www.muslimuz
Маърифий суҳбатлардан Қарши аҳли баҳраманд бўлмоқда
Хабар берганимиздек, бугун, 3 август куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қашқадарё вилоятига ташрифлари бошланди.
Ташриф давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Эрдон домла Эсонов Қарши шаҳридаги "Қиличбек Қўрғонча" жоме масжидига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг масжид жамоасига гўзал маъруза қилдилар, унда жумладан, юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар натижалари айтиб ўтилди.
Таъсирли суҳбат ва савол-жавоблар масжид қавмига манзур бўлиб, бунинг учун жамоат Эрдон домлага миннатдорлик билдирди.
***
Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов сафар давомида Қарши шаҳридаги марказий “Кўк гумбаз” жоме масжидига ташриф буюрди.
Дастлаб устоз Абдуҳаким қори пешин намозини жамоат билан адо этгандан сўнг намозхонлар билан дилдан суҳбат қурди.
Суҳбат асносида мўмин-мусулмонларга сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам гапириб, шукрнинг фазилатини баён этдилар.
Дилдан қилинган суҳбат савол-жавобларга уланиб, намозхонларда катта таассурот қолдирди.
Уламолар ташрифи давом этмоқда.
Қашқадарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати
https://t.me/nasafziyo
Даврий нашрларда: Қўшнинг тинч – сен тинч
– Ассалому алайкум, домла. Одатда, одамлар, ҳатто давлатлар ўртасида юзага келадиган келишмовчиликка таҳлил назари билан қаралса, Аллоҳ бандаларига буюрган ва бандаларини қайтарган ишларни яхши билмасликдан келиб чиққани кўринади. Рамазоннинг файзли кунларида икки қўшни давлат орасида содир бўлган қисқа муддатли низонинг сабаби ҳам аслида шундан. Умумийдан хусусийга қараб келсак, икки оила, икки қўшнининг ўзаро ҳақларини билмаслиги, демак, уларга риоя қилмаслиги, бу иллат юқумли касалликдай тарқалаётгани фақат бу дунёда фожиаларга сабаб бўлаётгандай. Масаланинг асосий ва жиддий томони эса, бунинг зарари абадий ҳаётимизга таъсир қилишидир. Сиз билан шулар ҳақида суҳбатлашсак... .
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандасини жуда яхши кўради ва шунинг учун ҳам унга дастур тушириб, фойдаси ва зарарини атрофлича тушунтирган. Бу содда ва мукаммал дастурга амал қилганлар фонийда ҳам, боқийда ҳам ҳаловат ва саодат топишади. Афсус, нафс ва шайтон қутқусига учган одам қисқа муддатли ҳаётини ўзи мураккаблаштиради. .
Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманг!..” Яъни, Аллоҳни бир деб билинг ва Унгагина ибодат қилинг. “Ота-онага эса яхшилик қилинг!..” Яъни, уларга итоатли бўлинг. “Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинларга (яхшилик қилинг)...” Яъни, қариндош-уруғларга силаи раҳм қилинг, ҳадялар улашинг. Етим ва йўқсилларга ҳам садақа ва гўзал сўзлар улашинг, ёрдам беринг. “...қариндош қўшнию бегона қўшни(га ҳам)...” (Нисо сураси, 36-оят). Яъни, яқин бўлганига ҳам, бўлмаганига ҳам яхшилик қилинг, дейилмоқда. Хўш, буни бажарсак, нима йўқотиб, нима топамиз? Ақли соғлом киши Аллоҳнинг бу чақириғи фақат одамнинг фойдасига хизмат қилишини тезда англайди...
– Аммо билиб ҳам аксини қиладиганлар бор-да. Ён-атрофи, қариндошлари, айниқса, қўшнилари билан кунда-кунора уришиб-талашадиганлар ҳақида нима дейилган?
– Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қўшниси унинг ёмонликларидан эмин бўлмаган киши (ҳақиқий) мўмин бўла олмайди”. Демак, киши ҳақиқий мўмин бўлиши учун қўшнилари унинг ёмонликларидан эмин бўлишлари, ундан ёмонлик кўрмаслигига ишончи комил бўлиши керак.
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин – одамлар ундан омонда бўлган кишидир. Билиб қўйингларки, мусулмон – қўшниси ундан саломат бўлган кишидир. Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди”, дедилар».
– Машҳур ҳадисда Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Менга Жаброил келиб қўшнининг ҳақлари ҳақида шундай насиҳат қилдики, қўшни ҳам меросхўр бўлар экан, деб ўйладим” (Имом Бухорий ривояти).
– Шу ўринда қўшнининг ҳақлари ҳақида ҳам эслатиб ўтсангиз...
