Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

НАМОЗГА ОИД МАСАЛАЛАР БАЁНИ

Муҳтарам азизлар! Маълумки, намоз динимиз устуни ҳисобланиб, унда киши ўз Парвардигорига муножот қилади. Намознинг қадри қанчалар улуғ ва аҳамияти нақадар буюк экани ҳақида бир қанча ояти карималар ва ҳадиси шарифлар мавжуд. Намоз ўқигувчи киши ўз-ўзидан ёмон иллатлардан, ножўя ишлардан тийилади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, намоз – инсонга гўзал тарбия берувчи илоҳий амалдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ

яъни: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур” (Анкабут сураси 45-оят).

Банда тириклигида бажарган ҳар бир амали Қиёмат куни бирма-бир ҳисоб қилинади. Қиёмат куни биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарса намоз бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ

وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ"... (رَوَاهُ الإمامُ الدَّارِمِيُّ وَالإمامُ أَحْمَدُ).

яъни: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар намози яроқли бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар намози яроқсиз бўлса, шубҳасиз, ноумид бўлибди, ютқазибди ...” (Имом Доримий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

            Шундай экан, намозга янада мустаҳкам бўлиб, унга тегишли масалаларни пухта ўрганишимиз айни муддаодир. Акс ҳолда, намозимиз нуқсонли бўлиб қолади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

إِنَّ الرجلَ لِيصلِّي سِتِّينَ سَنَةً، وما تقبلُ لهُ صلاةً، ولعلَّهُ يُتِمُّ الركوعَ ولا يُتِمُّ السُّجُودَ، ويُتِمُّ السُّجُودَ

ولا يُتِمُّ الركوعَ (رَوَاهُ الإمامُ أبو القاسم الأصبهاني عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Шундай кишилар борки, олтмиш йил намоз ўқиса ҳам намози қабул бўлмайди. Сабаби, намоздаги рукуни мукаммал қилиб, саждани тўлиқ қилмаган, ёки саждани мукаммал қилиб, рукуни тўлиқ қилмаган бўлади” (Имом Абулқосим ал-Асбаҳоний ривоятлари).

Бир куни бир одам Набий алайҳиссаломнинг масжидларига кирдида, намоз ўқий бошлади. Намозини ўқиб бўлгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, салом берди. У Зот унинг саломига алик олгач, “Орқангизга қайтинг ва намозингизни бошқатдан ўқинг. Чунки, сиз намоз ўқимадингиз” дедилар. Ҳалиги одам ортига қайтиб намозини бошқатдан ўқиди. Кейин келиб, яна салом берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг саломига аввалгидек жавоб қайтардиларда, яна “Орқангизга қайтиб, бошқатдан намоз ўқинг. Чунки, сиз намоз ўқимадингиз” дедилар. Бу ҳол учинчи марта такрорлангандан кейин бояги одам “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан чиройли ўқий олмайман. Менга ўргатинг” деди. Шунда Расулуллоҳ бундай дедилар:

"إِذَا قُمْتَ إِلَى الصَّلَاةِ فَأَسْبِغِ الْوُضُوءَ، ثُمَّ اسْتَقْبِلِ الْقِبْلَةَ فَكَبِّرْ، ثُمَّ اقْرَأْ بِمَا تَيَسَّرَ مَعَكَ مِنَ الْقُرْآنِ، ثُمَّ ارْكَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ رَاكِعًا، ثُمَّ ارْفَعْ رأسك حَتَّى تَسْتَوِيَ قَائِمًا، ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا، ثُمَّ ارْفَعْ رأسك حَتَّى تستوي وتَطْمَئِنَّ جَالِسًا، ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا، ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ جَالِسًا ، ثُمَّ افْعَلْ ذَلِكَ فِي صَلَاتِكَ كُلِّهَا" فَإِذَا فَعَلْتَ هَذَا، فَقَدْ تَمَّتْ صَلَاتُكَ وَمَا انْتَقَصْتَ مِنْ هَذَا شَيْئًا، فَإِنَّمَا انْتَقَصْتَهُ مِنْ صَلَاتِكَ (رَوَاهُ الإمامُ الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Агар намоз ўқишга турсангиз, мукаммал тарзда таҳорат қилинг, кейин қиблага юзланинг, “Аллоҳу акбар”, деб айтинг, кейин қодир бўлганингизча Қуръони каримдан қироат қилинг, кейин руку қилинг, токи руку ҳолингизда хотиржам туринг, сўнг бошингизни кўтаринг, токи тўғри текис бўлсин (яъни тик туринг), шундан кейин саждага боринг. Сажда қилган ҳолингизда хотиржам туринг, кейин саждадан қайтиб, хотиржам ҳолда бир оз ўтиринг, кейин яна саждага боринг. Сажда қилган ҳолингизда хотиржам туринг (саждадан туришга шошилманг)” (Имом Термизий ривоятлари).

Улуғ тобеъинлардан бўлган Саид ибн Мусаййиб намозда соқолини ўйнаган кишини кўриб: “Бунинг қалби хушуъ қилган (қўрққан)ида эди, аъзолари ҳам тинчиган бўларди”, деган (Имом Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да келтирганлар).

Намозни хушуъ билан ўқимоқчи бўлган киши, намозни бошқа ҳамма нарсадан устун қўйсагина мақсадига эришади.

Азизлар! Намозга тегишли қонун-қоидалар ва масалаларни билиш мана шундай зарур экан, қуйида намозга оид энг зарур масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

Намоз ўқимоқчи бўлган киши ният қилади. Ниятни тил билан талаффуз қилиш тўрт мазҳабда ҳам мустаҳабдир. Баъзилар даъво қилаётганидек, макруҳ эмас. Ният қилгандан кейин бош бармоғини қулоқ юмшоғига теккизиб, “Аллоҳу акбар”, деб намозга киришади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай баён қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا إِفْتَتَحَ الصَّلاَةَ  كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ

حَتَّى يُحَاذِيْ إِبْهَامَيْهِ أُذْنَيْهِ (رواه الإمام الحاكم).

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар”  (Имом Ҳоким ривоятлари).

Эслатма: “Аллоҳу акбар”ни айтишда “Аллоҳ” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Аааллоҳ” деса, ёки “Акбар” сўзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” деса, ёки “ба” товушини чўзиб “Акбааар” деса, намозга кирган бўлмайди, яъни намози бузилади.

 Имом “Аллоҳу акбар”нинг “р”сини айтганидан кейин иқтидо қилувчи “Аллоҳу акбар”ни бошлаши тавсия қилинган. Сабаби, иқтидо қилувчи киши имомдан олдин “Аллоҳу акбар”ни айтиб қўймаслиги керак. Агар имомдан аввал такбири таҳрима айтиб қўйса, унинг иқтидоси ҳам намози ҳам дуруст бўлмайди. Бундай нохуш ҳолат юз бермаслиги учун намозга имом бўлувчи киши ҳам “Аллоҳу акбар”ни чўзмасдан айтиши мақсадга мувофиқ бўлади.

“Аллоҳу акбар”ни айтгандан сўнг дарҳол ўнг қўлни чап қўли устига қўйиб, уларни киндик остида боғлайди. Қўлни киндик остига боғлашга далил бўлувчи ривоятлар кўп бўлиб, қуйида улардан бирини келтирамиз:

عَنْ وَائِلِ بنِ حُجْرٍ رَضِىَ اللهُ عنهُ قَالَ "رَأَيْتُ النبىَّ صلى الله عليه وسلم  وَضَعَ يَمِيْنَهُ عَلَى شِمَالِهِ فِى الصَّلاَةِ تَحْتَ السُّرَّةِ" (اخرجه الإمامُ ابنُ اَبِى شَيْبَة. رجاله ثقات).

яъни: Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим” (Имом Ибн Абу Шайба ривоятлари). “Эълоус сунан” китобида бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир дейилган.

Азизлар! Ҳозирги кунда баъзи ёшлар намозда турганда оёқларини кериб, тўпиғини ёнидаги одамнинг тўпиғига теккизишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, намозда турганда тўпиқни тупиққа теккизиб туриш нафақат ҳанафий мазҳабимизда, балки бошқа мўътабар мазҳабларда ҳам йўқ. Ҳанафий мазҳабимиз бўйича оёқларни ораси тўрт бармоқ миқдорича бўлгани мустаҳабдир. Беморлик ёки семизлик сабабли оёқлар ораси тўрт бармоқдан катта бўлишини зарари йўқ.  

Имомга иқтидо қилган киши “Сано”ни ўқийди холос. “Аъузу” ва “Бисмиллаҳ”ни айтмайди. Ёлғиз намоз ўқигувчи киши эса, “Сано”, “Аъузу” ва “Бисмиллаҳ”ни айтади ва “Аъузу”ни фақат биринчи ракатда, “Бисмиллаҳ”ни эса ҳар бир ракатнинг бошида “Фотиҳа” сурасидан олдин айтади.

 “Бисмиллаҳ”дан кейин “Фотиҳа” сураси ўқилади. Аммо имомга эргашувчи киши “Фотиҳа”ни ўқимайди. Сабаби, имом қироат қилса, эргашувчи ҳам гўё қироат қилган ҳисобланади.

“Фотиҳа”дан кейин имом ҳам, иқтидо қилган киши ҳам махфий ҳолда “Омин” дейди. “Омин”ни махфий айтиш суннатлигига саҳобаи киромларнинг сўзлари ва амаллари далил бўлади. Бу ҳақда Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар:

كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لَا يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ، وَلَا بِالتَّعَوُّذِ، وَلَا بِآمِينَ

(رَوَاهُ الإمام الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَبِي وَائِلٍ رضي الله عنه).

яъни:Али ва Ибн Масъуд разияллоҳу анҳумолар “(Намоз ичидаги) Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумо каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг “омин”ни ичларида айтишлари кучли далил ҳисобланади.

“Омин”дан кейин битта сура ёки учта оят ўқийди. Битта тўлиқ сура ўқиган афзалдир.

Зам сурадан кейин “Аллоҳу акбар”ни айтиб хотиржам руку қилади.

Эслатма: Рукуда эркаклар боши билан орқасини текис қилади, қўл ва оёқларини букмасдан тўғри тутади ва тиззаларини бармоқлари билан ушлаб туради. Бунда бармоқлар ораси очиқ бўлади.

Кейин “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деб бошини рукудан кўтаради, кейин “Роббана лакал ҳамд”, деб хотиржам тик туради.

 Эслатма: Жамоат бўлиб ўқилганда имом фақат “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”ни айтади, иқтидо қилувчи эса фақат “Роббана лакал ҳамд”ни айтади.

Кейин “Аллоҳу акбар” айтиб саждага кетади. Аввал тизза, кейин қўл, сўнгра  пешонаси билан бурунни ерга қўйиб, хотиржам сажда қилади. Бу ҳақда Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

"رأَيْتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَجَدَ يَضَعُ رُكْبَتَيْهِ قَبْلَ يَدَيْه وَاِذَا نَهَضَ رَفَعَ يَدَيْهِ قَبْلَ رُكْبَتَيْهِ"

(رواه الامام أبو داود عن وائل ابن حجر رضي الله عنه(

яъни: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини  кўрдим” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

 Эркаклар сажда пайтида қорнини тиззасидан, билакларини биқинидан узоқ тутади. Саждада қўл бармоқлари бир-бирига ёпишган ҳолда туради. Саждада оёқ ва қўл бармоқлари қиблага қараб йўналган бўлади. Икки сажда ўртасида, хотиржам ҳолатда, қўлларини сонини устига қўйиб бармоқ учларини тизза баробарга  қўйиб, ўтиради. Яна такбир айтиб, хотиржам сажда қилади.

