّةَ

متفقٌ عَلَيْهِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه 

яъни: “Бир умра билан (кейинги) умра – орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти – фақат  жаннатдир” (Муттафақун алайҳ).

Умра Ҳанафий мазҳабимизда суннати муаккада ҳисобланади (“Нурул изоҳ”). Уни йилнинг барча вақтида адо қилиш мумкин. Фақат Арафа куни ва ундан кейинги тўрт кунда умра қилиб бўлмайди. Бу ҳадис қайта-қайта умра қилишнинг мустаҳаб эканига далилдир. Демак, ихлос билан қилинган умрадан кейин яна бир умра қилинса, бу иккиси орада қилинган гуноҳларга каффорат бўлади. Ҳадиси шарифда мукофоти фақат жаннат бўладиган мабрур ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Мабрур ҳаж холис ният билан, ҳалол топилган мол эвазига қилинади. “Ҳажжи мабрур”га эришмоқчи бўлган киши ҳажга кетишдан аввал Аллоҳ таоло олдидаги ва бандалардан олган қарзларини адо қилиши, ҳаж давомида эса унинг шарт-шароитлари ва одобларига қатъий риоя қилиши керак.

Шунингдек ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юриш ҳам “ҳажжи мабрур”нинг шартларидан ҳисобланади. “Ҳажжи мабрур” қилган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

مَنْ حَجَّ للهِ وَلَمْ يَرْفَثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

(رَوَاهُ الإمَامُ البُخَارِيُّ وَالإمَامُ أحْمَدُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳажнинг мукофоти улуғлиги билан бирга уни тарк қилишнинг гуноҳи ҳам катта. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

مَنْ أَطَاقَ الْحَجَّ فَلَمْ يَحُجَّ، فَسَوَاءٌ عَلَيْهِ يَهُودِيًّا مَاتَ أَوْ نَصْرَانِيًّا

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو بَكْرٍ الإِسْمَاعِلِيُّ)

яъни: “Ким ҳаж қилишга қодир бўла туриб, уни адо қилмаса, у учун яҳудий бўлиб ўлишнинг ҳам, насроний бўлиб ўлишнинг ҳам фарқи йўқ” (Имом Абу Бакр Исмоилий ривоят қилган).

Ҳурматли жамоат! Кейинги йилларда ҳожиларимизга яратилаётган шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Шундай неъматларга шукрона ўлароқ, ҳажни мақсад қилиб турган ватандошларимиз муборак сафар давомида, доимо гўзал одоб, чиройли муомала, бошлиқларга итоат каби меъёрларга риоя қилишлари лозимдир. Зеро, муборак сафар давомида ҳожиларимиз бутун халқимиз ва диёримизнинг юзи бўладилар.

Ҳаж ибодатини бажариш ҳаммага ҳам насиб қилаверадиган амаллардан эмас. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.

Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги ҳажнинг фарз, вожиб ва суннат амалларини иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилишлари – муборак динимиз кўрсатмаси ва шариатимиз талабидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур.

Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, ўқиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Ҳаж давомида ғийбат, бекорчи гаплар, ишбоши ва ҳамроҳларга тил билан озор беришдан сақланиш шарт. Зеро, Ҳарами шарифга кирган, эҳром ўраган ҳар бир ҳожи уруш-жанжал, беҳаё сўзлар, ўзгаларни ҳақорат қилишдан ҳазар қилиши керак. Ҳатто, майда жониворларни ўлдириш, Ҳарамдаги ўт-ўланларни юлиш мумкин эмас. Бу ишлар ҳажда “жиноят” деб ҳисобланади. Модомики, кичик ҳашарот, ўт-ўланга зарар етказиш “жиноят” экан, ташкилотчилар ва ҳамроҳларнинг қалбини аччиқ сўзлар билан жароҳатлаш, дилини оғритиш ва хафа қилиш икки карра “жиноят” эмасми?! Бу ҳақда муборак сафарга чиқишдан аввал яхшигина ўйлаб кўришимиз керак. Мавлоно Жалолиддин Румий бу ҳақда шундай дейдилар:

Каъба – бунёди Халили Озар аст,

Дил – назаргоҳи Жалили Акбар аст.

яъни: 

Каъба – Иброҳим Халил бунёди эрур,

Қалб – Аллоҳ таолонинг назаргоҳидур.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки уламоларимизнинг айтишларича, ҳажнинг қабул бўлиш ёки  бўлмаслиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, чиройли хулқ, одоб-ахлоқ ва барча эзгу ишлар ва гўзал феъл-атворда ҳаммага намуна бўлишлари лозимдир.

Азиз жамоат! Мавъизамизнинг давомини “Аёлларнинг масжидга қатнаши” мавзусидаги суҳбат билан якунлаймиз.

