Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنَارَ النُّفُوسَ بِطَاعَتِهِ وَعَظَّمَهَا فَأَقْسَمَ بِهَا لِتَرْقِىَ فِي مَنَازِلِ جَنَّتِهِ ثُمَّ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى مَنْ أَرْسَلَهُ اللهُ مُعَلِّماً وَمُزَكِّياً لِلنُّفُوسِ وَمُبَشِّراً وَنَذِيراً وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ

Нафс тарбияси – саодат калити

Муҳтарам жамоат! Динимизда нафсни поклаш, инсон ўзини-ўзи тергаб, эртанги кунга нима тайёрлаганига назар солиб туриши ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Нафс тарбияси энг ҳассос мавзулардан бири бўлиб, бу мавзуда кўплаб олимлар, тариқат машойихлари сўз юритганлар, қатор китоблар ва рисолалар битганлар. Халқимизда “Менинг нафсим балодир, ёнган ўтга соладир” деган мақол бор. Дарҳақиқат, киши нафсини тарбия қилмас экан, оқибати аянчли бўлади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканлигини таъкидлаганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

            يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

яъни:Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир(Ҳашр сураси 18-оят).

Киши тирик экан, нафси билан курашишда мағлуб бўлмаслиги лозим. Киши нафсини жиловлаш учун нафсни тарбия қилган зотларга яқин юриши ва илм ўрганиб, унга амал қилмоғи зарур.

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар:

الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ وَالْعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَواهَا وَتَمنَّى عَلَى اللهِ

(رواه الامام الترمذي)

яъни:Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир(Имом Термизий ривоятлари).

Нафсини тергаб турган кишининг Қиёмат кунидаги ҳисоб-китоби енгил бўлиши ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай деганлар:  

حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا، وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الْأَكْبَرِ وَإِنَّمَا يَخِفُّ الْحِسَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

عَلَى مَنْ حَاسَبَ نَفْسَهُ فِي الدُّنْيَا

(رواه الامام الترمذي)

яъни: “Ҳисобга тортилишингиздан аввал нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва Қиёмат кунига тайёргарлик кўринг. Қиёмат кунидаги ҳисоб фақат дунёда ўзини тергаб турган кишиларгагина енгил бўлади” (Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло жонли мавжудотларни уч тоифада яратган: 1. Фаришталар: Аллоҳ фаришталарга фақат ақл берган, нафсу-ҳаво бермаган. Улар доимий равишда Аллоҳга ибодат қилиб турадилар. Нафслари бўлмагани учун ҳеч ҳам гуноҳ иш қилмайдилар. 2. Ҳайвонлар: Аллоҳ ҳайвонларга ақл бермаган, фақатгина нафс берган. Улар фақат нафсни тўйдириш ғамида бўлади. Ақли бўлмагани учун уларга гуноҳ ёзилмайди. 3. Инсонлар: Аллоҳ инсонларга ҳам ақл, ҳам нафс берган. Уламоларимиз айтадиларки, инсон ақлини нафсидан устун қўйиб, ҳаётини шариатга мувофиқ ўтказса, у фаришталардан ҳам афзал бўлади. Сабаби – нафси бўлатуриб, ақлини нафсидан устун қилди. Аммо инсоннинг нафси ақлидан ғолиб келса ва нафсининг ҳавойи-истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ бўлади. Сабаби – инсон ақли бўла туриб, уни ишлатмади.  

Қуръони каримда нафсини поклаган инсон нажотга эришиши ўн бир ўринда қасам билан зикр қилинган. Нафсни поклаш ҳақида Қуръони каримда такрор-такрор келади:

 قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا 

(سورة الشمس الاية-9)

яъни:ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур(Шамс сураси 9-оят). Бу оят тўғрисида муфассир Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Бу оятнинг маъноси: ким нафсини Аллоҳ таолонинг тоати билан покласа, разил сифатлар ва пасткашликлардан тозаласа, нажот топади, деганидир”.

Бошқа оятда шундай дейилади:

 وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى 

(سورة النازعات الاية 40 – 41)

яъни: “Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Назиат сураси 40-41 оятлар).

Демак, ким Қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан қўрқиб, нафсини гуноҳ ишлардан тийса, унга жаннат ваъда қилинган экан.

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида нафсини поклаган киши имоннинг таъми (ҳаловати)ни татишини хабар бердилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолодан нафсимизни поклашни сўраб дуо қилишни ўргатганлар:

 اَللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا، وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا، أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато қилгин ва уни поклагин! Зеро Сен энг яхши покловчисан! Сен унинг эгаси ва мавлосисан!” (Имом Муслим ривоятлари).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтадилар: Нафсига насиҳат қилиб юрган ва ўзини тергаб туриш одати бўлган банда доимо яхшиликда бардавом бўлади.

Қуръони каримда нафс уч хил сифат билан келган:

  1. Хотиржам нафс – Раббисининг тоати ва амрларига сокин, унинг муҳаббати ва бандалигига хотиржам бўлган нафсдир.
  2. Маломатчи нафс – қўлдан бой берилган яхшилик ва савоблар учун эгасини маломат қилувчи нафс.
  3. Ёмонликка буюрувчи нафс – эгасини шаҳватлар ва ботил нарсаларга ундовчи нафс. Аслида нафс жоҳил бўлиб, тарбия ва поклаш натижасида Аллоҳ таолонинг инояти билан хотиржам нафсга айланади.

Жумҳур уламолар нафсни поклаш, қалб касалликларини ўрганиш уммат учун фарзи кифоя эканлиги, лекин кимда бирор қалб касаллиги бўлса, уни кетказиш йўлларини ўрганиши фарзи айнга айланишини баён қилишган.

Нафсимизни поклаш учун қуйидагиларга амал қилишимиз керак экан:

  1. нафсни риё, ужб (ўзидан фахрланиш), бахиллик, очкўзлик, таъма, охират ҳисоб-китобидан хотиржам бўлиб қолиш каби ёмон иллатлардан поклаш;
  2. нафсни ихлос, инобат (Аллоҳ таолога қайтиш), Аллоҳдан қўрқиш, шукр ва камтарлик каби чиройли хислатлар билан гўзал қилиш;
  3. фарз ибодатларни доимий адо этиб юриш, чунки Аллоҳ таолога фарзлардан кўра севимли амал йўқ;
  4. нафл ибодатларни кўп қилиш, чунки банда нафл ибодатлар билан Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиб бораверади, ҳатто Аллоҳ таоло бандасини яхши кўриб қолади;
  5. Қуръони каримни тадаббур билан қироат қилиш. Зеро, Қуръон тиловати қалбни поклайди, қалб покланса, нафс ҳам покланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам:

 إِنَّ هَذِهِ الْقُلُوبَ تَصْدَأَ كَمَا يَصْدَأَ الْحَدِيدُ إِذَا أَصَابَهُ الْمَاءُ قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا جَلَاؤُهَا قَالَ: كَثْرَةُ ذِكْرِ الْمَوْتِ

 وَتِلَاوَةِ الْقُرْآنِ 

(رَوَى الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ)

яъни: “Бу қалблар ҳам худди темир сув текканда занглагани каби занглайди”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули, нима қалбни сайқаллайди, зангини кетказади?” – дейилди. “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон кўп тиловат қилиш”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари);

  1. илм ўрганиш;
  2. нафсни тергаб туриш ва нафснинг шариатга зид хоҳишларига қарши курашиш. Бу орқали инсон ҳавои нафс, шайтон ва дунё лаззатлари устидан ғолиб келади. Ўтган солиҳлардан бири Ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши ўз нафсини дўстини тергагандан ҳам қаттиқроқ тергаб турмагунча, ейиш-ичиши ва кийими (ҳалолдан ё ҳаромдан экани)ни билмагунича, тақводорлардан бўла олмайди”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари). Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бандага ўз нафсидан насиҳатчи бўлса ва нафсни тергаш эътиборида турса, у доим яхшиликда бўлади”, – деганлар;
  3. солиҳ инсонлар билан суҳбатлашиш ва хулқи бузуқ одамларнинг суҳбатидан четда бўлиш.

Нафсни поклаш натижасида инсон икки дунё саодати, қалб хотиржамлиги ҳамда дин ва тоат-ибодатда собитликка эришади.

Муҳтарам азизлар! Умримизнинг яна бир йили тугаб, янги саҳифаси очилмоқда. Шунинг учун барчамиз ўтган умримиздаги яхши-ёмон ишларимиздан хулоса қилиб, 2021 йилни фақат яхши амаллар, савобли ишлар, дунё ва охиратимиз учун захира бўладиган амали солиҳлар билан ўтказишни мақсад қилмоғимиз лозимдир.

Мўмин-мусулмон киши ҳар кунини қадрига етиб, уни ўтган кунидан кўра кўпроқ ва яхшироқ савобли амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ўтган кундаги ишларига мағрурланиб, ўша билан кифояланиб қолиб, янада кўпроқ ҳаракат қилишга ошиқмаслик – оқил мўъминнинг иши эмасдир.

Албатта, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, байрамни баҳона қилиб шариатимиз ва урфимизга мос келмайдиган ва кўнгилсизликларга сабаб бўладиган ишларга қўл уришдан, хусусан, ичкиликбозлик каби иллатларга берилишдан сақланишимиз, фарзандларимизни эса пиротехника воситаларини ишлатмаслигидан огоҳ этишимиз лозим.

Ўтган йилни сарҳисобини қилиб, 2021 йилда умримизга умр қўшилишини, савоб ва эзгу ишларимизнинг кўпайишини ният қилиб, яқинларимизга ҳам ушбу тилакларни билдириб, жонажон Ватанимизга тинчлик, барқарорлик ва меҳнаткаш халқимизга фаровонлик тилайлик!

Аллоҳ таоло 2021 йилда қилинадиган барча хайрли ишларимизда Ўзи мададкор бўлиб, бу йилда юртимиз фаровонлиги ва динимиз равнақи йўлида кўплаб ютуқларга эришиш ва эзгу амалларни бажаришга муваффақ айласин! Омин!

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси Азиз умрнинг қадрига етайлик!ҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Read 4213 times
Download attachments:
Top