Жума мавъизалари

  بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ҳаммамизга маълумки,  Ислом дини инсонпарварлик, эзгулик динидир. Ҳар доим инсонларга манфаат етказиб, уларга ҳамиша яхшилик қилиб туришликка чорлайдиган гўзал бир диндир. Халққа, инсонларга яхшилик қилишлигимиз нафақат улар учун фойда, балки бизнинг икки дунёда саодатманд бўлишимизга сабаб бўлади. Бежизга ушбу 2017-йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили", деб эълон қилинмади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак ҳадиси шарифларининг бирида шундай деб марҳамат қилинади:

قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: "أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ"

яъни: "Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси-одамларга энг кўп нафи тегувчи инсондир" (Имом Табароний ривояти).

Дарҳақиқат, ўтган азизларимиз, улуғларимиз, шу жумладан саҳоби киромлар, тобеъинлар ҳам Аллоҳ таолодан савоб умидида ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишликка, инсонларга манфаат келтиришликка, савобли амалларни кўпроқ қилишликка мусобақалашишарди. Чунки савобли, хайрли ишларни ҳар куни қилишлик ва ҳар ким қилишлиги лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَلِكُلٍّ وِجْهَةٌ هُوَ مُوَلِّيهَا فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ أَيْنَ مَا تَكُونُوا يَأْتِ بِكُمُ اللَّهُ جَمِيعًا إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

яъни: “Ҳар бир (диндор) учун ўзи юзланадиган тарафи (қибласи) бор. Бас, хайрли ишларда ўзиб кетингиз! Қаерда бўлмангиз, Аллоҳ ҳаммангизни (маҳшаргоҳга) келтиражак. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир”. (Бақара, 148-оят). Қилинган ушбу эзгу ишлар ва амаллар туфайли инсоннинг қалби нурафшон бўлиб, ойдинлашади ва ушбу ёруғ оламга ўзгача бир раҳм-шафқат нигоҳи билан қарай бошлайди.

 Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар:

"من كان في حاجة أخيه كان الله في حاجته"

(رواه البخاري)

яъни: “Ким биродарининг ҳожатини чиқарса Аллоҳ таоло у банданинг ҳожатини раво қилади”. (Бухорий ривояти).

Ҳақиқий мўъмин банда чин ихлос билан, Аллоҳдан савоб умидида доимо халқнинг, инсонларнинг хизматини қилишликка, уларнинг оғирини енгил қилиб дардини олишликка ҳаракат қилади. Албатта, хизматнинг катта-кичиги бўлмайди. Балки хизматнинг чин ихлос билан ёки хўжакўрсинга риё аралаш қилингани бўлади. Ана шундай хўжа кўрсинга, риё аралаш қилинадиган хизматдан Аллоҳ таолониниг ўзи барчаларимизни асрасин.

Ҳурматли намозхонлар! Хизматнинг катта-кичиги бўлмайди дедик. Оддийгина бир мисол: Бизлар масжидга ёки уйга кираётганимизда ичкаридагиларнинг оёқ кийимларини тўғрилаб, тартибга солиб қўйишлигимиз ҳам Аллоҳнинг ҳузурида улкан хизмат, улуғ ажр бор. Ноъмаи аъмолимизга биз учун савоб ёзилишлигига сабаб бўлади. Биз учун бу бир оддий ҳолатдек туйилиши мумкин, лекин қилган ушбу кичкина хизматимиз, амалимиз туфайли Аллохнинг жаннатига дохил бўлишимиз мумкин.

Ислом динида ҳар бир иш ниятга қараб баҳоланади. Бу иш тилнинг иши бўлсин ёки бошқа бўлсин, бу ишларнинг тўғри бўлишида ниятнинг алоҳида ўрни бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ

 إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ

 مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деб айтаётганларини эшитганман”, деди.

Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган барча ишларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Бунда агарчи, шу ишни амалга ошира олмасак-да, лекин яхши ният қилган бўлсак, ниятимиз учун ҳам ажр-савоб олаверамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади.

Ҳурматли жамоат! Барча пайғамбарларга ердаги инсониятни ҳидоят этиш ва уларга эргашганларни яхши ва ёмон кунларида ҳамроҳ бўлишга чақирди. Булардан ушбу кўрсатма биз инсониятга туганмас мерос ўлароқ панду-насиҳатга айланди. Илк бор таъбир жоиз бўлса Аллоҳ таоло ерни обод бўлиши учун ўзи намунали хизмат қилиб берди. Унда ҳазрати инсонни бемалол, шоду-хандон яшаши учун ўзга мавжудотларни унинг хизматига чорлаб қўйди. Бу билан инсонга ушбу омонатларни асраб авайлаш мақсадида умумий қилиб Қуръони каримида кўрсатма берди. 

وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا

яъни: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”.

 Биз турган курраи-замин Аллоҳ таоло томонидан яшашга яроқли қилиб берилди. Бу омонатларни асраб авайлашга  инсонларни турли-туман вазифалар билан хизмат қилишга лойиқ қилди. Хусусан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам оила ва жамият учун қайғурадиган кишиларни дунё ва охиратда даражалари юқори бўлишини билдириб ўтдилар.