Муқим аёллар фарз намозларни масжидга чиқиб, жамоат бўлиб ўқишларига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча шартлар билан рухсат берган эдилар. Масалан, хотин киши масжидга борганда эркакларга аралашмаслиги, ўзига оро бериб, ҳушбўй нарса сурмаслиги каби шартлар қўйилган эди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларни Аллоҳнинг масжидларидан ман қилмангиз. Лекин улар (масжидга чиқсалар) хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар”, – деганлар. (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадисда эркак кишиларга аёлларнинг жамоат намозига чиқишидан қайтармасликларини буюрилиб, аёлларни бегона эркаклар эътиборини ўзига тортувчи барча омилларни қилишдан қайтарилмоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг,  Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг даврида аёлларни масжидга боришдан ман қилинди. Ўша даврда ҳаёт бўлган буюк саҳобалардан бирортаси ҳазрати Умарнинг ушбу қарорига эътироз билдирмади. Баъзи аёллар Оиша разияллоҳу анҳо онамизга: “Пайғамбаримиз даврларида ман қилинмаган нарса ҳозирга келиб ман қилинди”, – деган маънода шикоят қилганларида Оиша разияллоҳу анҳо онамиз шундай деганлар:

لَوْ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى مَا أَحْدَثَ النِّسَاءُ؛ لَمَنَعَهُنَّ الْمَسْجِدَ كَمَا مُنِعَتْ نِسَاءُ بِنِي إِسْرَائِيلَ

Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз гувоҳи бўлаётган кейинги аёлларнинг ҳолатини кўрганларида, уларни худди Бани Исроил аёллари (масжидга чиқишдан) ман қилинганларидек, албатта, масжиддан қайтарган бўлар эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уламоларимизни фикрларича, Бану Исроил аёлларига ҳам бир вақт ибодатхонага боришга изн берилиб, кейинчалик улардан ношаръий ишлар, жумладан, масжидда эркакларга аралашиш содир бўлгандан кейин ибодатхоналарга боришлари ман қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёлларнинг ёлғиз ўқиган намози фазилати ҳақида шундай дейдилар:   

صلاةُ المرأةِ في مَخدعِها أفضلُ من صلاتِها في بيتِها، وصلاتُها في بيتِها أفضلُ من صلاتِها في حُجرتِها"

رَوَاهُ الإِمَامُ أبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ البَزَّارُ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه 

яъни: “Аёл кишининг ҳовлисидаги намозидан уйидаги намози афзалдир. Унинг уйидаги намозидан ўзига хос хонасидаги намози афзалдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривояти).

Демак, аёл киши намозни қанча бировни кўзи тушмайдиган жойда ўқиса, шунча яхши бўлиши таъкидланмоқда. Чунки аёл кўринадиган жойда намоз ўқиса, номаҳрам  кишиларнинг кўзи тушиб қолиши эҳтимоли бор. Оқибатда эса бошқа ношаръий ишларга эшик очилади.

Юқорида зикр қилинган ва бошқа кўплаб далилларни ўрганган фуқаҳоларимиз қуйидаги фикрларни айтганлар:

Аллома Бадруддин Айний “Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва баъзи буюк мужтаҳид имомлар фитна хавфи бўлмаган ҳолларда ёши қари аёллар бомдод, шом, хуфтон намозларига масжидга чиқишларига рухсат берганларини, кейинчалик фисқ-у фасод кенг тарқагани сабабли кейинги фақиҳлар ҳатто кампирларни ҳам ҳеч бир намозни, на тунги ва на кундузги намоз бўлсин, масжидда ўқишлари мумкин эмаслигини таъкидлашгани”ни айтган (“Ал-Биноя шарҳул-Ҳидоя”).

Ёш қиз ва жувонлар масжидга чиқиб, жамоат билан намоз ўқишини барча фақиҳлар бир овоздан ман қилганлар. Жумладан,

Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида шундай дейди:

“...Аёлларга намозни жамоат билан адо қилиш вожиб бўлмайди. Чунки аёлларнинг жамоат намозларига чиқишида фитна бордир” (“Бадоеъус-Саноеъ”). 

Муҳаққиқ олим Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ бу масалани атрофлича баҳс қилиб, қуйидаги хулосани айтган:

وَالْمُخْتَارُ: مَنْعُ العَجُوزِ عَنْ حُضُورِ الْجَمَاعَةِ فِي جَمِيعِ الأَوْقَاتِ فَضْلاً عَنِ الشَّابَّةِ

“Ихтиёр қилинган гап шуки, барча намозларга нафақат ёш қиз, балки, кампирларни масжидга келишларидан ман қилинади” (“Фатҳу бабил-иная”).

Демак, Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, аёллар хоҳ ёш, хоҳ қари бўлсин, жамоат намозларида иштирок этишлари ҳамда жума ва ҳайит намозларига чиқишлари мумкин эмас.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Ҳаж ва Умра зиёратига борган аёллар ўз маҳрамлари билан биргаликда у ердаги жамоат намозларда иштирок этишлари мумкин. Бу – муборак Икки ҳарамнинг ўзига хос фазилати сабаблидир. Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизга ҳаж ибодатларини  тўла-тўкис адо этиб, юртимизга соғ-саломат ҳолда қайтиб келишларини муваффақ айласин! Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ҲАСАД ВА ГИНА –ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАВОЛИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Read 4046 times
Download attachments:
Top