بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ: "إيَّاكُمْ وَالفُرْقَةَ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ
ҲАР КИМ ҲАМ ҚУРЪОН ВА ҲАДИСДАН ҲУКМ ОЛИШГА ҲАҚЛИ ЭМАС!
Муҳтарам жамоат! Ушбу мавзуни ёритишимиздан мақсад, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда. Аслида, Қуръон карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм олиш ёки бир масала чиқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу масъулиятли ишни ижтиҳод (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш) даражасига етган мужтаҳид зотларгина амалга оширишлари мумкин.
“Нурул-анвор” китобида Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариш учун қуйидаги шартлар топилиши баён қилинган:
وَشَرْطُ الْاِجْتِهَادِ أَنْ یَحْوِیَ عِلْمَ الْکِتَابِ بِمَعَانِيْهِ اللُّغَوِیَّةِ وَالْشَرْعِیَّةِ وَعِلْمَ السُّنَّةِ بِطُرُقِهَا
وَأَنْ یَعْرِفَ وُجُوهَ الْقِیَاسِ بِطُرُقٍ
яъни: “Ижтиҳод қилишнинг шарти – Қуръони каримни луғавий ва шаръий маъноларини пухта билиш, ҳадис ва унинг етиб келиш йўлларини ҳамда қиёснинг турларини чуқур англаб етишдир”.
Қуръони каримни билиш дегани – Қуръоннинг маъноларини қисқача тушуниш эмас, балки, Қуръони каримга доир барча илмларни чуқур билиш ва бу соҳада моҳир бўлиш керак. Яъни, носих (ўзидан олдинги оятнинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган) оятлар ҳақидаги илм, мутлақ (умумий маънода келган) ва муқайяд (махсус бир маънода келган) оятлар ҳақидаги илм, сабаби нузул – оятларнинг тушиш сабабларига доир илм, араб тили, усулул фиқҳ, балоғат ва фасоҳат фанларида моҳир бўлиши ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши керак.
Ҳадис илмини билиш дегани – “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф” ҳадисларни билиш, ҳадис ровийларининг тарихини билиш, носих (ўзидан олдинги ҳадиснинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган ) ҳадисларни билиш ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши зарур.
Қиёс йўлларини яхши билиш дегани – оят ёки ҳадис ёхуд ижмода далили келган масаланинг иллати (сабаби) шаръий ҳукми бўйича далил келмаган масалада топилиб, унга тенглаштиришдир. Қиёс қилишнинг бир қанча шартлари ва қонун-қоидалари бор. Қиёс қилувчи киши мана шу илмларни барчасини билиши лозим.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида оятлардан ҳукм чиқарганлар ва асосий барча масаларнинг ечимини баён қилганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Русулуллоҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб, шундай марҳамат қилган:
وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ
яъни: “Одамларга нозил қилинган нарсани уларга баён (тафсир) қилиб беришингиз учун сизга зикр (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар баъзи масалаларда ижмо қилганлар (якдил фикрга келишганлар) ва масалаларни бир-бирига қиёс қилганлар. Натижада, тўрт мўътабар мазҳаб шаклланди ва бу тўрт мазҳабни тўғри эканлигига барча уламолар иттифоқ қилдилар. Ўша пайтдан бери янги замонавий масала пайдо бўлса, етук уламолар Қуръон, ҳадис, ижмо ва қиёсларга суяниб масалага ечим топганлар. Тўрт мазҳабни ташкил топиши ҳижрий 2-3 асрларга тўғри келса-да, булар ҳозирги ҳижрий 15 асргача бир-бирлари билан аҳл-иноқ, ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Тўрт мазҳаб имомлари қилган ишни қуйидаги ривоят қўллаб-қувватлайди:
وَقَدْ وَرَدَ اَنَّهُ سَأَلَ عَلِيٌ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ! مَا اَفْعَلُ اِنْ اِعْتَرَضَنِي اَمْرٌ وَلَمْ اَجِدْ فِيْهِ فِي كِتَابِ اللهِ وَلاَ فِي سُنَّةِ رَسُولِهِ شَيْأً؟ فَقَالَ: "شَاوِرُوا الْفُقَهَاءَ وَالْعَابِدِيْنَ وَلاَ تَمْضُوا فِيْهِ رَاْيَ خَاصَّةٍ"
(رواه الإمامُ الطبرني)
яъни: Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар менга бир масала рўбарў бўлса-ю мен унинг ечимини Аллоҳнинг китобдан ҳам Расулининг суннатидан ҳам тополмасам унда қандай йўл тутай? Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фақиҳ ва обидлар билан маслаҳатлашинглар, бу ишда хос бир фикрни жорий қилманг” дедилар (Имом Табароний ривоятлари).
Аммо охирги икки асрда тоифалар чиқиб, одамларни мазҳабсизликка чақириб, ўзларини гўё Қуръон ва ҳадисга амал қилувчилардек кўрсатмоқдалар. Уларнинг иддаоларича ҳар бир мусулмон Қуръон ва ҳадисдан тўғридан тўғри ҳукм олишга ҳақли ва мазҳаблар ислом умматини тафриқага солган эмиш. Биз фақат Қуръон ва ҳадисга амал қилиб, ҳамма умматни бир қиламиз, дейдилар. Ваҳоланки, ушбу мазҳабсизлар ўтган икки аср мобайнида ўзларини ораларида бир қанча фирқаларга бўлиниб кетдилар. Уларда муайян маслак ва мустаҳкам умумий қоидалар йўқлиги боис ўзаро, келиша олмасдан турли ихтилофларга бордилар.
Мазҳабсизликка тарғиб қилувчилар: “Келинглар, мазҳабларни қўяйлик, Қуръон ва суннатга бирлашайлик”, дейдилар. “Қуръон ва ҳадисга қандай бирлашамиз”, дейилса, “Ижтиҳод қиламиз”, дейишади. Пайдо бўлганига эндигина икки асрдан ортиқроқ вақт ўтган салафийлик оқими ҳозирнинг ўзида бир неча тоифага бўлинган. Жумладан, Ас-салафиятул-илмия, Ас-салафиятул-жиҳодия, Ас-салафиятус-сурурия, Ас-салафиятул-жомия.
Аҳли сунна вал жамоа мужтаҳидларининг мазҳабларини 14 асрдан бери бутун ислом уммати бир овоздан ҳақ, деб қабул қилганлар. Бемазҳабларнинг йўллари эса, бошлангандан ҳозиргача аксар олимларнинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Уларнинг мазҳабини ўзлари ва ҳиссиётга берилган юзаки илм билан машғул бўлганлар қабул қилишди холос.
Афсуслар бўлсинки, барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Сабаби, киши Қуръони карим таржимасини ўзини билиши ёки бир нечта ҳадислардан хабардор бўлишини ўзи ҳукм чиқаришга кифоя қилмайди. Юқорида санаганимиздек, ҳукм чиқариш учун кўплаб илмлардан хабардор бўлиб, уларни пухта ўзлаштириш лозим. Сабаби, илмсиз фатво бериш шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ҳаром ҳисобланади. Чунки илмсиз фатво бериш Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон гапиришдир. Илмсиз фатво бериш бошқаларни адаштиришдир. Инсонларни адаштириш, залолатга бошлаш эса катта гуноҳдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
"مَنْ أَفْتَى بِغَيْرِ عِلْمٍ كَانَ إِثْمُهُ عَلَى مَنْ أَفْتَاهُ وَمَنْ أَشَارَ إِلَى أَخِيْهِ بِأَمْرٍ يَعْلَمُ أَنَّ الرُّشْدَ فِي غَيْرِهِ فَقَدْ خَانَهُ"
(رواه الإمامُ أبو داود)
яъни: “Ким илмсиз фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кишига бўлади. Ким ўз биродарига тўғри йўл бошқа томонда эканини билиб туриб, иккинчи бир йўлга ишора қилса, унга хиёнат қилибди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳадислардан ҳукм чиқарган мужтаҳид уламоларимиз бир мавзуда нечта ҳадис бўлса, шуларни жамлаб ва саралаб кейин фатво берганлар. Чунки бир мавзудаги ҳадисларни тўлиқ ўрганмасдан туриб берилган фатво хато бўлишини эҳтимоли каттадир. Зеро, баъзи саҳиҳ ҳадислар мансух (ҳукми бекор) бўлган бўлиши мумкин.
Буюк муҳадис олим Яҳё ибн Маъиндан сўрашди: “Мингта ҳадис билган одам фатво бериши мумкинми?”. У зот: “Йўқ”, – деди. “Икки минг ҳадис билган одамчи?”, – деб яна сўрашди. У зот: “Йўқ”, – деди. “Беш минг ҳадис ёдлаганчи?”, – дейишганида: “Бу ҳам фатво беришга камлик қилади”, – деган эканлар.
Абу Алий азЗарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, диндан бехабар бўла туриб диний саволларга жавоб беришга журъат қилиш жуда катта хатар ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
أَجْرَؤُكُمْ عَلَى الْفُتْيَا أَجْرَؤُكُمْ عَلَى النَّارِ
(رواه الامام الدارمي عن عبد الله بن أبي جعفر رضي الله عنه)
яъни: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар (Имом Дорамий ривоятлари).
Шундай экан, диний саволга жавоб беришни ўз мутахассисларига топширган мақсадга мувофиқдир.
Хатиб Бағдодий ўзининг “Насиҳату аҳлил ҳадис” китобида қуйидаги ривоятни келтирган:
وكَانَ الْأَعْمَشُ يَسْأَلُ أَبَا حَنِيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ الْمَسَائِل فَيُجِيْبُهُ فَيَقُولُ: مِنْ أَيْنَ لَكَ هَذَا فَيَقُولُ: أَنْتَ حَدَّثْتَنَا عَنِ النَّخَعِي بِكَذَا أَوْ عَنِ الشَّعْبِي بِكَذَا فَيَقُولُ: الْأَعْمَشُ عِنْدَ ذَلِكَ يَا مَعْشَرَ الْفُقَهَاء أَنْتُمُ الْأَطِبَّاءُ وَنَحْنُ الصَّيَادِلَةُ
яъни: Имом Аъмаш (Бу зотдан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ кўп ҳадисларни ўрганганлар) Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан айрим масалалар борасида сўрар ва Абу Ҳанифа у кишига жавобларини айтардилар. Имом Аъмаш ҳайратланиб: “Бу нарсаларни қаердан билдинг?”, десалар, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “ўзингиз бизларга Иброҳим Нахаийдан фалон ҳадисни, Шаъбийдан фалон ҳадисни айтиб бергансизку?! (ана ўшалардан чиқарганман)” дер эдилар. Шунда Аъмаш: “Эй фақиҳлар жамоаси! Сизлар табибларсиз, биз эса дори тайёрловчилармиз”, дегандилар.
Шундан ҳам биламизки, қадимда фақиҳлар албатта ҳадисдан илми бўлган ёки аксинча, муҳаддисларнинг фиқҳдан насибаси бўлган ва улар фақиҳ олимлар сўзини эътиборли санаганлар. Улардан кейингиларда ҳам шу ҳолат кузатилган. Ибн Ҳажар Асқалоний фақиҳлардан бўлишлари билан бир қаторда ҳадис илмида пешқадам бўлганликлари ҳеч кимга сир эмас. Бадруддин Айний ҳам катта аллома, фақиҳ ва муҳаддис бўлганлар. У киши ҳанафий фиқҳида машҳур бўлган “Ал-Ҳидоя” китобини шарҳлаш билан бир қаторда имом Бухорийнинг “Ал-Жоме ас-саҳиҳ”ларига ҳам ниҳоятда мукаммал шарҳ ёзганлар. Шу икки Имом ва бошқа кўплаб забардаст уламолар ҳам мазҳабни тарк қилиб, “мен оят ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деганлари йўқ, балки, сўзсиз мазҳабни маҳкам ушлаб, шунга амал қилдилар.
Маълумки, ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарларини бутун ислом олами ўқийди. Айниқса, “Ал Ҳидоя” ни бугунги кунда ҳам дунёдаги кўзга кўринган ал-Азҳар каби университетларда дарслик сифатида ўқитилмоқда. Ушбу мўътабар китоб инглиз, рус тилларига ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Энг эътиборлиси, Бурҳониддин Марғиноний хазратлари бирон масалада ўзларича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмаганлар. Фақатгина мазҳаб соҳиблари, мужтаҳидларнинг олган ҳукмларини келтирганлар. Шундай улуғ зотлар ҳам тўғридан тўғри ҳукм олишга журъат этмадилар. Улар динимизни соф ҳолатда бизгача етиб келишига холис хизмат қилган зотлардан эдилар.
Ҳижрий 10 асрда яшаб ўтган олим Жалолиддин Суютий 600 га яқин устоздан таълим олган, 750 та китоб ёзган, 200 мингта ҳадисни санадлари ила ёд олган эдилар. Шу зот ҳам шофеъий мазҳабига амал қилганлар.
Хулоса қилиб айтганда, мужтаҳидлар каби сифатларга эга бўлмасдан туриб ҳозирги кунда Қуръондан ёки ҳадисдан ўзим ҳукм оламан деган кишилар Қуръон ва ҳадиснинг зоҳирий маъноларидан ҳукм олиб, ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-боболаримизнинг мазҳаблари бўлмиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг йўлларини ушлаб, бир ёқадан бош чиқариб, ихтилоф ва тафриқачиликка берилмасдан, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Қабристон зиёрати одоблари ва унда бидъат ва хурофотлардан тийилиш” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.