Фотолавҳалар

Нурафшон юртимизда устоз ва мураббийлар байрами катта шодиёналар билан ўтган бўлса-да, унинг шукуҳи ҳали ҳам юрт бўйлаб кезиб юрибди.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам устоз ва мураббийларга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов кириш сўзи билан очиб, юртимизда устозу мураббийларга, олиму уламоларга юксак эҳтиром кўрсатилаётгани, Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеяси минбарида Имом Бухорий номини катта эҳтиром билан тилга олганининг ўзиёқ олимларнинг ҳурмати нақадар буюклиги ифодаси эканига қисқача тўхталиб ўтдилар.

Буюк аждодларимизнинг илмий меросини, ибратли ҳаёт йўлларини теран тадқиқ этиб, уларнинг бой тафаккури сарчашмаларидан халқимизни баҳраманд этишга, ёш авлодни соф ислом ақидаси билан таништиришга, уларда ватанпарварлик фазилатини ривожлантиришга, халқимиз маънавияти юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидоий олим Убайдулло Уватов ва халқимизни мумтоз адабиётимиз вакиллари ижоди билан таништиришга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган шоир ва мутаржим Мирзо Кенжабек Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Фахрий ёрлиқ ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг яна бир фазилати борки, бу идорада меҳнат қилган ҳар бир инсонга ҳурмат-эътибор кўрсатилади.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларига самимий ихлос ила беминнату беғараз хизмат қилиб, уларнинг олисини яқин, мушкулини осон қилишда ёрдамчи бўлаётган, демакки, муқаддас динимиз равнақига, илму маърифатнинг юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ва жонкуяр ҳайдовчилар Ортиқбой Ҳилолиддинов, Муродҳожи Расулов, Саидаҳрорҳожи Сиддиқхўжаевларга ярим асрлик самарали меҳнатидан сўнг иззат-икром кўрсатилиб кузатилди. Уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши Ташаккурнома изҳор қилиб ҳамда пул мукофоти билан тақдирлаб савоби улуғ ишларида улкан муваффақиятлар тилаб қолди.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 4224 times
Top