Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЮРТ ТАЯНЧИ

اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

Муҳтарам жамоат! Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи ҳисобланган. Шу маънода, оилани кичик жамият дейиш мумкин. Ҳар бир инсон ахлоқ-одоб ва ижтимоий муносабатларни оилада ўзлаштиради ҳамда шунга мувофиқ инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш оиланинг муқаддас вазифасидир. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Динимизда оила қуриб яшаш савобли амаллардан бири ҳисобланиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш каби оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб берилгандир. Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, шундай марҳамат қилган:

وَمِنْ كُلِّ شَيْءٍ خَلَقْنَا زَوْجَيْنِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни: Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик (Зориёт сураси, 49-оят).

Демак, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Масалан, эркак-аёл, кеча-кундуз, иссиқ-совуқ ва ҳоказолар.

Яна бир ояти каримада оила қуришга тарғиб қилиб, шундай дейилган:

وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

яъни: Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир(Нур сураси, 32-оят).

Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида бундай деганлар: “Оятда қарамоғида бўйдоқ йигит ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга: “Уларни никоҳлаб, сарф-харажатларига ёрдам беринглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар!” деб буйруқ берилмоқда”.

Ҳанафий мазҳабимизда киши уйланиб, ҳаётини иффат ва покизалик билан ўтказиши уйланмасдан умрини нафл ибодатда ўтказишидан кўра афзалдир дейилган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила қуришга тарғиб қилиб, шундай деганлар:

النِّكَاحُ سُنَّتِي فَمَنْ لَمْ يَعْمَلْ بِسُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي وَتَزَوَّجُوا فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

(رواه الأمام ابن ماجة عن عائشة رضي الله عنها).

яъни: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким мени суннатимга амал қилмаса мендан эмас. Турмуш қуринглар! Зеро, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ким авратини ҳаромдан сақлаш ҳамда шариат буюрган ишларни амалга ошириш мақсадида оила қурса, Аллоҳ таоло унга мададкор бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

ثَلاثةٌ حَقٌّ على الله تَعالى عَوْنُهُم ... النَّاكِحُ الَّذِي يِرِيدُ العَفافَ )رواه الأمام أحمد عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Уч тоифа кишиларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир”, … (улардан бири), “ўз иффат-покдомонлигини сақлаш истагида уйланиб-турмуш қилувчидир” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Шунинг учун ҳам олдин фақир бўлиб, никоҳдан сўнг бой-бадавлат бўлиб кетган қанча-қанча одамлар бор!

Никоҳнинг шариатимизга киритилиш ҳикматлари:

  1. Никоҳ орқали эркак ва аёлнинг иффатини сақлаш;
  2. Инсон сулоласини инқирозга учраб йўқ бўлиб кетишдан ҳимоя қилиш;
  3. Наслу насабни боқий қолиши ва муҳофаза қилиниши;
  4. Жамият қуришнинг асоси бўлган оилани барпо қилиш;
  5. Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро яхши алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантириш.

Муҳтарам азизлар! Оилавий ҳаёт кечириш динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бугунги кунда жума марузалари, давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситалари ва турли тадбирларда оиланинг муқаддаслиги, уни асраб авайлаш зурурлиги, эр-хотиннинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқлари каби оилага боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлар олиб борилмоқда. Лекин минг афсуски, жамиятда оилавий ажримлар тез-тез учраб турибди. Бу ажримларнинг ўзига яраша сабаблари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  • Эр-хотин ўзаро бир-бирларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмасликлари. Ҳозирги кунда эр-хотин ҳақ-ҳуқуқлари борасида ёзилган адабиётлар кўп бўлиб, улардан албатта оила қуриш арафасидаги ёшлар фойдаланиши зарурдир. Демак, ҳар бир ота-она тўйдан олдин фарзандларининг фақат моддий жиҳатларига эмас, балки маънавий дунёси, диёнати, тарбияси ва одоб-ахлоқига кўпроқ эътибор бериши лозим ва лобуддир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ ( رَوَاهُ الأمام التِّرْمِذِيُّ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْعَاصِ رضي الله عنه).

яъни:Ота ўз фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Шундай экан, ҳар бир ота-она никоҳдан олдин фарзандига оила муқаддаслиги, ҳаёт қийинчиликларига бардошли бўлиш кераклиги, оила аъзолари бир-бирларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши, қайнона ва қайноталарнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиш улкан савоб эканлиги каби насиҳатларни қилишлари зарурдир.

  • Эр-хотинларнинг ўзаро муносабатларида сабр-тоқат ва ўзаро бағрикенгликнинг етишмаслиги оиланинг бузилиш сабабларидан биридир. Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидириш оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).

Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ (رواه الإمام مسلم).

яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак экан. Ҳозирги ёшларда сабр, қаноат, бағрикенглик, муроса каби фазилатлар камайиб кетаётгандай. Ҳозирги баъзи ёшларга оила қурса, тез фурсатда уй-жойли бўлса, машина олсада дарров алоҳида уйли бўлиб, чиқиб кетса. Оила аъзоларига ҳурмат, қайнота-қайнонанинг дуоларини олиш деган нарсаларга эътибор камайиб кетаётгандай, гўё.

  • Эр-хотин ҳаётига ота-оналарнинг ноўрин аралашуви. Мана шу нарса ҳозирги кундаги ёш оилаларнинг бузилишига энг катта сабаблардан бири бўлмоқда. Ёш оилалардан кўпинча “мен аёлим билан яхши муносабатдаман, лекин ота-онам келин билан муроса қилолмаяпти”, – деган гапларни эшитамиз. Ҳатто, фарзандига: “Келинга жавобини бермасанг сени оқ қиламиз”, – деб айтаётган ота-оналар ҳам бор. Минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолишмоқда. Шуни яхши билиш лозимки, ота-она фарзандини аёлига талоғини беришга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Аксинча, ёши катталар ёшларни сабр ва шукрга чақириб, оилани сақлаб қолишга тарғиб қилишлари керак. Ҳар бир мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун қўлидан келган барча яхшиликларини қилиши шарт. Аммо ота-онаси хоҳламай қолган, лекин рисоладагидек аёлни талоғини бериш мумкин эмас. Балки уларнинг ўртасини ислоҳ қилиб, адолат билан иш тутиб, оиласини сақлаб қолиш айни муддаодир. Чунки, Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Қуръони каримда шундай таърифлаган:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ  

яъни: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

  • Телефон ва интернетдаги “ҳаёсизликлар” оилани барбод бўлишида асосий сабаблардан яна биридир. Маълумки, телефон ва интернет олами Аллоҳнинг бандаларига ато этган неъматларидан биридир. Узоқдаги яқинлар билан алоқа, катта ҳажмдаги кутубхона ҳамда иш фаолиятдаги қулайликлар ва ҳоказо. Бироқ, бу неъматни кимлардир фитна, бузғунчилик, бузуқлик, ҳаёсизлик манбаларига айлантириб улгурдилар. Номаҳрам инсон билан ушбу алоқа воситалари орқали суҳбатлашувлар натижасида аксар оилалар бузилмоқда. Аллоҳ таоло бундай ҳолатдан қайтариб, шундай деган:

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ 

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).

  • Оилалар пароканда бўлишига жиддий сабаблардан яна бири бу – молпарастликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бир умматнинг фитнаси (синови) бор. Умматимнинг фитнаси молу дунёдир”. Ҳадисга эътибор беринг. Молу-дунё бизга берилган синов экан. Мана шу синовда келажагимиз бўлган ёшларнинг ҳаётини барбод қилиш, уларни бебахт қилиш яхшимикан? Арзимаган матоларни деб фарзандларини бахтсиз қилиб қўяётган ота-оналар афсуски, кун сайин кўпайиб бормоқда. Аслида бахту-саодат, оилавий фароғат дегани фақат молу-дунё билан ўлчанмайди. Иқтисодий имконият кенг бўлгани билан маънавий жиҳатдан инсон қашшоқ бўлиши – бахтсизликдир.

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади деганлар:  бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эдилар.

Азизлар! Маст қилувчи ичимликлар, гиёҳвандлик, беҳаёлик ва зино каби шариатимиз қаттиқ қайтарган ишларни қилиш оқибатида ҳам жуда кўп оилалар бузилмоқда. Баъзи эркаклар ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликни одат қилиб, оила тинчлигига путур етказади, охири талоқ вужудга келиб, оила пароканда бўлади. Натижада хотин бева, болалар эса тирик етимга айланади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлиб, оила бузилиши қариндошлар нотинчлиги, жамият заифлашувига олиб келади.

Шундай экан, барчамиз биргаликда ушбу омилларнинг олдини олишимиз лозим. Фарзандларимизга оила маданияти ва оилавий муносабатларни ёшлик пайтиданоқ ўргатиб боришимиз керак. Шунда оилаларимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, юртимиз обод ва жамиятимиз маънан соғлом бўлади.

Муҳтарам жамоат! 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.

Шукрлар бўлсинки, кундан-кунга мамлакатимиз мудофаа қобилияти, Қуролли кучларнинг жанговор салоҳияти ҳамда миллий мудофаа саноати ортиб бормоқда.

Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган:

"عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ") رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривоятлари).

Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

" مَنْ رَابَطَ يَوْمًا اَوْ لَيْلَةً فىِ سَبِيلِ اللهِ كَانَ لَهُ أَجْرُ صِيَامِ شَهْرِ وَقِيَامِهِ وَمَنْ مَاتَ مُرَابِطاً جَرَى لَهُ مِثْلُ ذلِكَ الْأَجْرِ وَاُجْرِىَ عَلَيْهِ الرِّزْقُ وَاَمِنَ مِنَ الْفَتَّانِ " (رواه الإمام النسائى).

яъни: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”(Имом Насаий ривоятлари).

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ҲАЁ ИМОНДАНДИР” мавзусида бўлади.

Read 4931 times
Download attachments:
Top