muslim.uz

muslim.uz

mardi, 26 juillet 2022 00:00

Ҳикмат

«Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.

Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васила йўқдир.

Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало ва офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.

Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.

Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир.

Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир».

Имом Ғаззолий

Италия фуқароси Федерико Ди Пьетро «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда оиласи билан Ўзбекистонга қилган саёҳати ҳақидаги таассуротларини сўзлаб берди.

– Саёҳатимиз 2-13 июнь кунлари бўлиб ўтди. Сафарга мен, аёлим, 3 ёшли қизим ва 4 ойлик ўғлим билан бирга чиқдик.

Биз «Turkish Airlines» авиакомпанияси самолёти билан Миландан Истанбулга, кейин Ўзбекистонга учдик. Саёҳатимиз давомида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларга бордик. Ўзбекистон шаҳарларига бориш учун «Afrosiyob» тезюрар ва Тошкент – Урганч йўналишидаги поездларидан фойдаландик.
Қадимги Буюк ипак йўли бўйлаб ажойиб саёҳат бўлди. Ўзбек халқи ниҳоятда меҳмондўст экан. Мамлакат бўйлаб болалар билан бемалол саёҳат қилишингиз мумкин. Барча жойда хавфсизлигингиз таъминланган.

Ўзбекистонда оилага катта ҳурмат билан қарашади. Кўплаб ёш болали аёллар, оилалар ва болаларни кўрдик. Ўзбеклар бизга ниҳоятда меҳр ва эҳтиром билан муносабатда бўлди. Кўп ҳолларда ўз ёрдамини таклиф қилди (аравачани кўтаришарди, чақалоқни қўлга олишарди, болаларга кичик совғалар беришарди, такси тополмай қолганимизда меҳмонхонагача кузатиб қўйишарди ва ҳоказо).

Кўчада маҳаллий аҳоли билан дўстлашдик, бирга суратга тушдик. Овқатланиб олишимиз учун аёллар ва қизлар 4 ойлик ўғлим Тицианни ушлаб туришни таклиф қилишарди.

Биз 3 ёшли қизимизни ўйин майдончаларига олиб бордик. Бу бизга бошқа ўзбек оилалари ва уларнинг фарзандлари билан бирга маҳаллий самимий муносабатларни ўзимизда ҳис қилиш имконини берди. Қизимиз Екатерина маҳаллий болалар билан бирга турли ўйинлар ўйнашни ёқтириб қолди.

Палов, шўрва, лағмон, манти, кабоб, патир нон каби мазали ва тўйимли миллий ўзбек таомларидан ҳақиқатда завқ олдик. Бизнинг энг севимли ресторанимиз Самарқанддаги «Эски шаҳар» бўлди. У ерда хуштаъм таомлар таклиф қилишдан ташқари аъло даражада хизмат кўрсатишди.

Саёҳатни ўзимиз мустақил ташкил қилдик. Авиачипталар ва поездларни бронь қилишдан тортиб саёҳат йўналишларини танлашгача бўлган жараённи ўзимиз амалга оширдик. Саёҳатимизнинг барча ҳаражатлари 2 минг 800 еврони ташкил қилди.

Facebookдаги болалар билан саёҳат қилишга бағишланган гуруҳда саёҳат ҳисоботи ва фотосуратларни жойлаштирдик. Постларимиз жуда муваффақиятли чиқди. Кўпчилик фойдаланувчилар бизнинг тажрибамиз уларга Ўзбекистонга қиладиган сайёҳатлари учун ёрдам беришини таъкидлади.

Биз бошқа италиялик оилаларни илҳомлантирганимиздан жуда мамнунмиз ва Ўзбекистонга Италиядан саёҳат қилишни истаган ҳар бир кишига маълумот беришдан хурсандмиз. Ўзбекистон оилавий, хусусан, болалар билан саёҳат қилиш учун энг хавфсиз ва жозибадор йўналиш эканига ўзимизнинг тажрибамиз орқали ишончимиз комил бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов

Олдин хабар қилганимиздек, бугун, 25 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Самарқанд вилоятига ташрифи бошланди.

Сафар давомида таниқли ва воиз уламолар жоме масжидларда илмий-маърифий суҳбатлар ўтказишмоқда, уларда ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этишмоқда.

Қуйида уламоларимиз пешин намозига Самарқан шаҳридаги масжидларга ташриф буюриб, жамоат илмий-маъруза қилгани акс этган фотолавҳалар билан танишишингиз мумкин.

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг ташрифларини хайрли ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Бухорий ривояти).

“Фитна” сўзи луғатда “синаш, имтиҳон қилиш; азоблаш; адашиш; васваса” каби маъноларни англатади.

Жаҳаннам фитнаси” Аллоҳ ҳаром қилган ишларни содир этиб, дўзахда азобланишдир.

Қабр фитнаси” қабрда бўладиган турли қийинчилик ва машаққатлардир.

Бойлик фитнаси” бойликнинг инсонни ғурур, кибр, манманлик, Аллоҳга итоатсизлик каби разил ишларга ундашидир.

Камбағаллик фитнаси” ўта қашшоқ бир ҳолатга тушиб, одамлар наздида хору зор бўлиш, ҳаммадан бирон нарса таъма қилиб, ўз ҳурматини оёқ ости қилиш ва қўли калталик сабабли турли хил ноқулай вазиятларга тушиб қолишдир.

Масиҳ дажжол фитнаси” қиёмат қоим бўлишидан олдин, дажжол ер юзига чиққанида, бандаларни алдаб, эътиқодлари, имонларидан қайтариши, уларни жаҳаннам сари чорлаши ва бошқа алдовларидир.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо жаҳаннам азоби, қабр азоби, бойлик ва камбағаллик фитнаси, шунингдек, масиҳ дажжол фитнаси ва алдовларидан паноҳ сўраб дуо қилар эканлар.

Аллоҳим, Сендан (берган) неъматинг завол топиши, офиятинг (нотинчликка) алмашиниши, тўсатдан келувчи азобинг ва барча ғазабингдан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Муслим, Абу Довуд ва Имом Табароний “Авсат”да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ёмонликлардан қандай паноҳ сўраш кераклигини ўргатмоқдалар.

Неъматинг завол топишидан...” Яъни, Ислом ва имон неъмати, менга берган бошқа кўплаб неъматларинг барҳам топиши ва улардан айрилишдан паноҳ сўрайман!

Офиятинг алмашинишидан...” Яъни, соғлигим касаллик, тинчлигим нотинчлик, бойлигим камбағалликка алмашинишидан паноҳ сўрайман!

Тўсатдан келувчи азобингдан...” Яъни, мен ожиз банданг гуноҳлар гирдобига тушиб қолиб, Сен томондан бирдан келувчи ғазабинг ва интиқомингга гирифтор бўлишдан паноҳ сўрайман!

“Ва барча азобингдан...” Яъни, Сенинг ғазабингни қўзғайдиган ишларни содир этиб, азобингга йўлиқишдан паноҳ сўрайман!

Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир! Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда банданинг танаси ва қалбига тегишли икки хил иллатдан паноҳ сўраш таълим берилмоқда.

Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир!”

 

Аллоҳим, ибодатлар ва Ўзингга итоат этишимга тўсқинлик қиладиган, касаллик ёки ўлимга сабаб бўлувчи очликдан сақлагин. Зеро, у энг ёмон ҳамроҳдир!

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бирон нарсани ният қилмаган ҳолда оч юриш банданинг савоб қозонишига кифоя қилмайди. Балки бундай очлик унинг танасини заифлаштиради, мия фаолиятининг ёмонлашуви, унда қабиҳ фикр ва хаёлларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади.

Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир”.

Хиёнат омонатнинг аксидир. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик аломатларидан биридир. Демак, хиёнат, алдов, ёлғон инсон қалбига яширинган энг ёмон иллат бўлиб, бу нарса уни жаҳаннам сари судрайди. Ҳар бир банда қалбини ақл ойнасида текшириб, хиёнатдан заррача асорат кўрса, уни бартараф қилиш, қалбида яширинган хиёнат иллатини хулқни зийнатловчи омонат сифатига алмаштиришга ҳаракат қилиши лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банда туғён ва кибрга олиб бормайдиган бойлик, фаровон ҳаёт сўраши билан бирга, ибодатига халақит берадиган, имоний ва сиҳҳий аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган, ўзини эса хорлик ва таъмагирликка олиб борадиган камбағалликдан, ўта қашшоқликдан ҳам паноҳ сўраши керак.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Top