muslimuz

muslimuz

lundi, 11 septembre 2023 00:00

Ёлғончилик - 43 қисм

Ёлғон – нафснинг энг хавфли касаллиги саналади.

 Муолажа услуби

Бу хасталикдан қутилмоқчи бўлган инсон нафсини ҳақиқатга ўргатиши, ўз сўзлари ва ҳаракатлари билан одамларни рози қилишга ҳаракат қилишдан тийилиши лозим. Чунки айнан одамларнинг розилигини топишга ва улар орасида обрў-эътиборга эга бўлишга уриниш, шунингдек, уларнинг норозилигидан қўрқиш кишини ёлғон гапиришга ундайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг, чунки ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириб, ростгўйликка амал қилади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг, чунки ёлғон гуноҳга бошлайди. Гуноҳ дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапириб, унга риоя қилишда бардавом бўлади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади» (Имом Бухорий ривояти).

Шоҳ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ: “Истаганингизни қилинг, лекин асло ёлғончига, хиёнатчига ва ғийбатчига яқинлашманг!” деган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсонлардаги энг катта каромат бу – ёмон феъл-атворни яхшисига ўзгартиришдир”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

vendredi, 08 septembre 2023 00:00

Ғазаб - 42 қисм

Аллоҳ таолонинг иродасига ва Унинг тақдиридан норозилик – ғазабнинг намоён бўлиш аломати бўлиб, бу ҳам нафс касаллиги саналади.

 Муолажа услуби

Ғазабдан қутилиш учун – нафсни тақдирдан рози бўлишга ва ҳаётнинг турли синовларига сабр қилишга ўргатиш керак. Ғазаб – шайтоннинг инсон қалбига ташлайдиган ёнаётган чўғ эканини унутмаслик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менга васият қилинг”, деганида, у зот алайҳиссалом: Ғазабланма, дедилар. Бу киши бир неча марта такрорлаганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ғазабланма, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ғазаб инсонни шайтонга яқин қилади ва уни тўғри йўлдан оздиради. Аллоҳнинг амрига итоат қилиш билан банда ғазабдан қутилиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи иймон билан тўлдирилади” (Имом Аҳмад ривоят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб шундай дедилар: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривоят).

Муҳаммад ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуйидаги олти нарсадан келиб чиқиб, одамнинг жоҳил эканлигини билиш мумкин:

1) арзимас нарсага жаҳл қилиб, беҳудага ғазабланади;

2) бекорчи суҳбатлар билан банд бўлади;

3) нотўғри маслаҳат ва кўрсатмалар беради;

4) одамларнинг сирларини ошкор қилади;

5) ҳаммага ишониб кетаверади;

6) дўст ва душманни ажрата олмайди”.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Аллоҳнинг ғазабидан мени узоқ қиладиган нарса нима?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Ғазаб қилма!” дедилар.

Ҳасан Басрий айтадилар: Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш.

Ғазабга берилиш, бир зумда ловуллаб кетиш инсоннинг заифлигини билдиради. Бундай кишилар қанчалик бақувват кўринмасинлар аслида заиф ҳисобланадилар.


Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

  1. Маъқул вақтни танлаш.

Ярим кечаси одамлар ухлайдиган пайтда, жуда эрта тонгда ёки туш пайтида дам олиш вақтида эшик қоқиш одобсизлик ҳисобланади.

  1. Эшикни уч марта тақиллатиш.

Чунки хонадан аҳли биринчи тақиллатганда эшитади, иккинчисида тайёрланадилар, учинчисида эса изн берадилар. Қўнғироқ чалиш ҳам эшик тақиллатиш кабидир. Шунинг учун қўнғироқни ҳам уч мартадан ортиқ чалмайди.

  1. Эшикни мулойимлик билан тақиллатиш.

Эшикни хонадон аҳли қўрқиб кетадиган даражада қўполлик билан тақиллатилмайди. Шунингдек қўнғироқ тугмасини ҳам узликсиз босиб турилмайди, ҳатто хонадон эгаси ўзининг уйини тақиллатганда ҳам қўполлик билан тақиллатмасин. Чунки хонадон аҳли бундай тақиллатишда қўрқинчли бир ҳодисани рўй берганини ўйлаб қолади.

  1. Эшикни уч бор таққилатишда уларнинг ўртасини ажратиш.

Ҳар тақиллатиш орасида бир муддат кутиш лозим. Токи хонадон аҳли тайёргарлик кўришга ёки эшикни очишга ургурсин.

  1. Эшикнинг рўбарўсида турмаслик.

Эшикни тақиллатган шахс эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туриши лозим, эшикнинг рўбарўсида турмайди. Чунки эшикни очган пайтда гоҳо уй аҳлининг очиқ-сочиқ, биров у ҳолатда кўришини истамайдиган ҳолати кўриниб қолади.

  1. Эшик тақиллатувчи ўзини танитиши.

Изн сўровчидан хонадон аҳли “ким?” деб сўраса, “мен” деб жавоб бермасдан, исмини айтиб, ўзини танитиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига Жобир розияллоҳу анҳу келиб, эшикни тақиллатди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бу?” дедилар. Жобир розияллоҳу анҳу: “Мен”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни (Жобир розияллоҳу анҳунинг “Мен” деган жавобини) хуш кўрмай: “Мен, мен”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  1. Хонадон аҳлининг изнини кутиш.

Изн сўровчи хонадон аҳлининг уйга киришга изнини кутиши лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур сураси, 27-оят).

  1. Изн берилмаса қайтиб кетиш.

Агар изн сўровчига жавоб берилмаса ёки “қайтинг” дейилса ёхуд уйда ҳеч ким бўлмаса, изн сўровчи қайтиб кетиши керак. Бу ушбу оятга мувофиқдир: Бaс, aгaр у (уй)лaрдa ҳeч кимни тoпмaсaнгизлaр, ундa тo сизлaргa изн бeрилмaгунчa улaргa кирмaнгиз! Aгaр сизлaргa “қaйтинглaр” дейилсa, қaйтиб кeтaвeринглaр! шу сизлaр учун энг тoзa (йўл)дир. Aллoҳ қилaётгaн ишлaрингизни билувчидир (Нур сураси, 28-оят).

Чунки хонадон аҳли ҳеч кимни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда изн сўровчи хонадан аҳлига: “Сен хижолат бўлма, балки бирор нарса билан машғулдирсан”, деб хижолатчиликни кетказсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

mardi, 05 septembre 2023 00:00

Фойдасиз вақт - 41 қисм

Вақтни беҳуда ва бефойда ишларга сарфлаш, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бирор манфаат етказмайдиган ишларига шўнғиш нафс касаллигининг бир кўринишидир.

 Муолажа услуби

Инсон учун вақтдан кўра қимматроқ ва қадрлироқ яхшилик йўқ. Шу боис, уни имкон қадар абадий ҳаётида фойда келтирадиган амалларга сарфлаши керак. Аксар вақтини Аллоҳ таолонинг ибодати ва зикри билан ўтказиши лозим. Зеро, инсон фақат ибодат учун яратилган. Қолаверса, барча амалларини ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш нияти билан адо этиш зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бекорчи ва бефойда нарсаларни тарк қилишга чақирардилар. Бу ҳақда Абул Ҳавро Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Ҳасан ибн Алига: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан нимани ёдлаб олгансан?” дедим. У менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени шубҳалантираётган нарсани тарк этиб, шубҳасизини ол. Чунки ростгўйлик хотиржамлик, ёлғон эса шубҳа-гумондир”, деб ўргатганлар, деди» (Имом Термизий ривояти).

Турбаштий раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадис шарҳида дейди: “Сен ҳар қандай шак-шубҳали нарсадан воз кечиб, бегумон ва шубҳасизини ол! Ҳадисдаги: “Сени шубҳалантираётган нарсани тарк эт”, деган гапнинг маъноси шуки: “Ман этилгани ёки рухсат берилганини, суннат ёки бидъат эканини билолмай, сени шубҳалантирган гаплар ҳамда амалларни тарк этиб, шубҳа-гумонсизини танла”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Киши ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломи гўзал эканидандир” (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).

Ким ўзи учун беҳуда нарсани тарк этса, фойдали иш билан шуғуллана бошлайди.

Ҳусайн ибн Мансур раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Нафсингизга эҳтиёт бўлинг! Агар уни фойдали иш билан машғул қилмасангиз, у сизни (фойдасиз ва гуноҳ иш билан) банд қилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки (буюк) неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда бўладилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухоий ривояти).

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Инсон ўзига омонат қилиб берилган вақтнинг қадрини билиши ва ҳар бир дақиқасини фақат фойдали нарсалар учун ишлатиши керак.

Бу мавзуни Мавлоно Садриддин Қошғарий раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли насиҳатлари билан якунлаймиз: “Ҳар нафас олиш ва чиқаришда инсон бутун бир хазинани йўқотади. Банда унутмасинки, Аллоҳ ҳар лаҳзада унга яқин ва уни кузатиб турибди.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Бу касаллик туфайли инсон ўзини солиҳ қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади, ваҳоланки, ўзи гуноҳга ботган, фисқ-фасод ишларни қилади.

 Муолажа услуби

Бу дардга шифо топиш учун – инсон иккиюзламачиликдан воз кечиши ва қалбида йўқ нарсани одамларга бор қилиб кўрсатмаслиги лозим. Агар у сўфийнинг ридосини кийса, энди бор куч-ғайратини улар каби бўлишга сарфласин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини бошқалар олдида солиҳ қилиб кўрсатишдан қайтарганлар.

Абу Усмон раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ким зоҳиран ўзини тақводор, Аллоҳнинг азобидан қўрқадиган қилиб кўрсатса-ю, лекин одамлардан яширинча турли гуноҳларни қилса, у ҳеч қачон гуноҳлар ботқоғидан чиқа олмайди".

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Top