muslim.uz

muslim.uz

Жорий йил 6 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди, деб ёзмоқда «Зарафшон» нашри.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра:
Нарпай туманининг Мирбозор қўрғонида смета қиймати 1 миллиард 346,0 миллион сўм бўлган янги лойиҳа асосида қурилаётган автостанция шу йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилади.
Ургут, Иштихон ва Нуробод туманларидаги марказий автошоҳбекатлар йил якунига қадар ишга туширилади.
2018 йилда лизинг компаниялари, тижорат банклари кредитлари ва тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан 86 та "Исузу" русумли автобуслар сотиб олинади.
Шу ҳисобдан 33 та автобус янги ташкил этилаётган 11 та йўналишларга, қолган 53 таси мавжуд йўналишлардаги автобуслар таркибини янгилашга йўналтирилади.
* Пайариқ туманидаги "Зилола Ўктам қизи" МЧЖ томонидан "Челак – Уймовут" йўналиши бўйича 1 та автобус қатнови йўлга қўйилди.
* Каттақўрғон шаҳрида "Каттақўрғон Миёнкол" МЧЖ томонидан "Эски шаҳар – Каттақўрғон шаҳар транспорт коллежи" йўналишида 3 та автобус ҳаракатлана бошлайди.
* Оқдарё туманида "Лойиш – Кўксақол" йўналиши бўйича ҳаракатланадиган 2 та автобус маҳаллий тадбиркорлар томонидан харид қилинди ва шу йилнинг 2 апрелидан қатнов йўлга қўйилди.
Шунингдек, жорий йилда «Болатош – Хазора автостанцияси», «Шомбулоқ – Хазора автостанцияси», «Чандир қишлоғи – Жума», «Зиёвуддин – Қизилнишон», «Зиёвуддин – Қизилбайроқ», «Мирбозор – Хазора», «Нуробод – Сариқул – Хазора», «Жартепа – Сиёб автобекати» каби йўналишлар очилади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

918 йилда ташкил этилган большевикларнинг “Қизил комиссарлар курси”да Амир Темурнинг ҳарбий санъати алоҳида ўрганилган.
“Зарафшон” газетаси маълумотига кўра, бу курсда таҳсил олган Михаил Фрунзе, Аркадий Гайдар каби саркардалар Амир Темур шахси ва ҳарбий маҳоратини алоҳида ҳурмат қилган ва ҳар иккиси ҳам тўнғич ўғилларига Темур, деб исм қўйган.
Қуйида эътиборингизга Соҳибқироннинг айрим ҳикматларини ҳавола қиламиз:
*
Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, яқинига ҳам йўламасинлар. Хотирдан чиқмасинким, Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.
*
Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин.
*
Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.
*
Агар икки хатарлик ёки бир хатарлик ишни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарини ихтиёр этмоқ керак
*
Чин дўст улдирки, дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади.
*
Бир кунлик адолат – юз кунлик тоат-ибодатдан афзал.
*
Вақт ўтгандан кейин қиличингни тошга чоп.
*
Ваҳима – душманнинг йўлдоши.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда сайёҳларнинг Имом Бухорий мажмуасига кириши учун ҳақ ундирилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалиб, бу борада турли фикрлар билдирилди. Бу гап-сўзлар қанчалик асосли?

– Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда мажмуага кириш учун маҳаллий зиёратчилар 1000 сўмдан пул тўламоқда, – дейди Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Д.Эрмаматов. – Ушбу маблағ иншоотни сақлаш ва ҳудудни ободонлаштириш, меҳмонлар учун зарур шарт-шароит яратиш ҳамда ходимларга иш ҳақи беришга йўналтирилади. Шу пайтгача бу харажатлар мажмуага келувчи фуқароларнинг эҳсонлари, ҳомийлар маблағи ҳисобидан қопланган. Бугунги кунда сайёҳлар оқимининг кескин кўпайиши зиёратгоҳда улар учун қўшимча қулайликлар яратиш, янги иш ўринлари очиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашни тақозо этмоқда. Шу сабабли зиёратчиларнинг мажмуага кириши пуллик тартиб асосида йўлга қўйилди.

ЎзА хабарига кўра, йилнинг биринчи чорагида Имом Бухорий мажмуасини 311 минг нафардан ортиқ сайёҳ, жумладан, 1900 нафарга яқин хорижликлар зиёрат қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан, 146 минг нафарга кўп демакдир. Пул тушуми эса 414 миллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг биринчи чорагига нисбатан икки баробар кўп бўлди.

Айни пайтда дам олиш кунларида мажмуага ўртача 5 минг нафар сайёҳ келмоқда. Наврўз байрами кунлари эса 15-17 минггача зиёратчи ташриф буюрди. Биринчи навбатда бу сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаб этилади. Шу мақсадда илгариги битта қўриқлаш пости иккитага етказилиб, тун-у кун қўриқлов амалга ошириляпти. Мажмуа ичида эса “Хавфсиз туризм” ходимлари фаолият кўрсатмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Бугун Амир Темур таваллуд топган Хўжа Илғор қишлоғида буюк Соҳибқирон, давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги катта тантана қилинмоқда.

ЎзА хабарига кўра, тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этиб, журналистларга интервью берди.

– Амир Темур бобомиз дунё халқлари цивилизацияга ҳам салмоқли ҳисса қўшган, – дейди Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев. – Шу боис биз Соҳибқирон бобомиз билан фахрланамиз. Бу йил Соҳибқирон таваллуд санасига Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан алоҳида тайёргарлик кўрилди.

Қашқадарёда 500 мингдан ортиқ оила истиқомат қилади. Бугун уларнинг барчаси оиласи даврасида, маҳалла-кўйларда, таълим муассасаларида, Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Оқсарой ёдгорлик мажмуаси атрофида Амир Темур хотирасига Қуръон тиловат қилиб, бобомиз ҳақида фарзандларига сўзлаб бермоқда. Хусусан, Хўжа Илғор қишлоғида халқ сайли кўринишида илк бор ўтказилаётган бугунги тадбир халқимиз кайфиятини кўтариб юборди. Келгусида бу қишлоқда Амир Темур таваллуд кунини анъанавий ўтказишни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари Хўжа Илғор қишлоғида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бу ерда йирик масжид бунёд этилиши режалаштирилмоқда. Бу ерга зиёрат туризми учун келган сайёҳлар ибодат амалларини бажаришлари мумкин бўлади. Ҳудудда Амир Темур ва темурийлар даврига оид музей ташкил қилиниши кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Самарқанд вилояти ҳудудида Дарғом каналининг чап қирғоғида илк ўрта асрлар даврига тегишли Самарқанд ҳукмдорларининг ёзги саройи топилди. Ушбу шоҳона сарой Кофирқалъа номли археологик ёдгорликда жойлашган бўлиб, турли йилларда ёдгорликнинг турли участкаларида стратиграфик характердаги кичик қазишма ишлари амалга оширилган, 2001 йилдан бошлаб эса 16 гектарли қадимги шаҳарнинг 76х76 метрлик Арки аълоси майдонида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтининг археологлари кенг қамровли археологик қазишма ишларини олиб боришмоқда.
ЎзА хабарига кўра, натижада қадимги шаҳарнинг қалъа қисмида (Арки аълосида) 2017 йилда монументал меъморий мажмуа очилди. Милодий V-VI асрларга тегишли мажмуада Самарқанд ихшидларининг (ҳукмдорларининг) давлат архиви ва ёзги саройи жойлашган бўлиб, ёнғин туфайли вайронага учраган архивдан ноёб давлат ҳужжатлари (давлат бошқарувига оид хужжатлар, элчилик хатлари, давлатлараро шартномалар ва бошқалар) булла деб аталган тахтакачларда суғдий ёзув намуналари топилди.

Саройнинг ёғоч колоннали (устунли) кўркам хоналаридан бирида уч ярусли суфа, суфа устида эса шерсифат кўринишидаги тахтиравонда ҳукмдор ўтирибди. Хонанинг деворлари ўйма ёғоч панно шаклидаги расмлар галереяси билан безатилган.

Унинг ўлчамлари 124х141 см., паннонинг ўзи иккита кенг доскадан иборат бўлиб, улар темир тутқич билан бириктирилган. Олд томондан тахталарда зардуштий инсонлар суратлари тўрт қаватга жойлаштирилган. Композицияда жами 46 та одам шакли тасвирланган (уларнинг учтаси шартли кўринишда, юқоридан чап қисмидаги иккита шакл аранг кўринади, ўнг томондаги шаклнинг фақат қўли кўринади).

Композициянинг асосий мавзуси — шер шаклида тахтда ўтирган бош Илоҳга сажда қилишдир.

Эҳтимолдан узоқ эмас, бу зардуштийликнинг бош маъбудаси буюк худо Нана бўлиши мумкин. Одамлар унинг ҳузурига турли хил совғалар билан келганлар. Пастки қаватда мусиқачилар галареяси тасвирланган. Ундан кейинги пастки қаватда яна қўлларида турли хил совға-саломлар билан келган зиёратчилар суратлари тиз чўккан ҳолда акс эттирилган.

Пастки қават суратлар галереяси марказида муқаддас олов рамзи — Меҳроб жойлашган бўлиб, муқаддас меҳробга бир томондан оғзи латта билан боғланган эркак топинмоқда, иккинчи томондан эса аёлсифат фигура меҳроб оловига ҳушбўй исли ўсимлик кукунини сепмоқда.

Ушбу муқаддас шоҳона зал ва зардуштийлик маъбудаларининг энг улуғларидан бири, буюк Нана сурати ёғочга ўйиб ишланган деворий панно VIII аср бошларида арабларнинг Қутайбо бинни Муслим бошчилигидаги ҳарбий қўшини томонидан ёқиб юборилган.

Бундай кўп қиррали аниқ суратлар композицияси Ўрта Осиё археология тарихида биринчи марта учради, бу дунё аҳамиятига молик ноёб кашфиётлар сирасига киради.

Ҳозирда қазиш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матубот хизмати

Top