Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslimuz
Отинойилар масъулияти оширилмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим масъул ходимлари Моҳира Зуфарова ва Мунира Абубакирова ўз сафарларини Фарғона вилоятида давом эттирмоқда.
Ташриф давомида вилоятдаги отинойилар билан учрашувда Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги бош мутахассиси Д.Ғофурова, Фарғона вилояти бош имом-хатибининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ҳ.Комилова, туман-шаҳар бош отинойилари ва маҳалла отинойилар қатнашди.
Мазкур мулоқотда соҳа вакиллари отинойилик масъулияти, уларнинг ютуқ ва камчиликлари билан бирга фаолиятни янада ривожлантириш бўйича тавсия ва таклифларини бериш ҳамда вилоятда авж олаётган динимизда асоси йўқ турли бидъат-хурофотларни олдини олиш борасида маърузалар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар (1 қисм)
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
ЎЗ эҳтиёжи ва қарамоғидагиларнинг нафақасидан ташқари ортиқча – Байтуллоҳга бориб келишга етарли маблағи бор ҳар бир ақли расо, болиғ (балоғатга етган), озод, соғлом мусулмонга (аёллар иддада бўлмаслиги ва уларга маҳрам-йўлдош ҳам бўлиши лозим) йўллар хатарсиз бўлса, ҳаж ибодатини кейинги йилга қолдирмай, адо этиш фарздир. Бундай шароитларда кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Ҳаж ибодати умрда бир марта адо этиладиган фарз амалдир.
Ҳaж улуғ руҳий oзуқa бeрaдигaн ибoдaт бўлиб, ундa мусулмoн бaндaнинг вужуди Aллoҳ таологa тaқвo билaн, Унгa тoaт қилишгa aзму қaрор билaн, гунoҳлaригa нaдoмaт билaн тўлaди. Бу сaфaрдa мусулмон кишининг Aллoҳга, Унинг Рaсулигa вa мўмин-мусулмoнлaргa бўлган муҳaббaти зиёдa бўлади. Дунёнинг ҳaмма тaрaфлaридaги дин қaрдoшлaригa нисбaтaн дўстлик туйғулaри уйғoниб, мустaҳкaмлaнaди.
Ҳар бир зиёратчи ҳаж улуғ руҳий ва маънавий oзуқa бeрaдигaн ибoдaт эканлигини тушуниб етиши лозим. Ҳаж сафарига кетаётган кишилар Аллоҳ таолонинг меҳмонлари ҳисоблангани боис, улар ҳажнинг ҳар бир одобига қатъий риоя этишлари керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими
Гўё тирик инсон билан сўзлашгандек
Ҳабибим, ўз фарзандини бағрига босган ҳар онани кўрганингизда волидангизсиз ўтган изтиробли кунлар хаёлингиздан ўтса керак-а?
Икки олам сарвари Маккани фатҳ қилиш учун йўлга отландилар. Маккага етмасдан маҳзун ҳолда йўл устидаги “Абво”[1] қабристонига кирдилар...
Албатта, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу жойдан илк маротаба ўтмаётган эдилар…
Ушбу қишлоқнинг ўзига тортадиган ва ўз ўрнида кўнгилни бироз чўктирадиган жиҳатлари ҳам бор… Негаки, бу табаррук маскан кўнгиллар султони бўлган зотнинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг танасини ўз бағрига олган эди…
Она шундай буюк зотки, у фонийлик диёридаги боқийлик жаннатидир…
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотни кузатган ровий айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлар томон юриб бордилар. Сўнг оналарининг қабри олдида ўтирдилар”[2].
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлар оралаб аста-секин ва хотиржамлик билан юриб келиб, қалблари меҳрга лиммо-лим тўлган кўйи чўккалаб ўтирдилар. У зот анча маҳзун ва ўйчан эдилар...
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё (тирик) инсон билан гаплашаётгандек ўтирган ҳолда йиғлар эдилар…”.
“Гўё (тирик) инсон билан гаплашаётгандек”. Ҳа, икки олам сарвари ушбу дамда оналари билан гўё тирикдек, юзма-юз сўзлашдилар. У зот волидаларига айрилиқда ўтган эллик беш йиллик хотираларини, дарду аламларини айтиб берган бўлсалар ажаб эмас!
Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотираларини оналарига фақат ўзларигагина хос услуб ва ноёб оҳанг билан айтиб берганларига шубҳа йўқ. Мазкур тарихий воқеа тафсилотлари бизга етиб келган ҳадисда зикр қилинмаган. Аммо айни шу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оналари қабри бошида узоқ ўтирганлари ва қаттиқ таъсирланганлари ҳикоя қилинган.
