Жума мавъизалари

2018 йил 13 апрель кунининг жума мавъизаси тезиси


 

بسم الله الرحمن الرحيم

КАСБГА САДОҚАТ 

Муҳтарам жамоат! Инсон ҳаёти давомида касб қилиши зарурий амал бўлгани учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бунга катта аҳамият қаратилган. Аллоҳ таоло Жумъа сурасида шундай марҳамат қилган:

 فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ

وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

(سورة ﺍلجمعة/10آية).

яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жума сураси 10-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларни ибодатларини адо этиб бўлгандан кейин ер юзига тарқалиб, ризқ йўлида саъй-ҳаракат қилиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло ризқнинг йўлларини кўпайтириб қўйган. Банда ўша йўлларга кириши, ризқ келиши сабабларини бажо келтириб, заминга сочиб қўйилган ризқини исроф қилмай териб ейиши керак.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ مِنْ أَطْيَبِ مَا أَكَلَ الرَّجُلُ مِنْ كَسْبِهِ"

 (رواه الإمام أحمد)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз, киши ризқланадиган нарсаларнинг энг ҳалоли ўз касби орқали еган нарсасидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Касблар ҳар хил бўлади. Ҳалол – покиза касблар ҳам бор, ҳаром – жирканч касблар ҳам бор. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  يَقُولُ: إِنَّ الْحَلالَ بَيِّنٌ ، وَإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى، أَلا وَإِنَّ حِمَى اللَّهِ مَحَارِمُهُ، ألا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلا وَهِيَ الْقَلْب"

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

Машҳур саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича у зот шундай деганлар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар очиқ – ойдиндир. Ҳаром нарсалар ҳам очиқ ойдиндир. У иккисининг ўртасида эса шубҳали нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Ким шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса динини ва обрўсини покиза асраб қолади. Аммо ким шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, ҳаромга ҳам тушиб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида подасини ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди-ки, унинг қўйлари сал қолса ўша қўрғонга кириб кетади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўғони бўлади. Огоҳ бўлинг Аллоҳнинг қўрғони унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг жасадда бир парча гўшт бор, агар у соғлом бўлса бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, бутун жасад бузулади. Огоҳ бўлинг ўша бир парча гўшт қалбдир” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадис мазмунидан инсон нафақат ҳаромдан сақланиши, балки ҳалол ёки ҳаромлиги иштибоҳли, ноаниқ бўлиб қолган шубҳали нарсалардан ҳам эҳтиёт бўлиши зарур экани тушунилади. Ҳалол-ҳаромлиги ноаниқ бўлган нарсалардан йироқ юриш кишининг тақвосига далолат қилади.

Динимизда ҳалолдан ризқ қидириш ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади.

عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ الله عَنْهُ، أَنَّهُ أَخْبَرَهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  قَالَ: "إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا، حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ"

(رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِم)

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта сен аҳлингга Аллоҳнинг розилиги йўлида қилган ҳар қандай нафақага ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингни оғзига тутган луқмага ҳам”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُمَنْ أَمْسَى كَالَّا مِنْ عَمَلِ يَدَيْهِ أَمْسَى مَغْفُورًا لَهُ.

(أَخْرَجَهُ ابْنُ أبِي شَيْبَةَ فِي الْمُصَنَّفِ وَالطَّبَرَانِي فِي الأَوْسَطِ)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким меҳнат қилиб, хориб чарчаган ҳолда тунаса гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди”, деганлар (Ибн Аби Шайба “мусаннаф”да, Табароний “мўъжамул авсат”да ривоят қилган).

Демак, киши ризқ талабида ва ҳалол касб излаб, қандайдир ташвиш ва машаққат чекса, мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам гуноҳларга каффорат бўлиши айтилмоқда. Бу каби ҳадиси шарифлар ҳалол ризқ талабида ҳаракат қилиб, вақтинча бир қийинчилик ҳолатини бошдан кечираётган кишиларнинг руҳиятига тетиклик бағишлайди. Инсон ушбу кўрсатмаларга амал қилар экан маиший ҳаёти тартибга тушади, ҳам ажр савоб олади, ҳам гуноҳлардан покланади.

Динимиз пешона тери билан топилган мол-мулкни энг яхши амаллардан эканлигини таъкидлаш балан бирга ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик, тиланчилик, ўзгаларга юк бўлиш каби иллатларни қаттиқ танқид остига олади.

عَنْ أَبِي هُرْيَرَةَ  رضي الله عنه قَالَ :  قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم" لأَنْ يَحْتَزِمَ أَحَدُكُمْ حُزْمَةً مِنْ حَطَبٍ فَيَحْمِلَهَا عَلَى ظَهْرِهِ فَيَبِيعَهَا خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَسْأَلَ رَجُلا فَيُعْطِيَهُ أَوْ يَمْنَعَهُ "

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, елкасида кўтариб келтириши ва уни сотиб (кун кечириши) бировнинг олдига келиб, тиланишидан яхшироқдир. Ҳолбуки у киши беради ёки бермайди” (Муттафақун алайҳ).

Дангасалик иллати қайси халқда илдиз отса уни заифлаштиради, тараққиётдан ортда қолдиради ва вайрон қилади. Одамлари танбал, дангаса ва  илму-фанга қизиқмайдиган юрт умуман ривож топмайди. Халқи ўзгаларга қарам бўлади, душманлар бундай юртни истаганча топтайдилар, талайдилар.

Муҳтарам жамоат! Динимизда барча соҳанинг йўл-йўриқлари ва одоблари жуда ҳам аниқ тарзда баён қилинган. Жумладан касбу-кор қилишнинг ҳам ўзига яраша одоблари, меъёрлари мавжуд. Қуйида касб одобларидан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

  • Танламоқчи бўлган касби-кори шариат рухсат берган касб бўлиши лозим.

Касб танламоқчи бўлган инсон биринчи навбатда ўша касб шариъат нуқтаи назардан мумкин бўлган иш бўлиши лозим. Шариат эса инсонга, жамиятга, ватанга, атроф муҳитга зарар етказадиган, ёмонлик ва фаҳшга даъват этадиган барча нарсани ҳаром қилган.

  • Биринчи навбатда ўзи яхши билган ва яхши адо эта оладиган ишига киришиш лозим.

Яъни ҳар бир киши ўзи яхши мутахассис бўлган, яхшилаб адо эта оладиган ишни топиб, ишга киришиши унинг зиммасида омонат эканини, Қиёматда ҳам Аллоҳ таоло олдида масъул эканини яхши ҳис қилиши лозим.

  • Ишни яхши ният билан бошлаши ва унда бардавом бўлиши керак.

Яъни, “Аллоҳ таоло менга аҳли-аёлимнинг нафақасини вожиб қилган, У зот буюрганидек ҳалол йўл ила нафақа топай”, деган ниятда ўз касбини адо этиши ва бундан ажр-савоб умид қилиши лозимдир.

  • Ўз касбини бажарганда пухта адо этиши керак.

Мусулмон киши ҳар бир ишида, айниқса ўзининг касбу-корини адо этишда уни пухта, мукаммал ва гўзал тарзда бажариши лозим. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом “Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганда, уни пухта бажаришини яхши кўради”, деганлар. 

  • Алдамчилик, хиёнат ва кўзбўямачиликдан сақланиши лозим.

бажармаган ишини бажарган этиб кўрсатиш, тақдим этаётган хизмат ёки махсулотини айбини яшириб, уни сифатли қилиб кўрсатиш каби одатлардан сақланиш лозим. Саҳиҳ ҳадиси шарифлардан бирида пайғамбар алайҳиссалом Ким бизни алдаса у биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривоят қилган).

  • Ваъдасига вафо қилиши, у билан бирга муомала қилаётганларга гўзал одоб-ахлоқда намуна бўлиши лозим.
  • Ўз касбига доир шариат ҳукмларини ўрганиб олиши.

Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тижоратчиларга қарата “Бозоримизда динда фақиҳ бўлмаган одам савдо қилмасин”, деганлар. 

  • Ризқи келишига сабаб бўлиб турган касбни сабр ва матонат билан адо этиши.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Аллоҳ бирингизга бирор тарафдан ризқ жорий қилиб қўйса, унинг ўзи ўзгармагунича, ўша нарсани тарк қилмасин”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Яъни, Ҳар бир ишни бошлаганда ўзига яраша машаққати, қийинчилиги бўлади. Ўша қийинчиликларни енгиб ўтиб, то у фойда бермайдиган бўлиб қолмагунича тарк қилмаслик керак.

  • Касбу-кори фарз ибодатларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги.

Тирикчилик учун саъй-ҳаракат қилиш, нафақайи рўзғор эркак кишиларнинг зиммасида вожиб амал. Лекин у Аллоҳ таоло буюрган бошқа фарз амалларга халал бермаслиги керак. Ушбу маънони қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қўллаб-қувватлайди:

عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :"طَلَبُ كَسْبِ الحَلاَلِ فَرِيضَةٌ بَعدَ الفَرِيضَة"

(رواه الإمام البيهقي في  شعب الإيمان).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол касб талаб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дедилар (Имом Байҳақий ривоят қилган).

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, ўз касбига нисбатан садоқати бўлмаган шахснинг на ишида, на касбу корида барака бўлади, балки унинг бутун ҳаёти беқарорликда ўтади. Модомики, биз буюк келажак сари интилар эканмиз, ҳар биримиз ўз вазифамизга садоқат билан ёндашмоғимиз лозимдир.

Аллоҳ таоло барчамизни касбу коримизга барака бериб, ризқимизни ҳалол йўллар билан топишимизга ўзи мададкор бўлсин! Омин!

Read 5218 times
Download attachments:
Top