– Абул Қосим Абдураҳмон ибн Муҳаммад Ҳасан Басрийга улашадиган санад билан келтиради: «Ё Расулуллоҳ, қўшнининг қўшнидаги ҳақлари нималар?” деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қарз сўраса бериш, чақирса бориш, касал бўлса зиёрат қилиш, ёрдам сўраса кўмаклашиш, бошига мусибат тушса тасалли бериш, бошига бирон қувончли яхшилик келса қутлаш, ўлса жанозасига қатнашиш, уйидан узоққа кетадиган бўлса уйидан ва аҳлидан хабардор бўлиб туриш, қозондаги таомнинг ҳиди билан ҳам унга озор бермаслик, магарам таомидан қўшнисига улашса (зарари йўқ)”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлари ривоят қилинади: “Қўшни уч турли бўлади: бировининг учта ҳақи, иккинчисининг иккита ҳақи ва учинчисининг битта ҳақи бўлади. Учта ҳақи бўлган қўшни – мусулмон қариндош қўшни. Унинг қўшнилик, диндошлик ва қариндошлик ҳақи бор. Иккинчиси, мусулмон қўшни. Унинг диндошлик ва қўшнилик ҳақи бор. Учинчиси, кофир қўшни бўлиб, унинг фақат қўшнилик ҳақи бордир” (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, қўшни қариндош ва мусулмон бўлса, унинг диндошлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақи бўларкан. Қариндош бўлмаса-да, мусулмон бўлган қўшнининг икки ҳақи бўлиб, унинг диндошлик ва қўшнилик ҳақига риоя қилиш лозим. Кофир қўшнининг ҳам қўшнилик ҳақи бўлиб, зиммий (ғайридин) бўлса-да, унинг ҳам қўшнилик ҳақи бор.
– Ҳасан Басрий: “Яхши қўшни бўлиш қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки қўшнидан азият етса, сабр қилиш ҳамдир”, деган экан...
– Бу ҳақда яна кўплаб йўлчи юлдуз бўлган саҳобалар ҳам айтиб ўтишган. Амр ибн Ос бундай деган: “Силаи раҳм қилиш келганникига бориб, келмаганникига бормаслик эмас. Бу балки одилликдир. Асл силаи раҳм келмай кетган қариндошни йўқлаб бориш, вафосизлик қилган кишига мушфиқ муомала қилишдир. Ҳалим киши эса ўзига ҳалим бўлганларга ҳалим, жоҳиллик қилганларга жоҳил бўлган одам эмас. Бу иш балки одилликдир. Асл ҳалимлик ҳалимга ҳам, жоҳилга ҳам ҳалим бўлишдир”.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Уч нарса борки, жоҳилият даврида ҳам маҳбуб кўрилар эди. Мусулмонлар уларга янада лойиқдир. Биринчиси: меҳмон келса, қўлдан келганча иззат-икром қилинар эди. Иккинчиси: бирининг ёши катта аёли бўлса (кейинги аёли билан ораларида фитна чиқишидан қўрқиб), уни никоҳидан чиқариб юбормас эди. Учинчиси: қўшниси қарздор бўлиб қолса ё бошига бир мушкул тушса, қўшниси вазиятдан чиқиб кетгунча ёрдамлашилар эди”.
Суфён Саврий бундай дегани нақл қилинади: “Ўн нарса борки, улар кишининг вафосизлиги саналади. Биринчиси, нафси учун дуо қилиб, ота-онаси ва мўминлар ҳақига дуо қилмаслик. Иккинчиси, Қуръон ўқишни билган ҳолда ҳар куни (юз оят) ўқимаслик. Учинчиси, масжидга кирган кишининг ҳеч бўлмаса икки ракат намоз ўқимаслиги. Тўртинчиси, қабристондан ўтаётганда марҳумларга салом ва дуо йўлламаслик. Бешинчиси, жума куни намозга қодир бўлатуриб, жума намозини ўқимаслик. Олтинчиси, маҳалла ё шаҳрига олим келганини эшитиб, ундан илм ўрганмаслик. Еттинчиси, дўст ё ҳамроҳ бўлганда бир-бирларининг исмини сўрамаслик. Саккизинчиси, (ҳалол) зиёфатга чақирилганда бормаслик. Тўққизинчиси, ёшларнинг бўш вақти бўлатуриб илм ё касб ўрганмаслиги. Ўнинчиси, ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч ҳолда ташлаб қўйиш”.
– Яқинда Афғонистон ислом республикаси делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳам қайсидир маънода қўшни билан яхши муносабатда бўлишнинг бир кўриниши аслида...
– Албатта. Муҳтарам Президентимизнинг: “Аввало, яқин қўшнилар билан яқин ҳамкорлик қилайлик!” – деган гапи замирида қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш, фикрий бирдамлик ғояси мужассам.