“Ўтирган ҳолда йиғлар эдилар”.
Катта эҳтимол билан бу пайтда Ҳабибимизнинг оналарига айтган дил сўзлари – ҳар жума куни, онасининг зиёратига келиб, унга ўзи ҳақидаги сўнгги хабарларни айтиб берадиган етим боланинг сўзларига ўхшаб кетар...
Ё бўлмаса Аллоҳнинг Расули, ўша дамларда: “Валлоҳи, сиздан айрилдим, онажон. Биз бир-биримиздан жудо бўлган дамдан бошлаб олам менга торлик қилмоқда!”, дегандирлар. Ҳар не бўлганда ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларининг тўрида сақлаб келаётган дардларини меҳрибонига тўкиб солганлари аниқ.
“Гўё (тирик) инсон билан гаплашаётгандек”.
Ким билади дейсиз, Ҳабибимиз оталари вафот этган вақтда оналари у зотни жуда эҳтиёт қилганларини эслагандирлар. Айни вақтда волидаларининг бошқа оналар каби дилбандини вафот этган жуфти ҳалолига ўринбосар қилиш орзусида бўлганларини ёдга олгандирлар.
Эй Ҳабибим, ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз ҳам онангизни йўқотдингиз...
Ўша машъум кун – гўдаклик ва болаликнинг охирги куни эди. Ана шу кундан бошлаб бирданига улғайдингиз... Ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини ўз елкангизга олдингиз...
“Гўё (тирик) инсон билан гаплашаётгандек”.
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, эҳтимол, ўша онларда, онажонларига ўз ҳаётларидан баъзи лавҳаларни сўзлаб бергандирлар: “Сиз боқий дунёга рихлат қилгач, менга бобом ва амаким ғамхўрлик қилишди... Шом диёрига сафар қилдим... Камон ўқларини тайёрлашда амакиларимга қарашдим... Ўзим севган ва ардоқлаган, Асад ибн Абдулуззо уруғидан бўлган Хадичага уйландим... У сизга бир нечта невараларни туғиб берди... Кейин мен Пайғамбар қилиб юборилдим...
Тўғриси, онажон, сиздан кейин ҳаётим оғир ўтди... Барча етим болалар кўриши лозим бўлган изтиробларни бошдан кечирдим...
Қолаверса, бир куни Ибн Абу Муъайт юзимга туфлади... Ҳатто амаким ҳақорат қилди... Қавмимдаги қариялар эса менга ноҳақлиқ билан “сеҳргар” деб туҳмат қилдилар...
Тоиф аҳли эса мени тошбўрон қилди. Натижада уйга сиздан айрилган пайтимдаги каби дарбадар ва саргардон бўлиб қайтиб бордим...
Орадан кўп вақт ўтмасдан, тарози палласи ўзгарди ва Аллоҳ таоло менга ғалаба нашидасини насиб қилди. Онажон... Энди мен Маккани фатҳ этгани кетмоқдаман... Мени дуо қилинг!
Тез орада мен туғилиб ўсган уйимиз ёнидан ўтаман. Унинг ҳар қарич ери мен учун азиз, негаки, бу муқаддас макон доимо менга сизни эслатиб туради…
Эслайсизми, уйимизда сизнинг иссиқ бағрингизда ухлар эдим. У ердан ҳар гал ўтганимда сиз пиширган таомнинг хушбўй ҳиди уфуриб, димоғимни қитиқлайди. Айнан сизнинг севимли таомингиз “қодийднинг”[3] ҳидини туяман...
Кунларнинг бирида саҳройи одам мени кўриб, қўрқиб кетди ва оёқлари қалтирай бошлади. Мен эса уни тинчлантирдим. Унга сиз доимий тарзда яхши кўриб истеъмол қилган таомингизни айтиб бердим: “Ўзингни бос… мен қодийд ейдиган, Қурайшдан бўлган бир аёлнинг ўғлиман, холос”[4], дедим.
Гўзал юзингизга термулиб боқишга, хина билан безалган билакларингиздан тутишга, иссиқ бағрингизда ором олишга ҳамда кўчага чиқишимдан олдин менга айтадиган насиҳатларингизга жудаям муҳтожман, онажон!..”
Яна бир саҳоба эса ушбу манзарани қуйидагича ҳикоя қилади: “Илгари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу даражада кўп йиғлаганлари кўрилмаган эди”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўз кўзлари билан кўрганларини бундай нақл қиладилар: “У зот йиғладилар ва атрофдагиларни ҳам йиғлатдилар”.
“… Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, сизни нима йиғлатди? ...”, дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бу ҳолнинг сабабини қайта-қайта сўрайвердилар. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Омина бинти Ваҳбнинг қабри… Мен Роббимдан онамни зиёрат қилишга изн сўрадим. Роббим изн берди… менга онамнинг кўнгилчанликлари етди ва шу сабабли йиғладим…”[5], дедилар.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга онамнинг кўнгилчанликлари етди”, демоқдалар. Демак, бундан шундай хулоса чиқариш керакки, кўнгилчанлик, меҳрибонлик, ҳалимлик каби фазилатлар икки олам сарварига оналарининг табиатидан ўтган экан. Суюклигимиз оналаридан кўнгилчанликни мерос қилиб олганларини эътироф қилмоқдалар.
“шу сабабли йиғладим”.
Кўнгиллар султони эллик йилдан ортиқ вақт давомида йиғладилар… Оналарини, оталарини ва ўтиб кетган қариндошларини эслаб, соғиниб йиғладилар...
Бир куни ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга қараб: “Эй Умар, Аллоҳни унутиб, инсонийлигини йўқотган одамларга яна қайтадан ҳаёт бағишлаш вазифаси менга эллик йил давомида онамга бир сўз айтиш имконини бермади!”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бугун, умрларининг олтмишинчи йилига яқинлашганларида тўйиб-тўйиб, ичларидаги бор дарду аламларини айтиб-айтиб йиғладилар...
Ҳабибимиз, эҳтимол, оналари вафот этган куни гўзал сабр қилиш даъвоси билан кўп йиғламаган бўлишлари ҳам мумкин! Балки ўша куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни боболари ёки амакилари шошилтирган бўлишлари мумкин…
Балки улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларидан тутиб: “Бошинг омон бўлсин! Ҳали ҳаётинг олдинда”, деб таскин бергандирлар...
Айни пайтда, оналарининг қабри бошида маҳзун бўлиб турган Пайғамбаримиз алайҳиссалом йиғлашга, ўтганларни дилдан хотирлашга қарор қилдилар. Бу амални бу дунёда яқин инсонини йўқотган кимсалар учун суннат қилиб кетдилар...
Кўнгиллар султонининг аччиқ кўз ёшлари муборак юзлари ва соқолларини ювиб ерга тўкилса-да, аслида бу жолалар у зотнинг қалбларига томмоқда эди!
Умматлари ичида Набий алайҳиссалом каби қалбига жароҳат етганларга, фироқдан ғам чекаётганларга Аллоҳ таоло чиройли енгиллик берсин!
Муҳаммад Аҳмад Бораҳманинг "Чунки сиз Муҳаммадсиз" китобидан
(Араб тилидан таржима ва изоҳлар муаллифлари:
Мурод Шоший, Комронбек Ислом, Саййидмаҳмуд Парпиев)
[1] Макка ва Мадина орасидаги қишлоқ номи. Бу жойга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Омина бинти Ваҳб дафн қилинганлар.
[2] Имом Аҳмад ривояти: 23 038.
[3] Гўшт узун қилиб кесилиб, тузлаб, қуритиб тайёрланадиган таом.
[4] Имом Ибн Можа ривояти: 3312.
[5] Имом Байҳақий ривояти.
Талабалар иштирокида хотира тадбири ўтказилди
Хотира ва қадрлаш тушунчалари замирида инсонга, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига эҳтиром туйғуси мужассам. Хотира ва қадрлаш куни арафасида бугунги тинч-осойишта ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Шу йўлда фидокорлик кўрсатган улуғларимизни ёдга оламиз.
Бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Тоҳир Эвадуллаев бир гуруҳ талабалар билан пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжидига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кутиб олиб, дастлаб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қабрларини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, "Шайх Зайниддин" қабристонида ётган барча марҳум ва марҳумалар руҳониятига бағишланди.
Сўнгра "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.
Абдуқаҳҳор домла талабаларга чуқур илм олиш, ўқиб-ўрганиб, изланиб, кучли мутахассис бўлиб етишиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Қуръони карим оятлари, ҳадислар ҳамда ўтган улуғ уламоларимизнинг ҳаётлари ҳақида гапириб бердилар.
Абдуқаҳҳор домла яқиндагина нашр этилган "Оила – муқаддас даргоҳ" китобларини меҳмонларга ҳадя қилдилар.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати