muslim.uz

muslim.uz

Мустақил юртимиз тарихан қисқа муддат – чорак аср ичида кўплаб ютуқларга эришди. Бу муддат ичида Она Ватанимиз барча соҳаларда бутун дунёга машҳур бўлди. Албатта, бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Бунинг асосида Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов бошчилигидаги кўплаб халқимиз ватанпарварларининг оғир, машаққатли меҳнати ётибди. Меҳнатлар самарасини бугунги кунда халқимиз тинчлик-хотиржамлик, фаровон ҳаёт ҳамда фарзандларининг эришаётган ютуқлари ва уларнинг беғубор юзларию кулгусида кўряпти, десак муболаға бўлмайди. Бугунги ёшларнинг қўлга киритаётган ютуқлари барчани лол қолдириб, ўзбек халқини бутун жаҳонга танитмоқда. Аллоҳ таоло берган буюк иноят – Мустақилликни асраб-авайлаш барчамизниниг бурчимиздир. Фарзандларимизни Она Ватанга муҳаббатли, халқига содиқ ва фидойилик руҳида тарбиялаш ҳаммамизнинг вазифамиздир.

Юртимизнинг 25 йил ичида эришган ютуқларини санаб ўтиш мушкул иш, шунинг учун, шу йилларнинг июль ойларида эришилган марраларнинг баъзиларини келтирамиз: 

  • 1 июль - Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўм муомалага киритилган кун (1994);

  • 1 июль - “Ўзимпексалоқа” ташқи савдо фирмаси ташкил этилган кун (1993);

  • 2 июль - Ўзбекистон Республикасининг Давлат Герби тасдиқланган кун (1992);

  • 5 июль - Йўл жамғармаси ташкил этилган кун. (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 5 июлдаги қарорига асосан);

  • 7 июль - Халқаро кооперация куни (1994) (ҳар йили июль ойининг биринчи  якшанбасида нишонланади);

  • 8 июль - Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қувайт билан ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган кун (1994);

  • 10 июль - Ўзбекистон Республикаси халқаро электралоқа Иттифоқи (ХЕИ)га тўлақонли аъзо бўлган кун (1992);

  • 10 июль - Ўзбекистон Республикаси ҳамда Нидерландия Қироллиги билан ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган кун (1992);

  • 13 июль - Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат ташкилотига аъзо бўлган кун (1992);

  • 15 июль - Ўзбекистон Республикаси ҳамда Эфиопия Халқ Демократик Республикаси билан ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган кун (1996);

  • 15 июль - Фан ва маданият халқаро жамғармаси ташкил этилган кун (1996);

  • 20-21 июль - “Имом ал-Бухорий куни”;

Аллоҳ таоло мустақилигимизни абадий қилсин. Эришилган ютуқларни бардавом айлаб, бундан-да юқори чўққиларни забт этишни насиб этсин.

 

Интернат маълумотлари асосида

Баҳриддин Жўрабек ўғли тайёрлади

Ҳар бир киши ўқиб юриши тавсия этиладиган дуолар;
Анас (розияллоху анхуҒдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва свллам)нинг кўп ўқиб юрадиган дуолари:
«Аллоҳумма атина фид-дуня ҳасанатав вафил ахирати ҳасанатав вақина ъазабан-нар» эди.
(Маъноси: Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни ато қил, охиратда ҳам яхшиликни ато эт ва бизни дўзах азобидан асра.)
Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анху)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам0: «Аллоҳумма инний асъалука ҳуда ваттуқо вал ъафофа вал ғина», - деб айтардилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳ, сендан ҳидоят, тақво, иффат, ва бойлик сўрайман).
Имом Муслим ривояти.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳумма йа мусаоррифал қулуб сорриф қулубана ъала тоъатика», деб айтардилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳ, қалбларни айлантирувчи зот, қалбимизни тоатин томонига айлантир).
Имом Муслим ривояти.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) мана бу калималар билан дуо қилардилар: «Аллоҳумма инний аъзубика мин фитнатин нари ва аъзобаннари ва мин шаррил ғина вал фақри»
(Маъноси: Аллоҳим дўзах фитнасидан, дўзах азобидан, бойлик ва камбағалликнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман.)
Абу Довуд Термизий, Насаий, ва Ибн Можжалар саҳиҳ иснод билан ривоят қилган.

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): «Катта балиқнинг қорнида Раббиларига илтижо қилган Зиннуннинг (Юнус алайҳиссалом) дуолари: «Лаа илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимин», эди. Бирор мусулмон киши мана шу калималар ила дуо қилса, ижобат этилади», - дедилар.
(Маъноси: Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сени поклаб ёд этурман. Албатта мен золимлардан бўлдим).
Аллоҳ барчаларимизни мушкулларимизга ўзи нажот берсин. Омин.

М. Каримов,
Андижон вилояти
“Обиджон Ботиров” жоме
масжиди имом-хатиби

Мустақиллик йилларида юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари аниқ белгилаб олинди. Ўтган давр мобайнида ана шу йўналишлар бўйича кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди ва салмоқли натижаларга эришилди.

Давлатимиз томонидан эзгулик ва олийжаноб фазилатларга ундовчи диннинг равнақи учун кенг имтиёзлар яратиб берилди. Ҳур диёримиз мусулмонлари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликлари бунинг яққол далилидир. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди.  Юртимизда айни пайтда турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.

Бугунги ва эртанги ҳаётимизни белгилаб берадиган, барча эзгу орзу-интилишларимизни амалий ҳаёт жабҳасида рўёбга чиқарадиган ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш масаласида қилинаётган ишларнинг миқёси ва салмоғи беқиёс. Бу ҳам ёшларга, уларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга бўлган эътиборнинг амалий бир кўриниши экани шубҳасиздир.

Истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ соф ислом динини  ўрганишга, илмий изланишларга кенг имкониятлар пайдо бўлди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 2000 дан ортиқ масжид, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти ва Тошкент ислом институти фаолият олиб бормоқда.

Диний таълим муассасаларида талабалар  она ватанимизнинг порлоқ келажагини қуришда ўз ҳиссаларини қўшиш, улуғ бобокалонларимиз ишларини давом эттириш, соф ислом таълимотини тарғиб қилиш, миллий ва диний қадриятларимизни жаҳон афкор оммасига танитишлик учун ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ғайрат билан ўқиб ўрганмоқдалар.

Ҳурматли Юртбошимиз Ислом Каримовнинг динни фақат бир ёқлама эмас, балки уни дунёвий фанлар билан уйғунлашган ҳолда ўрганиш лозимлиги ҳақида ўз нутқларида таъкидлашлари бежиз эмас албатта. Бунинг замирида ислом динининг мўътабар манбалари моҳиятини дунёвий фанлар асосида англаш, идрок этиш заруриятини англамоқдамиз.

Бугунги кунда диний таълим муассасаларида таълим жараёнлари  олий маълумотли педагог кадрлар томонидан олиб борилиб, маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ташкил этилмоқда. Кейинги йилларда ахборот технологиялари шиддат билан ривожланиб бориши ҳар бир кишидан, хусусан, педагоглар ва талабалардан замонавий техник воситалардан унумли фойдаланиш илмини ўрганишни тақоза этмоқда. Бугунги кунда ҳар бир ўқитувчи ва талаба компьютер, интернет ва бошқа техник воситалар билан ишлаш сирларини пухта эгаллаб, таълим-тарбия жараёнларини ривожлантириш учун амалда қўллаб келмоқда. Шу мақсадда диний таълим муассасаларининг моддий техника базаси йилдан йилга бойитилиб борилмоқда. Ўқув хоналари ҳолати ҳам тубдан яхшиланди. Жумладан, ҳар бир хоналар фанларга мослаштирилиб кўргазмали қуроллар, компьютер, видеопроектор, лингафон каби ўқув техника воситалари билан таъминланди. Бу эса ўқитувчиларнинг янги педтехнология асосида дарсларни ўтишлари ва талабалар фанларни мукаммал  ўзлаштиришларида муҳим омил бўлмоқда.

Таълим масканларининг Ахборот ресурс маркази мутахассислик, умумтаълим фанлари дарслик китоблари ва диний, илмий, сиёсий бадиий, маънавий-маърифий китоблар ва дарслик қўлланмалар билан тўлиқ  таъминланган.

Талабалар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, уларнинг қизиқишларини инобатга олиниб, турли тўгараклар ташкил этилиб, ҳафта кунларини чет тиллари куни деб эълон қилинганлиги, бу тўғрисида қилиниши лозим бўлган ишлар, вазифалар аниқ белгилаб берилганлиги ҳам талабаларимизни араб тили билан бир қаторда инглиз ва рус тилларини  пухта ўзлаштиришлари ҳамда замон талабига жавоб берадиган кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар ўқув йилида диний таълим муассасалари битирувчилари билан келишган ҳолда ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги кадрлар лозим бўлган диний ташкилотларга ишга тақсимот қилиниши йўлга қўйилган бўлиб, бунинг натижасида битирувчилар иш билан таъминланиб, ўзларининг доимий иш ўринларига эга бўлмоқдалар.

Шунингдек, таълим-тарбия усул-услублари самарадорлигини кучайтириш мақсадида диний таълим муассасалари ўқитувчилари ўз билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришлари йўлга қўйилди. Педагоглар Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институтида ташкил этилаётган малака ошириш курсларида диёримизнинг кўзга кўринган уламолари, ўз соҳасининг билимдон олимлари, профессорлар ва фан арбобларидан ўрганган билимларини ўз ўқув даргоҳларида амалда қўллаб келмоқдалар.

Диний таълим муассасалари илғор педагогларининг илмий-услубий изланишлари, мақолалари ва қўлланмалари китоб шаклига келтирилиб нашр қилинмоқда. “Ҳидоят” ва “Ислом нури” саҳифаларида уларнинг кўплаб долзарб мавзулари эълон қилиниб борилиши халқимизнинг соф ислом ақидасини ўрганишларида, турли ёт ғояларнинг кирдикорларидан хабардор бўлишларида маънавий озуқа бўлиб келмоқда.

Бундан ташқари таълим муассасалари ўртасида: “Йил ўқитувчиси”, “Йил кутубхоначиси”, “Йил маънавиятчиси”, “Қорилар мусобақаси”, “Ягона олимпиада”, “Йилнинг энг яхши илмий бўлим мудири”, “Баркамол авлод” спорт мусобақаси, “Биз ёшлар – ёт ғояларга қаршимиз” интеллектуал беллашувлари каби танловларнинг ўтказилиши таълим муассасалари алоқаларининг мустаҳкамлиги, ҳамкорликлари ва тажриба алмашишлари йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги вояга етаётган ва келажак авлодларимизни буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий ва маданий меросга садоқатли қилиб тарбиялаш, муқаддас қадриятларимизни сақлаш ва авайлаб асраш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Акбаршоҳ Расулов,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш

 бўлими мутахассиси

 

Маълумки, юртимиз қадимдан жуғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани сабаб, бу ўлкада турли миллат ва элат вакиллари азалдан бир-бирлари билан тинч-тотув, аҳил-иноқ бўлиб яшаб келишган. Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишади.

Истиқлол йилларида виждон эркинлиги, дин ва диндорларнинг ҳақ ва хуқуқлари масалаларига катта эътибор берилди. Юртимизда фуқаролар тотувлиги ва тинчлигини сақлашда ҳар бир дин ва миллат тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлиши жуда муҳимдир. Шуни эътиборга олган ҳолда, мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилиги фуқаролар эркинликларининг барча кўринишларини кафолатлайди. Чунончи, бош Қонунимизда белгилаб қўйилган тамойиллар динимиз таълимоти асосларига ҳам тўла мос келади. Қуръони каримда: “Динда зўрлаш йўқ...” (Бақара, 256) дея марҳамат қилинган.

Ислом динида барча халқлар дини, ирқи, миллатидан қатъий назар, ўзаро ҳамкор яшашга буюрилган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводарроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир (Ҳужурот,13).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа дин вакилларига озор беришдан қайтариб, умматларига бағрикенгликнинг юксак намуналарини  кўрсатганлар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу бир саҳобани: “Эй қоранинг ўғли”, деганларида, бу гапдан хабардор бўлган Расули акрам алайҳиссалом “Сенда жоҳилият одати бор экан!”, дедилар. Бу билан мусулмон кишида ирқчилик, миллатчилик, маҳаллийчилик кўринишида бирор сўз ёки ҳаракат бўлмаслигини таъкидладилар.

Қуръони каримнинг қатор оятларида ҳам бошқа дин вакилларига нисбатан яхши муомала ва муносабатда бўлишга чақирилади. Жумладан, Мумтаҳана сурасининг 8 оятида: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, дейилади. Ушбу оят Ислом нақадар инсонпарвар ва бағрикенг дин эканини, ўзга дин вакилларига доимо яхши муносабатда бўлиш лозимлигини кўрсатади.

Шунга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан тинч-тотув, жамият учун манфаатли ҳамкорликлар асосида яшашга ҳаракат қилардилар. У зот: “Мен уларни ўзим ҳурмат иззат қилишни хуш кўраман”  деб Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларга шахсан ўзлари хизмат қилганлар. Нажрон носролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига тушуриб, у ерда ибодат қилишларига рухсат берганлар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Шомни фатҳ этгач, насронийлар билан битим тузиш учун келганда, намоз вақти бўлиб қолади, насронийлар ҳазрат Умарга намозни черковда ўқишни таклиф қилишади. Умар уларга шундай жавоб берадилар: “Агар мен черковда намоз ўқисам, мусулмонлар ҳам менга тақлид қилиб черковда намоз ўқишади. Мен кетгандан сўнг мусулмонлар черковни сизлардан тортиб олишлари ҳам мумкин”. Демак, исломнинг инсоний жиҳатларидан бири – бошқа дин вакилларига зиён етказмасликдир.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло бандаларини мол-дунёсига, киядиган кийимига қараб эмас, қалбини поклиги-ю, қиладиган яхши амалига қарайди” дейилади. Ушбу ҳадисдан шуни англаш мумкинки, киши оқкўнгил бўлишга, бошқаларга яхши кўз билан қараб, дўстона алоқаларни боғлашга ҳаракат қилиши лозим экан.

Нурулло ўғли НАСРУЛЛОХОН

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани

“Чандиробод” жоме масжиди имом хатиби.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Йил имоми – 2016 кўрик танловини ўтказиш тўғрисидаги низоми асосида жорий йилнинг 27 июль куни Сирдарё вилояти имом-хатиблари ўртасида мазкур танловнинг вилоят босқичи ўтказилди.

Танловда шаҳар-туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 10 нафар имом-хатиблар ўзаро беллашди. Биринчи ўринга Гулистон шаҳар "Исо ўғли Мусо" масжиди имом-хатиби Жалолов Авазхон лойиқ топилиб, танловнинг Республика босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Иккинчи ўринни Сирдарё тумани "Бахт" масжиди имом-хатиби Нарзуллаев Нурмуҳаммад ва учинчи ўринни Ховос тумани "Абу Ҳурайра" масжиди имом-хатиби Асланбоев Хуршид эгаллади.

Ғолиблар вакиллик томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 ЎМИ Масжидлар бўлими

 

Top