muslim.uz
«Бухоро шаҳри — Етти пир зиёратгоҳлари» йўналиши бўйлаб транспорт қатнови йўлга қўйилмоқда
Жорий йилнинг 22 август кунидан бошлаб, Бухоро шаҳри Газли шоссеси йўли ёқасида жойлашган «Шарқ» бош бекатидан соат 09-00 дан эътиборан карантин талаблари бўйича белгиланган барча санитария-гигиена меъёрларга амал қилган ҳолда «Бухоро шаҳри - Етти пир зиёратгоҳлари» йўналишида транспорт қатнови бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур йўналишда “ARK TRAVEL” МЧЖ корхонаси ўзининг замонавий автобус ва микроавтобусларида қатновларни амалга оширади.
Ушбу йўналишдаги қатнов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилиш баёнининг «Бухоро шаҳри – Етти пир зиёратгоҳлари» йўналишида транспорт қатновини йўлга қўйиш тўғрисида берилган топшириқ ижросини таъминлаш, вилоятнинг туризм соҳасини янада ривожлантириш ҳамда сайёҳлар ва вилоят аҳолисига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида Бухоро вилояти транспорт бошқармаси томонидан йўлга қўйилмоқда.
http://xs.uz
Ашуро қандай кун ва ўша куни нима қилиш керак?
Бугун, 20 август ҳижрий 1442 йил Муҳаррам ойининг биринчи куни. Ушбу ойнинг Ашуро куни, яъни 10-куни (30 август) кўплаб муҳим воқеа ва ҳодисалар содир бўлган. Бу ҳақда тарих китобларида батафсил маълумот берилган. Шу ўринда уларнинг айримларини эсга олиб ўтамиз:
- Одам алайҳиссалом жаннатда тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйганлари сабаб, гуноҳкор бўлганлар ва ер юзига туширилганлар. У зот қилган ишларига қаттиқ пушаймон бўлиб, тинимсиз истиғфор айтганлар, тавба қилганлар. Аллоҳ таоло Ашуро куни тавбаларини қабул қилган.
Бу тўғрида Қуръони Каримда марҳамат қилинади: “Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади” (Тоҳа сураси, 121-122 оятлар).
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ашуро куни Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари Жудий тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ алайҳиссалом шукрона тариқасида бундан кейин ҳар йили шу куни рўза тутганлар» (Имом Аҳмад ривояти).
- Намруд алайҳи лаъна Иброҳим алайҳиссаломни ёқиб юбориш учун катта гулхан ёқиб, манжаниқлар воситасида у зотни оловнинг устига улоқтирган. Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан олов гулзорга айланиб, Халилуллоҳга заррача зиён етмасдан омон қолганлар.
- Золим Фиръавн ва унинг навкарлари Мусо алайҳиссалом ҳамда Бану Исроилга кўп азоб берган. Улар зулмдан қочиб кетаётганларида, душманлар ортларидан қувган. Аллоҳ талонинг инояти билан Мусо алайҳиссалом ва Бану Исроил эсон-омон сувдан ўтиб олган. Фиръавн ва унинг аскарлари эса сувга ғарқ бўлган.
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Бу нима? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсизлар?)”, деб сўрадилар. Улар: “Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бану Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом рўза тутганлар”, деб жавоб беришди. Шунда у зот: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Энг аҳамиятлиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганлар. Бу нарса биз учун суннатга айланган. У зот умматларини рўза тутишга ундаганлар, қизиқтирганлар. Умматлар учун ўз Пайғамбарининг суннатларига эргашиш саодат, фазилат, барака ва нажотдир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти).
Демак, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки бир кун олдин ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.
Саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва улардан кейин яшаб ўтган мўмин-мусулмонлар бу кунларда рўза тутишган. Биз ҳам солиҳларнинг йўлларига эргашишга буюрилганмиз. Улар биз учун йўлчи юлдуз, нурли чироқдир.
Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани, яъни ўша куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.
Уламолар Ашуро куни рўза тутиш суннати муаккада, деган хулосага келишган. Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўмин инсоннинг бурчидир.
Жамоат аҳлига эргашган, уларнинг йўлидан юрганлар асло кам бўлмайдилар, надоматда қолмайдилар, ҳасрат чекмайдилар, зиён кўрмайдилар. Тутган ҳар бир куни рўзаси учун улкан савобларни қўлга киритадилар, тоғдек-тоғдек гуноҳлари дув-дув тўкилади. Бунинг барчаси биз ожиз бандалар учун ниҳоятда меҳрибон ва ўта ғамхўр Роббимизнинг чексиз иноятидир.
Эркин Қудратов,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
Ҳидоятга бошловчи имом эътирофи
Барҳаёт маънавий мерос
Ислом дини вужудга келган дастлабки даврларданоқ мусулмонлар орасида ақидавий мавзуларда ихтилофлар юзага келган. Ушбу ихтилофларнинг негизида калом илмининг энг нозик мавзусига айланган ва бугун аксар деструктив кучлар ўзига дастур қилиб олган масалалар ётади.
Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги қарори билан ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази шундай мураккаб саволларга илмий асосланган жавоблар бериб, мотуридийлик таълимотига асос солган буюк ватандошимиз, аллома Абу Мансур Мотуридий ҳаёти, беназир илмий меросини эътироф этиш, юртимиз ҳамда жаҳонда кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мотуридийлик таълимоти ислом дини доирасидаги оқимлар орасида ўзининг рационалистик қарашлари билан алоҳида ажралиб турган мўътазилийликка қарши ўлароқ вужудга келган бўлса ҳам аслида исломнинг бирламчи манбалари — Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар мазмунини тўғри талқин қилиш, инсонларга содда ва равон тушунтиришни мақсад қилган.
Бир сўз билан айтганда, мотуридийлик адашган тоифаларга қарши ғоявий кураш майдонида олдинги сафда турган. Ислом оламида “Имомул ҳуда” (Ҳидоятга бошловчи имом) номи билан танилган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида 870 йили туғилиб, 944 йили вафот этган. Қабри Самарқанд шаҳридаги Чокардиза (жангчилар қалъаси) қабристонида.
Аллома яшаган даврда ислом оламида ғоявий парокандалик, ақидавий ихтилофлар авж олгани сабаб тўғри йўлдан адашган турли оқимлар илгари сурган янглиш ғояларга қарши Қуръон ва Ҳадисга мувофиқ асосли раддия бера оладиган алломаларга эҳтиёж кучли эди.
Шундай вазиятда Абу Мансур Мотуридий изланишлари, машаққатли меҳнати, ақл-заковати билан ёт ғояларга қарши тура олди. Ишонч билан айтиш мумкинки, аҳли сунна вал жамоа ақидасини сақлаб қолишда, ривожлантиришда Имом Мотуридийнинг хизматлари беқиёсдир.
Мазкур таълимотнинг энг ёрқин вакили Абу Муин Насафий Имом Мотуридийнинг илмий мавқеи ва калом илмидаги қадр-қимматини юксак баҳолаб, бундай ёзган: “Мовароуннаҳрда бирорта ҳанафий олим мавжуд бўлмаганда ҳам Абу Мансур Мотуридий бир ўзи уларнинг ўрнини боса олар эди. Чунки у илм уммонининг энг чуқур қаърига шўнғиб, ундан дуру гавҳарларни олиб чиқди, диний ҳужжатларни ўзининг фасоҳати, мислсиз заковати билан зийнатлади”.
Имом Мотуридий замондош олимлари наздида олимларнинг энг улуғи, миллатнинг устуни эди. Қуръонга ёзган тафсири эса ҳар қандай чигалликни очиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳаларни ҳайдовчи манба эди. Олим Ҳосирий бундай ёзган: “Имом Мотуридийнинг илми туфайли тўғри йўлдаги одам билан адашган, нотўғри йўлдаги одам фарқланади. Мотуридийлар адашган тоифаларга раддия берган жамоа эди”.
Олим Муҳаммад ибн Абдураззоқ Зубайдий эса “Имом Мотуридий дин учун курашувчи, аҳли сунна вал жамоа ақидасини мустаҳкамловчи олим” бўлганини зикр қилган. Кўриниб турибдики, Абу Мансур Мотуридийнинг ўз давридаги мавқеи ва мартабаси ниҳоятда юқори бўлган. Унинг ақидавий қарашлари Мовароуннаҳрда кўпчилик ҳанафий уламолар томонидан қўллаб-қувватланган. Ғоялари ўз даврида пайдо бўлган ақидавий тоифалар ривожига тўсқинлик қилган таълимот сифатида эътироф этилган.
Имом Мотуридий уч йўналиш — калом, тафсир, фиқҳ ва усулул фиқҳ бўйича асарлар ёзган. Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” (Далиллар билан шарҳлаш) асарида Мотуридийнинг 10 дан ортиқ асари рўйхатини келтирган. Афсуски, улардан “Китобут тавҳид” (Аллоҳнинг ягоналиги ҳақида китоб) ва “Таъвилот аҳли сунна” (Аҳли сунна вал жамоа тафсири) номи билан танилган ва уламолар наздида барча тафсирлардан устун турувчи “Таъвилотул Қуръон” (Қуръон тафсири) номли асарларигина бизгача етиб келган.
Аллома асарлари бутун ислом ақидасини таҳлил қилади. Адашган фирқаларнинг ақидасини кескин рад этади ва уни инкор этиб бўлмас далиллардан ташкил топган яхлит тизим сифатида тан олиш лозимлигини исботлаб беради. Мотуридий ҳанафий ақидасига мос равишда инсон диний маърифатга эришишнинг уч воситасига – соғлом ҳис аъзолари, нақл, ақлга эга эканини ёзади. Унинг таҳлилий фикрлари бутун ислом оламида шарқий ҳанафий сифатида танилиши, шуҳрат қозонишига сабаб бўлди.
Имом Мотуридий “Тўғри йўлнинг калити — илм”, деб таъкидлайди ҳамда ёшларга “қуролни илмдан ясаш” таълимини беради. Бундан илмини тўғри йўлда сарфлаган ҳар бир инсон юксак мартабага эришиши мумкинлигини англаш мумкин. Ҳақиқатан, илм-маърифат қурол қилиб олинса, барча мунозаралар тинч йўл билан, қонли тўқнашувларсиз, талафотсиз ечим топади.
Мотуридийлик таълимотида “динни илм билан ҳимоя қилиш” тарғиб қилинади. Бу эса юртимизда амал қилаётган “Жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси билан ҳамоҳангдир.
Имом Мотуридий ўгитларида илмга, юрт раҳбарига итоаткорликка, шунингдек, гўзал инсоний фазилат — камтаринликка тарғиб қилинади.
Бугунги кунда ёшларимизни ботир ва шижоатли қилиб тарбиялашимиз ҳам энг асосий вазифалардан биридир. Чунки шижоатли ёшларгина ҳар қачон ғанимларга ҳам эътиқод, ҳам жасорат билан қарши тура олади, Ватанимиз сарҳадларини мардонавор ҳимоя қилишга қодир бўлади.
Чунончи, Имом Мотуридийнинг “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, “Душманинг билан иноқлашган дўстдан йироқ бўл”, “Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан” каби ўгитлари ёшларимизни лоқайдликдан, бепарволикдан юз ўгириб, шижоатли бўлишга тарғиб этади.
Мотуридийлик таълимотининг бунёдкор ғоялари барча замонларда долзарб бўлиб келган. У ислом тарихида ўзига хос ўрин тутган аллома ҳисобланган. Олимнинг илмий қарашлари асосида шаклланган таълимот ўрта асрлардан то бугунги кунгача суннийлик эътиқодига зид равишда пайдо бўлаётган ёт ғояларга қарши мафкуравий қурол вазифасини ўтаб келмоқда.
Имомнинг бағрикенглик қарашлари, ақл ва тафаккурга ундовчи чақириқлари бугунги кунда ҳам ниҳоятда улкан аҳамият касб этади. Бунинг олимлар томонидан эътироф этилгани диққатга сазовор. Абу Муин Насафий таъбири билан айтганда, “Абу Мансур Мотуридий имомларнинг улуғи ва миллатнинг устунидир” ёки Ҳасан ибн Абу Узба айтганидек, унга эргашган киши, албатта, ҳидоят топади.
Ушбу фикримизни замонамизнинг машҳур олими, Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Аҳмад Таййиб жанобларининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда билдирган қуйидаги эътирофи билан далиллаш мумкин: “Бугунги кунда турли такфирчи, бузғунчи кучларни енгишда мафкуравий куч борми?” деб сўрасалар, мен: “Ҳа, минг марта ҳа!” деб айтаман. У мотуридийлик таълимотидир!”
Шунинг учун ҳам Президентимизнинг юқорида номи тилга олинган қарори миллий қадрият ва анъаналаримизни тиклаш, улуғ аллома аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, илмий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқот ишларини рағбатлантириш, илм аҳлига зарур шарт-шароит яратиб бериш, шу жумладан, мотуридийлик таълимотини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди, дейиш мумкин.
Зеро, бугунги кунда дунёдаги қарийб 2 миллиард мусулмон аҳолининг 38 фоизи ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади. Шунга кўра айтиш мумкинки, мотуридийлик буюк аждодларимиз саъй-ҳаракатлари билан дунё бўйлаб тарқалган ва катта эҳтиром билан қабул қилинган.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани, бир томондан, алломанинг авлодлари бўлмиш олимларимиз, тадқиқотчиларимиз зиммасига алоҳида масъулият ва мажбурият юклайди. Иккинчи томондан, Имом Мотуридий ва юртимиздан чиққан у каби аллома аждодларимиз меросини илмий доираларда кенг тарғиб қилишнинг янги-янги имкониятларини яратади.
Эргаш ДАМИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси
Фарғоналик имомлар “Султон Увайс Қароний” мажмуасига ташриф буюрдилар
Маълумки, сўнгги йилларда ҳудудларни жадал ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, инвестицион жозибадорликни яхшилашга ёрдам берувчи стратегик тармоқлардан бири сифатида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон буюк аллома ва авлиёларни дунёга тақдим этган юрт. Янги Ўзбекистонга ташриф қилиш, буюк аждодларимиз қўним топган муқаддас даргоҳларни зиёрат қилиш учун бутун мусулмон олами, ҳатто бошқа халқларнинг ҳам қизиқишлари тобора ортмоқда. Шу боис ҳам Ўзбекистонда туризмни, хусусан, "Зиёрат туризми"ни ривожлантириш бўйича катта эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида жойлашган Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан реконструкция қилиниб, бугун обод масканга айланди. Мазкур мажмуага уламолар, илм аҳлларининг келишлари айни муддао бўлишини таъкидлаган эдилар.
Кеча, 18 август куни Фарғона вилоятининг Фарғона ва Қувасой шаҳарлари ҳамда Фарғона туманида фаолият қилаётган имом-хатиблар "Султон Увайс Қароний" мажмуаси, "Сутли булоқ" зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Зиёрат аввалида Қуръони карим тиловат қилиниб, ушбу даргоҳдан ўтганлар ва мажмуани обод қилинишига хизмат қилганларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинди.
Шунингдек, ташриф давомида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишилди ҳамда Увайс Қароний ҳазратлари ҳаёти ва фаолияти, у зотнинг эзгу иш ва амаллари ҳақида зиёратчиларга маълумот берилди.
Шу билан бирга, мажмуадаги музей ва унинг кўрки бўлиб турган “Қуръон карим” китоби ҳамда қадимий қўлёзмалар билан яқиндан танишиб, зиёратчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Муҳаррам ойи фазилатлари
Аллоҳ таоло ўта меҳрибон ва карами кенг, фазли улуғ ва ҳикмати беназир Зотдир. Зотан, буюк Аллоҳ яратган мавжудотларининг баъзисини баъзисидан ўзининг ҳикмати ўлароқ фазилатли қилиб қўйган.
Ана шундай фазилатга муҳаррам ойини мисол қилишимиз мумкин. Бу ой муборак, фазли улуғ ой бўлиб, ҳижрий сананинг биринчи ойидир. Шу билан биргаликда, муҳаррам ойи уруш ҳаром қилинган муқаддас ойларнинг бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ ...
Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!... (Тавба сураси, 36-оят).
Динимизда уруш тақиқланган тўрт ой бор. Улар – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир йил ўн икки ойдан иборат. Шулардан тўрттаси ҳаром (уриш тақиқланган) ойлардир. Учтаси кетма-кет келади. Зул-қаъда, Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойлари ва тўртинчиси Жумод ва Шаъбон орасидаги Музор қабиласининг Ражаб ойидир” (Бухорий ривояти).
Демак, бу ой Аллоҳ субаҳанаҳу ва таолонинг наздида жуда мақоми улуғ ойлардан экан. Бу ойни қадрлаб кўпроқ яхши эзгу амалларга интилмоғимиз даркордир. Шариатимизда ҳам кўпроқ нафл ибодатларни қилишга тарғиб этилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Афзалликда Рамазон ойининг рўзасидан кейин Аллоҳнинг ойи Муҳаррам рўзаси туради”-деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти). Ҳадиси шарифда муҳаррам ойини “Аллоҳнинг ойи” деб айтилмоқда. Бу шу ойнинг улуғлигидан ҳамда фазилатларининг кўплигига далолат қилади.
Муҳаррам ойининг энг афзал куни ўнинчи кунидир. Бу кунни динимизда “явму ашуро” ашуро куни деб юритилади. “Ашуро” сўзи луғатда “ўнинчи кун” деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда рўза тутишга қизиқтирганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилгандилар” (Термизий ривояти). Ҳанафий мазҳабимиз уламолари ашуро куни яъни муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутишни суннат дейишган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим, деганлар” (Бухорий ривояти).
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзасини ўзидан олдинги сана (гуноҳлари)нинг каффороти бўлса”, дедилар” (Термизий ривояти). Бир кун нафл рўза тутган бандага Яратганнинг марҳаматини қаранг? Тўлиқ бир йиллик гуноҳларни кечирилиши бўлса?! Бундай фазл Буюк Аллоҳнинг марҳаматидандир.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар”. Ушбу ривоятдаги кенглик яратишдан мақсад емоқ, ичмоқ, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир.
Уламоларимиз: “Ким Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойларини рўзасини тутса, гўё йилни тоат-ибодат билан тугатиб, тоат-ибодат билан бошлабди. Умид қиламиз-ки, йил давомида шу фазилат эга бўлинса”-деб таъкидлаганлар.
Демак, муҳаррам ойини хусусан, ашуро кунининг фазилатидан умид қилиб, яхши амалларга бел боғласак, Аллоҳнинг улуғ фазлу баракотига эга бўлиб, ҳам дунёмиз ҳам охиратимиз, ҳам тирикларимиз ҳам вафотларимиз, ҳам хонадонимиз ҳам юртимизга раҳмат ва мағфиратлар ёғилса деб умид қиламиз. Яратган барчамизни улуғ кунлар фазлидан насиб этсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов