muslimuz

muslimuz

Ҳаммамиз ҳар куни йигирма тўрт соат умр кечирамиз. Лекин ҳамма ҳар хил фойда ва натижаларга эришади. Ҳар гал вақтингиздан унумли фойдаланганингизда ғалабага тобора яқинлашиб бораверасиз!

Вақтингиз устидан ҳукмрон бўлинг. Вақтингиздан тўғри ва унумли фойдаланинг. Вақт сизга ҳукм ўқишидан, соатларингизни мақсадсиз зое қилишдан эҳтиёт бўлинг. Эски одатларингизга қаранг, нималарга вақтингиз бекор сарфлаганингиз ҳақида ўйланг ва шуни эндиликда ислоҳ этинг!

Қиладиган ишларингизни аниқ марказлаштириб олинг. Кўп ишлар билан хаёлингизни банд қилманг. Натижа бермаган ҳар қандай ҳаракатдан тўхтанг!

Ҳужжатларингизга эътиборли бўлинг, ҳар жойда сочилиб ётмасин. Ҳафта давомида сизга керак бўлмайдиган қоғозлардан халос бўлинг ёки уни йўқолмайдиган жойга қўйинг.

Ҳар иш учун етарли вақт белгиланг ҳамда бошланиши ва тугашини ҳам ҳисобга олинг.

Ишларни математик ҳисоб-китоб билан тақсимланг. Масалан, маълум бир жойда қилинадиган ишлар ёки бир-бирига яқин жойларда бажариладиган ишлар. Бу вақтдан ютишга ёрдам беради.

Ўзингиз учун керакли бўлган нарсаларни битта жойдан сотиб олишга ҳаракат қилинг. Аниқроғи харид қилиш учун ҳамма эҳтиёжларингиз топиладиган дўконга боринг ва маҳсулотларни етарлича сотиб олингки, яқин вақт ичида яна харид қилишга вақт кетказишингизга тўғри келмасин!

Баъзи узоқ вақт мобайнида қилинадиган ишлар орасига тез битадиган ишларни киритиб кетинг. Масалан, Қуръон ўқиш ёки жадвалингиздаги бирор ишни дейлик шифохонада навбат кутаётиб қилиб қўйсангиз вақтдан ютасиз.

Малолланиб қолмаслик учун ишларингиз турини ўзгартириб туринг. Битта шахсий ишингизни қилингда, кейин битта оилавий ишингизни қилинг, кейин кўчадаги ишингизни қилиб келинг.

Ёнингизда кичик ҳажмдаги китоблар олиб юринг, кутиш вақтларида бўш турмай ўқиб оласиз. Бу ҳам йиғилиб-йиғилиб анча фойда бўлади.

Бирор учрашув белгилаган бўлсангиз вақти келишидан озгина олдин телефон орқали боғланиб яна аниқлаштириб олинг. Шунда кутиб қолмайсиз.

Кунлик режангизда доимо Қуръон ўқиш, нафл рўза тутиш ва бошқа ибодатлар учун вақт ажратилсин.

Шунингдек, оилангиз билан ўтказиш учун алоҳида вақт ҳам тайинлаб қўйинг. Бу нарса асло вақтингизни зое кетказади деб ўйламанг. Бундай ишлар руҳиятингизга жуда яхши таъсир қилади, иш асносида ҳосил бўлган малолликни, чарчоқни кетказади.

Бекорчи одамлар вақтингизни олишаётган бўлса, уларга “йўқ” дейишга сира иккиланманг.

Беҳуда ишлар, ўйин-кулгилар билан умрингизни зое қиладиган ишлардан ҳазир бўлинг. Бундай нарсаларни тўғирлашга ҳам ҳиссангизни қўшинг, айниқса фарзандларингиз ва уларнинг дўстлари хусусида! Уларга вақтни қадрлашни, масъулиятни ҳис қилишни ўргатинг.

Салафлардан бири шериги уни вақтни зое қиладиган бир ишга чақирганда унга айтган экан: “Қуёшни тўхтатиб қўй, майли шунда чақириғингга кўнаман”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Икки нафар қизим бор. Бири етти, иккинчиси тўрт ёшда. Ҳамма болаларга ўхшаб менинг қизларим ҳам урушиб, талашиб туришади. Шундай пайтда уларга “Қизалоқларим, ҳозир шайтонни жуда хурсанд қилаяпсизлар-да. Чунки шайтон одамларни бир-бири билан уриштирса, айниқса, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида уруш чиқарса, жуда хурсанд бўлар экан. Мана ҳозир ҳам сизларни уриштириб қўйиб, устинглардан мазза қилиб кулиб ўтирибди” дейман. Уларга Юсуф алайҳиссалом билан акалари ўртасига шайтон қандай қилиб низо солганини, уларни бир-бирларига қандай гиж-гижлаганини айтиб бераман. Кейин улар бироз тинчланишади.

