www.muslimuz
Чеченистон муфтийси Самарқанддаги қадамжоларни зиёрат қилди
Хабар берганимиздек, Чеченистон республикаси муфтийси Салоҳ ҳожи Межиев бошчилигидаги меҳмонлар юртимизда бўлиб туришибди. Кеча, меҳмонлар Бухорои шарифдаги муборак қадамжоларни зиёрат қилишди.
Бугун, 2 декабрь куни мартабали меҳмонлар зиёратни Самарқанд вилоятида давом эттирди. Дастлаб Чеченистон муфтийси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрида жойлашган "Намозгоҳ" жоме масжидида бомдод намозини адо этишди. Намоздан сўнг Ҳомиджон домла Ишматбеков жамоатга чиройли маъруза қилиб берди. Якунда муфтий Салоҳ ҳожи Межиев хайрли дуолар қилди.
Меҳмонлар зиёратни “Имом Бухорий” мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ерда Қуръон тиловати қилиниб, марҳумлар ҳақига дуо қилинди.
Ташриф давомида меҳмонлар “Имом Бухорий” халқаро тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбараси, Ҳазрати Ҳизр ва Шоҳи Зинда мажмуаларини зиёрат қилишди.
Ўзекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Аллоҳ берган истеъдодлар кишиларни ҳайратга солди
Бугун, 1 декабрь куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан имконияти чекланган юртдошларимизнинг "Қўл меҳнати маҳсулотлари ва ҳаттотлик" кўргазмаси ташкил этилди. Унда ЎМИ бўлим бошлиғи Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Диний идора масъул ходимлари Марямхон Абдуллаева ва Мунирахон Абубакирова ва бошқалар қатнашди.
“Сиз бизга доим кераксиз» шиори остида ўтган маросимда нотиқлар иштирокчиларга гўзал мавъиза қилиб бердилар. Кўргазма давомида имконияти чекланган кишилар тайёрлаган ҳар хил уй жиҳозлари, болалар учун ўйинчоқлар, қизчаларга чиройли соч турмаклари, махсус совғалар, қалпоқчалар, жойнамоз, лавҳ, тасбиҳлар, қўйингки, ўзлари тайёрлаб келган кўплаб маҳсулотлар савдоси ҳам бўлиб ўтди.
Кўргазмада имконияти чекланган юртдошларимиз ҳар қандай кишининг кўзини қувнатиши мумкин бўлган қўл меҳнати маҳсулотлари қатнашчиларни ҳайратга солди.
Дарҳақиқат, мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлганда Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан бирга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам риоя қилаётган бўлади. Шунингдек, киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ўзининг инсонлик шарафини ҳам ҳимоя қилади. Зеро, ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Кўргазмада қатнашган юртдошларимиз имконияти чекланган азизларимизнинг кўплаб маҳсулотларини сотиб олишга ҳаракат қилишди.
Аллоҳ таоло хайрли ишларни бардавомли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!
Ассалому алайкум, азиз мухлислар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Shamsuddinxon Boboxonov” нашриёт-матбаа ижодий уйи ? “Мўминалар” журнали учун мақолалар танловини эълон қилади.
Асосий мавзулар:
1. Ёшлар тарбияси;
2. Бидъат ва хурофотлар;
3. Огоҳлик;
4. Нотўғри йўлдагилар;
5. Маърифатли аёл.Шунингдек, қаламкаш ўзини қизиқтирган бошқа мавзуларда ҳам мақолалар юбориши мумкин. Саралаб олинган мақолалар “Мўминалар” журналида чоп этилади ва муаллифга қалам ҳақи берилади.
Бундан ташқари, нашриёт расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ҳам ушбу мақолалар қўйиб борилади.
Қадрли муштарийлар, ижод намуналарингизни қуйидаги манзилга исм-шарифингизни тўлиқ кўрсатган ҳолда юборишингиз мумкин:
@Muminalaruz_bot
@Muminalar_jurnali
Ёки почта орқали қуйидаги манзилга хат юборишингиз мумкин:
Тошкент – 100002, Зарқайнар 18-берк кўча 47-а уй.
Муҳтарам муштарийлар, мақолаларингизни кутиб қоламиз.
❗️Мақолалар шу йил 31 декабрь санасигача қабул қилинади.
ХУШХАБАР: Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонига “Умра” сафарини ҳал этиш учун жўнаб кетди
? 2021 йил 1 декабрь куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Маълумки, ўтган икки йил давомида пандемия туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонлари “Ҳаж” ва “Умра” амалларини адо этиш бахтидан бебаҳра бўлдилар.
Аллоҳга шукрки, сўнгги вақтларда Саудия Арабистони ва юртимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани, кунлик касалланиш даражаси камаяётгани, вакцина олган аҳоли миқдори ошиб бораётгани ва чекловлар юмшатилаётгани Ўзбекистон халқини чексиз қувонтирмоқда.
Айни кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари катта интиқлик билан умра мавсумининг бошланишини кутишмоқда. Умид қиламизки, тез орада мавжуд эҳтиёт чоралари ҳам юмшаб, юртимиз мусулмонлари яна эмин-эркин умра ибодатларини адо этиш саодатига эришадилар, инша Аллоҳ.
Ҳақ таоло ушбу сафарни хайрли қилсин, мана шундай шарафли ва масъулиятли вазифада Ўзбекистон делегациясига куч-қувват ва муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @vaqfuz | @diniysavollar
Таниқли уламоларнинг диссертация ҳимояси муваффақиятли ўтди
Бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгашда “Жўйбори Калон” мадрасаси мудири, Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси ва Бухоро вилояти “Чор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби Aзизхўжа домла Иноятов ҳамда Тошкент ислом институти кафедра мудири Соатмурот домла Примовларнинг Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун диссертация ҳимояси муваффақиятли ўтди.
Азизхўжа домла Иноятовнинг “Имом Бухорийнинг “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” асаридаги тафсир илмига оид қарашлари” мавзусидаги тадқиқоти Илмий кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан 100 фоиз қўллаб-қувватланди.
Соатмурот домла Примовнинг ҳам “Абу Шакур Кеший “Тамҳид” асарининг мотуридия таълимоти ривожида тутган ўрни” мавзусидаги тадқиқот иши Кенгашнинг 18 нафар аъзосининг барчаси томонидан қўллаб-қувватланиб 100 фоизлик кўрсаткич берилди.
Таниқли уламоларнинг диссертация ҳимояси илмий доира вакиллари ва кенг жамоатчилик томонидан илмий йиғилишда ва масофадан туриб кузатиб борилди.
Айтиш жоизки, диссертация ҳимояси жуда мазмунли ва қизғин савол-жавобга бой бўлди.
Аллоҳ таоло уламоларимизга Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини муборак айласин, соҳадаги тадқиқотчиларнинг ҳимояларини бардавом ва зиёда қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати