www.muslimuz
Янги ўқув йилининг очилиши муносабати билан Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида тадбир бўлиб ўтди.
Мустақилликнинг 27-йиллиги ҳамда 2018-2019 ўқув йилининг очилиши муносабати билан Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида “Азиз ва ягонасан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда билим юрти мудираси Нозима Ибрагимова сўзга чиқиб, Давлатимиз мустақиллигининг 27-йиллиги ҳамда 2018-2019 ўқув йилининг очилиши муносабати билан табриклади. Меҳмонлардан Иброҳим Имомов – ЎМИ раиси ўринбосари, Акбар Дўстматов – ЎМИ таълим бўлими бошлиғи ўринбосари, Қурбонов Тўлқин - Ўзбекистон миллий университети профессори ўз тилакларини билдириб тадбирни очиб беришди. Тадбирни 1- курс талабалари Қуръон тиловати, гўзал нашидалар ва саҳна кўринишлар билан давом этирдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида янги ўқув йили бошланиши тадбири бўлиб ўтди
Бугун Китоб шаҳар “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида Давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги ҳамда янги 2018-2019 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
\
ЎМИ Матбуот хизмати
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида янги ўқув йили бошланди
Давлатимиз мустақиллигининг 27-йиллиги ҳамда 2018-2019 ўқув йилининг очилиши муносабати билан “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида байрам тадбири бўлиб ўтди!
Тадбирда янги 1-курс талабаларига 4-курс талабалари “талабалик нишонлари”ни топширишди!
Барча юртдошларимизни билимлар куни билан чин қалбимиздан табриклаймиз. Илоҳим! келажакда етук, комил инсон бўлишларини Аллоҳдан сўраб қоламиз
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳаёт – эзгуликлар имконияти
Тириклик инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат экан. Аммо ҳар ким шу неъмат имкониятни ҳар хил тушунар ва ундан турлича фойдаланар экан…
Кимдир ҳаётни яхши еб-ичиш, чиройли либосларда юриш, ҳар бир кунини хурсандчилик билан ўтказишга сарфлайди, ҳаёт мазмунини шу нарсаларда деб билади. Аммо, кимлардир ёшлигиданоқ илмга интилади, меҳнат қилиб ўз ҳаётини қийинчиликлар билан тузади, эзгу ишлар қилиб одамлар орасида яхши ном қолдиришни ўз умрининг мақсади сифатида англайди.
Биз хотирламоқчи бўлган инсон Анвар қори домла Турсунов ҳам ҳаётда ўзидан эзгу ном қолдириб кетдилар. У кишининг олтмиш йиллик умри давомида халқимиз учун қилган хизматлари, одамларга етказган манфаатларининг ҳад –ҳисоби бўлмаса керак.
Мен неча йиллар давомида ёзган шеърларимни тўплаб, бир китоб қилдирмоқчи бўлдим. Ёзганларимнинг кўпи исломий руҳдаги халқ ривоятлари асосидаги шеърлар бўлганлигидан Анвар қори домлага кўрсатишни, у кишидан маслаҳат олишни тавсия қилдилар. Тўғриси, кўп ўйладим.. “У кишига рўбарў бўлиб, ктиобимни бир кўриб беринг десам ”, – десам қандай қабул қилар эканлар?! Рости, бу адабиёт оламининг ўткир билимдони, Навоийдек буюк даҳо асарларининг мҳир тарғиботчиси бўлган инсонга қандай рўбарў бўлиш менга анча қийин бўлди.
Хуллас, бир кун таваккал қилиб устоз шоир Мирза Кенжабекнинг тавсиялари билан “Минор” масжидига бордим.
Анвар қори домла мени очиқ юз билан кутиб олдилар:
– Келинг опа, сизнинг Навоий ҳазратларига атаб ёзган ғазалингиз менга жуда манзур бўлди. “Ҳидоят”даги шеърларингизни ўқиб ижодингиз, ижодкорлигингиздан хурсанд бўлганман. Тўпламингизни қолдириб кетинг, вақт топиб ўқийман. Сизга кейин телефон қиламиз.
Қувончимнинг чеки йўқ эди. Улуарнинг қўнғироқларини кутдим, “келинг” деб ёрдамчилари чорлаган кун хотирамда ўчмас из бўлиб қолди. Домла, шеърлар ёзилган варақларни столга ёйиб қўйган ҳолда бирини ўқиб турардилар. Оппоқ яктак, оқ дўппида янаям нуроний кўринишда эдилар.
– Опа бу еттинчи китобингиз экан-а? Шеърларингиз менга жуда манзур бўлди. Тезроқ чиқаринг китобни. Аёл-қизларимизга жуда фойдали, зикр ва ибрат китоби бўлибди. Оналар китоби бўлибди, – деб кўнглимни тоғдек кўтардилар.
2018 йилнинг апрелида китобни олиб, аввало Анвар қори домлага илиндим. Чунки, “Сабр соҳили ”аталмиш бу китоб домланинг “Сўз боши” лари босилиб чиққан эди..
Китобни қўлларига олиб чеҳралари янада очилиб кетди. Чиройли дуо қилдилар. Халқимиз ичида илмли аёлларимиз, шоираларимиз бундан-да кўпайсин, – дея менга омад тиладилар.
Мана қўлимда ўша “Сабр соҳили” китоби. У ҳозир китобхонлар қўлида, у ҳақида илиқ сўзлар эшитяпман.
Минг афсус, уни қўллаб-қувватлаган, дунё юзини кўришига чорлаган инсон орамизда йўқ. Шунда ўйладим: Дарҳақиқат бу дунё ўткинчи дунё, синовлар олами.
Яшашдан мақсад ҳалол яшаб, ҳалол ишлаб ўз ортимизда яхши ному, эзгуликлар, яхши фарзанду муносиб шогирдлар қолдириш экан. Инсон дунёдан жисман ўтса-да, унинг яхши амаллари умрининг давоми каби яшайверар экан. Марҳум домла Анвар қори Турсуновнинг ёрқин хотираси ҳам шундайлар қаторида йиллар оша яшайверишига ҳеч шубҳа йўқ. Домламизнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин! Амин!
Мазмунсиз умрга ачинар кимдир…
Кимдир сукут сақлаб ўтар дунёдан.
Юз йил яшаб битта ниҳол ўстирмай
Кимдир яна умр сўрар Худодан.
Ўткинчи дунёда ҳар бир кунимиз
Ҳаёт китобидан бирта саҳифа.
Яхшилик қилайлик, чунки умримиз –
Номимиз абадий қилгувчи – ўша!
Дилором Каримова
Филология фанлари номзоди, доцент
Юнусобод тумани ҳудуд отинойиси
“Ўз-ўзидан ясалган қайиқ”
Машҳур имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ёшлик йиллари эди. У вақтда Аллоҳга ишонмаган, яратиқлар ўзи пайдо бўлиб қолганини иддао қиладиган бир одам бор эди. Бу одам борган ерида сув ҳақида тортишар, баҳслашарди. У бир куни Куфа шаҳрига келди. Бу ердаги Мусулмонлар билан кўришгач, уларга деди:
— Сизлар ҳамма нарса Аллоҳ томонидан яратилганини айтасиз. Мен эса яратиқлар ўз-ўзидан пайдо бўлганини айтаман. Шу ҳақида ким мен билан баҳслашади?
Мусулмонлар унга шундай жавоб беришди:
— Бизда бир ёш олим бор. Агар баҳсда уни енга олсанг, сени улуғ уламоларимиз билан кўриштирамиз. Улар сени қабул қилишади.
Ҳалиги одамга бу гап маъқул бўлди. Учрашув жойи ва вақтини белгилаб тарқалишдилар.
Эртасига белгиланган вақтда халқ тўпланди. Аммо Абу Ҳанифа келмаган эди. Баҳслашишни кутаётган одам:
— Қани ўша сиз мақтаган ёш олим, нега бу ерга келмади? Ёки мен билан баҳслашишдан қочдими, қўрқиб кетгандир-да, деб кула бошлаган эди ҳамки, Абу Ҳанифа чиқиб келди.
Ҳалиги одам ундан: — Нега кеч қолдинг? Баҳслашишдан чўчидингми, воз кечгандирсан-а? — деди.
Имоми Аъзам унга шундай жавоб берди:
— Йўқ, воз кечмадим. Ҳозир сенга: Уйимиз дарёнинг нариги томонида эди. Ўтиш учун келсам, кўприк бузилиб кетибди. Энди дарёдан қандай ўтсам экан, деб тургандим, қарасам, дарахтлар ўз-ўзидан кесилиб, йўнилиб, бирлашиб, қайиқ бўлиб қолди. Қайиқ ўзи келиб, ёнимда тўхтади. Унга миниб, дарёни сузиб ўтдим ва келдим” десам нима дейсан?
Бу гапларни эшитган ҳалиги одам кулганча:
— Эй нодон бола! Қайси замонда дарахтлар ўз-ўзидан кесилиб, йўнилиб, қайиқ бўлибди? Мени шу гапларга ишонади, деб ўйлайсан чоғи? — деди. Абу Ҳанифа эса унга жавобан:
— Асл нодон сен экансан! Модомоки, бир қайиқ (сол)нинг ўз-ўзидан ясалганига ишонмас экансан, бу чек-чегарасиз борлиқнинг ўзи пайдо бўлиб қолганига қандай ишонасан? Бир қайиқки ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолмаса, бутун борлиқ қандай қилиб ўзи пайдо бўлади?
Абу Ҳанифанинг бу сўзларидан лол бўлиб қолган ҳалиги одам ўйлай бошлади. Ўзига ўзи: “Бу ёш йигитча тўғри айтаяпти. Ростдан ҳам бу олам ўзи пайдо бўлиб қолмайди. Демак, ҳамма нарсанинг бир яратувчиси бор!” деди. Сўнг ҳамманинг олдида калимайи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди.
Турк тилидан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси
Манба