www.muslimuz
Хитойлик энг бой одамнинг мулоҳазалари
Агар маймунларнинг олдига пуллар ва ёнғоқлар қўйилса, маймунлар ёнғоқларни танлайди. Чунки улар пулга жуда кўп ёнғоқлар сотиб олиш мумкинлигини билмайди.
Худди шу ишни кўплаб инсонларга қўлладим. Уларнинг олдига бир лойиҳа ва маош олиб ишлаш ихтиёрини қўйдим. Уларнинг жуда кўпчилиги маош олиб ишлашни танлашди. Чунки улар битта лойиҳани амалга ошириш орқали бир ойлик маошдан кўра анча кўп пул топиш ва яшаш тарзини ўзгартириш мумкинлигини билишмайди.
Одамларнинг камбағал бўлишларига сабаб бўладиган нарсалардан бири — турли бизнес лойиҳаларини ишга солиш, улар натижа бергунича сабр қилиш, лойиҳалар билан ишлашдек қулай фурсатни қўлдан бермасликни ўрганмаганларидир. Улар мактаб ва олийгоҳларда «Ишга бориб ишлаш маош олиш учундир» деган нарсани ўрганишган. Улар ўзлари учун ишлашни эмас, бошқалар бой бўлиши учун ишлашни, бировларнинг қўлида ишлашни ўрганишган, холос.
Тўғри, ойлик маош сизни фақир бўлиб қолмаслигингизга сабаб бўлади, лекин шу билан бирга у сизни бой бўлишдан тўсади.
Мен ҳаётимда эрталаб соат 8 дан то кеч соат 3 гача ишлаб, бой бўлиб кетган шахсни кўрмадим. Фақат ойликка ишлайдиган бузуқ табиатли одамгина (порахўрлик, ўғрилик, хиёнат ва ҳоказолар сабабли) бой бўлиб кетганини кўрдим.
Жек Ма,
Хитойнинг энг бой одами, шахсий бойлиги 39 миллиард долларни ташкил этади
Арабчадан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Ўзбекистон делегацияси Мисрга жўнаб кетди
Куни кеча, 5 январь куни Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги “Йўл харитаси”ни имзолаш, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ва ал-Азҳар университети ректори билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон делегацияси ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасаларда кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида такдимотлар ўтказиши мўлжалланган.
Маълумки, Миср юрти Қуръони каримда айнан шу ном билан бир неча марта зикр этилган. Бу эса унинг баракоти, хайри кўплигига далилдир. Бу замин юзлаб саҳоба ва тобиъийлар ҳокини бағрида яширган. Буюк алломалар бу ерда таълим олган, китоблар таълиф этишган.
Миср билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи алоқалар жуда қадим тарихга бориб тақалади. Аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, Ихшидийлар сулоласидан тортиб, Қоҳирадаги ўзбакийя маҳалласигача юртларимиз ўртасидаги минг йиллик алоқалардан сўзлайди.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унга кўп пул ёки мансаб бериб кўр”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
ТАВАККУЛ ВА ИШОНЧ
Доллар ошди ва нархлар қимматлади. Лекин ризқ Воҳид, Қаҳҳор бўлган Зотнинг зиммасида.
Салафи солиҳларнинг бирларига: “Нархлар қимматлади” дейилди. Шунда у киши: “Уни истиғфор билан туширинглар!” дедилар.
Бир аъробийга: “Бир бурда нон бир динор бўлибди” дейилганда, у: “Аллоҳга қасамки, агар буғдой дони бир динор бўлса ҳам, бу мени ташвишга солмайди. Мен Аллоҳга, У Зот менга буюрганидек ибодат қиламан. У Ўзи ваъда қилганидек менга ризқ беради” деди.
Инсонлар Салама ибн Динорнинг олдига бориб, унга: “Эй Абу Ҳозим! Кўрмайсизми, нарх-наво қимматлабди” дейишди. Шунда у киши: “Бундан нега ташвишланяпсизлар?!! Нарх-наво арзонлигида бизга ризқ берган Зот нарх-наво қимматлаганда ҳам бизга ризқ беради” дедилар.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Кучли бўлмоқчи бўлсанг, бирор киши сени яхши кўришини кутмаслигинг керак.
Лев Толстой
*****
Ким мол-дунё ҳамма нарсани қила олади деб ишонса, ўша кимсанинг ўзи ҳам мол-дунё учун ҳамма ишни қилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Мол-дунё гапираётганда, ростгўйлик жим турадиган бўлиб қолди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бўш ҳамёнлар муваффақиятга эришишдан тўсолмайди. Балк бўш ақллар ва бўш қалблар тўсади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсоннинг ҳамма аъзосига оғриқ, зулм етиши мумкин, аммо тилига эмас.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Илм қанча кўп бўлса, “мен” деган тушунча камайиб боради. Илм қанча оз бўлса, “мен” деган тушунча кўпайиб боради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсон ҳар қанча ёлғон гапирмасин, бир кун келиб ҳамма ёлғонлари фош бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Яхшилик уч нарса билан чиройли бўлади:
- Сўрамасдан қилиш билан.