Дини ва дили бир, урф-одатлари муштарак бўлган мамлакатларимиз учун тарихий воқеа бўлган ушбу тадбир Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларга янги мазмун киритмоқда. Кўп синовлардан ўтган халқларимиз бир-бирига кўмакдош, қувончу ташвишларига шерик бўлиб келган. Марказий Осиё давлатлари фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳаби, ақидада Имом Мотуридий йўналишига эргашишлари ўзаро иттифоқлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 6-сонидан олинди
ТАНИҚЛИ УЛАМОЛАРНИНГ НАВБАТДАГИ ТАШРИФ МАНЗИЛИ – ҚАШҚАДАРЁ
Шу йил 3 август куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қашқадарё вилоятига ташрифлари бошланади.
Сафар давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.
Ушбу сафарга қуйидаги Уламоларимиз ташрифлари кўзда тутилган:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Эрдон домла Эсонов;
Тошкент шаҳар “Олтинтепа” масжиди имом ноиби Исломиддин домла Зухриддинов;
Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов;
Тошкент шаҳар “Бурҳониддин Марғиноний” масжиди имом-хатиби Абдулҳамид домла Турсунов;
Тошкент шаҳри “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов;
Тошкент шаҳар “Исломота” масжиди имом-хатиби Йўлдошали домла Каримов;
Тошкент шаҳар “Омина” масжиди имом-хатиби Юсуф домла Муҳиддинов;
Тошкент шаҳри “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;
Тошкент шаҳар “Аҳмад Яссавий” масжиди имом-хатиби Муродулла домла Хунназаров;
Тошкент шаҳар “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;
Тошкент шаҳар “Умар ибн Хаттоб” масжиди имом-хатиби Мансур домла Даминов;
Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этиши режа қилинган.
Аллоҳ таоло вилоятимизга уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги матбуот хизмати.
•┈┈•┈┈•⊰✿???✿⊱•┈┈•┈┈•
Яқинларингизга ҳам улашинг!
https://t.me/joinchat/S8c2omyVIb1MadlE
https://t.me/joinchat/AAAAAFLbtImNQqKWruwBuA
Видеоанжуман: Ўзбекистон ва Малайзия Ислом таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия исломни англаш институти (Institute of Islamic Understanding Malaysia - IKIM) Бош директори Азизан бинти Баҳаруддин билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди, унда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.
Малайзия томонига ҳукуматнинг Ўзбекистоннинг илмий, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги чора-тадбирлари ҳамда яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг асосий қоидалари ҳақида маълумот берилди.
Азизан бинти Баҳоруддин Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, 2020 йил 4 июнда имзоланган IKIM, Халқаро ислом академияси (ХИА), Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази (ИБХИТМ) ўртасидаги ҳамкорлик шартномаларини амалга ошириш доирасида томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражасидан мамнунлигини билдирди.
Хусусан, суҳбатдош қатор тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилишини қайд этди. Улар орасида ўтган йилнинг июль ойида ўзбекистонлик ҳамкорлар учун мақолаларнинг биринчи мажмуини бериш, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, IKIM ва бошқалар билан ҳамкорликда 16 июнь куни "Мотуридий таълимоти ва замонавийлик" халқаро илмий-амалий симпозиумини ўтказиш, 15 июль куни ИБХИТМ ва IKIM билан ҳамкорликда "Саҳиҳ ал Бухорий" асари, қадимий ва нодир қўлёзмаларни ўрганишга бағишланган халқаро онлайн конференцияни ўтказишдир.
Азизан бинти Баҳоруддин IKIM ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш масаласи айни пайтда якуний босқичда эканини айтди.
Музокаралар чоғида ҳамкорликнинг кейинги режалари муҳокама қилинди ва натижада Малайзия Ислом таълим муассасалари ва Ўзбекистоннинг юқорида қайд этилган илмий-маърифий муассасалари билан ҳамкорликда қатор қўшма вебинарлар ўтказиш ҳамда қатор маънавий-маърифий ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Индонезияда ҳалол туризм қай даражада?
Индонезия туризм вазири Сандиага Уно давлат ҳалол туризм бўйича етакчи мамлакат эканини айтди, дея хабар бермоқда Detik нашри.
"Бизга маълумки, Индонезия дунёда ҳалол туризм масканига айланган ривожланаётган давлатлардан бири ҳисобланади. 2019 йил учун "Глобал ислом иқтисодиётининг ҳолати" ҳисоботига кўра, Индонезия мусулмонларга қаратилган туризм энг юқори сарф-харажатлари билан беш мамлакатлар орасига кирди", - деди Сандиага Уно халқаро туризм секторининг бир қатор раҳбарлари билан учрашувда.
Вазирнинг сўзларига кўра, Индонезияда ҳалол туризмнинг кўплаб йўналишлари мавжуд ва сезиларли даражада ривожланиши керак бўлган потенциал ресурслар мавжуд. Туризм вазирлиги Индонезияда туризм сифатини оширишда давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати