Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى إخوانه الأنبياء والمرسلين، وعلى آله وصحبه أجمعين، أَمَّا بَعْدُ

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАЙЛИК!

Муҳтарам жамоат! Маълумки, жамиятнинг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқдир. Айниқса аҳолисининг салмоқли ҳиссасини ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу масаланинг аҳамияти янада катта. Албатта, Ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўша оладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Балки уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларни билим-маърифатга қизиқтирадиган шароитлар яратишимиз керак бўлади. Шу билан бирга уларни олий мақсадлардан чалғитувчи ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш ҳам шаръий бурчимиздир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Қуйида ёшларимизни ҳимоя қилишимиз керак бўлган бир нечта иллатларни санаб ўтамиз:

  1. Вақтни бекор ўтказиш. Инсон умри – унинг энг қимматли бойлигидир. Мана шу бойлигини исроф қилган, ундан унумли фойдаланмаган киши икки дунёда ҳам обрў топмайди. Албатта, Аллоҳ таоло инсонга эслатма-ибрат олгудек умр беради, лекин бу умрни бекорга совуриш охирида қаттиқ пушаймонликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ

яъни: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!...” (Фотир сураси 37-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканига таъкидлаб шундай дейдилар:

اغتنم خمسا قبل خمس : شبابك قبل هرمك وصحتك قبل سقمك وغناك قبل فقرك وفراغك قبل شغلك وحياتك قبل موتك  

(رواه الامام الترمذي )

 яъни: Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг! (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).

Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулгу ва гуноҳ ишлар билан эмас, балки билим-маърифат ва касб эгаллаш, ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши керак. Тарихда ном қолдирган барча улуғлар ёшлигини ғанимат билган, ўша даврда керакли билим ва малакани ўзлаштирган зотлардир.

  1. Қимор ва турли ақлни кетказувчи нарсаларни истеъмол қилиш. Барчамизга маълумки, гиёҳванд моддалар ва қимор – ёшларимизнинг келажагини барбод қилувчи нарсалардандир. Қандай қилиб бўлса ҳам, ичишга, чекишга ва қиморга пул топиш пайига тушган киши ҳар қандай разилликка қўл уриши мумкин. Кўпинча бу иллатларнинг охири ўз жонига ёки ўзганинг жонига қасд қилиш билан якунланади. Мазкур иллатларнинг барчаси Қуръони каримнинг битта оятида ҳаром қилинган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси 90-оят).

Кейинги пайтларда интернет (ижтимоий тармоқлар)да қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Қимор ўйнаб хонавайрон бўлган, чиқиб бўлмас кўчага кирганлар талайгина. Бу кишилар бошқаларга ибрат бўлиши керакки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишнинг охири войдир! Шу ўринда ижтимоий тармоқларда зўр бериб қиморни тарғиб қилаётган блогерларга эслатамизки, уларнинг рекламаси сабаб ким қиморга қўшилса, уларнинг гуноҳига  ўша блогерлар ҳам тенг шерик бўладилар.

  1. Маънавий бузуқликлар. Авваллари содда кўринишда бўлган маънавий бузуқликлар бугунги кунда замонавийлашиб, ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб кетди. Ёш авлодни фаҳш домига осонгина тортадиган турли сайт ва каналлар мавжуд. Ёшлигидан бундай виртуал зинога мубтало бўлган ёшларнинг онгидан бу разолатнинг чиқиб кетиши жуда қийин бўлади. Зинонинг ёмонлиги шундаки, жамиятнинг асоси бўлган оилага жиддий ва катта путур етади. Оила қуриб ҳалол покиза яшашнинг аҳамияти камаяди. Насл-насаб бузилади. Шу сабабли динимизда бу катта гуноҳ ҳисобланади. Бирорта илоҳий динларда зино ҳалол бўлган эмас. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом зинонинг ёмонлигини баён қилиб, шундай деганлар:

لايزني الزاني وهو مؤمن

яъни: “Зинокор мўмин ҳолида зино қилмайди” (Имом Муслим ривоятлари).

  Фарзандларимизни бу балодан қутқаришнинг янг яхши йўли, уларни доим назорат қилиб туриш, ёмон дўстларга қўшилиб қолишдан сақлаш, солиҳ инсонлар билан дўстлашишига ёрдамлашиш, бўш вақтларини турли фан ва спорт тўгаракларида ўтишини таъминлашдир.

  1. Шафқатсизлик, қотиллик. Кейинги пайтларда ёшлар ўртасида муштлашув, пичоқбозлик, бир-бирини шафқатсизлик билан калтаклаш ва жонига қасд қилиш вақти-вақти билан учраб турибди. Бу ишларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб қилиш янаям ёмонроқ натижаларга олиб келмоқда. Динимиз эса, нафақат инсон, балки ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқат билан ёндашишга буюради. Аллоҳ таоло машриқу мағрибдаги барча мўмин-мусулмонларни диндош ака-укалар деб эълон қилган. Агар улар ўзаро келишмай қолсалар, уларнинг ўрталарини ислоҳ қилиш савобли иш бўлиб, мўминларни нажот топишига сабаб бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:

 إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

яъни:Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз(Ҳужурот сураси 10-оят).

Фарзандларимизни мўмин-мусулмонларга кечиримли, шафқатли, дўст бўлиб ўсиши учун керакли тарбия ва эътиборни беришимиз керак. Чунки динимизда Аллоҳ йўлида дўст-биродар бўлиш савобли ишлардан ҳисобланади.

Қуръони каримда мўмин бандани қасддан ўлдиришнинг жазоси жаҳаннам экани баён қилинади:

 وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

яъни: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси 93-оят).

Демак, икки мусулмонни гиж-гижлаш, уларни уруштириш эмас, балки уларни ўрталарини келиштириш, яраштириш мақтовга сазовор ишдир.

  1. Динни нотайин кишилардан ўрганиш. Кейинги йилларда ёшларимизни тўғри йўлдан чалғишига сабаб бўлган омиллардан бири ижтимоий тармоқларда беркиниб олган кимсалардан илм олишларидир. Дин илмини ҳар кимдан олинмайди. Уни насл насаби маълум, устози, мазҳаби, эътиқоди маълум кишилардан олинади. Гапираётган гапи бошқа мақсади бошқа одамлар умматга катта зарар келтиради. Мусулмонларни фирқаларга бўлиб ташлайди. Яқинда қўл телефонларига мусулмонларни фитнага солаётган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар номли кишиларнинг марузаларини телефонда сақлаш, тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш келди. Бундан тегишли хулоса чиқариб жавобгарликка сабаб бўладиган ишни қилиб, ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам ташвишга қўймайлик. Таъкидлаш жоизки, айрим кишилар келган хабарга қизиқиб номи зикр қилинган кимсаларнинг видео, аудиоларини қидириб кўришмоқда. Бу хато устига хатодир. Асло бундай қилмаслик керак. Динни ишончли, эътиборли, ҳамма эътироф қилган устозлардан ўрганиш тўғри йўлдир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда баъзилар фарзандларини ўқитиш учун чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртда қаровсиз ҳолда ташлаб келмоқдалар. Натижада, фарзандлари илм олишни ўрнига бефойда ишлар, кимлиги номаълум дўстлар билан қимматли вақтини беҳуда сарфламоқда. Шунингдек, баъзилар эса, фарзандини чет элдаги кимлиги аниқ бўлмаган, эътиқоди ва дину диёнати номаълум шахсларга шогирдликка топшириб келмоқдалар. Шуни унутмаслик керакки, фарзанд баркамол ва эл-юртга хизмат қилиши учун унинг устозини аввало тўғри йўлда ва эътиқодда адашмаган бўлиши ҳамда соҳа мутахассислари томонидан эътироф қилинган шахс бўлиши катта аҳамият касб этади.

Агар устознинг ўзи тарбия ва насиҳатга муҳтож  бўлса, ундан таълим олган шогирддан яхши натижа чиқиши жуда қийин. Сир эмаски, ҳозирги кунда тўғри йўлдан адашган устозлардан таълим олган фарзандлар, ўз ота-оналарини ҳурмат қилмасдан: “Ота-онам фақат мени дунёга келишимга сабаб бўлган холос”, деяётган бўлса, баъзилари ота-онасини имонсизликда айбламоқда. Баъзилари туғилиб ўсган юртига қарши чиқиб, бир қанча муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласиндандир. Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.

Муҳтарам жамоат! Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк олиму алломалар чиқади, иншааллоҳ.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ

(رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришиши, ҳам маънавий, ҳам жисмоний етук бўлиши, инсофли тавфиқли бўлишини насиб қилсин. Ота-оналарига доим раҳмат келтиришини муяссар айласин! Омин!   

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси Ҳусни хулқ ва чиройли муомала – динимиз талаби! мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

 

 

Read 3544 times
Top