Жума мавъизалари

(16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни) 

Муҳтарам жамоат! Инсоният тарихига назар ташласангиз, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, уларда тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ноаҳиллик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, балки аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган.

Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамду-лиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.

Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқулилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

  (سُورَةُ الحُجُرَاتِ/13).

яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ислом дини таълимотларига кўра, ҳеч бир эътиқодга инсонлар ёки жамоалар мажбурлаб, зўрлаб киритилмайди. Бу ҳақда Қуръони карим шундай хабар беради:

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى لَا انْفِصَامَ لَهَا وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

(سُورَةُ البَقَرَةِ/256).

яъни: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Бақара сураси, 256-оят).

Муҳтарам азизлар! Муқаддас динимизда бағрикенгликка далолат қилувчи ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бундай деб марҳамат қилганлар:

 عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "تَصَدَّقُوا عَلَي أَهْلِ الْأَدْيَانِ كُلِّهَا"

 (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ أَبِي شَيبَةَ فيِ كِتَابِ مِرقَاةِ المَصَابِيحِ لِعَلِيِّ القَارِي).

яъни: Мулло Али Қорининг “Мирқот ул-масобиҳ” асарида келган хабарда Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар” (Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган).

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ҳазрати Расули акрам (с.а.в) нинг юксак инсоний табиатли диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан кейинги ислом ҳукмдорлари ҳам қатъий амал қилишди. Умар ибн Хаттоб  (р.а) Байтул-Мақдис (Қуддус)га фотиҳ сифатида кирганларида у ернинг масиҳий аҳолиси яҳудийлар билан шаҳарда бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишади. Шунда у киши бунга рози бўладилар. Ваҳоланки, Умар ибн Хаттоб Қуддусни фатҳ қилган, бу шартни қабул қилмасликлари мумкин эди. У киши “Қуддус ул-кубро” черковида турганларида аср намози вақти кириб қолди. Шунда бўлган таклифларга ҳам қарамай, у ерда намоз ўқишдан бош тортдилар. Сабаби, мусулмонлар буни далил қилиб олиб, черковни масиҳийлардан тортиб олиб масжид қилиб олмасликлари учун шундай қилган эдилар. Зеро, тарих китобларида:

"فَقَدْ ذَكَرَتْ كُتُبُ التَّارِيخِ أَنَّ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ اِمْتَنَعَ عَنِ الصَّلاَةِ فيِ الكَنِيسَةِ حَتَّى لَا يَسْلُبَهَا المُسْلِمُونَ مِنَ الرَّهبَانِ بِحُجَّةِ صَلاَةِ عُمَرَ فِيهِ"

яъни: “Тарих китобларида келишича, Умар (р.а.) черковда намоз ўқишдан тўхтадилар, тоинки мусулмонлар Умар (р.а.) черковда намоз ўқиган, деб канисоларини роҳиблардан тортиб олиб масжид қилмасинлар”.

Ислом динига кўра, бошқа эътиқодда бўлган аҳли китобларнинг ибодатхоналари ҳам худди масжидлар каби ҳимояга олинади, уларни бесабаб бузиш ёки бирор зарар етказиш динимизга кўра тақиқланади. Динимиз таълимотига кўра, аҳли китобларни мусулмонлар диёрида турли вазифаларга қўйиш тақиқланмайди. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Жаҳондаги барча динларнинг асл моҳияти тинчлик, жумладан ислом дини инсонларни ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар улар билан тинч-тотув яшашга буюради. Афсуски, бугунги кунда биз жаҳоннинг турли нуқталарида, айниқса Яқин Шарқ мамлакатларида диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида юзага келган қуролли тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, минглаб кишиларнинг ўз бошпаналаридан айрилиб, туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани каби аянчли жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир ёшлар дин ниқоби остида билиб-билмай мана шундай уруш ўчоқларида ўзга дин вакилларини турли қийноқар билан азоблаб, хатто уларни ваҳшиёналик билан ўлдирмоқдалар. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадисларида:

“Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”).

Буюк аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимиз нафақат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик балки дину диёнат, иймон-эътиқод, одобу ахлоқ, меҳру мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феллик, саховат ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда. Мамлакатимиз тарихан кўпмиллатли ўлка бўлгани туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган.

Жорий йилнинг сентябрь ойида мамлакатимизга ташриф буюрган Москва ва Бутун Рус патриархи Кирилл миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.

Шунингдек, 18 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Россия, Буюк Британия, Германия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлар вакиллари иштирок этишди. Жами тўққиз юздан ортиқ киши қатнашган мазкур конференцияга республикамиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, диний соҳа ходимлари, республикада фаолият кўрсатаётган динлар, конфессиялар вакиллари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари ҳам таклиф этилди. Тадбир аввалида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Жумладан, табрикда шундай дейилади:

“Бугунги кунда бутун дунё, айниқса, ислом ҳамжамияти даврнинг таҳликали таҳдидлари билан юзма-юз турибди. Ислом динини сиёсийлаштириш ва мусулмон ёшларни радикаллаштириш борасидаги ўринишлар бундай хатарларни ўта жиддий таҳлил қилиш, баҳолаш ва уларга муносиб жавоб беришни тақозо этмоқда. Дунёдаги айрим доиралар исломга қарши кайфиятни кучайтирган ҳолда, Ислом динини терроризм мафкураси билан боғлашга ўринаётганини минг афсус билан қайд этишга тўғри келади. Бу омил ислом оламини янада жипслашишга чорламоқда. Ислом ҳамжиҳатлиги жаҳондаги кескинликни юмшатишда муҳим роль ўйнаши мумкин”.

Куни кеча мамлакатимиз пойтахти Тошкентда 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан халқаро тадбир бўлиб ўтди.

Муҳтарам жамоат! Ислом дининг асл мақсади ҳам фарзандларимизни илмли, марифатли, бошқа дин вакиллари билан аҳил бўлишга, одоб-ахлоқли хар томонлама етук шахсларни тарбиялашдир. Юртимизнинг кўпгина шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хисмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синвли дамларида ҳам диний асосда можороларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида ўлкан тажрибага эга эканлигидан далолат беради. Шундай экан, биз фарзандларимизни хар томонлама етук бўлиб етиши учун барчамиз масъулдирмиз.

Муҳтарам жамоат! Бугунги жума мавъизамизда масжиднинг одоблари ҳақида зикр қилиб ўтамиз:

- масжидга холис ибодат қилиш ниятида бориш;

- мукаммал таҳорат олиб кириш;

- хушбўйланиб, соч-соқолларни тартибга солиш;

- тирноқларни олиб, ўзини покиза ҳолга келтириш;

- ­авратларни тўлиқ ёпадиган кийимларни кийиш (ҳозирда кўп кўзатилаётган калта кийим ва шимларни кийганларнинг ёпилиши фарз бўлган аврат жойлари кўринаётгани ачинарли ҳолат);

- пиёз ва саримсоқ каби маҳсулотларни истеъмол қилмасдан келиш;

- масжидга барвақт бориб, кеч қайтиш;

- имкон қадар эртароқ келиб, биринчи қатордан сафларни тўлдириб ўтириш;

- одамларни устидан босиб ўтмаслик, жума намозида имомнинг маърузасига диққат билан қулоқ солиб ўтириш;

- беш вақт намоз учун айтиладиган азонларни масжидга бориб, ўша ерда эшитиш;

- масжидга бисмиллоҳни айтиб кириш, масжидга киришда айтиладиган махсус дуо “Аллоҳумма ифтаҳли абваба раҳматик” деб айтиш;

- ўнг оёқ билан кириш;

- ўзига муносиб жойга, агар одамлар кўп бўлса бўш жойга бориб ўтираш;

- агар намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, ўтиришдан олдин икки ракъат суннат бўлган “таҳийятул масжид” намозини ўқиш;

- жума намозига келганда эса, таҳийятул масжид намозини имомнинг маърузасини тинглаётган намозхонларга халал бермайдиган жойга ўтиб (хонақодан ташқарида масалан, айвонда) ўқиш;

- имом-хатиб хутбага чиққанда ҳеч қандай намоз ўқиш мумкин эмас;

- масжидда тинчликни сақлаш ва сокин ҳолда ўтириб, зикрга шўнғиш;

- хонақода саломлашиш ва дунёвий гапларни гапиришдан сақланиш;

- зикру тасбиҳларни ҳам бошқаларга халал берадиган даражада овоз чиқармасдан айтиш;

- жума намозига келганда ғусл қилиш;

- имом домла билан бирга жамоавий дуо ва тасбеҳларни айтиш;

- намоздан сўнг масжиддан ҳамма билан бирга чиқиб кетиш;

- масжиддан чиқишда махсус дуо “Аллоҳумма инни асъалука мин фазликал азим”ни айтиб чиқиш.  

Аллоҳ таоло мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин. Омин!                            

 

17 ноябрдаги жума тезисга ИЛОВА

Муҳтарам азизлар! Куни кеча давлатимиз Раҳбари раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларпрафиликтикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиларган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда ҳар бир маҳалланинг жиноятчиликда холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик холатларига барҳам бериш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган долзарб масалалар белгилаб берилди. Ҳар  бир фуқаро “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғу билан яшаши ғоят муҳим эканлиги таъкидланди.

Барчамиз яхши биламизки, ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Шундай экан, асосий эътиборни ҳуқуқбузарликни оқибатлари билан курашишга эмас, балки, барвақт унинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этишга қаратишимиз зарур бўлади.

Кейинги вақтларда коллеж ва мактаб ўқувчилари ўртасида содир этилаётган жиноятлар ташвиш ўйғотмоқда. Қайд этилишича, биттагина Тошкент шаҳрида ўтказилган рейдлар давомида 22 нафар ўқувчидан ўткир тиғли қурол топилган.

Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Ислом динимизда жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар аниқ  ва равшан белгилаб берилган.

Жумладан Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ...   

(سورة النساء/29)

яъни: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси, 29-оят). Демак, ушбу ояти каримадан маълум бўладики, модомики инсонлар бир бирининг молини ўзларига ҳаром эканлигини билмас экан, жамиятдаги жиноятлар содир этилаверади.

              Яна бир оятда Аллоҳ таоло марҳамат қиладики,

يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ

яъни: «Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман(Муъминун сураси, 51-оят). Шундай экан ҳар бир ота-она ҳалол меҳнат қилиб фарзандларига егизмоқлиги вожиб бўлади. Бу эса фарзандларини келажакда солиҳ ва соғлом бўлишига асосдир.

Шунингдек, жамиятдаги бузғунчилик ва бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиш тўғрисида огоҳликка чақириб Раббимиз шундай дейди:

(فَأَوْفُوا الْكَيْلَ وَالْمِيزَانَ وَلَا تَبْخَسُوا النَّاسَ أَشْيَاءَهُمْ وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا (سورة الأعراف/85

яъни: “Бас, ўлчов ва тарозини тўла-тўкис ўлчангиз, одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва яроқли қилиб қўйилгандан сўнг Ерда бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф сураси, 85-оят).

Динимизда жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишидан қатъий қайтарилган.

 

Муҳтарам имом-домла! Ўтган 10 ноябрь тезисидаги ИЛОВАнинг мазмунини яна бир карра жамоатга эслатишингиз сўралади.

 

Read 7026 times
Download attachments:
Top