muslim.uz

muslim.uz

Илмга эътибор, таълимга муҳаббат тараққиётнинг асосини ташкил этади. Айтиш мумкинки, бугун биз қандай юксак даражаларга, улуғ мақомларга эришган бўлсак, бунинг замирида, аввало, устозларга, муаллимларга, мураббийарга эътибор мужассам.

Бежиз муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган байрам табригида: “Барчамизга аёнки, муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис, биз кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз”, дея такидламадилар.

Тарихдан маълумки, қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиққан бўлса, ўша халқнинг илмга муҳаббати зиёда бўлган. Мисол учун, юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг дарғалари – Афлотуну Арастулар шу заминда камолга етган. Шумерлар зироат ишларига муҳаббатли бўлгани боис мислсиз ютуқларни қўлга киритишган. Буларнинг барчаси, табиийки, устозларнинг машаққатли меҳнати туфайли юзага келган.

Буюк муаллим – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролида порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар этди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган халқимиз, миллатимиз Исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк устозлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз орасидан чиқди.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Термизий, Замахшарий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Насафий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек... Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ана шу буюк мутафаккирларнинг, улуғ устозларнинг қонлари бугун бизнинг ёшларимиз томирларида оқмоқда.

Илмга ташналик набавий кўрсатмадир. Юртимиз қадимдан буюк алломалар, улуғ муаллимлар юртидир. Бугунга келиб яна шу буюкликка интилган ҳолда ёш авлоднинг илму маърифатига эътибор кучайди. Буни шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев назорат қилиб, таълим масканлари ва у ердаги тарбиянинг нечоғли сифат ва мукаммаллигига эътибор берилаётганидан ҳам билса бўлади.

Илмни диний ёки дунёвий деб ажратиб бўлмайди. Чунки ҳаммаси ҳам илм, барчаси ҳам билимдир. Шу боис буюк келажакни кўзлаган халқ илмнинг ҳар бир соҳасида етук олимларни етиштириши шарт.

ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим билан дин уйғун ўрганилиши лозим. Шундагина яхши одамлар етишади”,  деган эди.

Илм ёшликнинг зийнатидир. Илм келажакка тикилган энг ишончли сармоядир. Ёш ўсиб келаётган авлоднинг илму маърифатга аҳамият бериши эса миллат келажагининг буюк эканлиги белгисидир. Илм маърифатни эгаллаш учун ёшликдан интилмоқ зарур. Бу билан бирга эса яна бир неча омиллар борки боланинг илми мукаммал бўлишини таъминлайди.

Олимларимиздан келган ҳикматли сўзлардан бирида айтилишича: “Ким олимлар ва илмга ҳурматсизлик қилса, унинг зурриётларидан илм аҳли чиқиши қийин”, дейишган. Шунинг учун ҳам инсон олим бўлиши ёки илм олувчи бўлиши, ё илм аҳлига хизмат қилиб, ихлос билан уларни севувчи бўлмоғи лозим. Аммо асло илм ва илм аҳлини ёмон кўрувчи бўлмаслиги керак. Бу ҳадиси шарифда гўзал тарзда ифодаланган

Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан, у отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олим бўлинг ёки ўрганувчи бўлинг ёки эшитувчи бўлинг ёки илм аҳлига муҳаббатли бўлинг, аммо ҳаргиз бешинчиси бўлманг-ки, ҳалок бўласиз” (Имом Байҳақий ривояти).

Дунёдаги энг шарафли касб эгалари – ўқитувчи ва мураббийларимизнинг, муаллимларимизнинг ажрларини Аллоҳ таоло кўпайтириб берсин. Ҳар бир устозга Ватанимизга, халқимизга, динимизга, элимизга хизмат қиладиган баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказишни насиб этсин. Юртимиздан яна Бухорийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар етишиб чиқсин. Зеро, Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, СИЗДАН БОШЛАНАДИ АСЛИ ТАФАККУР.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

 

 

 

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари

Мусулмонлар орасида турли ихтилофларни қўзғаётган бемазҳабларнинг фаолиятлари ҳам ўзига хос. Одатда, ихтилофни қўзиган шахс одамларга кўринмайди. Балки ўз одамини юбориб, «фалончига мана бу саволни бер, у ундай деса, сен бундай дегин» қабилида гап ўргатади. Ҳалиги одам унинг айтганини қилиб, мусулмонлар ичида ихтилоф қўзғайди. Бу ҳолат бир эмас, бир неча кишидан, бир неча марта такрорлангандан кейин, ихтилоф тарқалиб, ўз кучини кўрсата бошлайди. Баъзи одамлар, биз нотўғри иш қилаётган эканмиз деб, ихтилофчига ергашади. Бошқалари шубҳага тушади. Учинчиси: «Шу пайтгача қилган ибодатимиз нима бўлди?» дейди ва ҳоказо. Охири, одамлар орасида катта нохушлик содир бўлади.

 

Бу пайтда ихтилофчиларнинг «мулла»си ўзининг югурдакларига яна бошқа бир ихтилофни ўргатиб, уларни кишилар ичига юборишга тайёрлаётган бўлади. Югурдаклар эса, ўзларига айтилган, ихтилоф қўзғаш учун тўқилган сафсатани тўтиқушдек такрорлашга ошиқаётган бўладилар. Аммо аста-секин уларнинг сирлари фош бўлиб, башаралари кўпчилик ичида намоён бўлмоқда.

 

Муҳтарам имом домлаларимиздан бирлари масжидда намозхонларга бир масалани баён қилибди. У кишининг олдига бир одам келиб: «Сиз хато қилдингиз, аслида бундай бўлади», дебди. Домла: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, «китобда бор», дебди. Имом домла: «Ўша китобни олиб келинг, ўқиб кўрайлик», дебди. Ҳалиги одам китобни олиб келиб, мазкур масала ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди. Домла ўқиб кўрсалар, «Бу масалада мана бу гапни айтганлар ҳам бор», деб ихтилофчининг гапи ёзилган ва давомида: «Аммо бу гапнинг тўғриси бундай», деб домланинг гапи ёзилган экан. Домла: «Мана, мен айтган гап тўғри экан-ку», деб кўрсатсалар, ихтилофчи: «Мен ўқишни билмайман», дер эмиш. Араб тилини билмайдиган одам ўша тилдаги китобни кўтариб олиб, олим одам билан тортишгани келибди!

 

Кейинчалик, маълум бўлишича, ихтилофчиларнинг «мулла»ларига ҳам кўрсатмалар чет элдаги хўжайинларидан келар экан. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, дунё мусулмонлари орасида ихтилоф қўзғаш ишлари халқаро марказдан бошқариб борилмоқда. Эндиликда ихтилофчи бемазҳабларнинг «мулла»ларига марказдан факс, электрон почтада ёки интернет орқали кўрсатмалар келмоқда. Улар мазкур кўрсатмаларни таржима қилиб, югурдакларни кўтариб олиб, мўмин-мусулмонлар ичида ихтилоф уруғини сочмоқдалар. Ушбу сатрларда зикр қилинаётган ихтилофлар нафақат Ўзбекистон, Ўрта Осиё ёки МДҲ давлатларида, балки бутун дунёда мусулмонларнинг бошини қотирмоқда. Биз «ихтилофчилар» ва «Бемазҳаблар» деб атаётган мухолифларимиз кимлар?

 

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ. “Ихтилофлар сабаблар ечимлар" китобидан.

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент ислом институтидан байрамона тадбир бўлиб ўтди. Унда талабалар айём билан қутлаш мақсадида устозларни байрамона кутиб олиб, уларга эҳтиром кўрсатиб, айём билан муборакбод этди.
Бундай тадбир Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида ҳам ташкил этилди. Унда таълим муассасасида фаол ва ёшларнинг эътирофларига сазовор бўлаётган устоз ва ўқитувчилар эътироф этилиб, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан сийланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top