Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ФОЛБИНЛАРГА ИШОНМАНГ

Муҳтарам биродарлар! Жамиятимиздаги баъзи кишилар ружу қўйган, эътиқодга зид бўлган амал фол очтириш, фолбинлик билан шуғулланишдир. Динимизда фолбинларга ишонишдан қаттиқ қайтарилган ва буни ширкка тенглаштирилган. Чунки, фолбин ғайбни билишини даъво қилади, фолбинга борган эса, бунга ишонади ва оқибатда иккиси ҳам оғир гуноҳкор бўлади. Аллоҳ асрасин, ҳатто бу ҳолатда имондан чиқиши ҳам мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أَنْزَلَ عَلَى مُحَمَّدٍ

(رواه الامام الترمذي)

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса Муҳаммад с.а.в.га нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Термизий ривояти). Ғайбни билиш ва инсонларнинг тақдири борасидаги илмлар фақатгина Аллоҳ таолога хосдир. “Аъроф” сурасининг 188-оятида шундай дейилган:

 قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

яъни: “Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман”, дейилган.

         Мусулмон киши фолбинларнинг гапига ишониши, уни тасдиқлаши соф ислом ақидасига зид эканлигини билиб олмоғи лозим. Зеро, аҳли сунна вал жамоа ақидасини ёритиш борасида машҳур бўлган Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовийнинг “Ақидатут Таҳовия” китобида шундай жумлалар бор:

وَلَا نُصَدِّقُ كَاهِناً وَلَا عَرَّافاً وَلَا مَنْ يَدَّعِيْ شَيْئاً يُخَالِفُ الْكِتَابَ وَالسُّنَّةَ وَإِجْمَاعَ الْأُمَّةِ

яъни: “Фолбин ва топқирларнинг шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз”. Бунга далил қуйидаги ҳадисдур:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ علَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ 

(رواه الامام البخاري)

яъни: Оиша р.а. ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ с.а.в.дан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

         Муҳтарам азизлар! Пайғамбаримиз с.а.в.дан фолбинларга бориш ва уларга ишонишдан қайтаришга оид кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Қуйида шулардан баъзиларини келтирамиз. Расулуллоҳ с.а.в.нинг аёлларидан бири ривоят қиладилар:

مَنْ أَتَى عَرَّافاً فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلَاةٌ أَرْبَعِيْنَ يَوْماً

(رواه الامام مسلم)

яъни: Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа қирқ кунлик намози қабул бўлмайди” (Имом Муслим ривояти).

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ الْحَكَمِ السَّلْمِيْ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي حَدِيْثُ عَهْدٍ بِجَاهِلِيَّةٍ، وَقَدْ جَاءَ اللهُ بِالْإِسْلاَمِ وَإِنَّ مِنَّا رِجَالاً يَأْتُونَ الْكُهَّانَ، قَالَ: فَلاَ تَأْتِهِمْ

(رواه الامام مسلم)

яъни: Муовия ибн ал-Ҳакам ас-Саламий р.а. ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ! Мен жоҳилиятдан эндигина чиқдим. Аллоҳ таоло бизга ислом динини келтирди. Биздаги баъзи кишилар фолбинларнинг олдига борадилар, дедим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Уларга айтинг, бормасинлар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

         Маълумки, динимизда фолбинликни қораланишининг боиси, унинг жамият учун бир қанча моддий, маънавий, ахлоқий, эътиқодий зарарлари борли учундир. Зеро, фолбинлик орқали топилган мол ҳаром, фолбинга берилган пул исрофдир. Қуйидаги ҳадис бунга далил бўлади:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ لِأَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ غُلاَمٌ يُخَرِّجُ لَهُ الْخَرَاجَ فَكَانَ أَبُو بَكْرٍ يَأْكُلُ مِنْ خَرَاجِهِ فَجَاءَ يَوْمًا بِشَيْءٍ أَكَلَ مِنْهُ أَبُو بَكْرٍ فَقَالَ لَهُ الْغُلاَمُ: تَدْرِيْ مَا هَذَا؟ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: وَمَا هُوَ؟ قَالَ: كُنْتُ تَكَهَّنْتُ لِإِنْسَانٍ فِي الْجَاهِلِيَّةِ وَمَا أُحْسِنُ الْكَهَانَةَ إِلَّا أَنِّي خَدَعْتُهُ فَلَقِيَنِي فَأَعْطَانِيْ بِذَلِكَ فَهَذَا الَّذِيْ أَكَلْتَ مِنْهُ  قَالَتْ: فَأَدْخَلَ أَبُو بَكْرٍ يَدَهُ فَقَاءَ كُلَّ شَيْءٍ فِي بَطْنِهِ

 (رواه الامام البخاري)

 яъни: Оиша р.а. айтадилар: Абу Бакр р.а.нинг унга харож ишлаб берадиган қули бор эди. Абу Бакр унинг берган харожидан ер эдилар. Бир куни у бир нарса олиб келди ва Абу Бакр ундан едилар. Шунда қул: Буни нима эканлигини биласизми? – деди. Абу Бакр: Бу нима эди? – деб сўрадилар. Қул: Мен жоҳилият вақтида бир одамга фол очган эдим. Ўзим фолбинликни билмайман, аммо уни алдаган эдим. Ҳозир келиб менга ўшанинг ҳақини бериб кетди. Еганингиз ўшандан эди, деди. Шунда Абу бакр қўлини оғзига тиқиб, қорнидаги ҳамма нарсани қайт қилиб ташлади (Имом Бухорий ривояти).

Фолбинларнинг ёлғон маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти, ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларидан бадгумон бўлиши каби нохуш ҳолатлар ҳам ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи инсофу тавфиқ бериб, бундай шариатимиз ман этган ишлардан йироқ бўлмоғимизга муяссар айласин. Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида қазо намозига оид баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.

  • Киши ухлаб қолиб ёки унитиб бирор намозни қазо қилиб қўйган бўлса, уйқудан уйғониши ёки эсига тушиши билан кечиктирмай уни ўқиб олиши лозим;
  • Қазо намози ҳам худди вақтида ўқиладиган намоз каби азон ва иқомат айтиб ўқилади. Бир нечта қазо намозларни ўқимоқчи бўлган киши бошида азон ва иқомат айтиб, қолганларини иқоматни ўзи билан ўқиса ҳам бўлади;
  • Қазо намозларнинг фақат фарзлари ва хуфтоннинг витри ўқилади, суннатлари қазо қилинмайди. Бугунги бомдод намозининг қазосини завол вақтигача ўқийдиган киши суннатини ҳам бирга қазо қилиб ўқийди, заволдан кейинга қолса фақат фарзи ўқилади;
  • Қазо бўлган намозга қуйидагича ният қилинади: (Масалан, бомдод намозининг нияти) “Ният қилдим қазо бўлган бомдод намозининг фарзини ўқишни, юзимни қиблага қаратган ҳолда, холисан лиллоҳи таоло аллоҳу акбар”.
  • Мусофирликда қазо бўлган намозни қазосини муқимликда бўлса ҳам қаср қилиб ўқийди. Муқимликда қазо бўлган намозларнинг қазосини мусофирликда бўлса ҳам тўлиқ қилиб ўқийди;
  • Қазо намозларни куннинг уч маҳалида яъни, қуёш чиқаётган, қиёмга (тиккага) келган ва ботаётган вақтлардан бошқа барча вақтларда ўқиса бўлади.
Read 5566 times
Download attachments:
Top