Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ الْحَكِيمِ "إِنَّ اَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللهِ أَتْقَاكُم" وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الْكَرِيمِ الَّذِي كَانَ يَقُولُ "وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ

ҲИКМАТНИНГ БОШИ – АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШДИР!

Муҳтарам жамоат! Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, уни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурмат топишига сабаб бўладиган энг улуғ фазилат,  бу – тақводир. “Тақво” арабча сўз бўлиб, луғатда “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. Уламоларимиз тақвога турлича таърифлар берганлар. Уларнинг энг машҳури эса, киши Аллоҳ таолонинг азобидан сақланиши учун,  нафсини каттаю кичик гуноҳ ва маъсиятлардан тийиши – тақводир дейилган.

Бир киши машҳур саҳобаи киром Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан тақво ҳақида сўради. Шунда у зот: “Сен тиконли йўлдан юришга мажбур бўлиб қолсанг нима қиласан?” дедилар. Ҳалиги одам: “Агар шундай йўлдан юришим керак бўлиб қолса, эҳтиёт бўлиб, тиконларни босиб юбормасликка ҳаракат қиламан ёки йўлнинг энг четидан аста юриб ўтиб оламан ёхуд у йўлдан умуман юрмай ортимга қайтиб кетаман” деди. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Мана шу ишинг тақводир” дедилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир юз етмиш бешта ўрнида “тақво” ҳақида сўз юритган. Тақво қилган кишига кўплаб ажру савоблар ва юксак мартабалар ваъда қилинган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ

яъни: “Албатта, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (Наҳл сураси 128-оят).

Тақво қилган кимсанинг ишларини Аллоҳ таоло Ўзи осон қилиб қўяди. Бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مِنْ أَمْرِهِ يُسْرًا

 яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сураси 4-оят).

Тақво қилиш гуноҳларга каффорат бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деган:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يُكَفِّرْ عَنْهُ سَيِّئَاتِهِ وَيُعْظِمْ لَهُ أَجْرًا

яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва унинг мукофотини буюк қилур” (Талоқ сураси 5-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларни жаннатга энг кўп қайси амал киритади деб сўралганда, У Зот: “Аллоҳга тақво қилиш” деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривоятлари).

Қаерда ва қайси жойда бўлишимиздан қатъий назар Аллоҳдан қўрқишга чақириб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي ذرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عنهُ)

яъни: “Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳга тақво қилинг, агар бирорта гуноҳ қилсангиз албатта, унинг ортидан бирор савобли ишни қилинки, қилган гуноҳингизни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, тақводор киши ўзи ёлғиз бўлсин ёки кўпчилик ичида бўлсин, нима иш қилса ҳам уни Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилган ҳолда иш қилади.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу тақво ҳақида шундай деганлар:

التقوَى: هي الخوفُ مِنَ الجليلِ، والعَمَلُ بالتَّنزيلِ، والقناعةُ بالقليلِ، والاستعدادُ لِيومِ الرَّحيلِ

яъни: “Тақво бу – (ҳар бир ишда) Аллоҳдан қўрқиш, Қуръондаги кўрсатмаларга амал қилиш, оз нарсага қаноат қилиш ва дунёдан кетар кун учун тайёргарлик қилишдир”.

Демак, борига қаноат қилиб, дунё тўплашга муккасидан кетмаслик тақводорликнинг бир кўриниши экан.

Тақволи киши назарини Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийиши керак.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

يَا عَلِيُّ لا تُتْبِعْ النَّظْرَةَ النَّظْرَةَ فَإِنَّ لَكَ الأُولَى وَلَيْسَتْ لَكَ الآخِرَةُ

(رواه الْإِمَامُ الترمذي عن جابر رَضِيَ اللَّهُ عنهُ)

яъни: “Ҳой Али биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (Яъни, беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан) иккинчиси эса сени зиёнинггадир” дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, киши ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш асносида ёки кўча-кўйда юришда кўзини ҳадисда баён қилингандек бошқариши ўзига хос жасорат ва тақводорлик белгиси ҳисобланади.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтганлар:

لَيْسَ تَقْوَى اللَّهِ بِصِيَامِ النِّهَارِ، وَلَا بِقَيَامِ اللَّيْلِ، وَالتَّخْلِيطِ فِيمَا بَيْنَ ذَلِكَ،

وَلَكِنَّ تَقْوَى اللَّهِ تَرْكُ مَا حَرَّمَ اللَّهُ، وَأَدَاءُ مَا افْتَرَضَ اللَّهُ

яъни:  “Кундузларини рўза тутиб, кечаларини намоз ўқиб, бошқа пайт гуноҳни содир этиш Аллоҳга тақво қилиш эмас. Ҳақиқий тақво – Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк этиш, У Зот буюрган нарсани бажаришдир” (“Аз-Зуҳдул кабир” китоби).

Тақводор киши қанча савобли амал қилса ҳам уни оз деб билади. Ана ўшанда қилган эзгу амаллари қабул бўлишга яқин бўлади. Унвонул баён китобида қуйидаги ҳикмат ёзилгандир:

إِكْمَالُ الْعَمَلِ اِسْتِقْلاَلُهُ

яъни: “Амални мукаммал қилиш – уни оз санаш билан бўлади”.

