بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ҳозирги пайтда инсоният ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди. Аллоҳ таоло илм излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади:
...يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
(سورة المجادلة/11)
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11).
Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло илмни улуғ неъмат ва юқори даража ва камолот сифатида зикр қилади, олиму фозиллар ва билимдонлар даражаси юқори эканини билдиради, банда қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан шунчалик қўрқадиган бўлишини баён этади. Илм излаш ва унга эга бўлиш ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан жуда кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган:
(" اُطْلُبُوا الْعِلْمَ وَلَوْ بِالصِّينِ ..." (رواه ابن عدي و البيهقي
яъни: “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз”, деб таълим берганлар.
Қуйидаги ҳадиси шарифда олиму боамалнинг даражаси обиддан ҳам баланд эканлиги, илм инсонга улуғ фазилат эканлиги таъкидланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
("فضل العالم على العابد كَفَضْلِى على أدْنَاكم، إِنَّ الله عز وجل وملائكته وأهلَ السماواتِ والأرَضِين حَتى النَمْلَةِ فى حُجْرِها وحتى الحوتِ لَيُصَلَّوْنَ على مُعَلِّمِ الناسَ الخَيْرَ " (رواه الترمذى
яъни: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, деб марҳамат этдилар. Сўнг у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларни дуо қилишади”, дедилар.
“Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир” деган ҳадиси шарифига амал қилинган юртимиздан довруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан дарғалари, атоқли имомлар етишиб чиқишди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино” Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва таммадунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган.
Муҳтарам жамоат! Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий пайғамбар орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалари учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик ва жаҳолат, инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорини танишга буюрди. “Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли аҳлоқсизликлар, ҳаром, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган, зеро дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт саодати ҳам илм, маърифат билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум.
Муҳтарам жамоат! Илмнинг фазилати қанчалик улуғ экани ҳақида соатлаб гапириш, жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ.
(...فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ (سورة النّحل/43
яъни: “Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!...” (Наҳл, 43).
Илм фазилати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳамаддан (алайҳиссалом) жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишига ҳавас қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига”, деганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Муҳтарам жамоат! Улуғ саҳобийлар, атоқли олимлар ва мутафаккирларнинг ҳам илм фазилати ҳақидаги кўплаб ривоятлари, хабар ва сўзлари келган. Қуйида шулардан айримларинигина келтириб ўтмоқчимиз.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир саҳобийга: “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, сарфлаш, нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, - деганлар.
Ҳакимлардан бири: “Агар олим киши вафот этса, унинг вафотига сувдаги балиқлару, осмондаги қушлар ҳам йиғлайди, унинг жисми йўқ бўлса-да, фойдали илми ва номи унутилмайди”, - деган экан.
Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.
Фарзанднинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб-охлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”,деб бежиз айтилмаган. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини яхши тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун ота-оналар фарзандларининг илм эгаллашларига алоҳида эътибор беришлари лозим.
Айниқса, ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларни соғлом ва бақувват ўсиб-улғайишлари, илмли, маърифатли, ватан, жамият учун зарур ва муҳим бўлган барча илмий соҳалар бўйича етук мутахассис бўлишлари учун ғамхўр бўлишлари керак.
Кўпинча катталарнинг лоқайдлиги ва бепарволиги туфайли фарзандлар турли бўлмағур йўлларга кириб қолади, енгил-елпи яшашга ўрганади.
Бугунги кунда яратилган шарт-шароитларнинг шукрини қилиб, берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларимизга дунёвий-диний билимларни уйғунликда ўргатиб, миллий-диний ҳамда умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаб, ёшларимизни ким қаёққа етакласа кетаверадиган қилиб эмас, онгли равишда ўз мустақил фикрининг соҳиби бўлиб, вояга етказиш, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссида тарбияласак айни муддао бўлур эди.
Муҳтарам жамоат! Муборак ислом таълимотларига таянган ҳолда, ахлоқ одобимизни олий даражага кўтаришга ҳаракат қилайлик, муносиб равишда ўз фарзандларимизни дунёвий ва диний билимлардан баҳраманд қилиб, келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишишига эришайлик. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак бир ҳадисларида:
(" كُلُّكُمْ رَاعٍ وَ كُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ " (رواه البخارى
яъни: “Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар бир тарбиячи қўл остидагиларга жавобгардир”, - деб марҳамат қилганлар.
Хусусан, “2016 йил – Соғлом она ва бола йили”да мустақил давлатимиз томонидан фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўсиши, уларнинг бахтли, саодатли, фаровон ҳаёт кечиришлари учун жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Фарзандларимизга бундай катта эътибор ва ғамхўрликларга муносиб бўлишларини уқтирайлик. Биз ўзимиз ҳам фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик.
Аллоҳ таоло бизларга ато қилган бундай дориломон, саодатли кунлар тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт маҳсули эканини фарзандларимизга тушунтирайлик, токи улар ҳам бу кунларнинг қадрини чуқур англаб етсинлар, шунга муносиб равишда илму маърифат сари интилсинлар.
Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло илм йўлида жиддий саъй-ҳаракат қилаётган барча илм толибларига диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллашларида ва уларни ҳаётга татбиқ этишларида улуғ муваффақиятлар ато айлаб, барчаларимизни икки дунёда саодатли ва солиҳ бандалардан бўлишимизни насиб айласин! Омин.