Жума мавъизалари

     بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС ФАЗИЛАТ

Ҳурматли жамоат! Динимиз бизни солиҳ амалларга буюриш билан бирга намунали ва гўзал ахлоққа ҳам тарғиб этади. Зотан, дин уч нарсадан иборатдир: тўғри ақида, солиҳ амал ва намунали хулқ.  Ана шу мақталган ахлоқлардан бири ҳалимлик ва кечиримлиликдир. Бир сўз билан айтганда кечиримли бўлиш, динимиз таълимотидир. Қуйида бунга далил ўлароқ Қуръони карим оятлари ва суннати набавияда келган далилларни  келтириб ўтамиз:

    خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

яъни: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси 199-оят).

Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз набийсига кечиримли бўлиш, инсонларни яхшиликка буюриш ва жоҳил кишиларнинг гап сўзларига эътибор қилмасликка буюрмоқда. Мўмин инсон ушбу сифатлар билан сифатланса, Аллоҳ таоло Ўз каломида мақтаган тақводорлар қаторида бўлади. Зотан, У Зот шундай марҳамат қилади:

 الَّذِينَ يُنْفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).

Аллоҳ таоло ато қилган раҳмат сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийларга мулойимлик билан муомала қилар эдилар, саҳобийлар ҳам У Зотнинг атрофида жипслашган эдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ

яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 159-оят).

Яъни “Сиз, эй, Муҳаммад, Уҳуд жангида қилган итоатсизликлари ва ҳарбий интизомни бузганликлари учун ёронларингизни жазолаш ёки танбеҳ бериб, дағал муомала билан хафа қилиш ўрнига Менинг Сизга ато этган раҳматим ва шафқатим туфайли уларга юмшоқ муносабатда бўлдингиз. Акс ҳолда улар Сиздан юз ўгириб, ҳатто диндан ҳам қайтиб кетишлари мумкин эди. Мазкур воқеада йўл қўйган хато ва камчиликларини авф этинг ва гуноҳларини кечиришни Мендан сўранг. Мендан кўрсатма берилмаган ишларда улар билан бамаслаҳат иш тутинг. Маслаҳатлашиб бир қарорга келгандан кейин Менга таваккал қилиб ўша ишни амалга ошираверинг. Зеро, Мен барча ишларини Менга таваккал қилган ҳолда қилувчиларни дўст тутаман”, деб Ҳақ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга хитоб қилмоқда.

Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрилган. Демак, кишилар ўзаро бир бирларини кечириши, афв қилишлиги билан жамиятда аҳиллик, бирдамлик ва бир бирини қўллаб-қувватлаш, бунинг натижасида мустаҳкам жамият барпо бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқларида ҳам кечиримлилик ўз аксини топган эди.  Оиша онамиздан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:

لَمْ يَكُنْ فَاحِشًا وَلاَ مُتَفَحِّشًا وَلاَ صَخَّابًا فِي الْأَسْوَاقِ، وَلاَ يَجْزِي بِالسَيِّئَةِ اَلسَّيِّئَةَ، وَلَكِنْ يَعْفُو ويَصْفَحُ

رواه الامام الترمذى والامام احمد

 яъни:Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар(Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Уҳуд ғазотида жароҳат олдилар, муборак юзлари қонади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом юзларидаги қонни артиб, ўтган пайғамбарлардан бирини қавми уриб, жароҳат етказишганини айтиб турганлари кўз ўнгимда турибди. У зот алайҳиссалом:Эй, Аллоҳ! Қавмимни кечиргин, улар билишмаяпти”, дер эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бу воқеа бизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кечиримлилик ва улуғ хулқларини кўрсатади.

Жамият мустаҳкам ва барқарор бўлишида исломий одоб ахлоққа ҳар қачонгиданда муҳтожроқмиз десак муболаға бўлмайди. Жумладан, инсон зотига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ сифат ва фазилатлардан бири – кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал ва ҳушбичим қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у мукаммаллик даражасига етиши мумкин.

Барча гўзал хулқларни ўзларида жам қилган Зот –  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилати борасида шундай деганлар:

مَنْ كَظَمَ غَيْظًا، وَهُوَ يَسْتَطِيْعُ أَنْ يُنْفِذَهُ، دَعَاهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رَءُوسِ الْخَلاَئِقِ، حَتَّى يُخَيِّرَهُ فِي أَيِّ الْحُوْرِ شَاءَ

(رواه الامام الترمذي عن سهل بن معاذ بن أنس الجهني، عن أبيه)

яъни: “Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ривоятлари).

Азизлар! Хабарингиз бор, куни-кеча Президентимизнинг амалий саъй-ҳаракатлари билан “Меҳр-5” операцияси натижасида Суриядаги уруш кетаётган “қайноқ нуқталарга” бориб қолиб, “Ал-Ҳол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди. “Меҳр” инсонпарварлик операциясининг узвий давоми сифатида муборак Рамазон ойи кунлари амалга оширилган ушбу тадбир улкан аҳамиятга эга бўлиб, бунинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Маълумки, ушбу ойда яхшилик, кечиримлилик, ўзгаларга меҳр-оқибат кўрсатиш, адоватни унутиш каби инсоний фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлади. Ана шу жиҳатдан, ушбу тадбир айни вақтида ва ўрнида ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Вақтида Ватан, тинчлик, яқинларининг қадрига етмасдан ўзга юртларга янглиш “жиҳод”, “ҳижрат” иддаолари билан чиқиб кетган инсонлар таъбир жоиз бўлса, халқимиз ҳотиржамлиги ва раванақига номақбул иш қилган эдилар, деб айтсак хато бўлмас. Аммо, халқимизнинг бағрикенглик, пушаймонларни авф этиш ҳислатлари, Давлат раҳбарининг кечиримлилик сиёсатининг ифодаси сифатида айбларига пушаймон эканликлари сабабли уларнинг Ватанга қайтиш, жамиятимиз равнақи йўлида ҳаракат қилишлари учун яна бир бор имкон берилди.

Аслида, “жиҳод”, “ҳижрат” тушунчалари исломда катта аҳамиятга эга. Бу шунчаки ҳар бир киши ўзининг тушунчаси ва хоҳиш-истаги билан амалга оширилаверадиган ишлар эмас. Унинг мазмун-моҳияти, шарт-шароити, мақсад чуқур ўрганилиб, сўнг амалга оширилади. Бу борада етарли билимга эга бўлмаган айрим фуқаролар Сурия, Ироқ ерларига кетиб, фитналарнинг авж олиши, бегуноҳ инсонларнинг, мўмин-мусулмонларнинг қонлари ноҳақ тўкилишига сабаб бўлиши албатта, улкан гуноҳдир. Буни англамаган ёшлар Сурияга чорлаб жар солаётган сохта даъватчиларнинг иддаолари ёлғон экани, ҳолбуки у ерларда жиҳоднинг фарзи айн бўлиши учун белгиланган шартларнинг бирортаси унда мавжуд эмаслигини билмайдилар.

Бугунги кунда қилиб қўйган ишларидан минг пушаймон қилаётган, уруш ўлкаларида хору зор бўлиб, лагерларда асирликда қийналаётган аёллар ва болаларни кечирган Президентимиз ва халқимиз уларга том маънода инсонпарварлик, мўминлик ва мурувват қўлини чўзмоқда.   

Билиб-билмай хато қилган ва бугун қилмишига чин маънода пушаймон бўлиб, Ватанига қайтарилганлар, фарзандларини бағрига босиб, мамлакатимизда қарор топган инсонпарварлик, адолат учун шукроналикларини изҳор этишлари зарур.

 Ҳурматли жамоа! Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги тоқ кечалари – Қадр кечаси изланадиган вақтдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини мақтаб бундай деганлар:

لِلَّهِ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ, مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ

رواه الإمام أحمد عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه

яъни: “Аллоҳга қасамки, Рамазон ойида минг ойдан афзалроқ бир кеча бор. Ким ундан фойдаланиб қолмаса, шубҳасиз (жуда кўп нарсадан) маҳрум бўлибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, Қадр кечасини топиб, уни ибодат билан ўтказган киши 83 йилу тўрт ойлик ибодатдан афзалроқ савоб олар экан. Бу биз уммат учун нақадар катта бахт. Аллоҳ барчамизга насиб қилсин!

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай деганлар:

مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ

رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه

яъни: “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ривоятлари).

         Баъзи ҳадиси шарифларда мана шундай муборак кечаларда ҳамманинг дуоси қабул бўлиши, лекин силаи раҳмни узган, ўзаро аразлашганлар ижобатдан маҳрум бўлиши айтилган. Шу сабаб аразлашганлар шу кунларда ярашиб, яна силаи раҳмни боғлашга астоидил ҳаракат қилайлик.

Азиз юртдошлар! Мана шу кунларда кўпчилик мусулмонлар фитр садақасини беришга шошиладилар. Ҳадиси шарифларда зикр қилинишича бу садақа рўза давомида йўл қўйилган хато камчиликлар тўлдирувчи бўлади.

Фитр садақасини бериш закотга қодир кишиларга вожиб, бошқаларга ихтиёрий ҳисобланади. Уни Рамазон ойи давомида бериш ҳам жоиз, аммо афзали ҳайит намозга чиқишдан олдин беришдир.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин, мана шундай хурсандчилик кунларимизни кўп қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси маъруза “Рамазон ҳайити муборак!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

Read 3331 times
Download attachments:
Top