Эслатма: Саждада икки оёқни ердан узилиши кўпчилик ҳанафий уламоларимизнинг наздларида намоз бузилади дейилган. Мўътабар фатво китобларимиздан бири “Фатавои ҳиндийя”да ҳам ушбу маъно қуйидагича таъкидланган:

وَلَوْ سَجَدَ وَلَمْ يَضَعْ قَدَمَيْهِ عَلَى الْأَرْضِ لَا يَجُوزُ وَلَوْ وَضَعَ إحْدَاهُمَا جَازَ مَعَ الْكَرَاهَةِ إنْ كَانَ بِغَيْرِ عُذْرٍ

яъни: “Намозхон сажда қилсаю, оёқларини ерга қўймаса, намози жоиз бўлмайди. Агар сабабсиз икки оёғидан (бирини кўтариб) бирини қўйса, макруҳлик билан намози дуруст бўлади”.

            Икки марта сажда қилишни ўрнига унутиб бир марта сажда қилса ва намозни охиригача қолиб кетган саждани адо қилмаса намози дуруст бўлмайди (“Фатҳу бобил инояҳ” китоби). Намозни тугатмасдан туриб, бир марта сажда қилгани эсига тушса, тезлик билан қолиб кетган бир саждани бажариб қўяди. Масалан бир одам кейинги ракатнинг қироатини қилаётганида биринчи ракатда битта сажда қилгани эсига тушиб қолса қироатни тўхтатиб, “Аллоҳу акбар” деб саждага кетиб, бир бор сажда қилиб, қайтиб туриб, қироатни келган жойидан давом эттириб кетаверади ва охирида саждаи саҳв қилиб қўяди.

Сажда ҳолатида эркакларнинг товонлари бир-бирига тегмасдан туриши суннатга мувофиқ ҳисобланади.

Иккинчи саждадан кейин “Аллоҳу акбар”ни айтиб бошини саждадан кўтаради. Қўли билан ерга таянмасдан туради. Иккинчи ракат ҳам биринчиси каби бўлади. Лекин, иккинчи ракатда “Сано” ўқилмайди, “Аъузу” айтилмайди.

Намозхон иккинчи ракатнинг саждасини қилиб бўлгач, чап оёғини ётқизиб устига ўтиради, ўнг оёғини тикка қилиб, бармоқларини қиблага қаратиб ўтиради. Қўлини тиззалари билан баробар қилиб, сонининг устига ўз ҳолича қўяди.

Кейин “Аттаҳийят” дуосини ўқийди. Биринчи қаъдада “Аттаҳийят”га бошқа нарса қўшилмайди.

Тўртинчи ракатга ўтириб “Аттаҳийят” дуосини ўқийди. Сўнгра, Пайғамбаримизга салот ва салом айтади. Кейин, Қуръон ва ҳадисларда келган дуоларни қилади.

Аввал ўнг, кейин чап тарафга “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, деб салом беради. Қайси томонига салом берса, ўша томонда турганларга салом беришни ният қилади. Шу билан икки ракатли намоз тугайди. Тўрт ракатли намозлар ҳам худди шу тартибда ўқилади, яъни, иккинчи ракатни “Ташаҳҳуд”ини ўқигач, саловатга ўтмайди ва ўрнидан туриб юқоридаги тартибда 3-4-ракатларни ўқийди (“Мароқил фалаҳ” ва “Мухтасарул виқоя” китолари асосида тайёрланди).

Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул айлаб, барчамизга икки дунё саодатини насиб айласин! Омин!

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Тил офатлари” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Read 4784 times
Download attachments:
Top