- Пайсалга солмасдан, тез қилиш билан.
- Миннатсиз қилиш билан.
Мустафо Сибоий
“Ховатир роқия журнали”
*****
Бошқаларнинг дўзахга тушишини исботлашдан кўра, ўзингни жаннатга киритишга уриниб яшашинг афзалдир.
Али Шариатий
*****
Кўплаб фақир одамлар умр бўйи ғамгин ҳолда яшашади. Бир марта кулганларида эса ҳамма унларни расмга олади-да, остига «Мол-дунё бахтнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмайди» деб ёзиб қўйишади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Баъзи одамларнинг «Ватан» деб жар солиши сени алдаб қўймасин. Айримлар ташқаридан қараганда ватанпарвар бўлиб кўринса-да, махфий равишда порахўрлик билан шуғулланувчи ва халқнинг мулкини талон-тарож қилувчи хоинлардир.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Ҳаётнинг ҳаммаси фейсбукдан иборат эмас. Ота-онамиз ёнимизда, бизнинг суҳбатимизга муштоқ бўлиб ўтиришибди. Биз эса телефондан бош кўтармаяпмиз.
*****
Бирор шахсга бўлган ишончнинг кетиши ўша шахснинг ўзининг кетишидан ҳам оғирроқдир.
Вилям Шекспир
*****
Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унга кўп пул ёки мансаб бериб кўр.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Жоҳилнинг учта аломати:
- Ужб (ўзидан қойил қолиш);
- Бефойда гап гапириб, маҳмадоналик қилиш;
- Бир ишдан қайтариб туриб, ўша ишни ўзи қилиш.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу
*****
Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов
Саудия Арабистонида “Вақф” фонди тақдимот қилинади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини Саудия Арабистонида ҳам тақдимот қилиш, у ердаги ватандошларнинг юртимизда бўлаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида, шу йилнинг 4–14 январь кунлари Макка, Мадина шаҳарларида Фонднинг тақдимот маросимлари ўтказилади.Куни кеча 4 январь куни Фонд раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистонига учиб кетди. Фонд раҳбарияти ўн кун давомида тарғибот ишларини амалга оширади. Сафар доирасида Саудия Арабистони “Вақф” ишлари идораси, “Мовароуннаҳр” вақф мулклари қўмитаси, Макка шаҳридаги “Ҳарами шариф” масжиди имоми, бир гуруҳ ватандошлар ва талаба-ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда ўзбек такяхоналарига (вақф меҳмонхоналари) ташрифлар уюштириш кўзда тутилган.
Макка ва Мадина шаҳарларидаги нуфузли меҳмонхоналарда кенг жамоатчилик иштирокида “Вақф” фондининг тақдимот маросимлари бўлиб ўтади.
Маълумки, тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг 20–30-йилларида диёримиздан минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, хусусан, Саудия Арабистонига чиқиб кетишга мажбур бўлган. Улар Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларида таълим, тижорат ва бошқа муҳим жабҳаларда фаолият юритиб, катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлишган. Жумладан, Макка ва Мадинадаги икки ҳарам – Масжидул Ҳаром ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Масжидун Набавий атрофида кўплаб ерларни сотиб олиб, вақф сифатида қолдиришган. Вақф бу, Аллоҳ йўлида фойдаланилиши ёки сарфланиши учун ажратилган мулкдир. Вақф қилинган мулк эгасининг ҳисобидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган мулкдан келадиган ажр-савоби унинг соҳибига абадий етиб туради. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди.
Мазкур сафар давомида амалга оширилган ишларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Агар бошқаларнинг оғриқларини ҳис қилсанг, демак сен инсонсан”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
“Бу ишни бажара олмайсан” деганларида сенинг эмас, ўзларининг имкониятларидан келиб чиқиб гапираётган бўладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Жуда ғазабланиб турганингда қарор қабул қилма.
Жуда хурсанд бўлиб турганингда ваъда берма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қийин вазиятлар бўронларга ўхшайди. Бўронлар баргларни тўкилишига сабаб бўлганидек, оғир вазиятлар юздаги ниқобларнинг тўкилишига сабаб бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар оғриқни ҳис қилсанг, демак сен тириксан. Агар бошқаларнинг оғриқларини ҳис қилсанг, демак сен инсонсан.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
- Фарзандларингизни қандай қилиб телефон, планшет ўйнашни тўхтатиб, унинг ўрнига китоб ўқишга кўндирдингиз?
- Болалар бизни эшитмайдилар, балки бизга тақлид қиладилар.
“Дунё ажойибот ва ғаройиботлари”
Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов