Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

 

Муҳтарам жамоат! Маълумки, киши касб қилиш орқали, аввало ўзининг моддий эҳтиёжларини қондиради. Қолаверса, оила аҳлининг нафақаси, қарамоғидаги кишиларнинг таъминотини амалга оширади. Бир сўз билан айтганда, инсон ким бўлишидан қатъий назар, моддий ҳаётини йўлга қўйиши учун бирорта касб билан шуғулланишга мажбур. Аллоҳ таоло сизу биз, мўмин-мусулмонларни ҳалол касб билан шуғулланишга, ҳаромдан ҳазар қилишга буюрган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ﷺ дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عَنِ النَّبِيِّ  صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ:"إنَّ اللهَ طَيِّبٌ لاَ يَقبَلُ إِلاَّ طَيِّبًا، وَ إِنَّ اللهَ أَمَرَ المُؤمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ المُرسَلِينَ، فَقَالَ تَعَالىَ: {يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ}  (سورة المؤمنون/51)، وَ قَالَ تَعَالىَ: {يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ}  (سورة البقرة/172)، ثُمَّ ذَكَرَ صلى الله عليه وسلم الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشعَثَ أَغبَرَ يَمُدُّ يَدَيهِ إِلىَ السَّمَاءِ وَ يَقُولُ يَا رَبِّ ياَ رَبِّ وَ مَطعَمُهُ حَرَامٌ، وَ مَشرَبُهُ حَرَامٌ، وَ مَلبَسُهُ حَرَامٌ، وَ غُذِيَ باِلحَرَامِ! فَأَنىَّ يُستَجَابُ لِذَلِكَ؟"  (رواه الإمام مسلم.

 яъни: У зот ﷺ айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир ва У пок нарсанигина қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрган. У айтганки: Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!(Мўминун сураси, 51-оят) ва яна айтдики:Эй, имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят). Шундан сўнг, Расулуллоҳ ﷺ  бир киши ҳақида айтдилар: “У узоқ (ҳаж) сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзғиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй, раббим, эй, раббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, тарихдан маълумки, пайғамбарларнинг барчаси ҳам зиммаларидаги Аллоҳ таоло томонидан юклатилган элчилик вазифаларини     буюк омонат билан адо этиш билан бир қаторда ўзлари ва оила аҳлларини боқиш учун ҳалол касб билан машғул бўлганлар. Масалан, Одам а.с. деҳқончилик ва тўқувчилик, Идрис а.с. тикувчи ва хаттот, Нуҳ ва Закариё а.с.лар дурадгор, Ҳуд ва Солиҳ а.с.лар тижорат, Иброҳим а.с. деҳқончилик ва тижорат, Довуд а.с. темирчи, Сулаймон а.с. ҳунарманд, Мусо, Шуъайб ва Пайғамбаримиз а.с.лар чўпонлик билан шуғулланганлар.

Инсон учун энг ҳалол касб ўз меҳнати эвазига топилган ризқдир.

 

عَنْ الْمِقْدَامِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَاماً قَطُّ خَيراً مِن أَن يَأكُلَ مِن عَمَلِ يَدِهِ، وَ إِنَّ نَبِيَّ اللهِ دَاوُدُ عَلَيهِ السَّلاَمُ كَانَ يَأكُلُ مِن عَمَلِ يَدِهِ"

(رواه الإمام البخاري).

яъни: Миқдам رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ صلى الله عليه وسلم айтдилар: “Ҳеч ким ўз қўл меҳнати билан топгандан яхшироқ таом еган эмас, дарҳақиқат, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд а.с. ҳам ўз қўл меҳнати билан кун кўрган” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда:

قال رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "لَأَن يَحتَطَبَ أَحَدُكُم عَلَى ظَهرِهِ خَيرٌ مِن أَن يَسأَلَ أَحَداً فَيُعطِيهِ أَو يَمنَعُهُ"

(رواه الإمام البخاري).

яъни: Пайғамбар صلى الله عليه وسلم дедилар: “Бирортангиз елкасига ўтин ортиб юргани бировдан тиланчилик қилиб, у бериб ёки бермаганидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳалол касб-ҳунар орқали тирикчилик ўтказиш ҳам ибодат саналади. Эрта тонгдан кечгача ҳалол ризқ билан оила аҳлини боқиш мақсадида ишлаб ҳорган кимсанинг гуноҳлари кечирилади, дейилган бир ҳадисда. Бошқа бир ҳадисда эса:

عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه قال، قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :"طَلَبُ كَسبِ الحَلاَلِ فَرِيضَةٌ بَعدَ الفَرِيضَة" (رواه الإمام البيهقي في  شعب الإيمان).

яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ صلى الله عليه وسلم: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дедилар (Имом Байҳақий “Шуъабул имон” китобида ривоят қилган).

