Фотолавҳалар

 

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжумани иштирокчиларини диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари  бўйлаб, азиз-авлиёлар хоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилишга таклиф қилган эдилар.

Муфтий ҳазратларининг таклифларига биноан эътиборли меҳмонлар куни кеча пойтахтдаги мўътабар жойларни зиёрат қилдилар ҳамда уларни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабул қилдилар.

Кеча тонгдан меҳмонлар муфтий ҳазрат бошчилигида «Афросиёб» тезюрар поездига ўтириб Самарқандга қараб йўлга тушган эди. Улар куннинг биринчи ярмида Самарқандга етиб боришди. Уларни вилоят раҳбарлари ва олиму уламолари, навқирон ёшлар ҳамроҳлигида катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Нуфузли меҳмонлар “Регистон плаза» меҳмонхонасига жойлашди ва Имом Бухорий ҳазратларининг зиёратига келиб, жума намозини ушбу муборак масканда ўқидилар. Сўнгра Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини, Ҳазрат Дониёр мақбарасини зиёрат қилишди. Мирзо Улуғбек расадхонасига борган  меҳмонлар  расадхонанинг нақадар пухта илмга асосланган ҳолда қурилганига яна бир бор иқрор бўлиб, улуғ бобокалонимизнинг закосига қойил қолганини изҳор этдилар. Бу маконда не-не буюк олимлар илмий-тадқиқот ишларини олиб боргани, уларнинг бебаҳо илмий меросини топиб ўрганиш масаласида астроном олимларга кўмак бериш зарурлиги тўғрисида фикр алмашдилар.

Сиёб бозорига ташриф буюрган меҳмонлар сархил меваларни кўриб уларни етиштирган бободеҳқонларнинг ҳақларига дуолар қилишди. Бозор аҳли билан дилдан суҳбатлашдилар.

Бозордан чиқиб Гўри Мир мақбарасига, Регистон майдонига йўл олдилар бу табаррук маконда ётган улуғларнинг руҳларига бағишлаб тиловатлар қилдилар.  Шунинг билан уларнинг Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойлар бўйлаб уюштирган зиёратлари якунланди.

Анжуман иштирокчилари бугун Бухорога бориб “Грант Бухоро” меҳмонхонасига жойлашиб, бир оз ҳордиқ чиқарганларидан сўнг Мир Араб мадрасасига бордилар. Зеро, уларнинг кўпларининг ана шу мадраса билан боғлиқ гўзал хотиралари бор. Улар ушбу мадрасада ўқиб, илм олган, умрининг гуллаган даврини – ёшлик йилларини ана шу муаззам масканда ўтказган. Уларнинг ўзлари бу жойни “Ўзбекистон – иккинчи ватаним, Бухоро – она шаҳрим” деб эъзозлайди.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва олий мадраса устоз-мударрислари ва талабалари билан дилдан суҳбат қурган меҳмонлар уларга ўзлари ўқиган давр шароити, муҳтарам устозлари, курсдош дўстлари ҳақида ибратли ва қизиқарли хотираларни сўзлаб бердилар. Шу аснода гўёки уларнинг ўзлари ҳам ёшлик даврига қайтгандек бўлди.

Қалбларида ғайрат-шижоати, кўзларида устодларга самимий муҳаббати акс этиб турган талабалар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига бормоқчи бўлган меҳмонларни анча йўлга кузатиб бордилар.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг зиёратига келган меҳмонлар у зотнинг ҳаққига дуо қилганларидан сўнг бу жойни шундай обод ва кўркам масканга айлантирган зотларнинг ҳам ҳақларига дуо қилдилар.

Дамин ЖУМАҚУЛ


Конференция иштирокчилари «Баҳоуддин Нақшбанд" мажмуасида 

 Меҳмонлар «Мир Араб» мадрасасида 

Меҳмонлар «Мир Араб» олий мадрасасида 


 

Ҳурматли мухлислар, "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” халқаро анжуман иштирокчиларининг Ўзбекистонга қилган ташрифлари ўз якунига етди. Улар бир неча дақиқа олдин азим Бухоро шаҳридан Баку шаҳрига олам-олам таассуротлар билан жўнаб кетишди. Уларни  Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари кузатишди. Азиз меҳмонларимизга оқ йўл тилаймиз! 

Read 4491 times
Top