Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

МУҲТОЖЛАРГА ҒАМХЎРЛИК – УЛКАН САВОБ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз айни муддаодир. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам ва барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилиш – мусулмоннинг энг гўзал сифатларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай деган:

لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

(سورة آل عمران، الاية-92).

яъни: Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ

وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ.

яъни: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.

Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ الصَّدَقَةَ لَتُطْفِئُ عَنْ أَهْلِهَا حَرَّ الْقَبور، وَإِنَّمَا يَسْتَظِلُّ الْمُؤْمِنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِي ظِلِّ صَدَقَتِهِ

(رَوَاهُ الإِمَامُ الْطَبَرَاني عن عقبة بن عامر رضي الله عنه).

яъни: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривоятлари).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

اَلصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيْئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمُاءُ النَّارَ

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه).

яъни: “...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривоятлари).

Уламоларимиз хайр-эҳсон – инсоннинг  имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"اَلصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ مسلم عن أبي مالك رضي الله عنه).

яъни: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривоятлари). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

Қолаверса, ҳозирги синовли кунларда хайру эҳсон қилиш ва имкон борича ўзгаларга ёрдам беришнинг савоби жуда катта. Чунки ҳозир эҳтиёжманд аҳоли нисбатан кўпроқ. Бадавлат кишилар бу фурсатни ғанимат билиб, имкониятдан фойдаланиб қолишлари, катта савобларни қўлга киритишлари айни муддаодир. Чунки тезда Рамазон ҳам, бу синовли кунлар ҳам ўтиб кетади, кейин бундай бир ажру савоб бериладиган фурсатни топиб бўлмайди.

Хайр-эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймаслиги ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ، وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيْثاً فَاحْفَظُوهُ: "مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلَمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا،

 إِلَّا زَادَهُ اللهُ بِهَا عِزًّا، وَلا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ وَالإِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ عن أبي كبشة الأنماري رضي الله عنه).  

яъни: “Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан бир гадой пул сўраган эди, у зот бир дирҳам эҳсон қилдилар. Шунда у зотнинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам кифоя қилар эди”, –деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Худо ҳаққи, мен уларни кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, сиз айтгандек улар фалузаж ва гўшт ейдиган бўлсалар унда уларга бир дирҳам озлик қилади”, –дедиларда ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бериб юбор”, – дея амр қилдилар.

Муҳтарам жамоат! Баъзи бир қўли узун, бой кишиларни шундай деганларини эшитамиз: “Одамларга ҳайронман, жуда кўпчилик олдимга ҳар хил муаммолар билан келиб ёрдам сўрайди. Бировдан ёрдам сўрамасдан ўзини-ўзи эпласа бўлмайдими?!” Бундай шикоятни ўрнига бой кишилар шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”. Чунки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағар қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

"مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا، نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ، يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا، سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини  аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривоятлари).

Шундай экан, битта амалга кўплаб савоблар ваъда қилинган Рамазондан фойдаланиб, хайр-саховатни турли кўринишда қилиш мумкин. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам қилиш, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олиш айни савобдир. Қолаверса, ҳозирги карантин пайтида муҳтожларга озиқ-овқат ёки дори-дармон каби кунлик эҳтиёжларини етказиб, уларни хурсанд қилиш жуда улкан ажр ҳисобланади.

Аллоҳ таоло келаётган Рамазон ҳайитини барчамизга муборак айлаб, бизни эҳсон қилувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин! Омин!

Read 2169 times
Top