Жума мавъизалари

 اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَ الْإِنْسَانَ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِنَا  الَّذِي لاَ يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلاَّ وَحْيٌ يُوْحَى وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ أَمَّا بَعْدُ

БИР ҲАДИС ШАРҲИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, барча яхши амалларда ва гўзал хулқ-одобда бизга намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан қисқа калималар ёрдамида кўп маъноларни ифодалаш фазилати берилган. Манбаларда муҳаддис уламолар тўрт ҳадиси шарифни “Исломнинг мадори” деб тан олганлари келтирилган. Ҳаттоки, Имом Шофеъий  раҳматуллоҳи алайҳ “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тўрт ҳадисдан бошқа ҳадис айтмасалар ҳам, дунёга етар эди”, – деган эканлар. Бугунги суҳбатимизда ана шундай ҳадиси шарифлардан бирини баён қиламиз.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз  алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

مِنْ حُسْنِ إِسْلَامِ المَرْءِ تَرْكُهُ مَا لَا يَعْنِيهِ 

  (رواه الإمام الترمذيُّ)

яъни: “Киши исломининг гўзал бўлиши – ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир” (Имом Термизий ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шариф жумлалари қисқа бўлсада, унинг маъноси дунё яхшилиги ва охират саодатини ўз ичига олгандир. Уламолар таъкидлаганларидек, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳнинг “Жавомиъул калим”ларидан биридир. Яъни қисқа жумлалар билан улкан маъноларни ифодалаш мўжизаларидандир.

Мазкур ҳадиси шариф фойдасиз гапни гапириш, бефойда нарсага қараш, беҳуда нарсаларни эшитиш, фойдасиз нарсаларни ўйлаш каби барча фойдаси йўқ гап-сўз ва ишлардан тийилиш керак эканига ишора қилинмоқда.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул мубин” китобида шундай деганлар:

 وَهَذَا الْحَدِيْثُ رُبْعُ الْإِسْلاَمِ عَلَى مَا قَالَهُ أَبُو دَاوُدَ، وَأَقُولُ: بَلْ هُوَ نِصْفُ الْإِسْلاَمِ، بَلْ هُوَ الْإِسْلاَمُ كُلُّهُ

яъни: “Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳнинг гаплари бўйича, бу ҳадиси шарифга амал қилиш – Ислом динини тўртдан бирига тенгдир. Мен айтаманки, бу ҳадис Исломни ярмига тенгдир, балки Ислом динининг ҳаммасини ифодалайди”.

Демак, мазкур ҳадиси шариф гўё бир мезонки, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзини ушбу мезонга қўйиб, исломи қандайлиги ва динининг қанча қисмига амал қилаётганини билиши мумкин. Шундай экан, кишини исломи гўзал бўлиши учун фойда бермайдиган барча нарсаларни тарк қилиб, фойдали иш ва амаллар билан машғул бўлиши керак бўлади. Табиийки, шариатга ҳамма ҳар хил амал қилади. Кимлардир нафс-ҳавосини хоҳишига юрмасдан эзгу амалларни кўпайтириш туфайли фариштадан ҳам юқори мартабага кўтарилса, кимлардир ҳавои нафс хоҳишларига эргашиб,  эзгу амаллардан юз ўгириш сабабли ҳайвондан ҳам паст мартабага тушади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

 وَالَّذِينَ اهْتَدَوْا زَادَهُمْ هُدًى وَآَتَاهُمْ تَقْوَاهُمْ

яъни: “Ҳидоят топган зотларга эса (Аллоҳ) уларга янада ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур” (Муҳаммад сураси 17-оят).

Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда нарсалардан ўзини тийиб, исломини гўзал қилса, қилган эзгу ишларига савоблар кўпайтириб берилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

إِذَا أحْسَنَ أحَدُكُمْ إسْلَامَهُ: فَكُلُّ حَسَنَةٍ يَعْمَلُهَا تُكْتَبُ له بعَشْرِ أمْثَالِهَا إلى سَبْعِ مِئَةِ ضِعْفٍ، وكُلُّ سَيِّئَةٍ يَعْمَلُهَا تُكْتَبُ لَهُ بِمِثْلِهَا 

(رواه الإمام االبخاري عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)

яъни: “Қачон бирингизнинг исломи гўзал бўлса, қилган ҳар бир яхши амали учун ўн баробардан етти юз баробаргача ёзилади. Қилган ёмонлиги ўз ҳолича ёзилади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳар бир мусулмонга бир яхшилиги учун ўн савоб ёзилиши мавжуд ҳақиқатдир. Ўндан ортиқ бўлиб, то етти юзгача бўлган савоблар эса банданинг исломи, нияти, ихлоси гўзаллигига қараб бўлади.

Киши ўзи учун муҳим ва керакли ишлар билан машғул бўлсагина, исломи гўзаллашади. Аксинча, кераксиз нарсалар билан банд бўлса, умри, ризқи ва вақтидан барака кетади. Қолаверса, соғлигига ҳам путур етади. Дарҳақиқат, баъзи инсонлар ўзларига алоқаси йўқ сўзларни гапириб юришлари ёки ўзлари учун муҳим бўлмаган саволларни кўп сўрашларига гувоҳ бўламиз. Бу уларнинг динлари сустлигидан далолат. Афсуски, ҳозирги кунда кўпчилик ўзаро мулоқот ва ўтиришларида бефойда, беҳуда сўзлар билан вақтларини зое қилмоқдалар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

 لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ

яъни: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир” (Нисо сураси 114-оят).

Демак, ўзаро ўтириш ва мажлисларимизда дунё ва охиратга фойдаси бор масалалар ҳақида гаплашиб, беҳуда ва лағу гап-сўзлардан ўзимизни тийишимиз динимиз талабидир. Қолаверса, ҳар бир гап-сўзимизни фаришталар ёзиб турадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

 مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

яъни: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир (Қоф сураси 18-оят).

Демак, оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзимизга Қиёмат куни ё савоб ёки жазо олишимизни асло унутмаслигимиз керак!

Минг афсуски, бугунги кунда баъзи каттаю-кичик бекорчи ва бефойда гап-сўзлар, ғийбату бўҳтонлар билан машғул бўладиган майдонлардан бири – ижтимоий тармоқлардир. Телеграм, фейсбук, инстаграм, ютуб ва тик-ток каби ижтимоий тармоқларда дунё ва охиратларига фойдаси бўлмаган нарсалар билан кунига соатлаб вақтларини сарфламоқда. Қолаверса, бир нарсани аниқ билмасдан ва уни охирига етмасдан, шу нарса ҳақида фикр билдириб, натижада, бир мусулмонни обрўси тўкилиши, уни айблаш, ғийбат, бўҳтон, шахсиятига тегиш, мусулмон кишини кофирга чиқариш ва ҳақоратлаш каби имони бор кишига асло ярашмайдиган бефойда нарсалар билан машғул бўлмоқдалар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида бундай деганлар:

لَا تُؤْذُوا عِبَادَ اللهِ، وَلَا تُعَيِّرُوهُمْ، وَلَا تَطْلُبُوا عَوْرَاتِهِمْ؛ فَإِنَّهُ مَنْ طَلَبَ عَوْرَةَ أَخِيهِ الْمُسْلِمِ طَلَبَ اللهُ عَوْرَتَهُ

حَتَّى يَفْضَحَهُ فِي بَيْتِهِ 

(رواه الإمام أحمد عن ثوبان رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳнинг бандаларига озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйини ичида бўлса ҳам шарманда қилади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Табиийки, ўзига нисбатан нотўғри тана-дашном ва айбловларни эшитган киши неча кунлар тинчи бузилиб, ҳаловати йўқолади. Бу нарсага сабабчи бўлганлар қаттиқ гуноҳкор бўлиб, бир мўмин-мусулмонга зулм қилган бўладилар.

Шуни унутмаслигимиз керакки, Қиёмат куни ҳар бир ҳатти-ҳаракатимиз ва ёзишмаларимиздан сўраламиз. Аллоҳ таоло Қуъони каримда бу ҳақда бундай деган:

 وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا

яъни: “(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро сураси 36-оят).

Шундай экан, ижтимоий тармоқда бўлсин ёки бошқа жойда, бир нарсага муносабат билдиришда ёки ўзгалар ҳаққига фикр айтишда, жуда ҳам эҳтиёт бўлиб, шариатимиз белгилаган чегарадан чиқмаслигимиз лозим бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб, бир қанча вақтларини зое ва беҳуда сарфламоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Ваҳоланки, ёлғончиликнинг нақадар жирканч эканини Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

 إِذَا كَذَبَ العَبْدُ تَبَاعَدَ عَنْهُ الْمَلَكُ مِيْلاً مِنْ نَتْنِ مَا جَاءَ بِهِ 

(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا).

яъни: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони бадбўйлигидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади” (Имом Муслим ривоятлари).

Азизлар! Ўтган улуғларимизнинг ҳаётларини кўздан кечирадиган бўлсак, улар вақтларини ҳеч исроф қилмасдан дунё ва охират фойдаси учун сарфлаганларини кўрамиз. Улуғларимиздан Абулвафо Ибн Ақил ҳазратлари айтадилар: “Тилим гапиришдан, кўзим китоб мутолаасидан қолган тақдирда ҳам, умримнинг бир лаҳзасини беҳуда ўтказишимни ўзимга муносиб деб билмайман. Дам олиш учун ётган пайтимда ҳам фикримни ишлатиб, ёнбошлаган ҳолимда хотирамдаги нарсаларни хатга тушуришни ўйлайман”.

Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтанлар:

إِذَا أَمْسَيْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ المَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ، وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوْتِكَ

яъни: “Кечга етсанг, тонгни кутма, тонгга етсанг кеч бўлишини кутма. Соғлигингда касаллик учун, ҳаётингда ўлиминг учун насиба ол (яъни, соғлик ва ҳаётингдан унумли фойдалан)” (Имом Бухорий ривоятлари).

Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

اسْتَكْثِرُوا مِنَ الْبَاقِيَاتِ الصَّالِحَاتِ" قِيلَ: وَمَا هِي يَا رَسُولَ اللَّه؟ قَالَ: "التَّكْبِيرُ، والتَّهْلِيلُ، وَالتَّسْبِيحُ، والتَّحْمِيدُ، وَلا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِاللَّه

 (روى الإمام أحمد عَنْ أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)

 яъни: “Боқий қолувчи солиҳ амалларни кўпайтиринглар!” Шунда, нима у эй Аллоҳнинг Расули? деб сўралди. У Зот алайҳиссалом: “Улар такбир, яъни “Аллоҳу акбар”, таҳлил, яъни “Ла илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур расулуллоҳ”,   ҳамд, яъни “Алҳамду лиллоҳ” ва ҳавқала, яъни “ло ҳавла вало қуввата илло биллоҳ” деб жавоб берганлар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Луқмони Ҳакимдан: “Бундай олий фазилатларга қандай эришдингиз?” – деб сўрашибди. У зот: “Рост сўзлаш, омонатдорлик ва фойдасиз ишларни тарк этиш билан эришдим”, дея жавоб берган эканлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ  айтганлар:

مِنْ عَلامَةِ إعْرَاضِ اللَّهِ عَنْ الْعَبْدِ أَنْ يَجْعَلَ شُغْلَهُ فِيمَا لاَ يَعْنِيهِ

 яъни: “Аллоҳ бандасидан юз ўгирганининг аломати, уни фойдасиз ишлар билан машғул қилиб қўйганидир”.

Мўмин-мусулмон киши вақтини аҳли аёли ва фарзандларининг илм-маърифатини ошириш йўлида ҳам банд қилиши ҳам зарурдир. Чунки киши доимий равишда ўзини устида ишлаб, илмини ошириб бориши билан биргаликда қўл остидаги аёли ва фарзандларига билганларини ўргатиши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай деганлар:

 إِنَّ لِأَهْلِكَ عَلَيْكَ حَقًّا، فَأَعْطِ كُلَّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ

 (رواه الإمام الترمذيُّ عَنْ وهب بن عبدالله رضي الله عنه)

яъни:” Албатта хотинингиз ва фарзандларингизни ҳам сизда ҳаққи бор. Шундай экан, ҳар бир ҳақ экасининг ҳаққини адо қилинг!” (Имом Термизий ривоятлари).

Хулоса шуки, мўмин-мусулмон инсон Роббиси олдидаги бурчини ва жамият олдидаги масъулиятини англаб етиб, ана шу бурч ва масъулиятни мукаммал адо этиш учун ҳаракат қилади. Унинг бекорчи ишларга, олди-қочди гапларга, сафсаталарга тоқати бўлмайди. Дарҳақиқат, инсон фойдасиз нарсалар билан вақт ўтказмаса, балки бор вақти, кучи, ғайрати, эътиборини дунёси ва охирати учун манфаатли ишлар, савобли амаллар учун сарф этса, ушбу инсон комил имон соҳибидир. Дунёю охиратда унинг юзи ёруғдир.

Аллоҳ таоло барчамизни Исломимизни гўзал қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси Жаннат ва жаҳаннам васфимавзусида бўлади, иншааллоҳ.

Read 3732 times
Download attachments:
Top