Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ИНСОНЛАРНИНГ ЯХШИСИ

(“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”)

Муҳтарам жамоат! Ниҳоясига етиб бораётган “халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланмиш 2017 йилимиз унда халқимиз учун кўплаб манфаатлар ҳосил бўлганлиги билан тарихда қолди. Самимий мулоқотларимиз, ўзаро манфаатларимиз фақатгина бу йил учун эмас балки, довомли бўлмоғига эришайлик. Зеро, динимиз бизларни яхшиликка чорлайди, ўзгаларга яхшилик қилишга даъват этади. Аслида, яхшилик қилиш, ўзгаларга манфаат етказиб яшаш мўмин кишининг ажралмас ва энг асосий сифатидан биридир. Инсонларга яхшилик қилиш ўзини икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ارْكَعُوا وَاسْجُدُوا وَاعْبُدُوا رَبَّكُمْ وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни:Эй имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!(Ҳаж сураси, 77-ояти).

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил интилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар с.а.в. дедилар:

عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الْمُؤْمِنُ يَأْلَفُ وَيُؤْلَفُ، وَ لاَ خَيْرَ فِيمَنْ لا يَأْلَفُ وَ لا يُؤْلَفُ، وَ خَيْرُ النَّاسِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ"

  (رواه الإمام الدارقطني)

яъни: “Мўмин улфат бўлади ва унга улфат бўлинади. Улфат бўлмайдиган ва унга улфат бўлинмайдиган кимсада яхшилик йўқ. Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир” (Имом Дору Қутний ривояти). Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан келган бошқа ривоятда Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар:

عَن عَبدِ الله بن عمر رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أحبُّ الناسِ إلى اللهِ أنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ وأحبُّ الأعمالِ إلى اللهِ عزَّ وجلَّ سُرُورٌ يدْخِلُهُ على مسلمٍ أوْ يكْشِفُ عنهُ كُرْبَةً أوْ يقْضِي عنهُ دَيْنًا أوْ تَطْرُدُ عنهُ جُوعًا ولأنْ أَمْشِي مع أَخٍ لي في حاجَةٍ أحبُّ إِلَيَّ من أنْ اعْتَكِفَ في هذا المسجدِ يعني مسجدَ المدينةِ شهرًا ومَنْ كَفَّ غضبَهُ سترَ اللهُ عَوْرَتَهُ ومَنْ كَظَمَ غَيْظَهُ ولَوْ شاءَ أنْ يُمْضِيَهُ أَمْضَاهُ مَلأَ اللهُ قلبَهُ رَجَاءً يومَ القيامةِ ومَنْ مَشَى مع أَخِيهِ في حاجَةٍ حتى تتَهَيَّأَ لهُ أَثْبَتَ اللهُ قَدَمَهُ يومَ تَزُولُ الأَقْدَامِ وإِنَّ سُوءَ الخُلُقِ يُفْسِدُ العَمَلَ كما يُفْسِدُ الخَلُّ العَسَلَ"

(رواه الامام البخاري)

яъни: “Инсонларнинг ичида Аллоҳ таолога энг севимлиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир. Амалларнинг ичида Аллоҳ таолога энг севимлиси мусулмоннинг қалбига ҳурсандлик киритиш ёки ундан бирор ташвишни кетказиш ёки унинг қарзини ёпиш ёки ундан очликни қувиш. Мен учун биродаримнинг ҳожатини чиқариш мақсадида у билан бирга юриш ушбу масжидда – яъни, Мадинаи мунавварадаги масжидда – бир ой эътикоф ўтиришданг кўра яхшироқдир. Ким жаҳлини тийса Аллоҳ таоло унинг айбини ёпади. Ким ўч олишга қодир бўла туриб ғазабини ютса Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг қалбини умидга тўлдиради. Ким биродари билан унинг ҳожатини чиқариш учун юрса ва уни уддаласа, Аллоҳ таоло қадамлар тоябиган кунда унинг қадамини собит қилади. Дарҳақиқат, ёмон хулқ ҳудди сирка асални айнитганидек, амални бузади” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам азизлар! Инсонларга манфаат етказишда Пайғамбаримиз с.а.в. барчамизга ибрат бўлганлар. У зот Пайғамбар бўлмасларидан олдин ҳам муҳтожларга ёрдам берар, етимларнинг бошини силар, чорасизларни қўллаб қувватлар эдилар. Ҳиро ғорида Жаброил а.с. биринчи марта ваҳий олиб келганларида Расулуллоҳ с.а.в. бундан саросимага тушиб Ҳадича онамиз р.а.нинг олдиларига борадилар ва:

عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَقَدْ خَشِيتُ عَلَى نَفْسِي" فقالَتْ له: كَلَّا أَبْشِرْ فواللَّهِ لا يُخْزيك اللَّهُ أبدًا إنك لَتَصِلُ الرَّحِمَ وَتَصْدُقُ الحديثَ وَتَحْمِلُ الكَلَّ وَتَقْري الضيفَ وَتُعينُ عَلَى نَوائبِ الحَقِّ"

(رواه الإمام البخاري)

яъни: “Мен ўз жонимдан хавотирга тушиб қолдим”, дедилар. Шунда, Ҳадича р.а.: “Ундай эмас, сиз хурсанд бўлинг. Аллоҳга қасамки, У сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймайди. Чунки, сиз силаи раҳм қиласиз, рост гапирасиз, чорасизнинг юкини енгил қиласиз, меҳмонга ҳурмат кўрсатасиз, ҳақиқат томонида туриб ёрдам берасиз”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда кишининг умумхалқ манфаати учун қилган барча амаллари энг савобли ишлардан саналади. Агар, бу қилган ишлари унинг вафотидан кейин ҳам жамиятга манфаат етказаётган бўлса, у ҳолда унинг савоби марҳумнинг номаи амалига ёзилишда давом этаверади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:

عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ أَنَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِذَا مَاتَ اِبنُ آدَمَ اِنقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ: صَدَقَةٌ جَارِيَةٌ أَو عِلمٌ يُنتَفَعَ بِهِ أَو وَلَدٌ صَالِحٌ يَدعُو لَهُ"

(رواه الامام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Қачон Одам боласи ўлса унинг амали узилади, фақат учта жиҳатдан узилмайди: садақаи жория, фойдали илм, унинг ҳақига дуо қиладиган солиҳ бола” (Имом Муслим ривояти). Садақаи жориянинг турлари ҳақида Расулуллоҳ с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عَن أَنَسٍ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "سَبعٌ يَجرِي لِلعَبدِ أَجْرُهُنَّ وَ هُوَ فيِ قَبْرِهِ بَعدَ مَوتِهِ: مَنْ عَلَّمَ عِلْماً  أَو أَجْرَى نَهْراً  أَو حَفَرَ بِئْراً  أَو غَرَسَ نَخْلاً  أَو بَنَى مَسْجِداً  أَو وَرَّثَ مُصْحَفاً  أَو تَرَكَ وَلَداً يَسْتَغْفِرُ لَهُ بَعْدَ مَوتِهِ" رواه الإمام البزّار

яъни: Анас р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Бандага вафотидан кейин ҳам қабрига савоби бориб турадиган еттита амал бор, улар: ким илм ўргатган ёки ариқ қазиб сув оқизган ёки қудуқ кавлаб сув чиқарган ёки хурмо (дарахт) эккан ёки масжид қурган ёки мусҳафни мерос қолдирган ёки вафотидан кейин унинг ҳақига истиғфор айтадиган фарзанд қолдирган бўлса” (Баззор ривояти).

         Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в.:

عَن أَبيِ هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ أَنَّ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ"

 (رواه الامام مسلم)

Яъни, “Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, - деб марҳамат қиладилар (Имом Муслим ривояти).

Муҳтарам азизлар! Поёнига етиб бораётган ушбу “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да муҳтарам Президентимиз бошчилигида халқимизнинг яхши яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, янгидан-янги қулайликларнинг барпо этилгани ҳамда кўпгина соҳаларни тубдан ислоҳ қилингани барчамизга сир эмас.

- Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар халқимиз турмуш тарзида туб бурилиш ясади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ», деган олижаноб ғоя устуворлик касб этиб, давлат ҳокимияти бошқарувида мутлақо янги тизим – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ташкил этилди, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизими яратилди.

- Президентимиз ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаракатга келтирувчи кучга айланди.

- Йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган даъват замирига қурилди. Бу эса юртдошларимиз қалбида акс-садо бериб, барчамизни Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этишга руҳлантирди.

- Ўзбекистонда диний-экстремистик оқимларга мансуб деб ҳисобланган фуқаролар мазкур рўйхатдан чиқарилиб, жамиятга, оилаларига қайтарилди.

- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади, унга асосан кўпгина ногиронлиги бўлган фуқароларимизга уй-жой ва моддий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармонига кўра Ўзбекистонда илк бор судланган 2700 кишига нисбатан авф қўлланилди.

- Диний соҳада ҳам кўпгина ўзгаришлар амалга оширилди, уларнинг энг охиргиси ва оламшумул бўлган янгилик бу – муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча 15 декабрь куни Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш тўғрисидаги Фармонни имзолашидир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси нодавлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасига муассислик қилади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилиб, барчамизни яхшилик ва савобли амалларни бажаришга муваффақ айласин! Омин!

Read 7435 times
Download attachments:
Top