Шунда пайтдан фойдаланиб “Келинглар, энди устимиздан кулгани учун шайтоннинг адабини берамиз” деб қизиқтираман. Табиийки, қизларим “Қандай қилиб?” дейишади. Кейин мен уларга қиблага қараб 100 марта истиғфор айтишни ўргатаман. Ўзим ҳам улар билан бирга 100 марта истиғфор айтаман.

Агар чарчаб қолишса “Йигирмата қолди, ўнта қолди” деб илҳомлантириб тураман. Истиғфор 100 та бўлгач, икковларига “Мана биз шайтоннинг таъзирини бердик, Роббимизни хурсанд қилдик” деб мукофот бераман. Кейин икковлари талашган масалани ўтириб, босиқлик билан ҳал қиламиз.

Шу услубда уларнинг орасини ислоҳ қилиш менга қулай. Одатда фарзандлар ўртасидаги шундай майда тортишувларга беэтибор бўлиш кейинчалик улар орасидаги катта муаммоларга сабаб бўлади. Шунинг учун уларга ҳали кичикликларидаёқ бундай вазиятлардан қандай қилиб яхши йўл билан чиқиб кетишни ўргатиш керак бўлади.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди. 

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш, «жаҳолатга қарши — маърифат» ғояси асосида диннинг инсонпарварлик, эзгулик ва тинчлик сингари олижаноб тамойилларини, диний бағрикенглик руҳини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг 8-бандида Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши алоҳида қайд этилган.

 Президент қароридаги белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати Олий суднинг расмий веб-сайтидаги “Очиқ маълумотлар” рукнида (https://sud.uz/open-info/supreme-court-open-info/) мунтазам равишда янгиланиб, эълон қилиб борилмоқда.

 Зотан, фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқ ва мобил мессенжерлар орқали юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидани сингдириш ҳолатлари кузатилмоқда.

 Қолаверса, экстремизм ва терроризм сингари бузғунчи ғоялар билан йўғрилган бундай манбалар ҳам ҳаётий тажрибаси ва диний билимлари етарли бўлмаган баъзи ёшларга таъсир ўтказиб, уларнинг онгида ёвузлик, қўпорувчилик сингари иллатларни шакллантириши ҳеч гап эмас.

 Айтиш жоизки, бундай бузғунчилик ва вайронакорликни тарғиб қилувчи манба ва материалларни суд тартибида тақиқлаш амалиёти хорижий давлатларда ҳам кенг қўлланилади.

 2019 йилдан бугунги кунга қадар Олий суднинг 80 дан зиёд ҳал қилув қарори асосида Интернет тармоғидаги, хусусан, “Meta” (Facebook), “Одноклассники”, “Instagram” ва “TikTok” ижтимоий тармоқлари, “Telegram” мобил мессенжери, “YouTube” видеохостинги ва бошқа 1 000 дан ортиқ манбаа ва улардаги материаллар диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган деб топилиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.

 Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ноқонуний деб топилган манба ва контентлардан аҳолини хабардор этиш – мазкур йўналишда олиб борилаётган фаолиятнинг самарадорлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир.

Албатта, диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет нашрлар, каналлар, саҳифалар, профилларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган механизм асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 Бироқ бу чора-тадбирларга қарамай, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ қилмишларни содир этиш ҳолатлари ҳамон учраб тургани ғоятда ташвишлидир.

 Ҳолбуки, бундай жиноий қилмишларга нисбатан амалдаги қонунчилигимизда қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

 Хусусан, Жиноят кодексининг 244-1-моддасига эътибор қаратайлик.

 Ушбу моддага мувофиқ диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 Шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.

 Юқоридаги ҳаракатлар:

 а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;

 б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;

 в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;

 г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

 Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, шуни қайд этиш жоизки, ёш авлодни ёт ғоя, турли хил бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраш мақсадида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлашимиз талаб этилади.

 Шу ўринда қадрли ота-оналар ва ёшларга мурожаат этмоқчимиз. Диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолишдан доимо сақланинг. Улар ҳаётингиз ва орзуларнингизни барбод қилишига асло йўл қўйманг.

 Суд томонидан тақиқланган интернет манбаалардан йироқ бўлинг. 

