Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الصِّيَامِ وَالقِيَامِ. وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ

РАМАЗОН – ХАЙРУ САХОВАТ ОЙИ

Муҳтарам азизлар! Ислом оламида Рамазон ойи ўзгача хурсандчилик ва кўтаринки кайфият билан кутиб олинади. Чунки, бу ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати янада кўпроқ ёғилади, фаришталарнинг ерга тушишлари кўпаяди, ёмон жинлар кишанланади, ибодатларининг савоблари бир неча юз баробарга ортади, дуолар ижобат бўлади ва муборак Қадр кечаси ўтказилади.

Динимизда бошқа ойларга нисбатан Рамазон ойида хайр-саховатга алоҳида эътибор беришга тарғиб қилинади. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп ажру мукофотлар берилади. Дарҳақиқат, хайр-саховатнинг савоби кўп бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида биз мўмин-мусулмонларни эҳсон ва хайру садақа қилишга ундагандир. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِائَةُ حَبَّةٍ

وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).

 Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, балки етти юз ва унданда ортиқроқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. Бошқа ояти каримада эса, шундай марҳамат қилган:

الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

яъни: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 274-оят).

Рамазон ойида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари одатдагидан шу даражада ортар эдики, ҳатто саҳобалар У зотни ёмғирли шамолга ўхшатар эдилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг саховатларини мадҳ этиб шундай деганлар:

كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَجْوَدَ النَّاسِ بِالْخَيْرِ، وَكَانَ أَجْوَدَ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ، كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ"

(رواه الإمام البخاري ومسلم عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما).

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда ёмғирли шамолдан ҳам сахийроқ бўлардилар (яъни, ёмғирли шамол барчага баробар фойда келтиргани каби, У Зотнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” (Муттафақун алайҳ).

Азизлар! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилар эканмиз, хайр-саховат бобида ҳам У Зотни ўзимизга намуна қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Рамазонда хайр-саховатни турли кўринишда қилиш мумкин. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам қилиш, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олиш айни савобдир. Қолаверса, ҳозирги карантин пайтида муҳтожларга озиқ-овқат ёки дори-дармон каби кунлик эҳтиёжларини етказиб, уларни хурсанд қилиш жуда улкан ажр ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"أفضل الأعمال أن تدخل على أخيك المؤمن سرورا، أو تقضي عنه دينا، أو تطعمه خبزا"

(رواه الإمام ابن أبي الدنيا والإمام الديلمي عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш ёки унинг  қарзини узишга кўмаклашиш ёки унга бирор яхши таом беришингдир” (Имом Ибн Дунё ва Имом Дайламий ривоятлари).

Аллоҳ таоло мол-давлат берган кишилар камбағал ва муҳтожларнинг қийналганидан хабардор бўла туриб, уларга имкон қадар ёрдам бермас эканлар Қиёмат куни ҳолатлари оғир бўлади.  Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"وَيْلٌ لِلأَغْنِيَاءِ مِنَ الْفُقَرَاءِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، يَقُولُونَ: رَبَّنَا، ظَلَمُونَا حُقُوقَنَا الَّتِي فُرِضَتْ لَنَا عَلَيْهِمْ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: وَعِزَّتِي وَجَلالِي، لَأُدْنِيَنَّكُمْ وَلأُبَاعِدَنَّهُمْ"

(رواه الإمام الطبرني عن أنس بن مالك رضي الله عنه).

яъни: “Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой! Камбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! Бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан зулм қилдилар”. Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, сизни ўзимга яқинлаштираман, уларни эса узоқлаштираман” (Имом Табароний ривоятлари).

         Ҳозирги синовли кунларда закот бериш, эҳсон қилиш ва имкон борича ўзгаларга ёрдам беришнинг савоби катта. Чунки ҳозир эҳтиёжманд аҳоли нисбатан кўпроқ. Бадавлат кишилар бу фурсатни ғанимат билиб, имкониятдан фойдаланиб қолишлари, катта савобларни қўлга киритишлари айни муддаодир. Чунки тезда Рамазон ҳам, бу синовли кунлар ҳам ўтиб кетади, кейин бундай бир ажру савоб бериладиган фурсатни топиб бўлмайди.

Шуниси ҳам муҳимки, рўза тутишдан мақсад – Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариш, тақво сифатини ҳосил қилишдир. Рўза тутиб ёмонлигини қўймаган, ёлғон, ғийбат ва гуноҳ ишларни тарк этмаган кишининг фақат оч қолганию чанқагани қолади. Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида шунга ишоралар келган.  

Муҳтарам Юртбошимиз ҳам 20 апрель куни ўтказилган йиғилишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Президентимиз ўз нутқида вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлаб, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу умумхалқ ҳаракати, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Чунки, ижтимоий кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари илгари сураётган ташаббуснинг хайрлилиги ва кучи шундаки, айни вазиятдан азият чекаётган қатлам вакиллари сахий кишилар кўмагида қаддини тиклаб олади.

Муҳтарам азизлар! Суҳбатимиз давомида рўза ибодатига оид юртдошларимиз томонидан энг кўп сўраладиган масалаларга тўхталамиз.

  • Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.
  • Рўзадор киши унутиб, еса ёки ичса рўзаси очилмайди, лекин рўзадорлиги ёдига келган заҳоти еб-ичишдан тўхтайди, ҳатто оғзида чайнаб турган луқмани ҳам ютмайди.
  • Рўзадор мушк, атр ва бошқа хушбўйликларни ҳидлаш билан рўзаси очилмайди.
  • Рўза ҳолатида мисвок ишлатиш мумкин. Лекин, мисвок ишлатганда милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса ютиб юбориб бўлмайди.
  • Рўзадор таҳлил учун ёки бировга қон бериш учун қон олдириши мумкин. Агар қон олдириш рўзадорни ҳолсизлантириб қўядиган бўлса, макруҳ бўлади. Бундай ишларни оғиз очгандан кейинга қолдирган яхшироқ.
  • Қасддан қайт қилмаса рўза очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса, оғиз тўла бўлса рўза очилади, оғиз тўла бўлмаса очилмайди. Таом оғзига келиб, сўнг беихтиёр қайтиб кетса, рўза очилмайди.
  • Сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш моддаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади (“Ал-Фиқҳул исламий ва адиллатуҳ”). “Раддул муҳтор” китобида чилим, сигарет каби моддаларни чекиш каффоратни вожиб қилиши айтилган.
  • Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса макруҳ бўлсада, рўза очилмайди, лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юбормасдан, оғзидан чиқариб юбориши даркор, акс ҳолда рўза очилади (“Раддул муҳтор”).
  • Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди.
  • Эҳтилом, яъни уйқуда булғаниш рўзани бузмайди. Чунки, у ўзи ихтиёри билан бўлмаган. Бундай ҳолатда рўзадор ғусл қилиб олиши етарли бўлади. 
  • Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз ёки нифос қони кўриб қолса, рўзаси очилиб кетади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.
  • Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.
  • Ёнбош ёки тери остига (озуқа ва қувват бермайдиган) укол олиш билан рўза бузилмаслигига уламолар якдил фикр билдирганлар. “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. Одатий йўллардан бошқа жойлардан терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (гарчи томирдан чақсада), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида тери орасидан ичкарига сув ўтиши, рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилганлар”.
  • Уламоларнинг кўпчилиги томирдан олинган укол рўзанинг бузилишини баён қилишган.
  • Кўзга дори томизилса, рўзани очмайди (“Фатовои ҳиндия”). Замонавий тиббиёт кўздан димоққа йўл борлигини исботлаган. Шунинг учун бу ишни эҳтиётан, ифтордан кейинга қолдирган маъқул.
  • Сепиладиган ёки тил остига қўйиладиган дори ўзи ёки оғиз суви билан аралашиб ичга кетадиган бўлса, рўзани очади. Ичга кетмайдиган, фақат оғизда қоладиган бўлса, фақат унинг таъмини сезиш сабабли юрак тинчланадиган бўлса, махсус асбоб (пульверизатор) билан оғизга совуқ ҳаво юбориладиган бўлса рўза очилмайди.
  • Нафас қисиши ва бошқа касалликларда ишлатиладиган аэрозоллар агар газ кўринишида бўлса, рўзани очмайди. Агар суюқ дорилар кўринишида бўлса, томоқдан ўтса рўзани бузади.
  • Турли суртма дорилар ва шу каби воситаларни баданга суртиш билан рўза очилмайди.
  • Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.
  1. Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
  2. Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар (“Баҳрур роиқ”).
  • Рўзани қасддан бузиш асло мумкин эмас, бу катта гуноҳ бўлади. Рўзадор киши кундуз куни, қасддан жинсий алоқа қилса, инсонга озуқа бўладиган нарсаларни еса ва ичса ёки дори бўладиган нарсаларни еса ва ичса каффарот вожиб бўлади. Юқоридаги ҳолатларда инсон йўқотилган ўша кун учун бир кун қазо тутиб беради ва қасдан қилганлик жазосига яна икки ой узлуксиз рўза тутиши ёки олтмиш мискинни тўйдириши лозим бўлади.
  • Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан Шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Ифторни тезлатиш афзал ва қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир (“Фатовои ҳиндия”).

Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамизга муборак қилсин! Бу ойдаги савобли амалларни бизга осон қилиб, гуноҳлардан фориғ бўлишимизни насиб айласин! Омин!

 

 

Read 2174 times
Download attachments:
Top