www.muslimuz
Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Тобора ривожланиб, чирой очиб бораётган жонажон Ватанимизда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида:
1. 2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда:
жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжихат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга;
мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 1 май
ЎзА
“Вақф” фонди “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” жамғармаси билан ҳамкорлик қилади
Бугун, 30 апрель куни Бирлашган Араб Амирлигидаги “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” хайрия ва инсонпарварлик жамғармаси бош директори Ҳамад ал-Амирий бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов кутиб олди ва ўзаро мулоқот ўтказди.
Дин ишлари бўйича раиси Жасур Акрамов меҳмонни ташриф билан қутлаб, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президентимиз фармони асосида Халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳадис илми мактаби ва илмий мактаблар ташкил этилгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берди.
Ўз навбатида Ҳамад ал-Амирий жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” жамғармаси ташкил этилиши, мақсад-вазифалари ҳамда келгусидаги хайрия тадбирлари ҳақида гапириб берди. Меҳмон ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканини алоҳида қайд этди.
Мулоқотда “Вақф” фондининг хайрия тадбирлари, муҳтож оилаларга моддий ёрдамлари, масжид-мадрасаларда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориши ва режалари тўғрисидаги видеолавҳа тақдим этилди.
Намойиш этилган лавҳалардан таъсирланган Ҳамад ал-Амирий хайрия ишларини ташкил этишда “сизлардан ўрганадиган жиҳатларимиз жуда кўп экан”, деб эътироф қилиб, келгусида бундай хайрия тадбирларида иштирок этишини таъкидлади.
Шундай хорижий йирик хайрия ташкилотида “Вақф” фондига сармоя киритиш истагининг пайдо бўлиши Фондга бўлган ишончдан далолатдир. Шунинг учун ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг ушбу етакчи хайрия ташкилоти иштирокида турли йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида турли даражадаги алоқалар фаоллашиб, барча соҳалардаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётир. Бугунги мулоқот ва ҳамкорлик уфқлари фикримизни қўллаб-қувватлайди.
Меҳмонлар "Ҳазрати Имом" мажмуасидаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Ёмон ўртоқ худди чивинга ўхшайди. Унинг ёмонлигини сени чақиб кетганидан кейин сезасан”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Агар ўзингни яхши танисанг, одамларнинг сен ҳақингда айтаётган гаплари сенга зарар етказмайди.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ
*****
Ёмон ўртоқ худди чивинга ўхшайди. Унинг ёмонлигини сени чақиб кетганидан кейин сезасан.
Мустафо Лутфий
*****
Йиқилганингда сени турғазиш учун узатилган қўл сенга йўлиқиб қолганда сўрашиш учун узатиладиган мингта қўлдан ишончлироқдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Юксаклик – атрофингдаги аҳмоқлар сени гапиришга мажбур қилса-да, гапирмай, сукут қилиб туришингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Яхши ном қолдиришга кўпроқ эътибор бер. Чунки сендан кейин ҳам яшайдиган нарсанг шудир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Яхши номга эга бўлиш учун 20 йиллар керак бўлади. Уни булғаш учун эса 5 дақиқа етади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
"Вақф" фондининг амалга оширган ишлари ва истиқболдаги режалари
Эртага жума намозида ҳадисда келган ёмғир ҳақидаги дуо ўқилади
Ислом динида ҳар бир ҳолат учун қилинадиган чора-тадбир белгилаб қўйилган. Масалан, ёмғир ёғмай қолса, уни сўраб ўқиладиган “Истисқо” намози ва махсус дуолар бор. Ёки ёмғир тинмай ёғиб, зарар кўриладиган бўлса, уни тўхтатиш учун ҳам алоҳида дуолар мўътабар манбаларда ривоят қилинган.
Ислом тарихидан маълумки, ёмғир тинимсиз ёғиб, талофатлар етган вақтда саҳобаи икромлар Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолога дуо қилишни сўраганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўлларини кўтариб:
اللَّهُمَّ حَوَالَيْنَا وَلَا عَلَيْنَا اللَّهُمَّ عَلَى الْآكَامِ وَالظِّرَابِ وَبُطُونِ الْأَوْدِيَةِ وَمَنَابِتِ الشَّجَرِ
«Аллоҳумма ҳаваалайнаа ва лаа ъалайнаа. Аллоҳумма ъалал аакаами ваззирооби ва бутуунил авдияти ва манаабитиш шажари» – “Эй Раббим, атрофимизга ёғдир, устимиздан ёғдирма”, “Эй Раббим, уни тепаликларга, тоғларга, водийларга, дарахтзорларга ёғдир”, дедилар.Шундан сўнг тинимсиз ёғаётган ёмғир тўхтаган, қуёш нур соча бошлаган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Ўтган кунлар мобайнида юртимизда узлуксиз ёғингарчиликлар давом этиб, бир қанча жойларда сув тошқинлари содир бўлди ва ноқулай ҳолатлар юзага келди.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2019 йил 26 апрель куни юртимиздаги барча жоме масжидларда жума намозидан сўнг Қуръони карим тиловат қилиш, истиғфор айтишнинг фазилати ҳақида сўзлаш ва юқоридаги дуони ўқиш тавсия этилди.
Шундай экан, барча мўмин-мусулмонларни қуёшли кунлар бошланиб, офату балолардан сақланишини, деҳқончиликларимиз қут-баракали ва ризқимиз бутун бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилишга чақирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати