Фотолавҳалар

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пойтахтимиздаги “Ислом ота” масжидига бориб хатмул Қуръонда иштирок этдилар.

Файзли масжид остонасида муфтий ҳазратларини масжиднинг имом-хатиби Абдуҳаким қори кутиб олди. Одатдагидек, саф тортиб ўтирган намозхонлар бу ажойиб ташрифдан беҳад мамнун бўлдилар.

– Муфтий ҳазратлари ҳар доим: “Ишларингиз яхшими, камчиликларингиз йўқми, намозхонларнинг кайфияти жойидами, маҳалла-кўй ободми?” деб куйинчаклик билан ҳолимиздан хабар олиб турадилар, – деди Абдуҳаким домла. – Азизлар, Рамазон ойининг 16 сидан 17 сига, душанбага ўтар кечаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим нозил бўла бошлаган.  Муфтий ҳазратлари ана шундай қутлуғ кунда бизнинг ёнимизда бўлиш ниятида  ташриф буюрдилар, қадамларига ҳасанотлар бўлсин, – дея дуо қилди.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расули акрамга дуруду саловатлар, ўтганларга саломлар  йўллаганидан кейин муфтий ҳазратлари сўзларини бундай бошладилар:

–  Муҳтарам биродарлар, буюк неъмат ичидамиз. Бу неъмат – тинчлик-хотиржамлик неъмати. Жаннатмонанд юртимиз тинч бўлгани туфайли республикамиз масжидларида Аллоҳнинг каломи ўқилаётир. Шу жумладан, “Ислом ота” масжидида ҳам ҳурматли қориларимиз Қуръони карим тажвидини, тартилини, оҳангини жойига қўйиб ўқиб бермоқда. Сизлар ҳам астойдил ихлос билан соме бўлиб турибсиз. Аллоҳ бунинг учун барчангизга ажру савоблар ато айласин.

Камина ходимингиз Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига бориб, ўша вилоятлардаги масжидларда ўқилаётган хатмул Қуръонларда қатнашиб қайтдим.  Хатмларда одамлар имон, эътиқод, ихлос билан ўтирибди. Сиз ҳам ана шундай самимият ила ўтирибсиз. Сизни ҳам, уларни ҳам ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Ўзларингиз севинч билан, самимият билан келяпсиз.   Ана шу самимият – динимизга муҳаббатингиз ифодаси бўлади.

Давлатимиз раҳбари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлади. 

Муҳтарам президентимизнинг тадқиқот марказида бораётган ишлар билан танишгани келганида маслаҳат тариқасида айтган мана бу гаплари хотирамга маҳкам ўрнашиб қолди: “Бу марказнинг биносини чиройли қилиб қурамиз. Бу иш қўлимиздан келади. Аслида ана шу – асосий  ишимизнинг дебочаси бўлади. Бу ердан буюк олимлар етишиб чиқиши, улуғ муҳаддисларни шу ерда етиштиришимиз, дунёнинг турли мамлакатларидаги илм талабида бўлган ёшлар шу манзилга қараб интилиши керак. Имом Термизий маркази ҳам шундай. Қаршидаги Насафий марказида ақида илми билан шуғулланадиган олимлар етиштирамиз. Ахир ақида динда тойилишнинг олдини оладиган муҳим йўналиш эмасми?..”

Насиб этса, пайшанба куни хайрли ишларни режалаштирганмиз. Сиз эса ўша куни хатмул Қуръонни якунлайсиз. Агар ишларимиз режадагидек борса, ўша куни биз ҳам ҳурматли қориларимиз билан сизнинг ёнингизга келамиз, биргалашиб юртимизнинг тинчлигини бардавом қилишини, элимизнинг фаровонлигини зиёда этишини, юртбошимизнинг ва юртдошларимизнинг бошини омон қилишини сўраб дуолар қиламиз.

Муфтий ҳазратларининг маърузасидан сўнг хатмул Қуръон ўзгача бир жўшқинлик ила давом этди. Қориларнинг илҳоми жўшиб хатмни янада ширалироқ овозда, янада баландроқ пардада ўқидилар. Намозхонларнинг юз-кўзларида эса ана шундай фараҳбахш кунлар шукронаси барқ уриб турар эди. Айниқса, муфтий ҳазратларининг  дуонинг фазилати ҳақидаги сўзлари уларни тўлқинлантириб юборди ва ҳар бири имону ихлос билан ҳазратдан дуо олиб қолишга шошилдилар.

Дамин ЖУМАҚУЛ


Read 4207 times
Top