Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

ИСЛОМ ДИНИНИНГ ФОЛБИНЛИК, СЕҲР ВА “ДУОХОНЛИК” КАБИ АМАЛЛАРГА МУНОСАБАТИ

Муҳтарам жамоат! Сеҳр деганда бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буришни тушунилади. Бундан сеҳргарларни ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатишлари келиб чиқади. Сеҳрни айрим уламолар мана бундай тушунтиришган: сеҳр бу – сеҳргар билан жин ўртасидаги келишувдан иборат бўлиб, унга кўра жин сеҳргарга итоат қилиб, ёрдам беради ва сўраган нарсасини бажаради. Бунинг учун сеҳр қилмоқчи бўлган киши жинга атаб баъзи ҳаром ва ширк амалларни бажариши керак. Бундан эса сеҳр-жоду қилувчилар маъсият, ширк ва куфрдан иборат ишларни қилишлари ва шунга буюришлари маълум бўляпти. Исломдан олдин бу иш жуда ҳам кенг авж олган эди. Жинларнинг айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гапларини ўғринча эшитиб олиб, ердаги фолбинларга етказиб туришган. Қуръон нозил бўла бошлагандан кейин жинлар ва фолбинлар ўртасидаги ушбу муносабатлар ниҳоясига етган. Бу ҳақида Қуръон каримда жинларнинг тилидан шундай дейилади:

 وَأَنَّا كُنَّا نَقْعُدُ مِنْهَا مَقَاعِدَ لِلسَّمْعِ ۖ فَمَن يَسْتَمِعِ الْآنَ يَجِدْ لَهُ شِهَابًا رَّصَدًا

وَأَنَّا لا نَدْرِي أَشَرٌّ أُرِيدَ بِمَنْ فِي الأرْضِ أَمْ أَرَادَ بِهِمْ رَبُّهُمْ رَشَدًا 

(سورة الجن 9-10)

яъни: Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач), кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир учар юлдузни топар. Биз ердаги кишиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз (Жин сураси 9-10-оятлар).

Азизлар! Агар эътибор берсак, сеҳр-жоду билан бирга доим фолбинлик зикр қилинади. Фолбинлик бу – келажакдан, ғайбдан хабар беришдир. Ғайб илми Аллоҳга хос бўлганлиги учун уни даъво қилиш – исломдаги гуноҳи кабиралардан биридир. Сеҳр ва фолбинликнинг ҳар бири гуноҳ жиҳатидан бир-биридан кам бўлмаганлиги учун ҳар иккиси ҳақида бир ҳадиси шарифда умумлаштириб келтирилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

مَنْ أَتَى كَاهِناً أَوْ عَرَّافاً فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ

(رواه الإمام أحمد عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни, “Кимда-ким сеҳр-жоду қилувчи ёки фол очувчига бориб, унинг айтаётган гапларига ишонса, Муҳаммадга нозил қилинган (ислом дини)га куфр келтирибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича, куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 وَعِندَهُۥ مَفَاتِحُ ٱلْغَيْبِ لَا يَعْلَمُهَآ إِلَّا هُوَ...

 (سورة الأنعام 59)

яъни, “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас...” деб марҳамат қилган (Анъом сураси 59-оят).

Яна бошқа бир оятда эса:

عَالِمُ الْغَيْبِ فَلا يُظْهِرُ عَلَى غَيْبِهِ أَحَدًا إِلا مَنِ ارْتَضَى مِنْ رَسُولٍ فَإِنَّهُ يَسْلُكُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ رَصَدًا

яъни, “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар). Бас, албатта, У (Аллоҳ) (ҳар бир пайғамбарнинг) олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатувчи (фаришта) йўллар, – деб марҳамат қилган (Жин сураси 27-оят).

Фолбинлар ҳаттоки Аллоҳ таоло пайғамбарларига ҳам билдирмайдиган ғайб ишларни билишни даъво қилаётган ёлғончи эканликлари шу ердан маълум бўляпти.

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу: “Фолбин – сеҳргардир, сеҳргарлик эса кофирлик аломатларидандир,” – деганлар.

Юқоридаги оят ва ҳадиси шарифлардан маълум бўлишича, сеҳр-жоду, башоратчилик ва бошқа иссиқ-совуқ қилиш каби ишлар шариатимизда қаттиқ қораланган. Ҳаттоки айрим ҳадиси шарифларда келтирилишича, ушбу ишлар ҳалокатга олиб борувчи амаллардан экан. Шунинг учун бу ишларни ҳеч қандай сабаб билан умуман оқлаб бўлмайди.

Азизлар! Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунимизда ҳам фолбинларнинг ҳам жамият, ҳам оилалар тинчлигига раҳна солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Турли “дуохон”, азайимхон ва улар каби бошқа шахслар ҳузурига бориб, ҳам вақтини ҳам нақдини сарфлаш билан бирга Яратганга осий бўлаётган юртдошларимиз ҳали-ҳануз учраб турибди. Уларнинг орасида фарзандларимизнинг тарбиясида ўринлари катта бўлган аёлларнинг кўплиги ташвишимизни яна ҳам орттиради. Жамиятда юз берадиган ажралишларнинг катта қисмига айнан шулар сабабчи бўлади, десак, хато қилмаймиз. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

واتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَىٰ مُلْكِ سُلَيْمَانَ ۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَٰكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ ۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ ۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ ۚ وَمَا هُم بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ ۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ ۚ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ ۚ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ ۚ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ

яъни, “Ва Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут (номли) фаришталарга туширилган нарсаларга (эргашадилар). Ҳолбуки, у фаришталар: "Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз) бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма", демасдан туриб, ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ҳеч фойдасиз, билакс, зарарли нарсаларни ўрганадилар” (Бақара сураси 102-оят).

Демак, улар қадимдан кишини жуфтидан ажратишга ҳаракат қилиб келишган экан. Айнан фолбинлар сабаб эр-хотинлар ўртаси бузилиб кетаётгани каби, қариндош-уруғлар ва қўни-қўшнилар ораси ҳам тобора бузилиб кетяпти. Инсон бошига тушган кулфат, мусибат ёки ўзига етган хасталик сабаб улар ҳузурига боради. Улар эса бу ишларни овсинингиз, қўшнингиз ёки фалончилар сизга қарши ўқитгани, иситма-совутма қилгани сабаб бўлди деб, ўзларини топқир қилиб кўрсатади. Натижада қариндош ва маҳалладошлар орасига совуқчилик тушади. Биз агар бу борада динимиз кўрсатмаларига амал қилсак, имонимиз мукаммал ва Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади. Чунки Парвардигори олам сиз-у бизларни бу дунёда ака-ука ва аҳил-дўст бўлиб яшашга буюргандир.

Ҳозирги пайтда фол очишнинг турлари сон-саноқсиз бўлиб кетди. Карта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказолар... Юқорида айтилгандек, буларнинг ҳаммаси – куфр ишлардир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ أَتَى عَرَّافًا، فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ فَصَدَّقَهُ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلَاةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً

(رواه الإمام مسلم)

яъни, “Кимда-ким фолбинга бориб, ундан бирор нарса сўрасаю ва унинг айтганига ишонса, унинг 40 кунлик намози қабул бўлмайди”, – деганлар. Бу ҳадиси шарифда фолбинга бориш оқибатида қилинган ибодатларни ҳам қабул бўлмаслиги айтилмоқда.

Муҳтарам жамоат! Кўпинча шумланиш ёки бирор нарсани бехосият деб ҳисоблаш одамларда учраб туради. Динимизда бунинг муолажаси берилган. Бунинг учун Аллоҳ таолога таваккул қилиш ва унинг қазои-қадарига имон келтириш керак. Агар шунда ҳам инсоний табиати ғолиб келиб, шумланиш давом этса, бу нарсага енгилиб юравермасдан таваккул қилади. Бу борада ушбу ҳадис ривоят қилинган:

 ثَلَاثَةٌ لَا يَسْلَمُ مِنْهُنَّ أَحَدٌ الظَّنُّ وَالطِّيَرَةُ وَالْحَسَدُ فَإِذَا ظَنَنْتَ فَلَا تَحَقَّقْ إِذَا تَطَيَّرْتَ فَلَا تَرْجِعْ

وَإِذَا حَسَدْتَ فَلَا تَبْغِ 

(رواه الإمام عبد الرزاق في مصنفه)

яъни, “Уч нарсадан ҳеч ким саломат бўлмайди: гумон, шумланиш ва ҳасад. Агар гумон қилсангиз, рўёбга чиқарманг, шумлансангиз қайтманг ва ҳасад қилсангиз, ўзингизни тийинг (ҳасадни рўёбга чиқарманг)” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф”да ривоят қилганлар).

Шунинг учун ёқмаган нарсани кўрганда, инсон “Эй Аллоҳ, яхшиликни келтирувчи ҳам, ёмонликни дафъ қилувчи ҳам Ўзингсан! Сендан ўзга куч ҳам, қудрат ҳам йўқ!” – деб айтишликка буюрилганмиз.  Бу ҳақда Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ عَرَضَ لَهُ مِنْ هَذِهِ الطِّيَرَةِ شَيْءٌ فَلْيَقُلِ "اللَّهُمَّ لَا طَيْرَ إِلَّا طَيْرُكَ وَلَا خَيْرَ إِلَّا خَيْرُكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ

яъни, “Кимда ушбу шумланишлардан бири пайдо бўлса, (Эй Аллоҳ, ёмонлик ҳам яхшилик ҳам фақат сендан. Сендан ўзга илоҳ йўқ), деб айтсин”  деганлар.

Демак, мусулмон шахс сеҳр-жоду қилувчилар, фолбинлар, азайимхон ва “дуохон”ларга бормаслиги ва ишонмаслиги кераклигидан ташқари, уларни ҳузурига етаклаши мумкин бўлган шумланишдан ҳам сақланишлари лозим бўлар экан.

 Аллоҳ таоло барчаларимизни сеҳр-жоду, ирим-сирим ва бошқа гуноҳлардан саломат қилиб, жамиятимиз ва ундаги оилаларни аҳил-иноқ бўлиб яшашга тавфиқ ато этсин!  

Ақидавий масала шарҳи

Аллоҳнинг калом сифати

Муҳтарам азизлар! Маърузамиз давомида ҳозирги кундаги долзарб ақидавий масалалардан бири бўлмиш Аллоҳ таолонинг калом (гапириш, сўзлаш) сифати ҳақида суҳбатлашамиз.

  Ҳозирги кунда баъзи сохта салафийлар Аллоҳ таоло ҳам биз бандаларга ўхшаб ҳарф ва овоз ёрдамида гапиради, демоқда. Ваҳоланки, Аҳли сунна вал жамоа – Мотуридий ва Ашъарий эътиқодида Аллоҳ таолонинг бирор-бир сифати ҳақиқати (моҳияти)да ҳам, кайфияти (кўриниши)да ҳам бандаларнинг сифатларига ўхшамайди. Бу ҳақда мўътабар “Фиқҳул акбар” китобида қуйидаги жумлалар келтирилган:

وصفاتُهُ كلُها بخلافِ صفاتِ المخلوقينَ، يعلمُ لا كعلمِنا، يَقْدِرُ لا كقدرَتِنا، يَرَى لا كرؤيَتِنا، يتكلمُ لا ككلامِنا، ويسمعُ لا كسمعِنا. نحنُ نتكلمُ بالآلاتِ والحروفِ، واللهُ تعالى يتكلمُ بلا حروفٍ ولا آلةٍ. والحروفُ مخلوقةٌ، وكلامُ اللهِ تعالى غيرُ مخلوقٍ

яъни: Аллоҳ таолонинг барча сифатлари яратилганларнинг сифатларидан ўзгачадир. Унинг билиши бизнинг билишимиз каби эмас, қудрати бизнинг қодирлигимиз каби эмас, кўриши бизнинг кўришимиз каби эмас, эшитиши бизнинг эшитишимиз каби эмас. Биз воситалар ва ҳарфлар билан гапирамиз. Аллоҳ таоло воситалар ва ҳарфларсиз гапиради (яъни, уларга муҳтож эмас). Ҳарфлар яратилгандир, Аллоҳ таолонинг каломи яратилган эмасдир.

Демак, юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик таълимотига кўра, Аллоҳ таолонинг эшитиш, кўриш, гапириш ва шу каби сифатларини яратилганларнинг сифати каби деб тушунмаслик керак. Зеро, яратувчи билан яралмишнинг сифатлари асло бир хил бўлмайди. Аллоҳ таолонинг сифатлари унинг илоҳлигига хос ва мос бўлади. Аллоҳ таоло сифатларининг моҳиятини Аллоҳнинг Ўзига топширамиз. Мана шундай қилиш саҳобаи киромлар ва салафи солиҳинларимизнинг йўлларидир. Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида чуқур кетиб улар борасида баҳс қилиш эса бидъатчи кимсаларни йўлидир. Бу ҳақда улуғ аждодимиз Абул Муъин ан-Насафийнинг "Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” китобларида ҳам атрофлича маълумотлар келтирилиб, адашган тоифаларга раддиялар берилган.

Шунингдек, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Аҳли бидъатлар – Аллоҳ таолонинг исм-сифатлари, каломи, илми ва қудрати ҳақида гапирадилар, саҳобаи киромлар ва уларга эргашганлар тилини тийган нарсалардан тийилмайдилар” деганлар.

Хулоса шуки, бу масалада уламоларимиз баён қилиб берган маълумотлар билан кифояланиш ва бу борада чуқур кетмаслик мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом ақидада, ҳақ йўлда собитқадам айласин!

  

Келаси жума маърузаси “Мазҳаблар Қуръон ва ҳадис маҳсули” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Read 4726 times
Top