Муҳтарам азизлар! Инсон ҳалол касб қилар экан, албатта, биринчи навбатда нияти холис бўлиши лозим. Яъни, шу ҳалол касби орқали ўзини ва аҳли оиласини таъминлаши, ўзгаларга қарам ва муҳтож бўлишдан сақланиши, қолаверса, жамиятдаги кишиларга манфаат етказиши, уларнинг оғирини енгил қилиши касб қилишдан кўзда тутилган асосий мақсад бўлмоғи керак. Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар бўлсинки, биз бандаларига ақлу идрок бериб, ҳалол касб йўлларини кўпайтириб ато этган. Давлатимизда ҳам йил сайин иш ўринларини кўпайтириш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, олийгоҳлар, касб-ҳунар коллежлари ва турли ўқув марказлари фаолиятларини йўлга қўйилишидан мақсад ҳам ёшларни касб-ҳунарли қилиб ҳаётларининг фаровон бўлиши ва эл-юрт равнақига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун имконият яратишдир. 

                Зеро, ҳалол касб қилишнинг кўплаб дунёвий ва ухровий манфаатлари бордир. Жумладан, ҳалол касб қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Аъзоларни ибодатга моил этиб, амалларни мақбул бўлишига сабаб бўлади. Ризқда ва умрда барака пайдо қилади. Асосийси, Аллоҳнинг ризосига ва дуоларнинг ижобат бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз صلى الله عليه وسلم улуғ саҳобий Саъд ибн Аби Ваққос رضي الله عنه га қилган насиҳатларининг бирида шундай деган эдилар:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :"يَا سَعدُ أَطِب مَطعَمَكَ تَكُن مُستَجَابَ الدَّعوَةِ" (رواه الإمام الطبراني).

яъни: Расулуллоҳ صلى الله عليه وسلم айтдилар: “Эй, Саъд! Таомингни ҳалол бўлишига эътибор бергин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан” (Имом Табароний ривояти).

Ўз касби ва мансаб-мартабасини суистеъмол қилиш, касбу-корида қалбакиликка, таъмагирликка ўтиш орқали ҳалол бўлмаган йўллар билан кун кўриш айни гуноҳ ишдир. Пайғамбаримиз صلى الله عليه وسلم бу ҳақда шундай дедилар:

 

عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :"وَ الَّذِي نَفسُ محمد بِيَدِهِ إِنَّ العَبدَ لَيقَذِفُ بِلُقمَةِ الحَرَامِ فيِ جَوفِهِ فَلَا يَقبَلُ مِنهُ عَمَلُ أَربَعِينَ يَومًا، وَ أَيُّمَا عَبدٍ نَبَت لَحمُهُ مِن السُّحتِ وَ الرِّبَا، فَالنَّارُ أَولَى بِهِ"

(رواه الإمام الطبراني).

 

яъни: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир” (Имом Табароний ривояти).

Киши бирор касб-ҳунар билан шуғулланар экан, уни пухта ва холис бажармоғи лозим бўлади. Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон борки, у ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олим ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчими, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, Ватаннинг равнақи йўлида, ўз касбидан келиб чиқиб, юртимизнинг келажаги ва ривожланиши йўлида астойдил хизмат қилиши керак. Ўз касбига нисбатан садоқати бўлмаган шахснинг на ишида, на касбу корида барака бўлади, балки унинг бутун ҳаёти беқарорликда ўтади. Модомики, биз буюк келажак сари одимлаётган эканмиз, ҳар биримиз ўз вазифамизга садоқат билан ёндашмоғимиз лозимдир.

Азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда ҳанафий мазҳабимизда намоз вақтлари ва намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Намознинг вақтлари:

1) бомдоднинг аввалги вақти тонг ёришиб уфқда оқликнинг тарқалишидир. Унинг тугаш вақти қуёш чиқишдан олдиндир;

2) пешиннинг аввалги вақти қуёшнинг тик тургандан сўнг оғишидир. Унинг охирги вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунчадир;

3) асрнинг аввалги вақти пешиннинг вақти чиққандан бошлаб киради. Унинг охирги вақти қуёш ботишдан олдинги вақтдир;

4) шомнинг аввалги вақти қуёшнинг ботишидир. Унинг охирги вақти шафақ (қуёшнинг қизиллиги) йўқолган вақтдир;

5) хуфтоннинг аввалги вақти шафақнинг ботишидир. Унинг охирги вақти тонг ёришишидир.

6) витр намозининг аввалги вақти хуфтондан кейин бўлиб, унинг охирги вақти бомдоднинг вақти киришидир.

 

Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар:

  • қуёш чиқаётганда;
  • Туш вақтида қуёш тиккага келганда;
  • қуёш ботаётганда;
  • ушбу вақтларда жаноза намози ва тиловат саждасини ҳам қилиш макруҳ;
  • бомдод намозидан сўнг то қуёш чиққунча нафл намоз ўқиш;
  • аср намозидан сўнг то қуёш ботгунча нафл намоз ўқиш;
  • қуёш чиққандан сўнг 2 ракаат намоз миқдоридаги вақт ўтмасдан нафл намоз ўқиш;
  • қуёш ботгандан сўнг шомнинг фарзини адо қилгунча нафл ўқиш;

имом-хатиб хутба ўқиётганда то хутбасини тугатгунча нафл ўқиш.

 

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини бундан ҳам мустаҳкам қилиб, халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз бахту саодати йўлида садоқат билан хизмат қилишимизни муяссар айласин. Омин!

Read 6677 times
Download attachments:
Top