www.muslimuz

www.muslimuz

Шу йил 26 июнь ҳолатига, туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифаларининг янгиланган рўйхати эълон қилинди.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани, Наманган вилояти Косонсой тумани, Сурхондарё вилояти Сариосиё, Термиз, Ангор ва Узун туманларига “яшил” ҳудуд тоифаси берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёнотига мувофиқ, шу йил 29 июндан бошлаб, ушбу ҳудудларда жойлашган масжидлар намозхонлар учун очилади.

“Қизил” ёки “сариқ” ҳудудлардан “яшил” ҳудудлар қаторига ўтиш ва масжидлар ўз фаолиятини қайта бошлашида – ҳар бир инсоннинг ҳиссаси катта бўлади, карантин мезонларига амал қилиш айни матлуб ва шариатда буюрилган ишдир.


Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

Хабарингиз бор, ўтган Рамазон ойи давомида Muslim.uz портали томонидан “Ойлар султони – Рамазон” номли мақолалар танлови ўтказилган эди. Ушбу танловга келиб тушган 200 дан зиёд мақолалар ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳолаб чиқилди.

Очиғи, уларнинг орасидан энг муносибини танлаш жуда мушкул бўлди. Боиси, мухлисларимиз томонидан юборилган мақолаларнинг ҳар бири юқори ўринларга муносиб эди.

Шундай бўлсада, танлов шартларида қўйилган талаблардан келиб чиқиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган баҳолар асосида энг юқори натижа олган қуйидаги иштирокчилар ғолибликларни қўлга киритдилар:

1-ўрин: Фазлиддин КАРОМАТУЛЛОҲ Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Хожа Алоуддин Аттор” жоме масжиди имом-хатиби.

2-ўрин: Робия МАННОБЖОНОВА, “Ҳадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти битирувчиси.

3-ўрин: Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВТошкент ислом институти 2-босқич талабаси.

Шунингдек, рағбатлантирувчи мукофотларга қуйидаги иштирокчилар муносиб деб топилди:

  1. Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ – Нукус шаҳридаги Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.
  2. Раҳматуллоҳ Ҳикматуллаев – Урганч шаҳридаги Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус Ислом билим юрти 4-босқич талабаси.
  3. Муҳаммад Али Муҳйиддин – Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 3-босқич талабаси.
  4. Бахтиёр Нажмиддинов Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси.
  5. Жўрабек Чўтматов Термиз давлат университетининг илмий тадқиқотчиси.
  6. Абдулбосит Узоқов Абдувоҳид ўғли – Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактаби 1-босқич талабаси.
  7. Нигора Усмонова – Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

Азизларимизга ушбу совринлар муборак бўлсин. Аллоҳ таолонинг Ўзи барчаларимизни икки дунё яхшиликлари билан мукофотласин.

Эслатиб ўтамиз, танлов ғолибларига қуйидаги мукофотлар топширилади: 3-ўринга – Смартфон, 2-ўринга – Планшет, 1-ўринга – Ноутбук. Шунингдек, 7 нафар юқори балл олган иштирокчиларга рағбатлантирувчи мукофот – китоблар жамланмаси тақдим этилади. Мазкур мукофотлар ўз эгаларининг манзилларига карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда етказилади.

Барчангизни “Ойлар султони – Рамазон!” номли мақолалар танловида ғолиб бўлганингиз муносабати билан самимий муборакбод этамиз! Барча иштирокчиларга Muslim.uz портали ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан ташаккурлар изҳор этамиз!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан вилоят марказидаги «Матбуот уйи»да тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклаш учун тадбирга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам ташриф буюрди. Вилоят ҳокими соҳа ходимларини бугунги байрам билан табриклаб, келгуси ишларида омад ва зафарлар тилади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан эълон қилинган “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблари вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот ходими, Марғилон шаҳридаги «Зайд ибн Ҳориса» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Жалилов мазкур танловнинг «Интернет сайтларида эълон қилинган энг яхши журналистик иш» номинациясида фахрли 3-ўринни қўлга киритиб, «Фахрий ёрлиқ» ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча устозлар ва имом домлалар қўлга киритилган мукофот билан вакилимизни муборакбод этамиз ҳамда диний соҳа ходимининг энг фаол журналистлар қаторида эътироф этилиши барчамизга шараф бағишлаганини мамнуният ила изҳор этамиз.

 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Муҳтарам дўстлар!

Барчангизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, сизларга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Фурсатдан фойдаланиб, жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Сизларга аёнки, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Кейинги уч йилда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.

Ана шу хизматлар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда, уларнинг веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалари янгилаб борилмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди. Улар бошқа материаллар қаторида энг муҳим расмий ахборотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда.

Энг асосийси, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Бинобарин, бу йўлда ютуқлар билан бирга, камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиийдир.

Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда.

Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда.

Бу борадаги энг асосий вазифа – ана шундай камчиликларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш, мавжуд миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, оммавий ахборот воситаларининг самарадорлигини оширишдан иборат.

Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт.

Биз бўлғуси журналистларимиз чуқур билим ва касб маҳоратини, она тилимиз билан бирга чет тилларни, фаол фуқаролик позициясини, ахборот-коммуникация технологиялари, нотиқлик малакасини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Ана шундай етук кадрларни тайёрлашда энг аввало ўзимизнинг бой маънавий меросимизга таянсак, албатта натижа бўлади. Бу борада жадидлар, хусусан, бу йил 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган улуғ аллома ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий журналистика мактаби айниқса муҳим аҳамиятга эга.

Сиз азизларнинг бугунги касб байрамингиз баҳона бир эзгу таклифни илгари сурмоқчиман. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этсак, ўйлайманки, бу ҳам ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Шунингдек, айни вақтда жаҳондаги етакчи медиа компанияларининг кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлашга оид тажрибасини чуқур ўрганиб, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур.

Муҳтарам матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!

Сизларни ва сизларнинг ижод маҳсулингиздан баҳраманд бўладиган жамики муштарий ва мухлисларингизни касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Каронавирус пандемияси туфайли бутун дунё мусулмон оламида бўлгани каби юртимизда ҳам инсонлар диний-маънавий эҳтиёжини таъминлаш ишлар кенг миқёсда олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмон халқимизнинг диний ва ижтимоий масалаларга оид билимларга бўлган чанқоғини қондириш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали имом-хатибларнинг жума маърузалари онлайн тарзда бериб бормоқда.

Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Республика махсус комиссияси томонидан яшил ҳудуд деб белгиланган жойларда масжидлар фаолият юритмоқда. Аммо ҳали жума намозини ўқиш ва имом-хатибларнинг маърифий маърузаларини эшитишга рухсат берилгани йўқ. Қолаверса, сариқ ва қизил ҳудудлар аҳолиси учун карантин талаби сақланиб турибди. Шунинг учун юртимизда карантин бошлангандан буён жума маърузалари узлуксиз равишда ижтимоий тармоқлар орқали онлайн узатилаётгани халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини маълум маънода қопламоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги вакиллари, ҳар бир ҳудуддаги бош имом-хатиблар вакилликлар саҳифаси орқали онлайн жума маърузасини олиб бормоқда.

Бугунги жума маърузаси "Қўшничилик ҳақи ва ўзаро ҳамжиҳатлик" мавзуиди бўлади.

Сиз ҳам қуйидаги линклар орқали жума маърузасини онлайн тамоша қилиб, маърифат олишингиз мумкин.

? https://www.facebook.com/fitratuz/videos/1152708925096483/

? https://www.facebook.com/naqshband.uz

? https://www.facebook.com/hazratnavoi.uz/

? https://www.facebook.com/zamaxshariy/

? https://www.facebook.com/Ravza.uz.sahifasi/videos/1210736232596680/

? https://www.facebook.com/story.php?story_fbid=1197039117342661&id=100011097518323

? https://www.facebook.com/nasafziyouz.qashqadaryo/videos/937934719967507

? https://www.facebook.com/imonuz/

? https://www.facebook.com/muslimun.uz

? https://www.facebook.com/sammuslim.uz

? https://www.facebook.com/profile.php?id=100043744688730

? https://www.facebook.com/zayniddin.eshonqulov.9/videos/293567312022882/

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top