Айтдиларки, бизнинг замонамизда талабаларга ўзларининг устозларидан бошқа бирор кишини ранги ва асари ўрнашмас эди. Талабаларнинг ўз устозларига ҳос ақидалари, муҳаббатлари ва устозларини эса уларга ҳос шавқати бўлар эди. Энди мижозлар, мазоқлар, табиатлар ўзгариб кетди. Талаба ва устозларда шу алоқалар қолмади. Шунинг учун, илмий завқ, илмий ранг ҳам уларда пайдо бўлмаяпти. Бирор рангда улар пухта эмас. Мукаммал кимнидир, аниқ бир ранг йўқ шогирдларда. Илмий истеъдодлар ҳам, амалий тарбия ҳам ҳаммаси заиф, қувватсиз. Шу боис, мадрасаларда талабаларни амалий тарбияси ва устозларда эса, ҳизмат деган бир жазабани ҳосил қилиш керак.

Ҳизмат қилишимиз керак деган нарса бўлиши керак, талабаларда эса, амалий тарбия бўлиши керак. Шунақанги бир йўлларни ихтиёр қилишга жуда ҳам зарурат борки, талаба ва устозларда ўзаро алоқа, муносабат пайдо бўлсин. Истеъдоддаги камликни мукаммал қилишлик учун айтдиларки, мени наздимда бу вақтда жуда ҳам зарурийки, бизни мадрасаларимизда “Тафсири Жалолайн"дан олдин Қуръони Мажиднинг таржимасини дарс қилиб ўқитиш керак. Ҳали араб тилини бошламасдан олдин, ўзининг тилида Қуръонни мукаммал таржимасини талабалар билиши керак.

Айтдиларки, алҳамдулиллаҳ мени ҳамма устозларимга муҳаббатим, ақидам бор. Ҳусусан, Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Ёқуб Нонутувийга қалбимда ҳос муҳаббатим бор. Ўша замонда Ҳазрати Гангуҳий раҳматуллоҳи алайҳни ҳузурларида Гангуҳда “Давраи ҳадис” бўлар эди. Олтита саҳиҳ китобни дарсини Ҳазрати Гангуҳий раҳматуллоҳи алайҳни ўзлари ўқитар эдилар. Девбандни аксар талабалари давраи ҳадисдан олдинги китобларни Девбандда ўқишиб, давраи ҳадис учун Гангуҳга боришар эди. Девбандда кам қолишар эди. Лекин мен Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Ёқуб Нонутувийга кучли муҳаббатим бор эди. Менга бевафолик бўлиб кўринганки, мен давраи ҳадис учун у кишини ташлаб бошқа жойга кетишим, менга ёқмаган. Аллоҳ таолога шукрки, ҳадисда бошқа шерикларимдан кам қилмади.

Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ

Cавол: Дориларни ишлаб чиқариш ва одамларга қўллашдан олдин сичқон каби кемирувчи ҳайвонларда тажриба ўтказилади. Бундай қилиш динимизда жоизми? Ҳайвонни жонини қийнаш сабабли гуноҳкор бўлиб қолинмайдими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бугунги кунда дори-дармонлар ишлаб чиқаришлик ҳаётий заруратлардан ҳисобланади. Дори-дармонларнинг таъсири кучли бўлиши учун улар бир неча босқичли синовлардан ўтказилади. Тадқиқот ва кашфиётлар учун ҳайвонлардан фойдаланиш жоиз, айниқса, саволда айтилгандек, сичқон, каламуш сингари шариатда ўлдиришга рухсат берилган ҳайвонлар устида тажриба ўтказиш масалани янада енгиллаштиради. Чунки мутахассисларнинг таъкидлашича, кўплаб инсонлар йўлиқадиган касалликлар ҳайвонларда ҳам учраб туради. Шунинг учун бу ишлар ортида инсоният учун улкан манфаатлар ётади.

Қолаверса, шариатнинг мақсадларидан бири инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилишдир.

Аллоҳ таоло каломида бундай марҳамат қилади: “У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот” (Бақара сураси, 29-оят).

Ушбу оят инсонлар ер юзидаги барча нарсадан фойдаланиши мумкин эканига далолат қилади. Илмий ишлар, кашфиётлар учун ҳайвонларда тажриба ўтказиш ана шундай фойдаланиш остига киради.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ушбу ҳолатда аниқ бўлган фойдани кўзлаб фойдаланиш керак. Инсон ҳайвонот оламидаги жонзотларни бирор-бир мақсад туфайли сўйиши мумкин. Аммо бемақсад, беҳудага сўйиш, ўлдириш мумкин эмас.

Шурайд ибн Сувайд Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш қиёмат куни Аллоҳ таолога: “Роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор-бир фойдани кўзлаб ўлдирмади”, деб шикоят қилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Ҳайвонга тирик ҳолида тажриба қилинганда салбий таъсир қилиб, қийналиб яшайдиган бўлса, азобланмайдиган қилиб сўйиш ёки ўлдириш, сўйишда ҳам ўткир тиғли асбобдан фойдаланиш лозим.

Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар ўлдирсангиз, чиройли тарзда ўлдиринг. Агар сўйсангиз, чиройли тарзда сўйинг”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Top