muslimuz
Буюк алломаларимизнинг беназир хизмати
Ўзбекистон замини қадимдан буюк алломаларга бешик бўлган. Бу юртдан етишиб чиққан мутафаккирлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини бутун дунё эътироф этади.
Пойтахтимиздаги “Ракат” жоме масжидида “Марказий Осиё алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида имом ноиблар учун навбатдаги маънавият соати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедов иштирок этиб, “Марказий Осиё алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида маъруза қилди.
Тадбирда, шунингдек, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳор домла Юнусов иштирок этди ва мавзуга доир ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Юртимиз қадим цивилизация чорраҳаси бўлибгина қолмай, илм-фан, санъат, адабиёт намуналарининг асоси ва бешиги бўлиб, қадимги ва замонавий оламнинг маданий хилма-хиллиги билан ажралиб туради, – дейди Неъматулло Муҳамедов. – Ислом тарихида цивилизация марказлари кўп бўлган. Бунинг натижасида ушбу заминлардан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқди. Мисол учун, астрономияда Абу Райҳон Беруний, тиббиётда Абу Али ибн Сино, фалсафада Абу Наср Форобий, математикада ал-Хоразмий ва шунингдек, ҳадис, фиқҳ, шариат илмлари бўйича уламолар камол топди. Илм-фаннинг ривожланиши ўрта асрлардаги Уйғониш даври асоси бўлди. Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган бу зотлар ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.
Маънавият соати сўнгида имом ноибларининг саволларига жавоб қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги ахборот хизмати
Саудия Арабистони ОАВ Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида
Саудия Арабистонининг оммабоп «Swift News» веб-сайтида «Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси туризм соҳасини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги боис туризм янги босқичга кўтарилди,- дейилади мақолада. -Ушбу соҳада кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция дастурлари ишга туширилди, халқаро стандартлар асосида туристларга хизмат кўрсатиш тизими яратилди».
Нашрда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, туризм объектлари инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастури қабул қилиниши таъкидланган.
«Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги мамлакатга келаётган сайёҳлар сонини 4,5 миллиондан 10 миллион нафарга кўпайтиришни режалаштирган. Шу сабабли, Ўзбекистон саёҳатга қўйилган барча чекловларни бекор қилди, - деб ёзилади материалда. - Саёҳат чекловларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорлар туристлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларида меҳмонхоналар билан бандлик кўрсаткичларининг 83,6 фоизга ва ҳостелларнинг 70,8 фоизга ошишига олиб келди».
Мақолада таъкидланишича, сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 833 та янги меҳмонхона ишга туширилиб, уларда 75 мингдан ортиқ меҳмон қабул қилиняпти. Сайёҳлик кўчалари ва қишлоқлари ташкил этиляпти, зарур инфратузилмалар ривожлантирилмоқда.
«Сайёҳлик объектлари қаторида дунёнинг 90 та давлати фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириши, шунингдек, 60 га яқин давлат фуқароларига тезкор виза олиш имкониятлари яратилди», - деб ёзади «Swift News».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Диний таълим муассасаларига жами 7 503 нафар абитуриент ҳужжат топширди
Шу йил 20 июль куни 18:00 дан эътиборан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига 2023–2024 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёнлари якунланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва илмий тадқиқотлар бўлими маълумотига кўра, "Қабул – 2023" жараёнлари давомида диний таълим муассасаларига жами 7 503 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Жумладан:
– Олий диний таълим муассасаларига 650 нафар, шундан 91 нафари аёл-қиз ва 559 нафари эркак абитуриент;
– Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 6 853 нафар, шундан 2064 нафари аёл-қиз ҳамда 4789 нафар эркак абитуриентдан ҳужжатлар қабул қилинди.
Ушбу абитуриентларнинг барчасига кириш имтиҳонларида муваффақиятлар тилаймиз!
Маълумот учун, кириш имтиҳонлари саналари ҳақида қўшимча хабар берилади.
? Диний таълим муассасалари қабул жараёнларига оид энг муҳим маълумотлар, долзарб савол-жавоблар ва сўнгги янгиликларни muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz / @muslimuzportal / @Muftiy_Nuriddin_domla
@diniysavollar
40 йиллик қазо намозимни қандай адо этаман?
— Намознинг фақат фарзлари ва Витр вожиб намози қазо қилинади. Суннат намозлар қазо қилинмайди. Қазо ўқимоқчи бўлган инсон ҳар бир кундалик фарз намозидан олдин ўша намознинг қазосидан ҳам ўқиб борса, ҳар куни бир кунлик қазо бажарган бўлади. Ёки куннинг ё кечанинг маълум бир вақтини ажратиб олиб, бир йўла тартиб билан: Бомдод, Пешин, Аср, Шом, сўнгра Хуфтон ва Витрни қазо қилса ҳам бўлади. Бунда агар иккитадан қазо намоз ўқиса, икки кунлик қазо намози соқит бўлади. Мана шу зайлда, ойлар, йиллар давомида бир неча йиллик қолдирилган намозларни қазо қилиш мумкин.
Сизга ўхшаб ўн йил, ундан ортиқ ёки кам муддатдаги кўплаб намозларни тарк қилган кишилар ушбу тартибга амал қилишлари керак.
Ҳар намознинг вақтида бир-иккита қазони ўқиб борсангиз ҳам бўлади. Бунда ўзингизга осон бўлиши учун, ҳар намозда уни “охирги ёки биринчи қолдирилган намоз” деб қасд қиласиз. Масалан, “биринчи қолдирган Бомдодим” ёки “охирги қолдирган Бомдодим”, деб ният қиласиз. Аср ва Шом намозлари орасида қазо намоз ўқиш жоиз.
Одам савдосига қарши кураш соҳасида «Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси» билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистон Бош консуллиги дипломатлари «Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси» бошқарма бошлиғи Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ билан учрашдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбиМулоқот аввалида БАА вакилига давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда турли соҳаларда ҳаётга изчил тадбиқ этилаётган ислоҳотлар, баркамол авлодни ҳар томонлама соғлом ва етук кадрлар бўлиб етишишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, миграция сиёсатини такомиллаштириш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил айтиб берилди.
Хотин-қизлар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилиш ва болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига қарши кураш соҳасида эришилган натижалар алоҳида қайд этилди. Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётгани таъкидланди.
Томонлар, одам савдосига оид муаммолар, уларнинг келиб чиқиши сабаблари, бартараф этиш йўллари, ушбу иллатдан жабр кўрганларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, айбдорларга нисбатан эса қонуниний чора кўриш амалиётлари билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ, ўз навбатида, дунё бўйлаб олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, амалий тадбирларга қарамай, ҳозирги кунга қадар кўплаб одамлар «замонавий қуллик» - одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганини таъкидлади. У Ўзбекистоннинг ушбу глобал муоммага қариши кураш бўйича вазифаларини ва натижаларини юқори баҳолади. «Одам савдосидан жабр кўраётганлар орасида аёллар сони ортиб бораётгани ҳамда трансмиллий жиноятчилик чегара танламаслиги инобатга олиниб, юқоридаги муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим», - деди Фатма Ал Бааж Алмоатасем Белаҳ.
Бўлиб ўтган суҳбат якунида Ўзбекистон Бош консуллиги ва «Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси» ўртасида одам савдоси қурбони бўлган аёллар ҳамда ундан жабр кўрганларни ҳимоя қилиш мақсадида икки томонлама Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати