muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушбу ҳафтада имом-хатибларимиз 676 миллион сўмлик хайрия ишларида бош бўлдилар.

Юртимизда қаҳратон қишнинг айни авж палласида республикамизда фаолият юритаётган имом-хатиблар аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига турли кўринишдаги моддий ёрдам кўрсатилишида фаоллик кўрсатмоқдалар.

Хусусан, жорий йилнинг 15-20 январь кунлари республикамиз бўйлаб кўплаб хайрия ишлари амалга оширилди:

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани имом-хатиблари “Катта ҳовуз” ва “Камолон” маҳалласидаги ёнғиндан жарб кўрган икки оила ҳолидан хабар бориб, уларга 5.000.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилди. Шунингдек, уйни қайта тиклаб олиш учун цемент ва темир маҳсулотлари олишда ҳомийлар кўмагида ёрдам кўрсатиш режалаштирилди.

Бундай саховат тадбирлари “Имом Ҳасан” масжидида ҳам давом этиб, дошқозонда ош дамланиб, эҳтиёжмандларга тарқатилди. “Эшон Бобохон” масжиди маъмурияти эса бешта кам таъминланган оилага 4.000.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилди. Шунингдек, бир талабанинг 25.000.000 сўмлик шартнома пули тўлаб берилди.

Умумий ҳисобда эса Тошкент шаҳри бўйича жами 99.197.000 сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Бундай хайрия тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси имом-хатиблари иштирокида ҳам давом этди. Улар тадбиркор, саховатпеша инсонлар кўмагида мухтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқдалар. Жумладан, Беруний тумани «Султон Увайс бобо» зиёратгоҳ масжиди томонидан тумандаги “Абай” ОФЙда истиқомат қилувчи 80 дан ошиқ кишига иссиқ овқат тарқатди. Шунингдек, Чимбой тумани “Хан” масжиди томонидан тумандаги 15 оилага ҳомийлар кўмагида 3 тонна кўмир берилди. Мўйноқ тумани “Тўқмоқ ота” масжиди томонидан эса ҳомийлар кўмагида тўртта  кам таъминланган оилага 8 280 000 сўмлик хайрия қилдилар.

Шу кунларда қорақалпоғистонлик имом-хатиблар жами 15 042 000 сўмлик саховат ишларида бош бўлдилар.

Фарғона вилоятида ҳам хайрия ишлари жадал кетяпти. Жорий йилнинг 18 январь куни ҳудуддаги имом-хатиблар 24 та оилага 12.660.000 сўмлик кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилиб, 100 та кам таъминланган хонадонга ош тарқатди.

Наманган вилоятида марказий масжидлардан 25 тасида бир бошдан қўй сўйилиб (715 кг, 57200000 сўмлик), масжидлар ҳудудидаги 80 ёшдан ошган нуроний кексалар, эҳтиёжманд фуқаролардан жами 260 нафар оилага тарқатилди. Шунингдек, имом-хатиблар ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган 85 га яқин оилага 25.200.000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, жами 82.400.000 сўмлик хайрия ишларини амалга оширди.

Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар ва ноиб имомлар томонидан қишнинг совуқ кунларида аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, ёзғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар қатламларига ҳамда бемор фуқароларнинг даволаниши учун жами 12.100.000 сўмлик хайрия қилинди.

Сирдарё вилояти имом-хатиблари томонидан ҳомийлар кўмагида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож 381 та хонадонга (ҳар бир оилада 2-3-4 тагача етим боласи бор ёлғиз оналар) 10 хилдаги озиқ-овқат ва 18 та оилага  200 килограммдан 2,5 тоннага яқин кўмир тарқатилди. Умумий ҳисобда эса вилоят бўйича 212.000 000 сўм қийматда турли маҳсулотлар тарқатилди.

Андижон вилоятида Жалақудуқ тумани “Иттифоқ” жоме масжиди имом-хатиби бошчилигида шифохонада оғир ҳолатда ётган беморнинг даволаниши учун ҳомийлар ёрдамида 3.300.000 сўм ёрдам қилинди.

Қашқадарё вилоятида 15 – 20 январь кунлари ҳудудлардаги масжид имом-хатиблари томонидан ҳомийлар кўмагида 308 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга жами 236 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, ун, электр печ, газ плита, кўмир каби моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Шундай қилиб, ушбу ҳафтада Республика бўйича хайрия тадбирлари миқдори умумий ҳисобда 676.000.000 сўмни ташкил этди.

Бундай эзгу амаллар бу ҳафта ҳам давом этади, иншааллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар билан ишлаш бўлими

Диний ташкилот – диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўз-ўзини бошқарувчи уюшма. Айни вақтда диний ташкилотлар фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан ҳисобланади.

Диний ташкилотларнинг таълимоти, тарихий анъаналари, диний уюшмалар тузилишида тутган ўрни ва роли турли-туман бўлиши мумкин. Фуқаронинг Диний ташкилотга аъзолиги унинг ҳуқуқий мақомини, жумладан бошқа шахслар билан тенглигини чеклаб кўя олмайди. Диний ташкилотларнинг энг муҳим белгиси – уларнинг ўз-ўзини бошқаришидир, яъни, улар маъмурий жиҳатдан давлат идораларидан ажратилган. Диний ташкилотларнинг фаолияти қонунларга зид келмаса, давлат уларнинг ички ақидавий ишларига аралашмайди. Улар ўз устав ва низомларига мувофиқ ташкил топиш ва иш юритиш, ходимларни танлаш, тайинлаш ва алмаштириш ҳуқуқига эгадирлар.

Диний ташкилотларнинг уставлари уларнинг тузилиши, диний таълим ва фаолиятнинг бошқа масалаларини белгилаб беради. Баъзи диний ташкилотлар иерархия тизимида ташкил топган. Масалан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Рус православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси, масжидлар, черковлар, ўқув юртлари, маҳаллий ташкилотлар ва ўз бошқарув органларига эга. Ўзбекистан Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги (2021 йил янги таҳрирда қабул қилинган) қонунида таъкидланганидек, Ўзбекистан Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари – диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар Диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Тегишли устав асосида фаолият юритувчи республика диний уюшмалари Ўзбекистан Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Вилоят, туман ва шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ ҳудудида бўлган Диний ташкилотлар тегишли вилоятлар, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги адлия бошқармалари томонидан рўйхатга олинади. Диний ташкилот рўйхатга олингандан сўнг у юридик шахсга айланади. Диний ташкилот юридик шахс сифатида қонунларга ва ўз низомига мувофиқ ҳолда ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларни ўтайди. Диний ташкилот раҳбарининг ташкилот уставини рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади. Рўйхатдан ўтмаган Диний ташкилотларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Диний ташкилотлар фаолияти икки ҳолда: улар ўз низомларига мувофиқ тугатилганда ва "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўгисидаги” Қонуни ёки бошқа қонун ҳужжатларига риоя қилинмаганда тўхтатилади. Диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор Ўзбекистан Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг адлия бошқармалари томонидан қабул қилинади.

Диний ташкилотлар қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга, шикоят фуқаролик ишларини юритувчи суд томонидан кўриб чиқилади. Диний ташкилотлар тасарруфида бинолар (масжидлар, черковлар, синагогалар, кирхалар, монастирлар, ибодатхоналар ва бошқа иншоотлар), корхоналари (босмахоналар, фермалар, бадиий-тикув цехлари ва ҳаказолар), ижтимоий ва хайрия объектлари (етимхоналар, қариялар уйлари ва ҳаказолар), диний анжомлар (диний китоблар, иконалар, шамлар ва ҳаказолар), улар фаолиятини таъминлаш учун зарур транспорт воситалари, пул ва бошқа мулклар бўлиши мумкин. Диний ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади.

 

Ҳабибуллоҳ Саидов, Термиз шаҳар “Ҳаким Термизий” жоме масжиди имом ноиби

 

19 январь куни мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Миср Халқаро ҳамкорлик вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Миср китоблар ва миллий архивлар уйи Бош ҳайъати ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми лойиҳасини мутахассислар даражасида муҳокама этиш мақсадида онлайн музокаралар ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда сақланаётган қўлёзмаларни тиклаш, уларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) ва архивлаштиришда Миср тажрибасидан фойдаланиш, соҳада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни Ўзбекистон ва Миср ўртасида иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши давомида имзолаш тўғрисида келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top