Ҳар бир амал ихлос билан қилинса, ўша амал пухта даражада амалга ошади. Чунки Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амал қилган банда доим Аллоҳнинг назоратида экани, бир лаҳза ҳам Унинг назоратидан четта қолиб кетмаслигини ҳис қилиб амал қилади. Бандалар қилаётган ишларида ниятларини тўғри қилиб, ихлос билан бажаришса, шайтоннинг васвасасидан ҳам омонда бўлади. Чунки шайтон зийнатлаб кўрсатадиган гуноҳ ишлардан фақат ихлосли бандаларгина омон қолишади.

Муҳтарам азизлар! Маълумингизким, жорий 2017 йилнинг бошиданоқ кўпдан-кўп хайрли ишлар амалга оширилиб келаяпти. Мана шундай катта ташаббуслар билан амалга оширалаётган хайрли амалларда биз мусулмонлар биринчи сафда бўлишимиз лозимдир. Ислом дини хайрли амалларга шу даражада тарғиб қилганки, нафақат хайрли амални қилган кишини, балки уни ният қилган кишиларни ҳам улкан ажр-савоблар билан тақдирлайди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларининг бирида:

قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: "الدَّالُّ علَي الخَيرِ كَفَاعِلهِ".

яъни: “Яхшиликка далолат қилувчи уни бажаргандек савобга эга бўлади”, деганлар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби” мавзусидаги анжуманда “Ўз болангни ўзинг асра!” деган ғояни илгари сурдилар. Фарзанд тарбияси, камолоти, жамиятимизга, халқимизга муносиб фарзанд қилиб вояга етказиш, унинг келажаги ва истиқболини таъминлашда биз ота-оналарнинг масъулиятимиз катта. Фарзандларимизни ҳам жисмонан ҳам маънан соғлом этиб тарбиялашимиз зарур. Уларни нопок ғаразли кучларнинг найрангларидан асрамоғимиз керак. Биринчи навбатда уларга яхши тарбия одоб-ахлоқ билан бирга уларнинг қобилиятига қараб билим, ҳунар ўргатмоқлигимиз лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларининг бирида: “Ота – она ўз фарзандига яхши одобу-ахлоқдан афзалроқ нарса бераолмайди” дедилар. Шундай экан, биз ота-оналар ўсиб келаётган фарзандларимизнинг тарбиясида доимо шуғулланмоқлигимиз ва уларни асрамоқлигимиз зарур.

Муҳтарам жамоат! Бирлашган  Миллатлар Ташкилоти Қарорига биноан  ҳар йили 26-июнь “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” деб эълон қилинган. Ҳозирги давримизга келиб, инсонларнинг Аллоҳнинг ҳақ йўлидан чекинишлари айрим кимсаларнинг ўз жонларига, молларига, жамиятдаги мавқеъларига катта зарар келтирувчи иллатларга мубтало бўлишларида кўринмоқда. Буларнинг энг ёмони, энг хатарлиси - “аср вабоси” дея машъум ном олган гиёҳвандлик балосидир. Гиёҳвандлик хатарлики, у инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, унинг одамлар орасидаги обрўсини йўқотади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди. Энг фожиалиси, у ўзига Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учраши, эрта ўлим топиши каби кулфатларга учрайди.

Ислом динида ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш қаттиқ қораланган. Гиёҳвандликка учраганлар эса ҳар икки ҳолатдаги зарарда ҳам айбдордирлар. Аллоҳ таоло инсонга бежизга ақл-идрок ва фаҳм-фаросатни ато этмаган. У ақл ёрдамида нима зарару нима фойда эканини аниқлаши, зарардан узоқда бўлиши талаб этилади. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар алайҳиссалом:  маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром экани ҳақида огоҳлантирганлар. Карахт қилувчи нарсаларга эса наша, тарёк, кўкнор каби гиёҳванд моддалар киради. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган ва мусулмонларимиз, ёшларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокат чоҳига отишдан бошқа нарса эмас. Қуръони карим оятлари бундай огоҳлантиради:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ  ...

(سورة البقرة/195)

яъни: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”. Аллоҳ таоло буюряптики, эй инсонлар, ўз жонларингизга қасд қилманглар, турли ҳолатларда ўзларингизни ҳалокатга ташламанглар. Шундай экан, бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиш, зарар етказиши мумкин эмас.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг Ўзи буюрганидай ҳалол ва пок яшашимизни насиб этсин, фарзандларимизни гиёҳвандлик, ичикиликбозлик, кашандалик каби зарарли иллатлар домига тушиб қолишдан асрасин, Ўзининг тақволи, солиҳ бандалари сафидан жой олишимизга муяссар айласин, омин! 

Илова: Муҳтарам имом-домла! Рамазон ҳайити намози 26 июнь душанба куни кун чиққандан 15 дақиқа ўтиб адо этилади. Тошкент шаҳрида соат 5:05да, вилоятларда эса намоз вақтидаги тафовутни инобатга олган ҳолда адо этилади.

Read 4497 times
Download attachments:
Top