muslim.uz

muslim.uz

Сўфи Оллоҳёр 1630-1650 йиллар оралиғида Самарқанднинг Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида таваллуд топган. Сўфи Оллоҳёр дастлаб ўз қишлоғида савод чиқаради. Олти ёшида Қуръони каримни ўқиб туширади. Дастлаб, Шайхлар қишлоғида таълим олиб, сўнгра 12 ёшида Бухорога бориб Жўйбор мадрасасида ўқишни давом эттиради. Сўфи Оллоҳёр ўзининг иқтидори, қобилияти, донолиги туфайли мадрасани имтиёзли тугатиб, Бухоро хонининг эътиборига тушади, мақтов ёрлиғи билан мукофотланиб, 25 ёшида хонликнинг божхона-солиқ тўралиги лавозимига тайинланади. Бу лавозимда ҳалоллик ва фидоийлик билан ишлаб хонлик хазинасини бойитишга муносиб ҳисса қўшади. Хоннинг мақтов ва мукофотларига сазовор бўлади, лекин оддий фуқароларнинг қийинчиликларини, хонликдаги баъзи мансаб аҳлининг ноҳақликларини кўриб ўз вазифасидан воз кечиб, тақво йўлини тутишга аҳд қилади. Ниҳоят тасаввуф йўлини танлаб, зуҳду ибодатга берилиб кетади. Ўша даврнинг улуғ олими, шайх Ҳабибуллоҳ қўлида 12 йил таҳсил олиб, тариқат сирларини ўрганиб, ўзи ҳам шайхлик (муршидлик) даражасига етади. Халққа шариат ва тасаввуф таълимотини тушунтириш мақсадида (Панжикент, Ургут, Шаҳрисабз, Ғузор, Дехқонобод, Бойсун, Шеробод, Қабадиён, Қоратегин, Ҳисор, Деҳнов ва бошқа шаҳару қишлоқларга) сафар қилиб, у ерларда бир неча йиллар яшаб, толиби илмларга шариат ва тариқат аҳкомларидан таълим беради.

Сўфи Оллоҳёр кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форс тилида ҳам, туркий тилда ҳам маҳорат билан ижод этган уламолардан ҳисобланади. Асарларида келган маълумотларга кўра бу зот Шайх Ҳабибуллоҳ, Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан таълим олган. 
Сўфи Оллоҳёрнинг вафот этган санаси, кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, 1721 йилга тўғри келади. Қабри Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир. Сўфи Оллоҳёрнинг кўплаб авлодлари ҳозирда ушбу қишлоқда яшайдилар. 
Сўфи Оллоҳёр забардаст шоиргина эмас, айни пайтда йирик мутафаккир, олим ҳамдир. У «Махзанул мутеин» асарини араб тилида, «Маслакул муттақин» ва «Муродул орифин» асарларини форс тилида, «Саботул ожизин» китобини туркий тилида ёзиб, Ислом оламига улуғ мерос қолдириб кетган.

Сўфи Оллоҳёр китоблари ўз даврида ҳам, кейинги даврларда ҳам мадрасаларда ва халқ орасида кенг ўқитилганлиги учун ҳам унинг номи ва китоблари машҳур бўлиб кетган. Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул ожизин» китоби одамлар орасида «Мағзи Қуръон» сифатида эътироф этилган ва бу асарни баъзилар ёддан билган. Сўфи Оллоҳёр асарлари жуда кўп марта қўлёзма сифатида кўчирилган ва нашр қилинган.

Сўфи Оллоҳёр адабий мероси ўзбек мумтоз адабиёти ва тасаввуф тарихида алоҳида ўрин тутади. Хожа Аҳрор Валий, Маҳдуми Аъзам каби бобокалонларимиз Нақшбандия таълимотини ижтимоий ҳаётга тадбиқ этишда намуна бўлганлар. Сўфи Аллоҳёрга бу тариқатнинг таълим тизимини мадрасаларга ҳам олиб кирди. Алломанинг «Маслакул муттақин» асари Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Татаристон ва бошқа ўлкаларда бир неча бор чоп этилган. Сўфи Оллоҳёр Марказий Осиёда яшовчи туркий ва форсий тилли халқларни ўз асарлари билан баҳраманд этиб, уларни ягона исломий ва ахлоқий ҳамда фалсафий-эстетик мафкура ялови остида бирлаштирди. Натижада курраи заминнинг турли минтақаларида яшовчи халқлар бир-бирлари билан маънан яқинлашдилар ва бир-бирларининг маърифатпарварлик ғояларидан хабардор бўлдилар. У зот ўзининг ана шундай хизматлари билан миллионлаб кишиларнинг муаллими ва мураббийсига айланди.

Сўнги йилларда муқаддас тупроғимизда туғилиб вояга етган улуғ сиймолар – Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Исмоил Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний мақбаралари ва бошқа ўнлаб тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни обод этишдек қутлуғ ишлар амалга оширилди. 2005 йилда эса Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари мангу қўним топган масканни обод этиш мақсадида «Сўфи Оллоҳёр» жамғармаси ташкил этилди.

 

МУНОЖОТ

Илоҳо, бандаман, бечорадурман,
Ҳавойи нафс ила оворадурман.

Эрурман барча нуқсонимға иқрор,
Мусулмон ўғли қилмас ишларим бор.

Эрурман бандаларни сарнигуни,
Тўлай ёру биродарлар забуни.

Манингдек осий бўлғайму жаҳонда,
Гуноҳим зоҳиримдан кўп ниҳонда.

Нетай, чун айни ақлим безиёдур,
Амал ҳам йўқ, агар қилсам риёдур.

Агарчи ман ёмон қул пой то фарқ,
Бўлибман маъсият дарёсиға ғарқ.

Вале содиқ эрурман бирлигингга,
Таёнибман Сани ғофирлигингга.

Лаҳадга кирса бу ёлғуз ғариб бош,
Ўгурса юз ҳама қавму қариндош.

Таҳаййур бўлса жони ғам .сиришта,
Етушса сўрғоли ики фаришта.

Сан осон этмасанг андоғ саволи,
Нечук кечгай ғариб бандангни ҳоли?

Деса: «ман роббук» ики абди даргоҳ,
Тилимга жорий қилғил: «Раббим —Оллоҳ!

Агарчи осийдур, ё Раб, бу банда,
Ўзинг бандам дегил, «Раббим» деганда.

Агар сен қилмасанг, қуллуқ отин жуд,
Манинг «қулман» деганимдан нечук суд?

Илоҳо, лутф қил, мунда ва анда,
Мани банда этиб, беркит бу банда.

Агар чанди ки гўрсиз ўлса инсон,
Сўролур, албатта, бешакку нуқсон.

Агар дарёда ўлсун ё осилсун,
Азоб этса, бани одам на билсун.

Даранда одам ўғлин қилса хўрок,
Гумон йўқдур, сўрар қорнида, эй пок.

Агар банда муьаззаб бўлса анда,
Қолур туймай бу ишни ул даранда.

Нечук қилса эрур Қодиру Носир,
Бу ерда бандасининг ақли қосир.

На ким айди Худойинг ё Паямбар,
Ани маҳкам тутиб, фикр этма дигар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

mardi, 13 mars 2018 00:00

Риё – кичик ширкдир

“Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни “алдаб” қўйгувчидир. Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан одамлар кўрсин, деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам эслайдилар” (Нисо сураси, 142-оят).

Риёкорлар қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор, бор ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда риё учун ажр йўқ.

Қатода розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Агар банда риё қилса, Аллоҳ: Бандам мени қандай масхара қилаётганини қаранглар, дейди”.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу риёкорнинг учта аломати бўлишни баён қилинглар: ёлғиз ўзи бўлса, дангасалик қилади, одамлар даврасида серғайрат бўлади, одамлар мақтаган ишни кўпайтириб, қоралаган ишни камайтради.  

Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам айтилар: “Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир”.

Аллоҳ таоло бизни амалларимиз, сўзларимиз ва барча ҳолатларимизда ихлосли бўлмоғимизни насиб қилсин.

 

Ойбек САМАРҚАНДИЙ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Бугун, 13 март куни Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида Қуръон мусобақасининг республика босқичига чиқиш учун қорилар беллашуви бўлиб ўтади. “Ҳидоя” билим юртининг энг хушовоз, ҳофизкаломуллоҳ талабалари республика босқичига чиқиш учун жидду жаҳд қилишади.
Уламоларимиз қайд этишларича, Аллоҳ таоло Қуръон ўқиганда унинг оятларини тадаббур қилишга буюрган. Оятларни тадаббур қилмайдиган кимсаларга танбеҳ берилган. Қуръонни тадаббур қилган одам унда бирон ихтилоф йўқлигини, бир оят бошқа бир оят маъносига мувофиқ келишини, ҳақиқий мўъжиза эканини англаб етади. Инсон Қуръони каримни ўқиш учун тилларга осон, оятларини тушуниб ибрат олиш учун фасоҳатли араб тилида нозил қилинганини тушуниб етади. Агар инсон Қуръонни ҳаққи билан фаҳмлаганида эди, уни тиловат қилишдан, Қуръон ўқишдан тўхтамасди.
Шундай экан азизлар, бугун “Ҳидоя” билим юртида бўлиб ўтадиган қорилар мусобақасини жон қулоғимиз билан тинглайлик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Танловда мусобақанинг вилоят ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган диний таълим муассасаси талабалари, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари ҳамда Қуръони карим қироати бўйича иқтидорга эга қори ҳамда қориялар хифз ҳамда тиловат йўналишлари бўйича ўз иқтидор ва маҳоратини синовдан ўтказди, хабар бермоқда ЎзA.
– Мусобақада 18 ёшдан 25 ёшгача ҳамда 26 ёшдан 40 ёшгача бўлган 46 нафар қори ва қория иштирок этди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров. – Уларнинг чиқишлари, яъни қироати ҳамда диний билимлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, хифз йўналиши бўйича эркаклар ўртасида Андижон шаҳри вакиллари Муҳаммаджон Хўжаев, Убайдулло Исоқов, аёллар ўртасида Шаҳрихон тумани вакиласи Гулжаҳон Жуманова, Асака тумани вакиласи Зарнигор Аҳмедова, тиловат йўналиши бўйича эркаклар ўртасида Андижон шаҳар вакили Оятулло Ҳакимов, Пахтаобод тумани вакили Жамолиддин Умаров, аёллар ўртасида Андижон шаҳри вакиласи Мубина Мирзаева, Андижон тумани вакиласи Мўътабар Мўминова ғолиб деб топилиб, мусобақанинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Қуръон қироатининг хифз йўналиши бўйича ғолиб чиқиб, мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олдим, – дейди Муҳаммаджон Йўлдошев. – Насиб этса, келгуси босқичда ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан. Мен, энг аввало, диний билимларимиз, Қуръони карим қироати борасидаги иқтидор ва салоҳиятимизни намоён этиш учун имконият яратиб берган мусобақа ташаббускори Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман.
Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди, шунингдек, ғолибларга мамлакатимиздаги ўрта махсус ислом билим юртларига имтиҳонсиз ўқишга кириш имтиёзи берилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Top