Демак, тақводор киши қанча савобли-эзгу амалларни мукаммал қилса ҳам охирида “Бу амални аъло даражада бажара олмадим, мендан бошқа киши бўлганда бу ишни жуда чиройлик ва мукаммал бажарар эди” деб қўйиши – амалидан ғурурланишни кетказади. Натижада, адо этган амалнинг савобини йўққа чиқарадиган нарсалардан омонда бўлади.  

Муҳтарам азизлар! Тақво охират сафари учун энг яхши озуқадир. Кумайл ибн Зиёд ривоят қиладилар: “Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу билан бирга Жаббон қабристони ёнидан ўтиб қолганимизда, у киши қабристонга қараб: “Эй қабрларда ётганлар, эй қоронғуликларда ёлғиз қолганлар, сизларда нима гап? Биздан сўрасангиз, молларингиз тақсимланди, болаларингиз етим қолди, хотинларингиз бошқа турмуш қуришди. Бизда ана шундай хабарлар. Сизларда қандай хабарлар бор?” – деб сўрадилар. Сўнгра менга қараб: – Эй Кумайл, агар уларга жавоб қилиш учун изн берилганида: “(охират сафарига) озуқа олиб келинг, энг яхши озуқа тақводир”, деб айтишган бўлар эди, – дедилар. Кейин эса йиғлаб, бундай дедилар: “Эй Кумайл, қабр амаллар сандиғидир. Буни фақат ўлганингдан сўнг биласан...”.

Имом Абу Лайс Самарқандий “Мукошафатул қулуб” асарида шундай деганлар: “Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади”. Улар:

  1. Тилда. Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан тияди.
  2. Қалбда. Аллоҳдан қўрққан одам қалбида ўзгаларга душманлик хис қилмайди.
  3. Кўзда. Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бошқа хусусларда ҳам кўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади.
  4. Меъдада. Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига ҳаром луқма бермайди.
  5. Қўлда. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, аксинча Аллоҳнинг ризосига уйғун нарсаларга узатади.
  6. Оёқда. Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди.
  7. Итоатда. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун унга итоат этади. Риёдан, инсонларга ўзини ва ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади.

Муҳтарам жамоат! Тақвонинг самараси кишининг ўзига ва фарзандларининг солиҳ инсонлар бўлиб етишишига албатта таъсир қилади. Бунга ўтган салафи солиҳларимиздан жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, буюк муҳаддис олим Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳни олиб қарасак, у зот илм, фазилат ва парҳезкорликда беназир инсон эдилар. Имом Нававий у зот ҳақларида: “Абдуллоҳ ибн Муборак ҳамма улуғликларни ўзида жамлаган имомдир” деганлар.

Ушбу буюк зотнинг отаси – Муборак жуда тақволи киши бўлган эди. У киши ўз хожасини боғида боғбонлик қилар эди. Бир куни хожаси келиб унга: “Ширин анордан олиб чиқинг” – деди. Муборак бир дарахтдан анор келтириб беради. Хожаси уни еб кўрганда нордон чиқади. Шунда, “Сизга ширин анор десам, нордон анорни келтирибсиз, ширин анор келтиринг” – деди. Муборак бошқа дарахтдан анор келтиради. Хожаси уни ёриб кўрганда яна нордон бўлиб чиқади. Хўжайинни бундан ғазаби келади. Бу ҳолат уч бора такрорланади. Шундан сўнг Муборакка хўжайини: “Бир қанча муддатдан бери шу боғда хизмат қилиб, ширин анор қайси дарахтда, нордон анор қайси дарахтда эканини билмайсанми?” – деди. Муборак: “Йўқ” – деб жавоб берди. Мавлоси: “Нима учун” – деди. Муборак: “Сиз менга бу боғдаги хизматларни қил дегансиз, анорларидан ейишимни айтмагансиз. Шунинг учун мен қайси анор ширин ва қайси анор нордонлигини билмайман” деб жавоб берди. Шунда, хўжайини Муборакни парҳезкорликларига қоил қолиб: “Мен ҳали мана шундай тақводор ва парҳезкор кишини хизматкор қилиб юрибманми?” деб, Муборакни хизматдан озод қилиб, бир солиҳа қизини Муборакка никоҳлаб беради. Мана шу парҳезкор жуфтликдан буюк олим ва муҳаддис Абдуллоҳ Ибн Муборак дунёга келадилар.

Шундай экан, ҳар бир киши нима иш қилишидан қатъий назар Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, ўзгани ҳаққидан, айниқса халқнинг ҳақини ейишдан ўзини эҳтиёт қилиш айни муддаодир. Зеро, жамиятнинг мулкини эҳтиёт қилиш, асраш ва унга зиён етказишдан тайилиш лозимдир. Чунки, бир шахснинг мулки учун бу дунёда фақат ўша инсон олдида жавобгар бўлинса, жамият мулкига бутун халқ олдида жавоб беришга тўғри келади. Охиратдаги жавобгарлиги эса, аламли бўлади.    

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқадиган, тақводор ва парҳезкор бандаларидан айлаб, дунё ва охиратимизни обод қиладиган солиҳ амалларга муваффақ қилсин! Омин!

 

 

 

 

 

        

 

 

 

 

Read 4466 times
Download attachments:
Top