Жума мавъизалари

АЁЛЛАР ИСЛОМ НИГОҲИДА

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ислом дини ҳаётда аёл шаънини улуғлайди. Аёл деганда кўз олдимизда оналаримиз, турмуш ўртоғларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз кўз ўнгимизга келади. Қуръони каримда аёллар ҳақида алоҳида "Нисо"(Аёллар) сураси келган. Азиз ва мукаррам бўлган инсон зоти ер юзида ўзидан кўпайиб ва ўзига берилган вазифани адо этиши учун  Хақ таоло Ўзининг инсонга ўз жинсидан ҳаёт йўлдоши, қалби сурури ва муҳаббати тимсоли қилиб жуфтини яратди. Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай хабар беради:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا

 (سورة النّساء/1)

яъни: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”.

Жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми улар зиммасидадир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Ҳикматларда: "Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор" дейилган.

Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:

" اَلْجَنَّةُ تَحْتَ اَقْدَامِ الْاُمَّهَاتِ "

 (رواه الخطيب)

яъни: “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, - деб марҳамат қилганлар.

Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратлари ушбу ҳадисни шундай баён этган эканлар: “Жаннат равзасию боғлари оналар оёғи остидадир, лекин равзани кўрмоқ ва ундан баҳраманд бўлмоқ бахтига эришмоқни истар бўлсанг, оналар оёғи остида тупроқ бўлишни ихтиёр қил”. Чунки оналар ёмонликни ҳеч кимга раво кўришмайди, улар дунёни тугал ва мукаммал кўришни хоҳлайдилар, фарзандлари илмли, доно, зукко ва албатта, соғлом вояга етишини, фаровон ҳаётда умргузаронлик қилишини истайдилар. Болалар бошида алла айтганларида “Тинч ухла, тинчинг ҳеч қачон бузилмасин!” дея ният қиладилар. Демакки, ҳар бир гўдак туғилган хонадонда аёллар тинчлик ва хотиржамлик учун айтиладиган энг ёрқин, гўзал ва бетакрор тириклик қўшиғи – аллани куйлайдилар.

Ислом шариати аёл зотини улуғлаб, уни эрига вафодор ва ёрдамчи, фарзандларга меҳрибон она сифатида қадрлайди. Аёл шаънини юқори даражага кўтариб, уни мадҳ этади ва инсонларни аёлга юксак эҳтиром ва шафқат кўрсатишга чақиради. Ҳадисда айтилганидек: Аёлларга эркаклар ўз туғишган опа-сингиллари каби муносабатда бўлишлари керак. Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 8-оятида хабар бериб шундай дейди :

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا  ...

 (سورة العنكبوت/8)

яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...”.

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада ота-онага яхшилик қилишни буюрар экан, айниқса онанинг ҳомиладор бўлиш даврини машаққат билан ўтказиши ва уни дунёга келтириб, эмизиб, катта қилишдаги қийинчиликларга бардош бериши ҳақида хабар бериб бундай дейди:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ

 (سورة لقمان/14)

яъни: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир.

Муҳтарам жамоат! Онанинг ҳурмати ва даражаси нақадар улуғ ва катталиги ҳақида жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинади, бир киши ҳазрат Расул Акрам (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?”, - деб сўраганида, у зоти шариф: “Онанг”, - дедилар. “Ундан кейин ким?”, - деди. “Онанг”, - дедилар. “Кейин ким?”, - деди. Яна: “Онанг”, - дедилар. “Кейин ким?”, - деди. “Отанг”, - дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳадиси шарифда оналарнинг юқорида тилга олинган ҳомиладорлик, туғиш ва эмизиб бола боқиш давридаги қийинчилик, азоб ва машаққатлари учун уч босқичдаги ҳолатига мувофиқ “Онанг”, - дейилиши оналаримизга ҳар қанча ҳурмат ва иззат кўрсатилса ҳам кифоя этмаслигига далолат қилади.

Бошқа бир ҳадисда она ким бўлишидан қатъий назар унга силаи раҳм қилиш, меҳрибончилик кўрсатиш ва ҳурмат қилиш вожиблиги айтилган. Асмо бинти Абу Бакр (рз.)дан ривоят қилинади, ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида менинг ҳузуримга мушрика онам келди. Мен ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)дан:

"عَنْ أَسماء بنت أبي بكر رضي الله عنهما قالت: قَدِمَتْ عَلَيَّ أُمِّي وهي مُشْرِكَةٌ فيِ عَهْدِ رسول الله صلى الله عليه وسلم فَاسَْتَفْتَيْتُ رسول الله صلى الله عليه وسلم، قلتُ: إِنَّ أمِّي قَدِمَتْ، وهي رَاغِبَةٌ أَفَاصِلُ أُمِّي ؟ قال: نعم، صِلِى أُمَّكِ"

 (متفق عليه).

яъни: “Онам мендан бир нарса умидида уйимга келибди. Унга силаи раҳм юзасидан эҳсон қилсам бўладими?”, - деб сўрадим. У зоти бобаракот: “Ҳа, онангга силаи раҳм қилавер”, - дедилар (муттафақун алайҳи).

Ҳа, ота-она, хусусан меҳрибон ва мушфиқ онанинг фарзандда ҳаққи кўплигини яхши биламиз. Бунга Ибн Можа Абу Умомадан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шариф мисол бўла олади. Бир киши ҳазрат Расул Акрам (с.а.в.)дан ота-онанинг фарзанддаги ҳаққи тўғрисида сўради. Ул зот жавоб бериб:

" هُمَا جَنَّتُكَ وَ نَارُكَ "

яъни: “Ота-она сенинг жаннатинг ёки дўзахингдир (яъни, уларни рози қилсанг жаннатга кирасан, агар уларни ранжитадиган бўлсанг дўзахга равона бўласан”, - деб жавоб бердилар.

Муҳтарам жамоат! Тарихдан маълумки, буюк солиҳа аёлларнинг ҳаётларига назар ташласак, улар эрларига қанчалик ёрдам берганларини, эр-хотинлик ҳаётидаги барча юмушларни ихтиёрий равишда, чин ихлос билан адо этганларини кўрамиз. Ҳазрат Расул Акрам (с.а.в.) қизлари Фотимаи Заҳро эрлари Ҳазрат Али (к.в.)нинг уйларидаги барча хизматларни адо этишни ўзларига шараф деб билганлар. У зотнинг бу гўзал сифатлари барча замон ва маконлардаги ҳамма муслима аёлларга намуна бўлди. Шунингдек, Ҳазрат Абу Бакр (рз.)нинг қизлари, Зубайрнинг хотини Асмо бинти Абу Бакр эрларига хизмат қилиш ва рўзғор юмушларини бекаму кўст бажаришдан асло чарчамаганлар.

Аёл эрининг оилавий ишларида ёрдамчи сифатида унга кўмакчи бўлиш билан бирга оила, фарзанд тарбияси каби ишларда масъул. Оқила аёл бека бўлган оилада дўстлик, иноқлик ва муҳаббат ришталари мустаҳкамланади ҳамда оила аъзоларининг барчалари саодат, ҳузур-ҳаловат ва фаровонликда яшайди.

Ҳозирги замон мусулмон аёли нафақат ижтимоий ҳаётда, балки илм-маърифат, маънавият ва маданият соҳаларида ҳам камолотга эришиш орқали эрига мухлис, солиҳа, вафодор аёл, фарзандларга меҳрибон она, ҳамма ишни эплайдиган уддабурон бўлиши лозим.

Динимиз таълимоти эркакларга ўз аёллари билан хушмуомала бўлиб ҳаёт кечиришни буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло амр этиб бундай дейди:

 ...وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

 (سورة النّساء/19)

яъни: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.

Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

" خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْليِ "

 (رواه الترمذي)

яъни: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.

Муҳтарам азизлар, шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас даргоҳ саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Зеро, оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир. Оила ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, кўз ўнгимизда Она сиймоси шаклланади. Нима деганда оила муқаддаслигини таъминловчи биринчи омил – Она, аҳли аёлнинг покизалиги, оқилалиги, меҳру муруввати, садоқати ва вафодорлигидир.

Оилада аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда ҳам ўзбек оилалари, хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлими, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларига жон куйдирмоқдалар.

Шуни мамнуният билан айта оламизки, Аллоҳга шукрки, мамлакатимизда аёл зотининг ҳурмат, эҳтироми ва нуфузини, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишларда қилаётган ишларини муносиб баҳоланади ва қадрланади, ҳар қайси хонадоннинг уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга доимий равишда алоҳида эътибор қаратилади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда “Аёллар йили”, “Соғлом она ва бола йили” деб номланиб, унинг асосида қабул қилинган Дастурлар орқали оилада меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурмат муҳити, оналикни муҳофаза қилиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўз иқтидорини рўёбга чиқариш учун ҳамда кундалик рўзғор юмишларини енгиллаштириш бўйича зарур шароитлар яратиб келинмоқда.

Келаётган ҳафтада бир кун борки, у ҳам бўлса 8 март куни. Бутун дунё халқлари аёл ҳуқуқи ва ҳурматини жойига қўйиш мақсадида бир йилда бир кунни оналаримиз, опа-сингилларимиз ва турмуш ўртоқларимиз учун ажратиб кўнгилларини бир кўтариб қўяйлик деган мақсадда, яъни яхши мақсадда байрам куни деб белгилаб қўйилган. Бинобарин, буни тўғри қабул қилиб, бу кунни байрамона кайфият билан ўтказишлигимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ота-она ризосини топишга, кекса ва табаррук момоларимиз, онахонларимизни эъзозлашга ва уларнинг дуоларини олиб, уларни хизматида қоим туришга, ота-оналаримизни, опа-сингилларимиз, аёлларимиз, қизларимизни ҳар вақт эъзозлаб, ҳурмат қилишга, уларга меҳрибонлик ва мурувват қанотини ёзишга муваффақ айласин! Омин.

 

Read 6843 times
Download attachments:
Top